Найти тему
Типичный узбек

Саодат асри қиссалари (1 - китоб, 161 - 180 бетлар)

Оглавление

Давоми...

Ўтган мақоламизда (141 –160 бетлар)

Абдуддор, Махзум, Жумоқ, Сахм, Одий ўғилларининг хонадонларида бўлди. Дардини уларга гапириб берди. Бироқ ҳеч қандай фойда топмади, умидсизлиги кучайди. 

— Ос ибн Воил сингари улуғ бир зотда қарзи бор инсон шарафли бир инсон деган гап, — дедилар. 

—Шараф инсоннинг қорнини тўйғазмайди. Менга пулимни ёки молимни ундириб беринглар. 

—Сен нималар деяпсан ўзи! Ос каби улуғ мартаба эгасини бундай арзимас бир иш учун безовта қилиш айб эмасми? 

— Ос шунақа улуғ зот, шарафли кишими? 

— Албатта, сен нима деб ўйлаяпсан?

— Шарафли инсон қарзини ўз вақтида беради. 

— Қани, йўқолчи бу ердан. 

Забидлик савдогар қабила бошлиқларининг баъзиларидан мана шундай совуқ муомала кўрди, баъзилари гапиргани ҳам қўйишмади, баъзилари эса: «Мен бу ишга аралашмайман», деди, яна бошқаси: «Менинг Осга бас келадиган кучим йўқ», деб жўнатди. 

Кимга учраса, ҳамма уни қурук қайтарди. Барча эшиклар унинг юзига ёпилди. Аён бўлдики, забидлик савдогарнинг додини тинглаб, мушкулини осон қиладиган одам Маккада йўқ эди. 

Эрталаб тонг саҳарда Каъбанинг ёнида ҳақсизликка учраганидан, Оснинг адолатсизлик қилганидан дод солиб сочларини юлаётган, кўйлакларини йиртиб, арзига қулоқ соладиган одам қидириб юрган бир мусофирни кўрдилар. 

Бу сўнгги чораси зое кетмади. Масжиди Ҳаромда суҳбатлашиб ўтирганлар унга қулоқ тутдилар. Ниҳоят арзини тинглайдиган ва уни ҳақли деб ҳисоблайдиган бир неча кишини топганидан, забидлик савдогар ғоят хурсанд эди. 

Илк бор оёққа Зубайр қалқди. 

— Адолатсизликку бу! Зулм ва ҳақсизликка қарши кураш ҳар бир номусли одамнинг вазифаси. Мард киши зулмга нисбатан бепарво қололмайди! — деб бақирди. 

Абдулмутталибнинг ўғли тўғри гапирмокда. 

— Ғарибларга ёрдам бериш ҳам шараф, ҳам фарздир! 

Ниҳоят, Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида учрашиш ва ушбу масала юзасидан мунозарани давом эттиришга келишдилар. Макканинг ёш ва обрў -эътиборли улуғларидан бири бўлган Абдуллоҳ ибн Жудъон меҳмонларни қучоқ очиб кутиб олди. Мажлисда Ҳошим, Мутталиб, Зуҳра, Ҳорис ва Тайм ўғилларидан ушбу қабилаларнинг вакили бўлиб келганлар бор эди. 

Ораларида энг ёши, амакилари билан келган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эди. У эндигина йигирма ёшдан ошган эди. Бироқ ҳеч ким унинг катталарнинг орасида ўтирганидан оғринмади. Чунки у ёши билан бўлмаса ҳам, ақли ва дунёқараши, тарбияси ва хулқи, катталарга ярашадиган нутқи билан улуғвор эди. Улуғлар ҳам ҳавас қиладиган даражада буюк эди. Шу боис ҳеч ким «Бу ўспирин бизнинг орамизда нима қилиб ўтирибди», деб ҳам ўйламасди. Меҳмонлар дастурхон атрофига ўтиришди. Еб, ичдилар. Шундан кейин муаммо ўртага ташланди. 

—Агар зўравонларга қарши ломмим демасак, бундан баттар ҳақсизликлар рўй бермаслигига ким ҳам кафолат бера олади, — деди бири. 

—Ос бу ишни биринчи марта қилаётган бўлса ҳам майли эди... 

—Бундай ҳақсизликка йўл қўйган фақат Ос эмас. Ос улардан биридир, холос. 

—Ҳозир индамасак, вақти келиб, ҳозирги кунларни ҳам қўмсаб қоламиз. Гапимга ишонаверинглар. 

—Бу кетишда қурайшларнинг обрўйи бир чақага арзимай қолади. 

—Маккага келган мусофирлар, хатто ҳожилар ҳам тобора биздан қўл силтаб кетмоқдалар... 

