Найти тему
Типичный узбек

Саодат асри қиссалари (1 - китоб, 201 - 220 бетлар)

Оглавление

Давоми...

Ўтган мақоламизда (181 - 200 бетлар)

Ҳориса баъзан шуларни ўйлаб кўнглига таскин берар, баъзан ғунчадек жигаргўшасини ортиқ кўрмаслиги эсига тушиб, йиғлаб кетар эди. Қўйларининг кўплиги билан шуҳрат қозонган Қалб қабиласи узокдан кўрина бошлаганда ҳам Ҳорисанинг соқолидан ҳамон ёшлар думаланиб оқар эди.

Хадича яна бир ўғил кўрди. Унинг исмини Абдуллоҳ қўйишди. Жуда чиройли, жуда ёқимтой бу болага отаси «Таййиб», «Тоҳир» лақабларини берган эди. Баъзан «Абдуллоҳ», баъзан «Таййиб», гоҳида эса «Тоҳир» деб суяр эдилар, уни еру кўкка ишонмасдилар. Орадан бир неча ой ўтди. Аввал Қосим, сўнгра Абдуллоҳ ҳаётдан кўз юмдилар. Бу жудолик ота-онани чуқур қайғуга солди.

Зайд ҳам ўзи кечагина елкасига опичиб, ўйнатиб юрган бу гўдакларнинг вафотидан қайғуриб, уларнинг ота-онаси билан бирга юм -юм кўзёши тўкди. Кейинроқ Хадича хоним бирин -кетин Руқаййа, Зайнаб ва Умму Гулсум исмли уч қиз кўрди. Учала қизча ҳам истараси иссиқ, нурли гўдаклар эди. Қизчаларни кўрган одамлар «Оллоҳ бу оилага алоҳида лутфу карам кўрсатмоқда», дейишдан ўзларини тия олмасдилар. Хадича бир қарашдаёқ киши диққатини тортадиган, кўнгилларга осудалик бағишловчи фарзандлар туққанидан, эрига фаришталарни ёдга солувчи гўдакларни ҳадя этганидан хурсанд эди. Гўдаклигидаёқ ўлиб кетган фарзандлари Қосим билан Абдуллоҳнинг ҳасратини бу қизчаларига қараганда унутар, баъзан -баъзан юрагида оғриқ пайдо қиладиган даражадаги аччиқ хотиралар бу гўдаклар туфайли эсдан чиқар эди.

Муҳаммад бирин -кетин ўлиб кетган гўдаклари учун аччиқ- аччиқ кўзёши тўкди, аммо кўнглини бўшатар экан, тақдиридан рози эканлигини ҳам айтарди, демак, шундай бўлиши керак эди, деб ўйларди. Фарзандидан жудо бўлганда етук инсонга ярашмайдиган дод -фарёд чекиб йиғлаш, ёқасини йиртиш каби қилиқлар унга хос эмас эди.

Кетганлар учун куйиб -пишишдан кўра, кейин туғилган қизлар тарбиясига эътибор бериш муҳимроқ эди. Шундай бўлди ҳам. Бир -бирларини севган, тушунган, хурмат қиладиган, ҳар қандай муаммони ҳам муросаи -мадора билан ҳал этадиган бу ота-она қурган оила ушбу гўдакларнинг порлоқ руҳий оламига катта ижобий таъсир кўрсатди. Улар уриш -жанжални, ёмон сўзни билмайдиган, уят сўз эшитганда юзлари ловлов ёнадиган, ҳаёли андишали қизлар бўлиб улғайдилар.

Ота-она фарзандлари одобидан мамнун эдилар. Уларни кўча эмас, айнан мана шу оила тарбиялагани кўзга яққол ташланиб турарди. Кўрганлар: «Мухаммад ибн Абдуллоҳ билан Хадичанинг фарзандлари бундан ўзгача бўлишлари мумкин эмас», дейдиган ноёб гулғунчалар бўлган эди бу қизлар.

Кўчада ўйнаб юрганда болалар уйларидаги бутлар ҳақида ҳам баҳслашардилар. Шубҳасиз, бу ҳол уйда ота-оналаридан эшитган гапларнинг натижаси эди. Баъзи болалар ҳатто қўлидаги охирги хурмосини ҳам емасдан:

—Буни санамга едираман, — деб уйига қараб югуриб кетарди. Бир оздан сўнг ўша бола яна қўлида хурмо билан қайтиб чиқиб: «Санам емади», дерди. Сўнгра:

—Емаса емасин, ўзимнинг оғзим йўқми? — деб еб қўярди.

Болаларнинг бундай аянчли аҳволини кўриб Зайнаб ўзларининг уйларида санам йўқлигини эсларди. Руқаййа опасидан сўраганида:

— Отам, улар ҳам кўчадаги тошлардан бири, дейдилар, — деган жавобни олган эди.

* * *

Кун сайин улғайиб, ҳуснига ҳусн қўшилаётган қизлар қарилик сари йўл олган оналарига уй -рўзғор ишларида ёрдамлашишар, оғирини енгил қилишар эди. Ҳеч бўлмаса, ҳали бешикда ётишдан бошқа нарсага кучи етмайдиган, йиғлаш ўрнига кулимсирайдиган Умму Гулсумни овутишда, унга ёқимли овозда алла айтишда ёрдамчи бўлишар эди.

Маҳалладаги баъзи болалар каби орсиз, бадахлоқ эмас эдилар. Бу ҳам Хадича хоним учун юксак неъмат эди. Уларга боқаркан, «Ким билади оталари шу ёшда қанақа бўлган экан?..» деб ширин хаёл сурарди.

