66 подписчиков

Бахтнинг олис манзили (Ўнинчи қисм)

114 прочитали
— Оҳ! — деган овоз келди. Рўпарамга қарасам, Пийя турибди иржайиб.
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўнинчи қисм)

— Оҳ! — деган овоз келди. Рўпарамга қарасам, Пийя турибди иржайиб. Ёнида ўн беш чоғли ўзига ўхшаб қоп-қора костюм-шим кийган йигитлар, улар орасида бандаргоҳда бизга биринчи бўлиб йўлиққан йўлтўсар ҳам бор. — Сизни қўлга тушириш қанчалик қийин бўлганини билсангиз эди! Фақат бу сафар тўримга осон тушдинглар.

— Нима истайсан биздан? — дедим унга ўқрайиб. — Сенга нима ёмонлик қилдик?

Пийя жавоб қилмади. Бир-бир қадам босиб ёнимга келди. Сўнг тиржайиб туриб чўнтагига қўлини тиқди-да, оқсоқол менга совға қилган брильянтни олиб кўрсатди.

— Жуда нодир матоҳ. Бу матоҳни деб қанча-қанча одамлар ўлиб кетади. Европада, Америкада кўз-кўз қилиб тақиб юришади. Шунақанги ноёб, қимматбаҳо тош бу. Сендан бир нарсани сўрамоқчиман. Оқсоқол буларни қаердан олади? Ҳар сафар борганимда, беш-олтита майдасидан беради. Агар шуни айтиб берсанглар, бутун бошли кемада оролларингга етиб олишларингга ёрдам бераман. Ёки шунақанги қаср қуриб бераманки, манави, — деб у Ренани кўрсатди, — ойимчанг билан кайфу сафо қилиб яшайсан.

— Айтмасам-чи? — дедим киноя билан.

— Биламан сенларни. Сирни ошкор қилгандан кўра, тилларингни ғажиб ташлаш осон сенларга. Қани энди ҳамма сенларга ўхшаса... Лекин шу сафар айтмасдан иложинг йўқ. Чунки хотинчанг ҳомиладор. Агар керакли жавобни ололмасам, ҳомилаям, хотинчанг ҳам нариги дунёга равона бўлади. Албатта, ортидан сени ҳам гумдон қиламан. Унгача тилингни ғажиб ташлашингга шубҳам йўқ. Ҳа-а, эсимдан чиқай дебди. Эшитишимга қараганда, қавминг жуда камайиб қолган эмиш. Арзимаган тошни деб бутун бошли уруғ қирилиб кетиши шартми?

Мен юзимни ўгирдим. Кўз ўнгимда оқсоқол, Сёхэй ва бошқалар гавдаланди. Пийя бўлса, Ренанинг ёнига борди. Бир муддат унга тикилиб турди. Сўнг қорнини ушлаб секин силай бошлади.

— Тегинма! — бақириб юбордим. — Ўлдираман, тегинма!!!

— Ў-ў, зўрсан-у, — Пийя мийиғида кулди. — Шу аҳволдаям бемалол ўлдирмоқчи бўлаяпсан-а. Гап йўқ, бу сенинг қўлингдан келади.

Шу пайт Рена ҳушига келди, кўзини очиб атрофга аланглади. Мени кўргач, юзи аламли тус олди.

— Ҳечқиси йўқ, — дедим унга кўнглини кўтармоқчи бўлиб, — булар ҳали жавоб беришади.

Пийяга қарадим. Қоним қайнади. Қани ҳозир, ҳеч бўлмаганда, оёқларим бўш бўлса, оғзи-бурнини қора қонига белардим.

— Силаш одамга ёқади, лекин, — деб Пийя костюмининг ички чўнтагидан тўппонча чиқарди ва Ренанинг қорнига тиради. — Мановдан отиладиган қўрғошин парчаси жонни ёмон оғритади. Хонимчанг азобланади-ю, боласи ҳеч балони сезмайди. Бешгача санайман. Агар айтганимни қилмасанг, мендан ҳам яхшилик кутма. Би-ир!..

— Келишдик, — дедим чуқур нафас олиб ва Ренага қарадим. Биласизми, шу пайт унинг кўзлари гўё мисоли олов пуркаётганди. Нафрати шу қадар кучли эдики, қарашга ботинолмасдингиз.

— Айтишга улгурмайсан, — деди шивирлаб ғазабли оҳангда Рена, — тирик қўймайман сени!

Пийя ҳиринглади ва қўлидаги темир матоҳини айлантириб ўйнаганча ёнимга келди. Хунук қараш қилиб, мушти билан қорнимга уриб-уриб қўйди. Бу билан гўё: “Сенларда ҳам иссиқ жон бор экан-ку, қўрқитса бўларкан-ку сенларни ҳам”, деяётгандай. Сўнг у ортига бурилиб, шотирларига буюрди:

— Хонимча гаров сифатида шу ерда осилганча қолади. Бунисини бўлса, — у кўрсаткич бармоғини менга ниқтади, — нариги хонага олиб ўтинглар. Иккови бир жойда бўлса, гап олиш қийин булардан.

Мени саройдан ташқарига олиб чиқишди. Атрофимни тўрт-бештаси ўраб, тўппончаларини тўғрилаб туришарди. Сал қалтис ҳаракат қилсам, қуроллар ишга тушар ва мени илма-тешик қилиб ташларди.

Ташқарига чиққач, шаҳарда эмаслигимизни билдим. Ҳушсиз ётганимизда ҳеч ким қадам босмайдиган бир вайрона саройга олиб келишган экан. “Балки, — ўйладим ичимда, — итдай ишлаб сохта брильянт ясаган жойимиз ҳам шу атрофдадир”.

— Сизни аввалдан танийман, — дедим Пийяга тик боқиб. — Зўр тадбиркорсиз, ҳатто сиз сунъий брильянт ясашни ҳам биласиз.

