Найти в Дзене

Ғазабнинг 3 тури: Мақталган, қораланган, мубоҳ

Ғазаб уч хил бўлади:

1. Маҳмуд (мақталган) ғазаб.

Аллоҳ учун ғазабланиш, Аллоҳ белгилаб берган чегарадан ўтилганида ғазабланиш вожиб саналади. Зеро, ҳаром ишлар содир этилганида уларга рози бўлиш, қаршилик кўрсатмаслик имон заифлиги аломатидир.

Маҳмуд ғазаб вожиб ғазаб ҳам дейилади. Бунда нафс учун ҳеч қандай насиба қолмайди. Бундай ҳолатда, гарчи нафс зарарига бўлса ҳам ҳақиқат топталгани учун ғазаб қилинади. Жумладан, ибодатларни бажаришда бидъат амаллар қўшилса, мусулмоннинг моли, обрўси ва жонига талафот етказилса, ўғрилик, талончилик, зулм-ситам ўтказилса, ер юзида бузғунчилик қилинса, фаҳш ва мункар ишлар кўпайса, умуман шариат қайтарган ишлар содир этилганида мусулмон банда унга қаршилик қилиб, ғазабини ошкор қилиши лозим. Бундай ҳолатдаги ғазаб мақталган бўлиши билан бир қаторда вожиб ҳам саналади. Зеро, гуноҳ содир этилганида мусулмон банданинг парвойи фалак бўлиб туравериши тўғри эмас. Маъсиятга рози бўлиш ўша маъсиятни қилиш билан баробар.

Аллоҳ учун ғазабланишга Мусо алайҳиссаломнинг бузоққа топинган қавмидан ғазаблангани мисол бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Қачонки Мусо қавмига (уларнинг бузоққа сиғинганларидан) ғазабланган ва хафа ҳолда қайтгач, “менинг ортимдан нақадар ёмон (иш қилиб) қолувчи (халифа бўлдингиз), Парвардигор амр-фармони (етиб келгунча сабр қилмай) шошиб кетдингизми?” деб (ғазабланганидан қўлидаги) лавҳаларни ташлаб юборди ва акасининг бошидан (сочидан) ушлаб ўзига торта бошлади” (Аъроф, 150).

Биз учун ўрнак бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам фақат Аллоҳ учун ғазабланганлар. Шариат ҳукмлари беҳурмат қилинганида муборак юзларида ғазабланиш аломати кўринган. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилишларича, у зот қўллари билан аёлни ҳам, хизматкорни ҳам урмаганлар. Магар Аллоҳнинг чегаралари бузилса, Аллоҳ учун интиқом олганлар, ўзлари учун бирон кишидан ўч олмаганлар. Ривоят қилинишича, бир аёл ўғрилик қилганида унинг қавми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан аёлнинг гуноҳидан ўтишларини сўраган. У зот эса кескин оҳангда: “Агар (қизим) Фотима бинти Муҳаммад ўғрилик қилса, унинг қўлини, албатта кесаман!” деб таъкидлаганлар. Бу билан шариат ҳукми барча учун баробар, бунда насл-насаб ё мол-давлатнинг аҳамияти йўқ эканини умматга тушунтирган эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни гуноҳ-маъсиятларга қарши туришга чақириб шундай деганлар: “Агар бир қавм ичида гуноҳ ишлар содир этилсаю, улар буни ўзгартиришга қодир бўлиб, ўзгартирмасалар, Аллоҳ уларнинг барчасини азоблаши муқаррар” (Абу Довуд ривояти).

Демак, мўмин банда ҳаром иш содир этилганида индамай қараб туриши тўғри эмас. Балки имкон қадар ёмонликка қарши курашиш, бу ҳолатда ғазабланиш ғаризасини ишга солиш талаб этилади. Зеро, бу хусусият ўз ўрнида ишлатилмаса, қачон ишлатилади?!

Хўш, мўмин банда Аллоҳ учун ғазабланиши керак экан, бунинг маълум чегараси борми, бунда ҳам инсон фикрлаш ва ақл юритиш қобилиятини йўқотадими? деган савол туғилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мункар ишларга ғазабланганларини таҳлил қилар эканмиз, у зот зинҳор ақл ва тасарруф қилиш доирасидан чиқмаганларини кўрамиз. Демак, Аллоҳ учун ғазабланган инсон ўзининг табиий ҳолатидан ташқарига чиқиб кетмайди, ғазабланмасидан олдинги тасарруфларини қилаверади, сўз ва амалда ҳаддидан ошмайди.

Аммо Аллоҳ учун ғазабланаётган одам чегарадан чиқиб кетса, ҳукм қилиш, сўз ва амалда меъёрни унутса, зулм қилишга ўтиб кетса, бунда мақталган ғазаб қораланган ғазабга айланиб қолади.