* * *

Бирин -кетин Қосим билан Абдуллоҳни олиб кетган ажал бир куни келиб энди -энди очилаётган бу ғунчаларни ҳам олиб кетармикан? Ёки кун сайин чирой очиб бораётган бу гўдакларнинг улғайиб, бирон гўшага келин бўлиб борадиган кунлари ҳам келадими?..

Улар эса беғам -беғубор ҳолда, Хадича хоним теваракларида югургилаб ўйнаб юришар, баъзан ёноқларини тутиб: «Битта ўпиб қўйинг, отажон, битта ўпиб қўйинг, онажон...» дея эркаликлар қилишар эди. Хадича онамиз бу шодон қизчаларига қараб тураркан, юракларининг туб- тубини бу ҳазин ўйлар ишғол этарди. «Оллоҳим, сен нимани хайрли деб билсанг, шуни қил!» дер эди гўё.

— Нур юзли, анбар ҳидли Муҳаммадимнинг ҳурмати учун болаларимни ўзинг асра, Оллоҳим!.. — дея илтижо қилар эди...

* * *

Фил ҳодисасидан ўттиз икки йил кейин Макка аслзодаларидан бири Валид ибн Муғийра ҳам ўғил кўрди. Келажакда номи Ислом тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган бу гўдак машҳур Холид ибн Валид эди. Тутган жойидан кесадиган, қўрқув нималигини билмайдиган бир инсон бўлиб етишажак у. Мусулмон бўлгунча ҳам, мусулмон бўлганидан кейин ҳам жасорат, мардлик ва довюракликнинг жонли тимсоли бўлиб танилажак. Валид арслон боласидек бир фарзандга ота бўлганидан бағоят хурсанд эди.

КАЪБА ҲАКАМЛИГИ

Каъба Ҳазрати Иброҳим давридан бери доим табаррук ҳисобланиб келар, Каъбага хизмат доимо улкан шараф ҳисобланар эди. Бу муқаддас даргоҳнинг ҳажми у қадар катта бўлмай, баландлиги ҳам одам бўйидан салгина юксак эди. Пайғамбар Ҳазрати Иброҳим (а.с) наслидан бўлган Аднан (ёки Ҳимйар султони Мубба) давридан бошлаб Каъбанинг устига чодир ёпиш одат тусига кирди. Бу чодир ҳар йили алмаштирилар, янгиланар эди. Бироқ бу муборак қадамжо асрлар ўтиб таъмирлашга муҳтож ҳолга келди ва дастлаб Амалика, сўнгра Журҳум қабилалари томонидан таъмирланди. Фил ҳодисасидан ўттиз беш йил кейин шиддатли ёмғир натижасида сел пайдо бўлди ва Каъбанинг пойдеворига заҳмат етказди. Деворлари нураб, йиқилай деб қолди. Халқ бу муборак Байтнинг йиқилиши мумкинлигидан қаттиқ ташвишда, жуда безовта эди. Каъбанинг ичи сел оқизиқларидан ҳосил бўлган балчиққа тўлди.

Устига устак, бир куни атрофга хушбўй ҳидлар таратиш мақсадида бир аёл Каъба ёнида олов тутатибди. Оқибатда бир учқун сачраб Байтнинг чодирига тушиб, ёндириб юборди. Бу ёнғин халқни даҳшатга солди. Ўзи йиқилай деб турган Каъба мазкур воқеадан кейин баттар хароб бўлди. Бу аҳволда Байт яна қачонгача туриши мумкин, буни ҳеч ким билмасди.

Макканинг зодагонлари шу хусусда суҳбатлашдилар. Пойдеворигача бузиб қайтадан қуришга қарор қилдилар. Бироқ ҳеч ким муборак Байтни бузишга журъат этолмасди. Уни бузишга бел боғлаган кишининг бошига кулфат тушади, деган тушунча ҳукмрон эди.

Даставвал, бундай оғир масъулиятни Валид ибн Муғийра зиммасига олди.

—Сизларнинг мақсадингиз бузишми ёки ислоҳми? —деб сўради ҳамшаҳарларидан. Яъни, Каъбани вайрон этиш, ҳақорат қилиш учун бузмоқчимисизлар ёки уни қайта қуриш, мустаҳкамлаш учунми, демоқчи бўлди.

—Мақсадимиз, албатта, ислоҳдир, — деб жавоб қилишди.

— У ҳолда Оллоҳ ислоҳ учун бу ишга қўл урганларга жазо бермайди. Шу ишни мен бошлайман. Оллоҳим, бизнинг мақсадимиз эзгуликдир, холос, — деди. Шундан кейин йиқилай деб турган тошларни тушира бошлади. Аҳоли узоқдан томоша қилар, Валиднинг бошига бало ёғилишини кутар эди. Бирок ҳеч қандай корҳол юз бермади. Валид ишини давом эттираверди.

— Яхшиси, эртага эрталабгача кутайлик, — дейишди томошабинлар. Бу таклиф ҳаммага маъқул бўлди. Аммо Валид мақсад Каъбани бузиш эмас, уни мустаҳкамлаш эканлигини яна бир бор такрорлади.

— Бу аҳволда Байт қанча вақт ҳам тура оларди, —деди у.

Эрталаб Валиднинг келишини зўр қизиқиш билан кутдилар. У соппа -соғ келиб, яна иш бошлади. Бу дафъа ҳамма унга кўшилди. Қисқа вақт ичида Каъбанинг деворлари йиқитилди. Ҳазрати Иброҳим қўйган пойдеворгача бузилди.