Пийя менга тикилганча бир муддат жим қолди. Пешонаси тиришди, ранги оқарди. Бу унинг нимадандир ҳадиксираганидан далолат берарди.

— Гапларим ростлигини ўзингиз ҳам тасдиқласангиз керак. Ҳартугул, асосий даромадингиз шунинг орқасидан. Адашмасам, бу ернинг қонун-қоидасига кўра, гиёҳванд модда билан олди-сотди қилганлар қаттиқ жазоланади. Лекин ҳеч кимнинг хаёлига сохта брильянт ясаш мумкинлиги келмайди.

Пийя жаҳл билан ёнидан тўппончасини олди-да, пешонамга тиради.

— Сиз мени ҳозир отиб ташлаёлмайсиз. Чунки кўзбўямачилик учун сизга тоза брильянт ҳам керак бўлади. Уни қаердан топишни мен яхши биламан.

Бу гапларим ҳам Пийяни тешиб ўтди, чамамда. У қўлидаги қуролининг дастаси билан бошимга чунонам туширдики, кўзимдан ўт чиқиб кетаёзди. Бир муддат атроф қоронғилашди, ҳеч нарсани кўрмай қолдим. Мувозанатни йўқотиб, ерга йиқилибман. Буни юзимга сув сепиб ўзимга келтиришганидан кейин билдим. Қаердалигимни англаганимдан сўнг хурсанд бўлдим. Чунки, озми-кўпми, вақтдан ютгандим.

— Кўзимга иссиқ кўрингандинг, — деди тепамда тиржайиб турган Пийя, — яхши эслатдинг. Хоҳласанг, ўша ишлаган жойингга олиб бораман, бу ердан унча узоқ эмас. Манави томонга юрсанг, — у орқа томонидаги дарахтларни кўрсатди, — ўша жойдан чиқасан.

Менга айни шу керак эди. Энди оқсоқол ўргатган усулларни қўллаб, ҳаммасини ер тишлатаверсам бўлади. Фақат Ренанинг ёнида Пийянинг иккита одами қолган, мен етиб боргунимча уни отиб қўйишлари мумкин, шундан чўчирдим.

Кўзим билан сарой эшигигача бўлган масофани чамаладим: ўн қадамча келади. Рена боғланган жойгача тахминан етти-саккиз қадам. Улгуришим қийин. Лекин бу ёғи — Худодан. Агар ҳозир оқсоқолни сотган тақдиримда ҳам (аслида оқсоқолнинг брильянтларни қаердан олишини билмасдим, буни у менга айтмаганди. Берган маълумотим барибир нотўғри чиқарди) отиб ташлайди. Ундан кўра муштлашганим маъқул.

Мени уриб ҳушимдан кетказганидан сўнг Пийянинг шотирлари ҳовурларидан тушиб, анча талтайишибди. Менимча, улар: “Йигитнинг суроби тўғри бўлди, энди у ёқдан-бу ёққа ўйноқламайди”, деб ўйлашаётганди.

— Майли, — дедим ўрнимдан туриб жилмайишга уринарканман, — бориб кўрсатсанг, ёмон бўлмасди. Менимча, у ерда бошқалар ишлашаётгандир. Уларни бир кўрсам, кўнглим хотиржам тортарди. Ҳозир ўзим сендан шуни сўрамоқчи бўлиб тургандим. Яхши, ўзинг айтдинг.

— Ҳей, — кулди Пийя, — жуда соддасан-а! Ҳеч вақони билмайсан. Ўрмон ичидан ўтгунимизча нинза қурғур нималарни бошимга солмайди, дейсан. Биласанми, дунёда шунақанги ўтлар борки, унинг кўкариши учун ҳавонинг намлиги ҳам етади. Сенлар шунақасанлар. Лекин мен сенга қуп-қуруқ ҳаво бераман. Шунда ҳам кўкарсанг, ёқиб юбораман... Дарвоқе, мен сенларни тешик қайиқда сувга ғарқ бўлиб кетган бўлсанглар керак, деб ўйловдим. Қолганлар қани? Ё битта ўзинг тирик қолдингми? Унда қандай қилиб нинзалар яшайдиган оролга бориб қолдинг?

Индамай унга термилиб туравердим. Гапиргани сайин у юмшаётганди. Одам озгина юмшаса, ундан нимадир кутиш мумкин. Мен буни ҳаётда кўп кўрганман. Қолаверса, оқсоқол ҳам: “Ҳар қандай қаттиқ нарса озгина юмшаса, демак, уни синдирса бўлади”, деганди.

Саволига жавоб ололмагач, у яна гапида давом этди:

— Сени тирик кўрганимга ҳайрон қолаётганим йўқ. Тасодиф туфайли омон қолиш мумкин. Нинзаларнинг қизига қандай эга чиққанингдан таажжубланаяпман. Одатда, улар бегонани яқинига йўлатишмасди. Сен бўлсанг, уни ҳомиладор қилиб қўйибсан. Демак, қўлингдан кўп иш келади... Бойиб кетишни хоҳламайсанми? Агар менга қўшилсанг, умринг кайфу сафода ўтади.

— Нинзалардан яхши таълим олганимга шубҳа қилмасанг керак. Акс ҳолда шунча одаминг менга “матоҳ”ини тўғрилаб турмасди. Шундай экан, менга қандай ишониб ёнингга олишинг мумкин? Бир куни ўлдириб кетишимдан қўрқмайсанми? — дедим мазахомуз кулиб.

— Қўрқаман, лекин сен нинзалар авлодидан эмассан. Қўлингга озгина бойлик тушса ўзгаришинг мумкин. Қолаверса, дангал гапираяпсан. Бунақа одамлар панд бермайди. Оқсоқол нинза ҳам сени шунинг учун ёқтириб қолган бўлса керак.

— Менимча, кўп валақлашиб қолдик. Агар сенга қўшилишимни, катта бойликни қўлга киритишингда ёрдам беришимни истасанг, ўша мени ишлатган жойингга олиб бор, бир кўрай. Ундан кейин...