Аллоҳ учун ғазабланишнинг қуйидаги манфаатлари бор:

– содир этилаётган ёмон ишни тўхтатишга туртки бўлади;

– инсон қиёфасининг ўзгариши қилинаётган ишнинг оғир эканига далолат қилади (одатда, макруҳ ва шу каби ишларга бунчалик ғазабланилмайди);

– кишининг ғазабланишини кўрганлар гуноҳдан тийилишга ва бу ишни бошқа такрорламасликка интилади.

2. Мазмум (қораланган) ғазаб.

Шайтон учун, нафс йўлида ғазабланиш, гуноҳ ишларга қаршилик қилинганида жаҳл чиқиши мазмум ғазабдир. Бу нарса киши қалбида маънавий иллат борлигидан дарак беради. Зеро, ҳидоят йўлига унамаслик, шариатга тескари бўлган ишларга хоҳиш билдириш айни қалб касаллиги натижасидир. Бундай банда ўзини ислоҳ қилиши керак. Гарчи Аллоҳ учун ғазаб қилиш даражасига чиқа олмаса ҳам яхшилик йўлига тўғаноқ бўлмаслик ва гуноҳ ишларга бепарво қарамаслик талаб этилади.

Мазмум ғазаб ўз нафси учун интиқом олишдир. Бу инсоннинг ўзи ва жамияти учун ўта хатарли саналади. Шу сабаб муаллим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп ўринларда бу турдаги ғазабдан қайтарганлар. Насиҳат сўраб келган одамга қайта-қайта “Ғазабланма!” деган сўзларида қораланган ғазаб назарда тутилган.

Руҳиятшунослар таъкидлашича, нафс учун ғазабланиш қисқа муддатли мажнунликнинг бир туридир. Сабаби бунда инсон ақл юритиш, қилаётган ишларини идрок этиш қобилиятини йўқотади. Шу сабаб ҳам баъзи уламолари ўта ғазабланган, ақл-идрокини йўқотадиган даражага келиб қолган эркак хотинини талоқ қилса, ҳисобга ўтмайди, дейишган. Улар бунга балоғатга етмаган, мажнун ва уйқудаги одамдан содир этилган ишлар учун жавоб берилмаслиги ҳақидаги ҳадисни далил қилишган.

3. Мубоҳ ғазаб.

Бундай ғазабга савоб ҳам, гуноҳ ҳам ёзилмайди. Аммо бунда хато қилган одамни кечириш афзалдир. Имом Ғазолий ғазаб даражалари ҳақида сўз юритиб шундай деган: “Одамлар ғазабнинг қувватида уч даражада – тафрийт (камчилик), ифтор (ортиқчалик) ва мўътадилликда бўладилар.

Тафрийт ғазаб қувватининг бутунлай йўқ бўлиши ёки заифлигидир. Бундай одам ҳамиятсиз дейилади ва жуда маломат қилинади. Шу сабаб имом Шофеъий: “Кимнинг ғазаби қўзғатилганида ҳам ғазаби чиқмаса, у эшакдир”, деган. Бу даражанинг самараси аччиқ бўлади. Бундай одамлар ўзларига беномусликни ва хорликни раво кўрадилар.

Ифрот сифати устун келганида ғазаб инсонни ақл, дин ва тоат чегарасидан чиқиб кетишига олиб боради. Ундай ғазабда одамнинг қалб кўзи ҳам, назари ҳам кўр бўлади, тафаккури ва ихтиёри ҳам қолмайди.

Ғазабдаги мўътадиллик мақталган ҳолат бўлиб, унда киши дин ва ақлнинг ишорасига мунтазир бўлиб туради ва ҳамият лозим бўлганида қўзғалади, мулойимлик лозим бўлганида босилади. Ғазабни мўътадил ҳолатда ушлаб туриш Аллоҳ таоло бандалардан талаб қилган энг тўғри ҳолатдир. Ана ўша ҳолат ўртачаликдир. Бас, ким ўзида ғазабда футурга кетиш, ҳатто рашки сусайиб қолганини ёки ўзига мос бўлмаган хорликни ҳам қабул қилишга мойилликни ҳис қилса, нафсини даволаши керак. Ким ўзида ноўрин ғазаб, ҳаддан ошишликни, қайтарилган ишларни қилишга рағбат ҳис қилса, ўзидаги ғазаб ўтини сўндиришга ҳаракат қилсин. Банда ғазаб масаласида икки нотўғри ҳолатнинг ўртасини тутиш пайида бўлсин. Мана шу мўътадил ва тўғри бўлган йўлдир”.

Устоз Одилхон қори Юнусхон ўғлининг

Ғазабнинг давоси” китобидан олинди

 Устоз Одилхон қори Юнусхон ўғлининг расмий Теlegram каналига обуна бўлинг 👉https://telegram.me/Muxlisuz