Валиднинг отаси Муғийра ибн Абдуллоҳ Махзумий баланд бир жойга чиқиб, бу ерда ишлаётганларга қарата хитоб қилиб, бу Байт Оллоҳга дахлдор муборак, муқаддас Байт эканлигини, бу даргоҳга ишлатиладиган қурилиш ашёлари ҳар хил шубҳалардан йироқ, пешона тери билан топилган ҳалол маблағ эвазига сотиб олиниши лозимлигини уқтирди. Зино йўли билан, ўғрилик ҳисобига, судхўрлик эвазига, муттаҳамлик, айёрлик ёки зўравонлик қилиш билан топилган пулнинг бу Байт қурилишига сарфланмаяжагини таъкидлади.

Шундан кейин Валид ибн Муғийра бошчилигидаги бир неча кишидан иборат ҳайъат Қизил денгизда, Жиддага яқин жойда ҳалокатга учраган кеманинг парчаларини ва ундаги ашёларни сотиб олиб келтириш учун йўлга чиқди. Ажойиб тасодиф эди бу. Яна ҳам тўғрироғи, Оллоҳнинг карами инсонларга гўзал тасодиф тарзида етишган эди. Чунки кемадаги юк Ҳабашистонда қурилиши режалаштирилган бир черков учун Рум ҳукмдори томонидан Мисрдан жўнатилган қурилиш ашёлари эди. Ҳалокатга учраган кема энди ортиқ суза олмасди. Кемадаги ашёлар харид қилинди. Кемадаги меъмор ҳам катта ҳақ эвазига Байт қурилишига ёлланди. Каъбанинг деворлари қурайш қабилаларига бўлиб берилди. Яъни, ҳар бир девор бир қабила томонидан қурилиши керак эди. Бу масала қуръа ташлаш йўли билан ҳал этилди. Эшик ўрнатиладиган томон Абдуманоф ўғилларининг зиммасига тушди. Ҳошимийлар Абдуманоф ўғилларининг бир уруғи эди. Зуҳра қабиласи ҳам Абдуманофликларга шерик ҳисобланарди.

Бошқа томонларни ҳам икки -уч қабила бирлашиб қурадиган бўлди. Меъмор Баком тош ташиб келтиришни буюрди. Эркаклар тош, хотинлар оҳак таший бошладилар. Елкасида тош ташиётган эркаклар, тош қийиб юбормасин, дея белларига боғлаган пешбандларини кават -қават қилиб елкаларига, тошнинг остига қўйиб ишлар эдилар. Абул Қосим Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳам амакилари билан биргаликда тош таширди. Амакиси Аббос яра бўлаёзган елкаларига бир оз енгиллик бериш учун пешбандини ечди, бошқалар каби тахлаб елкасига ташлади.

— Ё Амин, сен ҳам мендақа қилиб ол, қийналмайсан, — деди.

Бу таклиф бир томондан яхши эди. Одамнинг елкаси анча роҳатланарди. Аммо, иккинчи томондан, бундай қилинса, хунук вазият юзага келарди.

— Қани, қани, ё Амин, қара мен ҳам шундай қилиб олдим... Тағин, ўзинг биласан. Елкангни эҳтиёт қил деяпман-да. 

Йўлдан оздирувчи бундай даъватларга қарши туролмай, Амин ҳам пешбандини ечиб, елкасига қўйди. Аммо шу пайт либоси тушиб кетди. Либосини ердан кўтарди-ю, бу ишни зинҳор қилмасликка ўзига сўз берди. Шу воқеадан кейин то умрининг охиригача ҳеч ким уни ярим яланғоч ҳолда кўрмади.

Тошлар келтирилиб, иншоот қурила бошланди. Меъмор тошларни усталик билан қалаб, бинони тиклар, халқ ғайрат-шижоат билан унга ёрдамлашар эди. Деворлар кўтарилди. Бир одамнинг кўксигача етадиган баландликка етди. Энди Ҳажарул асвадни ўз ўрнига қўйиш керак эди. Аммо бу ишни ким қилади; ким бу шарафга муносиб ҳали номаълум эди. 

Бу муаммо бирдан ҳамжиҳатлик муҳитини ўзгартириб юборди. Каъбани қуриш ишида иштирок этаётганлар орасида юзага келган дўстона ва биродарлик муҳити совуқлашиб, ҳамма обрў талашиб, аслзодалик даъвоига берилди. Ҳар бир қабила ўзини бу шарафга муносиб деб ҳисоблар, иккинчи ёки учинчи даражага тушиб қолишни сира истамас эди. 

Қурилиш тўхтаб, жанжал бошланди. Қабилалар орасидаги мунозара кечгача чўзилиб кетди. Ҳамма ўзиникини маъқуллар, ҳеч ким бошқанинг гапини эшитишни хоҳламас эди. 

Натижада Бани Абдуъдор жанжални баттар авжига чиқарди. Ҳамманинг кўзи олдида қон тўла бош чаноғини ўртага қўйиб, ичига қўлларини ботириб, қасам ичдилар. Бани Одий ҳам қасамга қўшилди. Бу қасамнинг маъноси сўнгги томчи қонимиз қолгунча шу йўлда курашамиз, 

демак эди. 

Бошқа қабилалар ҳам шундай фикрда эдилар. Улар ҳам то ўлмагунларича Ҳажарул асвадни ўрнига қўйиш даъвоидан воз кечмасликка азму қарор қилган эдилар. 

Қиличлар қинларидан бир марта суғурилса, қайтиб жойларига кириши осон бўлмасди. Балки йилларча давом этадиган қон даъволарининг эшиги бир оздан сўнг очилиши ҳамда Каъбанинг ёнида тўкилган қонларнинг ҳисоб- китоби авлоддан авлодга суриб кетиши ҳеч гап бўлмай қолган эди. 