— Яхши, — деди у гапимни бўлиб, — унда яна ҳушингдан кетасан. Чунки оёқ-қўлинг боғлиқ ҳолда ҳам сен билан ўрмондан ўтиб бўлмайди.

— Машинада кетамиз-ку.

— Машинада узоқ юришга тўғри келади, пиёда борган маъқул.

Пийянинг ишораси билан бир шиша ароқ олиб келишди. Ёнида бир бурда колбасаям бор. Мен дарҳол оғзимга тупугимни тўпладим. Пийя стаканни ароққа тўлдирди ва қўлимни бўшатмай, ўзи ичкизди. Тўғриси, тупугимни ютиб, ароқни оғзимда сақлаб қолмоқчи эдим, стакандаги ароқ кўплик қилди. Барибир ютиб юбормадим. Оқсоқол бутун ички аъзолардан тортиб, мускулларгача измимга бўйсундиришни ўргатганди. Ароқни томоғимда сақлаб қолишнинг уддасидан чиқдим. Шу ҳолда бир оз турдим-да, гўё ҳушдан кетгандай ерга ағанадим. Пийянинг шотирлари шошиб қолишди. Энди уларга менинг соғлиғим керак эди, албатта.

— Агар шу болани, — деган товушини эшитдим Пийянинг, — ўзимники қилиб олсам, кўп иш беради менга.

Унинг овози қувноқ чиқди, демак, у оқсоқолнинг бор-будига эга чиқмоқчи, сунъий брильянт ишлаб чиқаришни давом эттирмоқчи. Қолаверса, Рена туғадиган болани ҳам ўзиники қилиб олмоқчи. Буларнинг барини қўлга киритиш — дунёнинг манаман деган бойлари қаторига киришдай гап. “Жуда-а кўпмасми, жаноб? Иккала қўлингизнинг бармоқлари оғзингизни йиртиб юбормасмикин?” — дея хаёлимдан ўтказдим.

Буларнинг елкасига чиқиб олиб бир маза қиларканман, деб ўйлагандим. Бироқ мени машинага ортишди. Бу ҳам кутилганди. Чунки Пийядай одам мени алдолмаса, нима қилиб юрибди шунча шотирига бош-қош бўлиб?

Машина жойидан жилди. Шу маҳал мускулларим бўшашиб, томоғимдаги ароқ ичакларимга ўтиб кетай деди. Ароқни томоғимда сақлаб қолишга зўрға улгурдим. Тахминимча, икки-уч дақиқадан сўнг ўрмонга киришимиз керак. Ҳамма ёқ дарахт билан қопланган, ҳар қандай шароитда ҳам уларни оралаб ўтишимиз лозим.

Кутилган муддатда аввал оёқ-қўл мускулларим бўшашди, қўлимдаги кишандан осонгина қутулдим. Кейин ўхчиб юбордим, томоғимдаги заҳри қотил оғзимдан отилди, ўзим энгашиб қолдим. Машина орқа ўриндиғида икки ёнимда ўтириб кетаётган қўриқчи йигитлар буни хаёлларига ҳам келтирмаган, шекилли, довдирашди. Шунинг ўзи менга етарли эди: чап томондаги қўриқчининг гарданидаги томирига кўрсаткич бармоғим билан жуда катта тезликда урдим, унинг боши ёнига қийшайди. Ўнг томондагиси эса тирсагимдан зарба еди ва кўзини очишга-да мадори етмади. Ҳайдовчининг бўйни синди. Унинг ёнида ўтирган йигит пичоғини олишга улгурган экан, ажали пичоқдан бўлди, қўлини қайирганимда пичоқ кўкрагига санчилди.

“Оқсоқол шунча илмни ўргатган экан-у, машина бошқаришга келганида эсидан чиқарибди”, дедим ичимда. Ваҳоланки, унинг бир юз ўттиз йилдан зиёд умри давомида машина деган матоҳнинг изиниям кўрмаганини яхши биламан.

Қоп-қора баланд машинанинг (ўша пайтда унинг “Жип”лигини билмасдим) салобати босар экан. Ҳайдовчининг жасадини ўриндиқдан олмай, рулни маҳкам ушлаб, машина бирор дарахтга урилиб кетмасин деб рулни бошқараяпман, аммо тезлик аста-секин сусайяпти. Орқадан келаётган улов чироғини ёқиб ўчирди. Менимча: “Нима гап?” — деб сўраётган бўлса керак. Сўнг ҳайдовчининг чўнтагидаги телефон жиринглади. Жавоб бермадим. Умуман, бунақанги телефонни ҳали қўлимга ҳам ушламаганман. Автобусда Тошкентга келаётганимизда шунақасини бир кўрганман.

Телефоннинг овози ўчди. Лекин анча илгарилаб кетган машинанинг тезлиги ҳам сусая бошлади. Демак, қўнғироққа жавоб бўлмагач, олдиндагиларга қўнғироқ қилинган. Эртароқ тушиб қолмасам бўлмайдиганга ўхшайди, деб қулайроқ жой келишини чамалаб озгина кутдим. Аммо ўрмон жуда қалин, сакрасам бирор дарахтга урилиб кетишим мумкин эди. Шунда оқсоқол билан бирга югурганларимиз хаёлимга келди. Бундан бу ёғига сезгимгагина ишонишим лозимлигини англадим. Рулни қўйиб юбориб, орқадаги эшикни очдим-да, ўзимни отдим. Тез илғаш ва ҳаракат қилиш қобилиятимни ишга солиб, биринчи дуч келган дарахт шохидан ушлаб қолдим ва шу лаҳзада иккинчи дарахт томон сакрадим. Ундан учиб ерга тушдим. Ортимиздан келаётган машина тўхтагунча югуриб унинг ортига ўтиб олдим.

Бу пайтда мен сакраб тушиб қолган машина дарахтга урилган, унинг ортидан изма-из келаётгани икки-уч қадам орқада тўхтаганди. Нима содир бўлганини ҳали илғамаган орқа уловдаги йигитлар бирин-кетин машинадан сакраб тушишди. Иккитаси дарахт билан тўқнашган машинани бориб кўришди. Қолганлари мен сакраган тарафга автоматларини тўғрилашди. Шериклари жон таслим қилишганини билганларидан сўнг уларнинг қўлларидаги қуроллари тариллашга тушиб кетди. Ўқлар дарахтларнинг тана пўстлоғини титиб ташлаётганди. Отишма Пийя етиб келгунча давом этди.

— Тўхта! — қичқирди у шотирларига. — Каллаларинг жойидами, маразлар!!! У аллақачон қочиб қолди!

Пийя ён телефонини олиб шошганча рақам терди ва баланд овозда:

— Эшикни қулфланглар! Ўзларинг ташқарига чиқиб, ҳамма томонни назорат қилинглар! Бирор қора кўринса, ўқни аямасдан отинглар! Нинза қочди! — дея томоғини йиртгудай бўлиб қичқирди.

Мен ич-ичимдан қувониб кетдим. Демак, мен боргунимча улар Ренага тегинишмайди. Унгача буларни бир ёқли қилиб улгураман.

Жиғибийрони чиққан Пийя шотирларига менинг изимдан боришга буюрди. Ўзи эса битта йигити билан машина ёнида қолди. Киши бир нарсани қойиллатса-ю, бошқалар уқувсизлик қилганини кўрса, кулгиси келар, жаҳли ҳам чиқар экан. Балки оқсоқол таълим бера бошлаганда мен ҳам Пийя ва унинг шотирларига ўхшагандирман. Эҳтимол, булардан ҳам батарроқ бўлгандирман. Лекин айни дақиқада жаҳлим чиқмади, қайтанга хурсанд бўлдим. Ахир, булар менга, ўзлари билмаган ҳолда қулай имконият яратиб беришганди-да.

Бемалол энг ортдаги машинанинг орқасига яшириндим. У ердан Пийя билан шеригини кузатдим. Улар ора-сира дарахтларни нишонга олиб ўқ отганча, ўрмон ичкарисига кириб кетаётган йигитлардан кўз узмасди. Ердан кичкина бир таёқ олдим-да, четроққа отиб юбордим. Улар дарҳол қуролларини шу тарафга ўқталишди. Пийянинг асаби дош бермади, икки марта тепкини босди. Мен уч-тўрт қадам сакраб уларнинг ёнида пайдо бўлдим ва Пийянинг шотирининг орқа миясига зарба бердим. Айни дамда Пийянинг қурол ушлаб турган қўлига уришга ҳам улгурдим. Рақибим буни мутлақо кутмаган шекилли, довдираб қолди ва мен осонлик билан қўлини орқасига қайириб, уни ўрмонга судрадим. Бир оз ичкарилашимиз билан кўйлагини йиртиб ечиб олдим-да, қўлларини чандиб боғладим.

— Агар, — дедим унинг юзига кўрсаткич бармоғимни тираб, — озгина ортиқча ҳаракат қилсанг, ўлдираман!

У худди соқовга ўхшаб бақрайганча тураверди. Бундай қараши негадир кўнглимни хижил қилди. “Майли, келгунимча “дам” олиб турсин”, деб башарасига мушт туширдим. У бир мартагина “иҳ” деди, сўнг кўзи олайиб орқасига қулади.

Ўқ товушидан ўрмонга ичкарилаётганлар сергакланиб, изларига қайтишди. Хўжайинлари йўқолиб, у билан қолган шериги ҳушидан кетиб ётганини кўрганларидан кейин баттар саросималаниб, доира ясаб туриб олишди. Бирор дарахтнинг шохи шитирласа, улар ўша тарафга ўқ ёмғири ёғдиришарди. Шунинг учун ўрмондан чиқиб кетмасдан, дарахт тагига ётиб, бир муддат кузатдим. Уларнинг бироз бўшашишини кутдим. Мўлжаллаганимдай, уч-тўрт дақиқадан кейин улар бир-бирларига қараб олишди. “Шитир” этган шохни нишонга олаверишмади. Аввал машиналарни бирма-бир кўздан кечириб чиқишди. Кейин Пийяга соқчи бўлиб қолган йигитни ўзига келтириб, сўроққа тутишди. Ундан тайинли жавоб чиқмади, чамаси.

— У аллақачон хотинчасини қутқаргани кетган, — деди биттаси.

— “Босс”-чи? — сўради ундан иккинчиси. — У қаерда?

Бу савол жавобсиз қолди. Улардан бири чўнтагидан жимитдай матоҳини олиб рақам тера бошлади. Аммо охиригача теришга улгурмади. Кўкрагига теккан ўқдан ағанашга мажбур бўлди. Найза ёки пичоқни мўлжалга уришда адашмасдим. Лекин тўппончани биринчи ишлатишим. Ҳар қалай, мўлжалда адашмадим. Энг муҳими, мен қулатган йигитнинг шериклари ўқ қайси томондан отилганини сезмай қолишди. Шу боис, ҳар тарафга пала-партиш ўқ ёғдиришга тушиб кетишди. Бу гал мен ҳам қараб турмадим. Чунки айни пайтда тўппончани ишлатсам, улар мени сезмасди, менинг тўппончамнинг товуши уларники билан қоришиб кетарди.

Уларнинг тағин иккитаси жон таслим қилди. Буни кўрган шериклари ўқ отишга тушиб кетишди. Мен дарахт орқасига яшириндим-да, қимирламай ётавердим. Ниҳоят кутганим содир бўлди. Рақибларимнинг тўппончалари чиқиллашдан нарига ўтмай қолди. Шундай эса-да, ҳар эҳтимолга қарши, осмонга ўқ узиб кўрдим, жавоб бўлмади. Шундан кейин яширинган жойимдан чиқиб, тез-тез юрганча уларнинг ёнига боравердим. Сафи камайиб, бор-йўғи тўртта қолганди, мени кўриб душманларим енг шимаришди.