Аслида, Макка ва унинг ён- тевараги Ҳарам водийи ҳисобланарди, яъни, жанжалсурон, уруш қилинмайдиган муборак бир замин эди. Бу заминда ҳар кимнинг жони ва моли хавфдан холи эди. Аммо Ҳажарул асвадни ўз ўрнига ким қўяди, деган муаммо уларнинг кўзинигина эмас, қалбини ҳам кўр қилиб қўйди, Ҳарам водийида, ҳатто муқаддас даргоҳ бўлмиш Каъбанинг ёнида, Каъбанинг қурилишида эканликларини унутдилар. 

Тортишувнинг бешинчи куни, қўллар қиличларга узатилган қалтис бир вазиятда у ердагиларнинг энг улуғ ёшлиси Абу Умаййа Муғийра ибн Абдуллоҳ ўртага отилди: 

— Тўхтанг, тўхтанг, эй инсонлар! — деб бақирди у. 

— Гапир, нимани истайсан, эй қария. 

— Уруш, жанжал- тўполон билан иш битмайди. Бундан ташқари, сизлар бу муқаддас Байтнинг хизматчиларисиз. Уруш қилсангизлар, бу муборак даргоҳга нисбатан хурматсизлик қилган бўласизлар. Ҳолбуки, бу жанжал нимадан келиб чиқди? Унга бўлган чексиз ҳурмат эхтиромингиздан! Шундай эмасми? 

— У ҳолда нима қилиш кераклигини айт бизга. 

— Масаланинг ечимини бир ҳакамнинг ихтиёрига қолдиринглар. Муаммони у хал этсин. 

— Кимни ҳакам қиламиз, кимга топширамиз бу ишни? Абу Умаййа сўзлари таъсир қилганидан хурсанд бўлиб кетди. «Бани Шайба» дарвозасини кўрсатди. 

— Шу дарвозадан биринчи бўлиб кирган кишини ўзимизга хакам қиламиз. 

Бу таклиф ҳаммага маъқул бўлди. Кимнинг келишини ҳеч ким билмас, шунинг учун бу тадбир адолатсиз ҳисобланмас эди. 

— Маъқул таклиф. 

— Ҳа, жуда маъқул. Бу дарвозадан илк бор кирган киши хакам бўлади. Ҳамма «Бани Шайба» дарвозасига тикилди. 

Абул Қосим Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Каъба қурилиши учун ҳамма қатори тош ташиган, аммо жанжал бошлангач, кетиб қолган эди. Бемаъни, тутуриқсиз мунозараларга тоқати йўқ эди унинг. 

Орадан бир неча кун ўтгандан кейин вазият ўзгарган ўзгармаганини билиш учун яна Каъба томонга йўл олди. 

Каъбанинг атрофини ўраб турган ва Масжиди Ҳарам деб аталувчи кенг даргоҳнинг бир неча дарвозаси бор эди. Уларнинг энг олдингиси бўлмиш «Бани Шайба»дан ичкарига кирди. 

Кирар- кирмас: 

— Ал-Амин... Ал-Амин... Мана, Амин келди... 

— Амин келди, унинг ҳакамлигига розимиз... — каби овозлар эшитилди. Юзларда табассум пайдо бўлган, кескин вазият бирданига юмшаган эди. 

— Нима гап? Мендан нима истайсизлар? 

— Орамизда ҳакам бўласан... 

Масалани тушунтирдилар. Қандай йўл билан уни ҳакам қилганликларини изоҳладилар. 

Охирида яна Абу Умаййа сўз олди: 

— Сенинг инсофинг, адолатингга ишонамиз, эй Абу Қосим. Орамизда ҳакамлик қилиб, тўғри ҳукм чиқар, —деди. Буюк Амин атрофидагиларга: 

— Менга бир кўйлак¹⁴ келтиринг, — деди. (Бу ерда «кўйлак» пешбанд, қийиқ маъносида.)

Олиб келдилар. Муҳаммад уни ерга тўшади. Ҳажарул асвадни (Қора тошни) унинг устига қўйди.

— Ҳар бир қабиладан бир киши мана шу кўйлакнинг бир учидан тутсин, — деди. Енгил нафас олдилар. Кўзларда мамнуният ҳисси балқиди. Утба ибн Робиъа, Абу Замъа ибн Асвад, Абу Ҳузайфа ибн Муғийра, Кайс ибн Одий каби кишилар кўйлакнинг тўрт учидан тутдилар. 

Баробар кўтардилар. Муқаддас тош ўрнатилиши лозим бўлган жойгача келтириб, тепага кўтардилар. Шу онда Ал-Амин бу муборак тошни қучоғига олиб, жойига ўрнатиб қўйди. Бутун келишмовчиликлар бир зумда битди, бемаъни урушнинг олди олинди, ҳамма бу адолатли ҳукмдан рози бўлди. 

— Худо ҳаққи, ал-Амин адолатли, оқилона ҳукм чиқарди, — дедилар. 

Каъба олдингисидан икки баравар юксак қилиб қайта қурилди. Эшиги бир одам бўйидан сал баландроқ бўлди. Ашёлар етарли бўлмагани боис Каъбанинг бир оз жойи очиқ қолдирилди. 

Бу ер «ҳотийм» деб аталарди. 

* * *

Кейинги йили ҳам қурғоқчилик бошланди. Бу дегани, маккаликлар учун янги, яна бир оғир, азоб- уқубатли мавсум келди демак эди. Қурғоқчилик азоби бошқа ака- укалардан ҳам кўпроқ Абу Толибни оғир аҳволга солиб қўйди. 

Бир куни Ал-Амин амакиси Аббосга рўбарў бўлди. 

— Марҳамат қил, ё Амин... 