Уларнинг ҳам машқи ёмон эмаскан, йигирма дақиқача олишишимга тўғри келди. Ҳатто бир марта елкамдан тепки ҳам едим. Тўғри, ишни кўпга чўзмаслигим мумкин эди. Бироқ анча пайтдан бери яхшилаб чигалёзди қилмагандим. Шунинг учун рақибларимга ҳам оёқларини чўзишларига, бир неча марта ҳавони “дўппослаш”ларига имкон бердим. Рақибларим роса чарчаганидан сўнггина уларни бирма-бир ер тишлатдим. Аямадим. Тўрттасидан иккитаси ўлгани аниқ.

Сўнг ўрмон ичкарисига кириб, ҳали ўзига келмаган Пийяни елкамга олдим. Шу пайт муаммо пайдо бўлди — саройга Пийя билан бирга боришим керак. Албатта, машинада. Мен эса машинани бошқаролмайман. Пийяни ўзига келтириб, унга ҳайдатсам-чи?

— Сенларга ўзи мутлақо имконият бермаслик керак экан. Мен аҳмоқ... Қара, нима қилдинг, хонавайрон қилдинг мени, — деди Пийя машинани ҳайдаб кетаркан менга қараб хунук илжайиб. У ҳазиллашмоқчи эди, назаримда, лекин ўхшамади. Овози мунгли чиқди.

Босснинг машинаси қайтганлигини кўрган Пийянинг саройдаги йигитлари қуролларини пастга туширишди-да, бизга пешвоз чиқишди. Пийя уларга тикилди. “Қайт! Ўққа тут!” — дея нигоҳи билан шотирларига буйруқ берган бўлса не ажаб? Аммо, кошки эди, йигитлар унинг нигоҳидаги буйруқни илғашса. Қуролларини ерга осилтириб келишаётир. Уларнинг автоматлари ғалати экан: икки қарич, ўқдони узун. Менимча, хийла енгил ҳам бўлса керак. Шундай қалтис вазиятда хаёлимга: “Ўқдонига нечта ўқ кетаркан?” — деган ўй келса бўладими? Келаётган йигитларга ачиниб қарадим. Бекорга ўлиб кетишади. Аммо начора, оқсоқол: “Душманингни сен ўлдирмасанг, у сени ўлдиради”, деган.

Мен аввал узоқроқдаги, сарой эшиги ёнида бизга қараб турган қорани нишонга олдим. Чунки у Ренага яқин эди. Саройга кира солиб, биттагина ўқ отса, тамом...

Тўппонча товушини эшитгач, бизга яқинлашиб келаётган иккала йигит ўзларини ерга ташлашди. Сарой эшиги олдидагиси эса ёнига қулади. Мен Пийя билан баробар машинадан тушдим ва қўлимдаги қуролни унинг орқасига тираб:

— Йигитларингга айт, қуролларини ташлаб, ўзлари четроққа чиқиб туришсин, — дедим.

Пийя буйруқ беришни истамади. Аммо биқинига икки марта туртганимдан сўнг тилга киришга мажбур бўлди.

Йигитлар аввалига унинг буйруғига бўйсунишмади. Қуролларини бизга ўқталганча ётаверишди. Шундан кейин Пийя сўкиниб бақирди-да, буйруғини такрорлади.

Албатта, Пийянинг шотирларида бошқа қурол ҳам борлигига шубҳам йўқ. Кутилмаганда отилган ўқ ҳар қандай одамни нобуд қилиши мумкин. Шу боис, зийракликни йўқотмай, Пийянинг битта шотирини жуда тез қулатдим. Ёнига боришимиз билан икки оёғи ўртасини мўлжалга олганимда, жон аччиғида инграб юборди. Иккинчисини эса, Сёхэй билан машғулотларни эсга олиб, ағдардим. Буларнинг барига Пийя томошабиндек қараб турди. Ортиқча бирон ҳаракат қилмади.

Ренанинг қўллари қийилиб кетган экан. У занжирдан озод бўлганидан кейин ҳам талай муддат билагини уқалади. Гоҳ-гоҳида менга норозиланиб қараб қўярди. Унинг қарашидан ноқулай аҳволга тушиб:

— Мен билан бирга келмаганингда бўларкан. Қийнаб қўйдим, — дедим.

— Жиннисан, — дея у елкамга бошини қўйди. — Сенинг ўрнингга мен боришим керакмиди? Бунча одамга битта ўзинг туриб беролмайсан, деган ўйда эдим.

— Бу гапларинг билан мени хафа қилаяпсан. Шунча йил бекорга ўтмади-ку, ҳар қалай.

— Лекин барибир тайёр эмассан.

— Биламан, — дедим чуқур нафас олиб, — яна уч-тўрт йил оролда бўлишим керак эди.

— Барибир, ўрганолмасдинг. Ёшинг ўтиб қолган.

Ренанинг кўзларига қарадим: камситиш, менсимаслик сезилмади, бироқ ачиниш бордай эди. Шу ҳам менга оғир ботди. Чунки бировнинг менга ачиниб қарашини истамасдим.

— Манави нусхани нима қилдик? — дедим Ренани чалғитиш учун ёнимда қўллари боғлиқ ҳолда қаққайиб турган Пийяни кўрсатиб.

— Ўзинг биласан.

Бир муддат бошим қотди. Аслида Пийяга нисбатан зиғирча ҳам ёмон ниятим йўқ эди. Ундан хафалигимни унутгандим. Агар у йўлимни тўсмаганида, фақат қишлоғимга етиб олишга уринардим. У ярамни янгилаб қўйди. Энди Андрес, Жо, Таскин ва бошқа мен билан бирга бу кимсанинг қўлида ит азоби кўрганлар учун ҳам ўч олишим зарур. Қолаверса, оқсоқолни ҳам ўлдириб, унинг ҳамма бойликларига эга чиқмоқчи бўлди. Демак, ўша қора нияти учун ҳам жазоланиши керак бу мараз. Лекин қай услубда? Шуниси бошимни қотираётганди.

— Юр, — дедим Пийяга қараб, — мен ишлаган жойни кўрсат.

Биз саройдан ташқарига чиқдик. Ҳушидан кетган йигитлар ҳали ўзларига келишмабди. Пийя уларга нафратланиб қаради. Ренанинг юзидан ачинаётгани сезиларди. Мен эса ҳеч қурса учаласидан иккитасини ўлдирмаганимдан хурсанд эдим.

Уммон бўйидаги ер ости иншооти Пийя айтганидек яқин эмаскан. Машинада уч соатча йўл босдик. “Албатта, у ерда ҳам Пийянинг камида уч-тўрт одами бўлиши керак”, ўйладим мен. Чунки шундай даромад келтираётган жойни у қўриқчисиз қўймайди. Эҳтимол, яқинларини назоратга қўйгандир. Шу боис, машинани анча берида тўхтатишни буюрдим.

— Бекор қилдинг, — деди Рена, — у ёқдагиларни чўчитиб қўясан. Яхшиси, яқинроқ борайлик.

Унинг гапида жон бордай. Пийянинг елкасига қўлимни қўйдим-да:

— Ҳайда, — дедим.

— Укам бор. Уни ўлдирма. Энди йигирмага кирди. Сенга ёмонлик қилмаган, — чуқур тин олди Пийя.

— Укангни уларнинг орасидан ажратиб бўларканми? Ажали етган бўлса, ўлиб кетаверади. Балки бирон жойини майиб қилиш билан қаноатланиш ҳам мумкиндир. Бу ёғи сенга боғлиқ. Машина ичидан қимирламаслигинг керак. Уқдингми?

Бу ердагилар бизни хотиржам кутиб олишди. Чунки улар Босс билан бирга кимлар келганини билмасди. Шу сабаб, “тинчитишимиз” осон кечди. Қурол ишлатмадик. Учтаси тепада оғзи-бурнидан қон оқиб ерга ағанади. Ренанинг қаттиқ жаҳли чиққан, шекилли, биттасининг жағига шунақанги тепдики, бечоранинг оғзидан тиши учиб чиқди. Иккинчисининг эса кўкрак қафасига мушт урди, суягининг сингани аниқ эшитилди. Йиқилиши билан қимир этмай қолган йигит ўлган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Пийя эса аввалгидек, томоша қилишдан нарига ўтмади. Фақат биз ишни битириб бўлганимиздан кейин:

— Пастга ўзим бошлаб бораман, — деди.

Унинг қандайдир шумликни ўйлаганини сезган бўлсам-да, индамадим. Ер остида аянчли ҳолнинг устидан чиқдик. Пийянинг иккита шотири қоқ суяклигидан мурдадан фарқи қолмаган бир бечорани ерга ётқизиб олиб аямасдан тепар, ора-сира қўлларидаги занжир билан уришарди. Улар шу қадар жазавага тушиб кетишгандики, бизнинг тушиб борганимизни пайқашмади ҳам. Бир зум бу ерда ит азобини кўрганларим хаёлимдан ўтди. Ўшанда менинг ҳам мана шу ишчилардан фарқим йўқ эди. Мени ҳам калтаклашганди, шафқат қилишмаганди.

Охирги зинадан ерга оёғимни қўйишим билан югуриб бордим-да, сакраб зўравонларнинг (улар ёнма-ён туришарди) иккаласини баравар товоним билан тепдим. Кутилмаганда теккан зарба уларни қулатди. Бироқ бу билан қаноатланмадим. Зўравонлардан бирининг қўлидаги занжирни тортиб олиб ҳар иккисини савалашга тушиб кетдим. Ўша лаҳзаларда мен буткул ўзимни унутгандим. Кўз ўнгимда чўқмор билан тош майдалаганим, қўлларимнинг қавариб кетгани, калтак еганларим гавдаланар ва бу мени баттар қутуртириб юбораётганди. Агар, Рена келиб, қўлимдан ушлаб қолмаганида, иккала зўравоннинг ҳам бошларини мажақлаб ташлардим.

— Ўлиши шарт эмас, — деди Рена менга қаттиқ тикилиб.

— Й-ў-ўқ! — ўшқирдим мен. — Тилка-пора қиламан! Булар мени қандай азоблашганларини сен билмайсан!

— Лекин мен биламан!

Рена иккаламиз ялт этиб, овоз келган томонга қарадик. Бақирган Пийя эди. У Ренанинг нариги томонида, қандайдир ҳалқани ушлаб турарди.

— Яхши биламан, — деди у иржайиб, — ўша азобларнинг ҳаммасини ўзим ўйлаб топганман. Лекин, афсус, ўшанда сувга ғарқ қилишим керак эди. Мен сенинг жонингни омон қолдирдим. Мана оқибати! Ярим одамимни қириб ташладинг. Энди ўзинг ҳам итдай ўлиб кетасан!

Мен энди у томонга интилган эдим, Рена елкамдан ушлаб тўхтатди.

— Ҳозир бу ер портлайди. Ҳамма ўлади. Мен ҳам. Лекин кўп нарсага эришиб қўйганман. Саккизта ўғлим бор. Тўплаган бойликларим уларга етиб ортади.

— Ўзинг ҳам уларга қўшилиб маза қилиб яшашинг мумкин. Биз сенга тегинмаймиз, — деди Рена.

— Шунақа дегин. Ҳаётимда бир мартагина адашдим. Энди адашмайман. Ҳозир манави ричагни тортаман, — деб у ҳалқани кўрсатди, — кейин қорнингдаги боланг ҳам бу дунёни кўришга улгурмайди.