— Биласизки, амаким Абу Толибнинг аҳволи яхши эмас. Фарзандлари кўп. Унинг биттадан боласини паноҳимизга олиб, ёрдам берсак қандай бўларкин? Аббос бу таклифга рози бўлди. Абу Толибнинг уйига бордилар. Мақсадларини билдирдилар. У хурсанд бўлди. 

— Толиб билан Оқилни ўзимга қолдиринг, бошқаларидан истаганингизни олинг, — деди.  Аббос Жаъфарни, Ал-Амин эса, Алини ўз қарамоқларига олдилар.

Шу йўсинда Абу Толибнинг кенжа ўғли Али болалик чоғидан эътиборан инсониятнинг фазилатхонасидан паноҳ топган, сабоқларини шу ердан ола бошлаган эди.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

ЯНА САЛМОН

Салмон Мосулга борди. Роҳиб тавсия этган одамни топди. У таъриф этилганидек, самимий инсон экан. Кейин у ҳам ўлгач, унинг тавсиясига кўра, Нусайбинга кетди. Нусайбиндаги роҳибнинг қазоси яқинлашгач, у Салмонни Онадўлининг Аммурия шаҳрида (ҳозирги Амирдоғда) яшовчи бир танишининг ҳузурига жўнатди. 

Шу тариқа, бир неча марта бошпанасини ўзгартирган Салмон уларни ҳам топди. Бир ривоятда нақл қилинишича, Анқаранинг бир калисосида (ушбу калисо Ҳожибайрам жомеъ масжиди ёнида ҳали ҳам мавжуд) бошқа бир руҳонийнинг хизматида ўн йил қолиб кетди.  Сўнгги марта Аммурияда хизматини қилган устозини жуда яхши кўриб қолган, унга ихлоси баланд эди. У ҳам бошқа дин арбоблари сингари ўз маслагига содиқ, ҳақдан бошқа сўзни сўзламас эди. Салмон унинг паноҳида диний вазифаларини бажарар экан, озроқ маблағ ҳам орттирди, қўй- эчки, сигир сотиб олиб, боқди. Бироқ муқаррар ажал бу руҳонийнинг ҳам эшигини қоқиб келди. Салмон энди нима қилиши кераклиги, кимнинг ҳузурига бош уриб боришни ундан ҳам сўради. Руҳоний оҳиста гап бошлади: 

— Эй Салмон, замон жуда ўзгариб кетди. Яхши одамларнинг кўпи ўлиб кетди. Энди шу бепоён дунёда сени омонатга ташлаб кетишга арзийдиган одам ҳам қолмади. Бу сўзлар Салмоннинг кўнглини чўктирди. Кўзларида ёш қалкди. Бироқ руҳоний ҳали гапини тугатмаган эди. Овози хириллар, гапириши ҳам тобора қийинлашиб борар эди. Бир оз тин олгач: 

— Лекин, эй Салмон, Оллоҳнинг сўнгги пайғамбари келадиган кунлар жуда ҳам яқинлашиб қолди... Исми Аҳмад Муҳаммаддир... Бу Пайғамбар Тихома тарафлардан, Ҳарам халқининг орасидан чиқади... Илк қийинчиликларга учраганида хурмозор бир шахарга, менингча, Ясрибга кўчади... Бу Пайғамбар садақа олмайди... Ҳадяни қабул қилади... Орқасида, икки курак суягининг ўртасида пайғамбарлик муҳри, белгиси бўлиши керак... 

Руҳоний яна жим бўлиб қолди. Оғир-оғир нафас ола бошлади. Пешонасида тер томчилари ҳосил бўлди. Салмон пирининг манглайидаги терларини артди, оғзига бир неча томчи сув томизди. 

— Энди бу Пайғамбарга етишишга умидим қолмади. Агар сен уни топа олсанг, дарҳол унга иймон келтир. Унинг фикрини тасдиқла. Унинг йўлига кир. Буюрган ҳамма ишларини қабул қил ва астойдил бажар. Салмон бу сўзларни зўр диққат билан тинглади, худди хазина топиб олган кишидек суюниб кетди. Шундан кейин, бу Пайғамбарнинг амру фармонларига қай даражада қулоқ тутиши кераклигини билиб олиш учун сўради: 

—У Пайғамбар динимизни тарк этишни буюрса ҳам, бажаришим керакми? 

—Ҳа, ҳеч иккиланма. Чунки унинг ҳар бир гапи айни ҳақиқатдир. Оллоҳнинг розилиги унинг амрини бажариш билан баробардир. Буюк Оллоҳ жўнатган ҳар бир пайғамбаридан Муҳаммаднинг замонигача яшаган тақдирда унга иймон келтириш ва унга ёрдамчи бўлишлари тўғрисида ваъда олган, ҳамма пайғамбарлар ҳам умматига энг сўнгги пайғамбар бўлган Аҳмад Муҳаммадни васият қилган, унинг атрофида, унинг уммати ўлароқ тўпланишни буюрган. 

Бу суҳбатдан кейин кўп ўтмай руҳоний вафот этди. 

Салмон Аммурияда яна бир муддат қолди. Бир куни савдо- сотиқ ишлари билан Онадўлга келган ва энди ўз юртларига қайтаётган Қалб қабиласининг карвони ҳақида эшитди. Салмон бор- будини йиғиштириб уларга бериш эвазига ўзини Ҳарам водийига олиб боришларини сўради. Сигирларию эчкиларини уларга берди. Шу тариқа йўлга чиқилди. Бироқ Водиул Қуро деган жойга етганларида қалбликлар сўзларидан қайтдилар ва уни қул қилиб бир яҳудийга сотиб юбордилар. 

Салмон атрофида хурмо дарахтларини кўриб, руҳоний таърифлаган жой аслида шу ер бўлса керак, деб ўйлади. Аммо ундай эмас экан. Кейинроқ Қурайза қабиласига мансуб хўжайинининг амакиваччаси бўлмиш бошқа бир яҳудий уни сотиб олди ва биргаликда Ясрибга жўнадилар. Салмон қул бўлиш эвазига бўлса ҳам, борган ери таърифланган жойга уйғун эканлигини кўриб, ғоят қувонди. Буюрилган ишларни бажонидил бажариб, руҳоний келишидан хабар берган Буюк Пайғамбарни кута бошлади.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

ЯҲУДИЙ ОЛИМЛАРИ

Шом томонларда Ҳазрати Мусонинг динини қабул қилган, илм ва ибодат билан баравар шуғулланадиган билимдон яҳудий бор эди. У кичик ёшидан бошлаб тоат- ибодатга берилган, замонасининг етук олимларидан сабоқ олган, бундан ташқари, мустақил равишда билимини оширишдан эринмайдиган инсон эди. 

Бир куни қўни- қўшнилари ва дўсту биродарлари унинг сафарга ҳозирлик кўраётганига шоҳид бўлдилар. 

— Қаерга, эй Ҳаййибон, йўл бўлсин? — дедилар. 

—Кўчиб кетаётирман. Ҳижоз томонларга бориб яшамоқчиман. 

—Нега энди дабдурустдан, эй Ҳаййибон? Нега бизни ташлаб кетасан. Бу ерда биздан ёмонлик кўрдингми? 

Йўқ, асло. Ҳеч кимдан ёмонлик кўрмадим. Аммо кўнглим ўша томонларга чорламоқда. 

— Нима қиласан у томонларда? Ўзинг савдогар бўлмасанг... 

— Гапларингиз тўғри, савдогар эмаслигим аниқ. Аммо Оллоҳ ризқимизни берар деган умидда кетаётирман. Ҳаййибон шундай деб улар билан хайрлашди. Эрталаб тонг саҳарда бир оиладан иборат кичик карвон йўлга чиқди. Йўловчилар илгарилаган сари, қадам- бақадам иқлим ўзгарар, ям- яшил Шомнинг ўрнига онда- сонда хурмозорлар учрайдиган воҳалар кела бошлади. 

Бир неча кунлик йўлдан сўнг хурмозорлар ҳам кўринмай қолди. Шомнинг латиф иқлимига мослашган оила кутилганидан ҳам узоққа чўзилиб кетган йўллардан, баъзан келажакка умид билан қараб, баъзан тушкунликка тушиб илгарилаб борарди. Ҳаййибон гоҳо бир уфқдан иккинчи уфққа қадар чўзилган қум-саҳроларни, гоҳо қуёш қиздирганда ялт- ялт қилган, денгиздан фарқи йўқ саробни томоша эта- эта, қора терларга бота- бота, тили танглайига ёпиша- ёпиша олдинга силжирди. Бир томчи сувга ташна қолган пайтлар ҳам бўлди... 

Ҳайбарда танишган яҳудийлар уни қучоқ очиб кутиб олдилар. Илми билан амали биртбундай покдомон дин арбобига муносиб ҳурматда бўлишларини изҳор этиб, шу ерда қолишини сўрадилар. 

Аммо Ҳаййибон меҳмондорчилик муддатини чўзиб юборишни истамади. 

— Ниятинг қаер, эй Ҳаййибон? 

— Ясрибгача бормоқчиман. 

— Бу ер Ясрибдан кўра хушманзара, хушҳаво, тупроғи унумдор. 

— Шундай бўлса ҳам, ниятимиз қатъий, кетмасак бўлмайди. 

Бир оздан сўнг карвон яна йўлга тушди.

* * *

Бани Қурайза яҳудийлари бир куни маҳаллаларида Ҳаййибон исмли бир олимни меҳмон қилдилар. Шомдан келаётгани, Ясрибда макон тутмоқчи эканлигини гапирди у. 

— Мана, Ясриб, қўл узатсанг етадиган масофада. Чиндан ҳам Ясрибга жуда яқин қолган эди. Уларнинг орасида қолиш таклифига рози бўлди. Кўпдан бери истаган жойига келган эди.  Лекин бу ерда нима қилади? Илмини ошириш учун келмаган, ахир. Чунки бу ерда Шомдагидан зўрроқ олимлар йўқ эди. Бу ерда мулки ҳам йўқ эди. Савдогар эмас эди. Илми ва ахлоқини кўрган яҳудийлар унга ер, боғ ҳам ажратиб, экин экиб, рўзғор тебратишга имконият яратдилар.  Ҳаййибон тинмай ўқиб, ибодат қилиб, ибратли ҳаёт кечира бошлади. 

Қурғоқчилик мавсуми келганда яҳудийлар унинг хузурига тўпландилар, ёмғир дуосига чиқишини сўрадилар

— Йўк, бу ишни қилолмайман. Аввал муҳтожларга садақа беришингиз керак. 

—Қанчадан берамиз? 

—Бир миқдор хурмо ёки икки миқдор арпа. 

У истаган миқдорда муҳтожларга садака тарқатилди. Шундан кейин улар билан биргаликда ёмғир дуосига чикди, ялиниб -ёлворди. Жаноби Ҳақ ёмғир юборди. 

Яна бир неча бор ёмғир дуосига чиқилди. Ҳар сафар халқ севинч билан қайтди. Бир куни Ҳаййибон касал бўлиб қолди. Анча қариган, вужуди ҳам ҳолдан тойган эди. Уни зиёрат қилишга келдилар. Саломатлик тиладилар. Бироқ Ҳаййибон вақт- соати яқинлашганини сезди. 

Бир куни ўзини бир оз дуруст ҳис этгач, қурайзаликларга хабар берди. 