Одамга алам қиларкан. Шунча қалтис вазиятдан омон-эсон чиқиб кетсанг-у, озгина эътиборсизлик оқибатида ҳаётинг жар лабига бориб қолса!

Ўзимни чорасиз ҳис қила бошладим. Лекин ич-ичимдан бир тийиқсиз куч бош кўтарарди. Ўзимга-ўзим: “Қутулиб кетасан, чораси бор. Қидир!.. Қидир!..” — деб қайта-қайта такрорлардим. Рена бўлса Пийяга тикилиб қолди. Рашким келди, жаҳлим чиқди. Бироқ иложим қанча? Пийя бирдан кўзини Ренадан олди.

— Менга бу ҳунаринг ўтмайди! — дея бақирди у ва бор кучи билан ҳалқани тортди. Аммо унинг истагани амалга ошмади. Ҳалқани тортиб ололмади. Пийя икки қўллаб ҳалқага ёпишди. Ёнгинамда турган Рена гўё қушдек учиб, унинг нақ белига тепди.

— Имм! — дея инграб юборди Пийя, аммо шунда ҳам ҳалқани қўйиб юбормади. Буни кўрган Рена уни силтаб деворга ёпиштирди. Энди мен тезда уларнинг ёнига етиб, Пийянинг жағидан ушлаб бўйнини қайириб синдиришим лозим эди. Пийя ўлаётганида инграмади. Деворга қапишган кўйи бўшашди. Ўтириб қолди, сўнг ерга ағанади.

Ўлганларнинг чеҳраси чиройли бўлади, деб эшитган эдим. Ҳаммада шундай бўлса керак, деб ўйлардим. Аммо бунақа эмаскан. Пийянинг башарасига одам қараб бўлмасди. Нафақат кўнгилда қўрқув, балки жирканиш ҳам уйғотар экан.

Ренага ўгирилдим-у жилмайдим ва бурнидан чимдиб:

— Ёмонсан, — дедим.

— Қара, — деди Рена, — ҳалқа ўз-ўзидан ечилаяпти.

Мен девор томонга юзландим. Дарҳақиқат, ҳалқа аста-секин девордан узоқлашар, қозиққа ўхшаш темир худди кўкараётгандай чиқиб келарди.

Уни бор кучим билан тўсиб қолишга уринарканман:

— Ҳаммани тепага олиб чиқ! — деб қичқирдим Ренага.

У жуда тез ҳаракатланарди. Ишчиларни тепага чиқариб юбораркан, менга хавотир билан боқар:

— Эҳтиёт бўл!!! — деб тинимсиз такрорларди.

Қўрқувдан кўзлари олайиб кетган ишчилар шовқин-сурон билан тепага кўтарила бошлашди. Пешонамдан тер қуйилиб келар, жон-жаҳдим билан қозиқни итаришимга қарамай, кучим етмаётганди, қозиқ аста-секин силжиб келаётганди. Билмадим, қанча вақтда портлаш юз беради? Ҳамма чиқиб улгурадими? Мен-чи?

Албатта, ҳали ўлгим келмас, қилишим керак бўлган ишларим жуда кўп эди. Қишлоғимни, отам ва укаларимни қаттиқ соғингандим.

Аслида Рена билан бирга чиқиб кетсам бўларди. Лекин одамларни кўрганимда Жо, Андрес, Конг ёдимга тушиб, булар ҳам қадрдондек кўриниб кетган эди.

Калтаклар зарбидан сулайиб қолган ишчининг тепага чиқиши қийин бўлди. Бошқаларида мадор қолмаганди. Шу боис, уни олиб чиқиш қийин кечди. Ҳомиладор бўлишига қарамай, Рена ҳам ёрдамлашди.

Ниҳоят ер остида ҳеч ким қолмагач, ҳалқани қўйиб юбориб, сакраб зинага чиқдим-да, юқорига интилдим. Чиқдим. Портлаши керак бўлган жойдан ўн қадамча узоқлашишга ҳам улгурдим. Лекин ҳеч қандай ҳодиса рўй бермади. “Пийя алдаган экан-да”, деган хаёлда Ренанинг тортқилашига қарамай, тўхтаб ортимга бурилганимни биламан, шунақанги гумбурладики, икки метрча нарига отилиб кетдим. Устимга чанг-тўзон аралаш бир нарса келиб тушди. Ўрнимдан сакраб турдим. Ерга юзтубан ётганча қимир этмай қолган Ренанинг устидаги тупроқни шоша-пиша суриб ташладим-да:

— Сенга нима бўлди? Тирикмисан?! — дедим ҳовлиқиб қўлидан тортар эканман.

— Тирикман, шекилли, — деди у ва қўли билан бошидаги чангни қоқиб ўрнидан турди.

— Ҳеч қаерингга ҳеч нарса қилмадими? Бирон жойинг оғримаяптими?!

— Йўқ. Хайриятки, вақтида чиқиб олдинг, — у бўйнимга осилди.

Биз қайси томондан келганимизни билмасдик. Шу боис, бошимиз оққан тарафга кета бошладик. Рена иккаламиз-ку, юришдан қийналмаймиз, кетаверамиз. Аммо неча вақтдан бери бир шиша вино эвазига (ҳойнаҳой, булар ҳам ароқхўр бўлишса керак) бутун кучини қора меҳнатга бериб бўлган тутқунлар жуда имиллаб қадам ташлашарди (дарвоқе, Пийянинг машинаси ҳам портлашда мажақланиб кетганди). Шу боис, биз анча илгарилаб кетиб, сўнг уларнинг етиб олишини кутар, кейин яна юришда давом этардик.

Тахминан ўрмоннинг ўрталарига етганимизда, занжир билан калтакланган киши жон таслим қилди. Шу ергача шериклари уни навбатма-навбат кўтариб келишаётганди.

Жасадни ўрмон ичига кўмишга қарор қилдик. Бироқ кўмиш ҳам муаммо экан. Ер қазийдиган ҳеч нарса йўқ эди. Дарахт шохлари билан ерни тимдалашга тушдик. Қабр қазиш уч соатларга чўзилди. Жасадни унча чуқур бўлмаган лаҳадга қўйганимиздан сўнг марҳум билан бирга ишлаганлар ўзларича чўқинишди.

Яна йўлга тушдик. Бир соатлардан сўнг ўрмоннинг охири кўрина бошлади.

— Шаҳарга борамизми? — сўради Рена дам олиш учун тўхтаганимизда.

— Ҳа.

— У ерда нима қиламиз?

— Билмадим.

— Манавилар билан бирга юраверамизми? — деди у кўзи билан уч-тўрт қадам нарида ерга чўзилиб, кўзларини юмиб дам олаётганларни кўрсатиб.

— Йўғ-э, булар билан юриб нима қиламиз? Ташвишимиз бошимиздан ошиб ётибди. Устига-устак, буларнинг аҳволини кўрган полициячилар бошимизни қотиради. Бораверайлик-чи, бир гап бўлар.

Ўша куни биз кўзлаган манзилимизга етолмадик. Шаҳар жуда узоқ экан. Аслида қаёққа кетаётганимизни билмасдик. Менинг шубҳам ортиб борарди.

— Биз, — деди энди ўрнимиздан туриб яна йўлга отланганимизда соч-соқоли ўсиб, кўзлари ичига ботган, ҳамма ёғи кир-чир, паст бўйли киши, — шу ерда қоламиз. Бундан бу ёғига юролмаймиз. Дармонимиз йўқ. Бизни қутқарганларинг учун раҳмат сизларга.

Рена менга қаради. Тўғриси, унинг таклифи менга ҳам маъқул тушганди. Чунки буларнинг борадиган жойи йўқ. Қаердан бир шиша вино топилса, ўша жойни макон қилиб кетаверади булар.

— Ўзларинг биласизлар. Лекин биз кетмасак бўлмайди, — дедим мен.

Қуёш уфққа ботиб, атрофга қоронғилик этагини ёза бошлаган маҳал ялангликнинг ўртасида ёғочдан қурилган бир уйга дуч келдик. Атрофга бир қур назар ташлагач, эшикни тақиллатдим. Ичкаридан садо чиқмади. Шундай эса-да, бир оз кутдим. Сўнг эшикни итариб кўрдим. Очилмади. Нима бўлса бўлар, деб қаттиқ тепгандим, эшик очилиб, бир томонига қийшайиб қолди. Секин ичкарига кирдик. Тахтадан қилинган полни айтмаса, хонада ҳеч вақо йўқ экан. Орқа томондан туйнук очилган, лекин ром ўрнатилмаган. Қандайдир ёқимсиз ҳид бор. Бунақанги ҳидга қаердадир дуч келгандим, лекин айнан қаердалигини эслаёлмадим.

Аслида, бизга бунинг аҳамияти йўқ эди. Қуруқ полга бўлса-да, ётиб бир амаллаб тонг оттирсак бўлгани.

Рена кўксимга бош қўйди. Чарчоқ зўр келиб, кўзимни юмишим билан ухлабман. Туш кўрдим. Қишлоғимиз, пастқам уйимиз, чорпояда менинг йўлимга кўз тикиб ўтирган отам. Унинг ёнида бошларини хам қилиб укаларим туришибди. Яна иккита келинчак. Уларнинг бири дастурхон тузаяпти, иккинчиси чойнак кўтариб келаяпти. Атлас кўйлакда. “Ким бўлди булар?” — деб ўйлайман. Укаларим уйланганми десам, улар кўзимга жуда ёш кўринаяпти. Мен кетаётганимда қандай бўлса, ўша-ўша. Негадир ҳамма ғамгин. Нима бўлган уларга, ҳайронман.

Мен отамдан нега бундай ўтирибсиз, деб сўрамоқчи бўлганимда, унинг ўрнида Пийя пайдо бўлди. Қўллари боғланган. Менга мўлтираб қараб турибди. “Нега жимсан?” — деб сўрасам, индамайди. “Шунча одамингни қириб ташладим. Ўзинг ҳам портлаб кетдинг. Ўшанда ҳам жим эдинг. Сенинг олғирлигинг, одамларга зуғум ўтказиб роҳатланишинг, ожизларни ишлатиб уларнинг устидан кулишинг қаёқда қолди? Бу аҳволингни кўрган одам қўй оғзидан чўп олмаган мўмин экан, деб ўйлайди”, дея сўрайман. Барибир миқ этмайди. Қараб тураверади. Қараши бирам совуқки, этни жимирлатади.

Бир маҳал эсимга оқсоқол берган брильянт тушди. Мени ҳушимдан кетказиб, мана шу бадбахт уни чўнтагимдан олганди. “Қани брильянт?” — деб сўрашим билан Пийя кўздан йўқолди. Мен эса уйғониб кетдим.

Аллақачон тонг отиб, қуёш бир терак бўйи кўтарилибди. Мен буни ёнимда Рена йўқлигидан хавотирланиб, ташқарига чиққанимда кўрдим. “Бунақа ухламасдим, қаттиқ чарчабман, шекилли”, хаёлимдан ўтди ва кўз югуртириб Ренани қидирдим. У узоқлаб кетмаган экан. Биз тунаган харобанинг сўл томонида кичкина кундачанинг устига ўтириб ўйга толганди.

Бечорага қийин бўлди. Уйида, оролида тинчгина, ғам-қайғудан холи яшаб юрган эди. Агар кўнгилбўшлик қилмаганимда, ҳомиладор бўлиб қолмаганида бу ёқларга келмас, бу оғир кунлар бошига тушмасди.

(Давоми бор)

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм

Олтинчи қисм

Еттинчи қисм

Саккизинчи қисм

Тўққизинчи қисм