— Эй яҳудий миллати, мен Шомдек тўкин -сочин ва барака ошиб- тошиб ётган заминни тарк этиб, сизларвинг бу қурғоқчил ерларингизга нима учун келганимни биласизларми? — деди. 

—Билмаймиз. Албатта, сенинг бундан кўзлаган алоҳида мақсадинг бўлиши керак. 

— Бу ерга яқин орада юборилажак Пайғамбарни кутиш учун келган эдим. Зеро, Ясриб унинг ҳижрат қилиб жойлашадиган ватанидир. Бу пайтгача унга пайғамбарлик вазифаси берилар, мен ҳам унинг динига кириб саодат топарман, деб умид этдим. Бироқ умрим поёнига етганини сезиб турибман. Унга етишиш менга насиб бўлмас экан. Шуни яхши билиб қўйингки, унинг пайғамбарлик вазифасини олишига жуда ҳам оз вақт қолди, шарпаси бошингиз устида турибди, десам сира янглишмайман. Унга ишониб, динини қабул этишда бошқалар сизлардан ўтиб кетмасин. Чунки у зиммасига ўзига бўйсунмаганларга қарши қилич ишлатиш ва болаларини асир қилиш вазифасини ҳам олади. Зинҳор сизларни унинг динига киришдан ҳеч ким тўсмасин... 

Ҳаййибон шу гапларни айтиб, жим бўлиб қолди ва бир неча кундан сўнг ҳаётдан кўз юмди. Қурайза қабристонига дафн этилди.

Ҳаййибоннинг бу сўзлари нечоғли самимий эди? Жўнатиладиган сўнгги пайғамбарнинг даъват кунларигача яшаса, чиндан ҳам иймон келтириб, мусулмон бўлармиди? Илоҳий ирода уни қандай кутиб олади? Эртага — ҳисоб- китоб куни унга қай тарзда муомала қилинади? 

Биз бу саволларнинг жавобини билмаймиз. Аммо унинг бу йўлда ватанни тарк этгани, шу йўлда турли машаққатларга дуч келгани ва мақсадини амалга ошириш учун узоқ сафарга чиққанини биламиз. Бироқ у юрагидаги армон билан ўлиб кетди... 

* * *

Ясрибнинг бутга сиғинадиганлар маҳалласи... 

Салама ибн Салом исмли, гапга тушунадиган ва бошқаларга тушунтира оладиган ёшдаги бир бола... Уйларинииг ёнидаги бир тошда ўтирар ва оломонга қарата ҳаяжонли нутқ сўзлаётган яҳудий қўшнисини зўр мароқ билан тинглар эди. 

У яҳудий тўпланган одамларга қиёмат куни келиши, бутун жонзотларнинг қирилиб кетиши, кейин қайта тирилтирилиши, яхши- ёмон амалларнинг ўртага кўйилиб, ҳисоб- китоб қилиниши, инсонларнинг бу ҳисоб- китобдан сўнг жаннатга ёки жаҳаннамга кириши ҳақида гап уқтирар эди. 

Унинг сўзларини тинглаётганларнинг ҳаммаси мушриклар эди. На охиратни, на қайта тирилишу на ҳисоб- китоб ва на мезонни билардилар. 

— Менга қара, эй роҳиб, сен бу гапларингга чиндан ҳам ишонасанми? Сенинг айтаётганларинг муқаррар равишда содир бўладими? 

— Албатта. 

— Яъни, ичида жаннат ва жаҳаннам мавжуд бўлган бир оламда инсонлар қайта тирилтирилиб, ҳисоб- китоб қилинади, шундайми? 

— Ҳа. Нимани ўртага қўйиб қасам ич, десангиз, ҳаммасига тайёрман. 

Сўнгра атрофида йиғилганларга бирма- бир қараб чиқди.

—Истардимки, уйимда тандирга олов ёқиб мени ёндирсангиз, зора, мен шу оловда ёниб

кул бўлсаму, эртанги кун у дунёда дўзах азобидан қутулсам. Тингловчилардан бири гапга

аралашди.

— Жабр сенга қўшни, ўз жонингга жабр қилаётирсан. Бу гапларингни тасдиқлайдиган

далилинг борми? Яҳудий кўзларини Макка томонга қаратди. Уфқларга термулди, сўнгра

қўллари билан ишора қилиб, шундай деди:

— Менинг сўзларимни тасдиқлайдиган инсон мана шу томонлардан яқинда вазифасига

чақириладиган бир пайғамбардир. Яхши. Хўш, биз уни қачон кўрамиз? Яҳудий бу дафъа

эшикнинг олдида ўтирган Салама ибн Салмонни кўрсатди:

— Мана шу бола балоғатга етса, кўради.

Бу сўзлар Саламанинг онгига мухрланиб, узоқ йиллардан кейин ҳам унутилмайдиган бир

хотира бўлиб қолди.

* * *

Бир куни Ясрибнинг ерли аҳолиси бўлмиш мушриклар билан яҳудийлар орасида кичик

бир келишмовчилик чиқди. Мушриклар кўп эди. Аслида қўрқоқ бир миллат бўлган

яҳудийларнинг кўпдан бери попугини пасайтириб қўйишган, улар ломмим демайдиган бўлиб

қолган эдилар. Қачонки, бир жанжал чиқса, Ҳазраж ва Авс қабиласи яҳудийлардан устун келар, яҳудийлар эса, мағлубият аламини тортар эдилар.

— Бир куни сизларни адабингизни берамиз, эй Ясриб халқи, — дейишарди яҳудийлар.

— Бугун адабимизни беришга ким халақит беряпти?

— Бугун сизларнинг қўлингиз баландлигини инкор этолмаймиз.

—Ҳар доим шундай бўлади! Билиб қўйинглар!

—Мана, кўрарсизлар, бир кун келиб бизнинг кунимиз ҳам туғиб қолар.

—Тушларингизни сувга айтинглар. Ясриб доимо яҳудийларни чиғириқдан ўтказадиган

бир тегирмон бўлиб қолаверади. Бир куни келиб, гўрингизни қазийдиган битта яҳудий ҳам

қолмайди.

—Униси ҳали номаълум. Биз кутаётган Пайғамбар келсин, ўшанда ким ғолибу ким мағлуб

бўлиши аён бўлади. Кўрасизлар ҳали, сизлар билан бошқача ҳисоблашамиз, Од ва Ирам

қавмлари каби йўқ бўлиб кетасизлар!..

Яҳудийларнинг нимага шамаъ қилаётганини тушуниб етмаган мушриклар қўпол

муомалага ўтақолдилар:

— Қани, даф бўлинглар бу ердан, лаънати яҳудийлар!

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

ҲАҚ ДИН ЙЎЛИДА

Ҳанифлар

Маккада байрам. Маккаликларнинг деярли ҳаммаси шаҳар кўчаларига чиққан. Улар бир

бутнинг атрофига тўпланганлар. Қурбонликлар сўйилиб, бутга бахшида этилаётир. Қилинган

қурбонликлардан бутлар нимани тушунганликлари ҳеч кимни қизиқтирмайди.

Шу байрам куни бу одамларга қўшилмай, уларнинг кулгили хатти- ҳаракатларини бир

чеккада кузатиб турган тўрт киши ҳам бор эди. Улар жуда ғамгин эдилар.

— Қавмимиз тутган йўл ҳеч ҳам тўғри эмас-да...

Ҳақиқий дин бу дин эмаслигига қасам ичишим мумкин.

— Гапинг тўғри, эй Варақа. Мен ҳам сенинг фикрингга қўшиламан. Мана, масалан,

қошида қурбонлик сўйилаётган бу бут, менингча, бошқа тошлардан сира фарқ қилмайди. Ҳеч

кимга фойдаси ҳам йўқ, зарари ҳам.

Бу сўзларни сўзлаган Зайд ибн Амр эди. У яна биродарларига қараб:

— Мен қатъий қарор қилдим: дарҳол йўлга тушаманда, ҳақиқий динни излайман. Менингча, ҳақ дин пайғамбар Иброҳимнинг динидир, — деди. 

— Ҳа, албатта, Иброҳимнинг динидан бошқа ҳақ диннинг йўқлигига аминман. 

Суҳбат шу тарзда давом этди. Қисқа вақт ичида йўлга тушишга аҳдлашиб, тарқалдилар. 

Булар — Варақа ибн Навфал, Зайд ибн Амр, Усмон ибн Ҳувайрис, Абдуллоҳ ибн Жаҳш эди. Аммо бу йиғилиш ва суҳбат Фил ҳодисасига нисбатан қайси йили бўлгани номаълум. 

* * *

Варақа ибн Навфал Шом томонларга кетди. Учрашган дин арбобларининг таъсирида христианликка кирди. Ўқиш, ёзишни ўрганди. Христиан динига оид китобларни ўқиди. 

Иброний, яъни, қадимги яҳудий тилини ўрганиб, Тавротни ҳам мутолаа қилди. 

Маккага қайтганда яҳудийликни ҳам, христианликни ҳам чуқур ўрганиб олим бўлган, ҳатто Тавротдан, Инжилдан баъзи нарсаларни ёдлаб олган эди. Баъзан яҳудий тилида ўқиган диний китобларининг мазмунини араб тилида сўзлаб берарди. Аммо на бировни христианлик динига чорларди, на Макка аҳлидан бирор киши унинг олдига келиб: «Эй Варақа, пайғамбар Исо алайҳиссаломнинг динини менга ҳам ўргат, мен унинг динига киришни истайман», дер эди. У ўз ҳолича, тўғри эканлигига ишонган христианлик динига содиқ бўлиб қолаверди. Биров келиб: 

«Сенинг бутларимизга ибодат қилганингни кўрмай қолдик. Энди орамизга қўшилмасанг, бўлмайди», демади ҳам. Вақт ўтиб Варақанинг кўзлари хиралашди. Яхши кўрмайдиган бўлиб қолди. Лекин ўқиган китобларида ёзилган маълумотлар ёдида эди. Чунончи, Таврот ва Инжилда ўқиганида бир неча оятнинг энди келадиган Пайғамбар ҳақидаги хушхабари унинг зеҳнига ўрнашиб қолган, бу сўнгги Пайғамбарни интизорлик билан кутар эди. У зот шу Макка шаҳридан чиқади деб ишончи комил эди. Ора- сира маккалик танишларига чуқур разм солар,  «Ажабо, булардан қайси бири пайғамбар бўлиши мумкин, саодат тожи улардан қайси бирининг бошига кийгизилар экана?!» деб ўйлаб қоларди. Кимга пайғамбарлик унвонини муносиб кўришини, албатта, Оллоҳ ўзи яхшироқ билади. 

— Нима бўларди, эй Раббим, мени ўша Пайғамбарга етиштирсанг... 

Сўнгги пайтларда Варақа шу дуони пичирлаб айтиб юрадиган бўлиб қолди. 

* * *

Усмон ибн Ҳувайрис Шомга борди, ўша ерда муқим ўрнашди. У ҳам христианликни қабул қилди. Бундан ташқари, Шом ҳокимига маккаликлар устидан арз этиб, агар уларнинг устига мунтазам бир қўшин билан юриш уюштирилса, у ерларни осонгина фатҳ қилиш мумкинлигига ишонтирди.

Давоми...

Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!