Қисқаси, улардан ҳеч бири бу ишнинг шундайлигича қолишини истамасди. Бундан ташқари, ўзлари хам борган жойларида ана шундай муомалага дуч келишлари мумкин эди. Бу ерда ҳақ -ҳуқуқи топталган одам имкон топди дегунча, бошқа бир қурайшликдан бўлсада, ҳаққини ундириб оларди. «Маккаликлар хоҳлаган зулмини қилаверсин, аммо борган жойларида иззат -икром, эътибор кўрсин», деб ҳеч қаерда ёзиб қўйилмаган эди. 

Ҳаж мавсуми яқинлашган, бинобарин, бу масалада қатъий қарорга келиш ҳар қачонгидан ҳам зарур эди. Хозир зулқаъда ойи. Атиги бир ойдан сўнг хаж мавсуми бошланади. Зиёратчиларни яхши кутиб олиш, уларнинг осойишталигини таъминлаш, бу билан уларнинг яна ва яна келишларига замин ҳозирлаш даркор эди. Чунки Маккага келувчи мусофир ва ҳожилар қанча кўпайса, макканинг обрўйи ҳам шунча ортар, тижорати равнақ топар эди. 

Ниҳоят, Абу Толибнинг синглиси Байда (ёхуд Отика) ўртага бир идишда мушку анбар келтирди. Меҳмонларнинг ҳаммаси унга бирма -бир бармоқларини ботирдилар. 

Бу арабларнинг ўзига хос қасамёд маросими эди. Баъзан шундай хушбўй ҳидли нарсага, баъзан қон ва шунга ўхшаш нарсаларга бармоқларини ботириб, қасамёд этардилар. Қасамдан қайтмасликларини билдирувчи бир далил ҳисобланарди бу. 

Шундан кейин илк қасамёд сўзлари янгради: «Токи денгизда биргина соч толасини ҳўллашга етадиган сув бор экан, Сабр ва Ҳиро тоғлари қад кўтариб турар экан, доимо мазлумнинг ёнида, унга ёрдамчи бўлишга, золимдан ҳаққини олгунча қўллаб - қувватлашга, фақирларга саховат кўрсатишга Оллоҳ номи билан қасамёд қиламан». 

Бу қасамёд айни тарзда бир неча бор такрорланди. Бу қасамёд «Хилфул фузул» (яъни «Фазилатли кишиларнинг фазилатли иш тутиш учун қилган қасамёди») номи билан аталди. 

Бу ном неча юз йиллар олдин ҳам араблар орасида худди шу маънода бир битим тузган уч кишининг номлари билан алоқадор эди. Улар Фазл ибн Фазола, Фазл ибн Вадоа, Фазл ибн Ҳорис исмли уч ўртоқ эдилар. Мардонавор бир битим тузишган, мазлумнинг ёнини олиб, золимга қарши, ҳақсизликка қарши курашган, шу тариқа неча асрларгача араблар орасида яхши ном қолдиришган эди улар. Ўша бошланган йўлни бу сафар Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида йиғилганлар давом эттирмоқчи эдилар. 

— Ос!.. Ооос!.. Ташқарига чиқ! 

Ос ташқарига чиқди. Бир тўда одамларга рўбарў келди. 

— Нима гап, нималар бўляпти? 

—Сендан забидлик шахснинг ҳаққини ундиришга келдик. 

Ос тараддудланиб қолди. Ишнинг бундай тус олишини мутлақо кутмаган эди. Ўзича, у масалани батамом ҳал қилдим, деб ўйлаган эди. Савдогар бир -икки жойда нолиб, арзи ҳол қиладида, даф бўлиб кетади, деб кутган эди. Аммо шу онда турли қабилалардан вакиллари бўлган бир гуруҳ одам қаршисида лол турарди. 

—Забидлик билан нима ишингиз бор? — деб сўради улардан. 

Зубайр уларнинг номидан жавоб берди: 

—Қасамёд қилдикки, бугундан бошлаб ҳақсизликка учраган ҳар қандай киши бизнинг ҳимоямиз остида бўлади. Маккалик бўлсин, мусофир бўлсин, ҳеч кимга нисбатан зулм қилинишига йўл қўймаймиз. 

—Бермасамчи? 

Абдуллоҳ ибн Жудъон гапга аралашди: 

— Кўзингни оч, Ос! Бизни сўнгги чорани қўллашга мажбур этма! 

Зубайр қўшимча қилди: 

— Дарҳол савдогардан қарзингни олиб чиқ. Чунки уни олмасдан кетмаймиз. Ос вазият қалтис эканлигини англади. Ичкарига кирди. Бир оздан сўнг пулни олиб чиқиб, Абдуллоҳ ибн Жудъонга узатди. Забидликни топиб, ҳақини бердилар. 

— Ҳаққинг шунчамиди? 

Савдогар йиғламсираб «Ҳа» ишорасини берди ва: 

— Сизлар бўлмасаларингиз, ҳаққимни ололмасдим,— деди миннатдорона. 

— Мана энди уйингга хурсанд бўлиб қайтишинг мумкин. Маккада такрор ҳақсизликка учрасанг, бизга мурожаат эт, унутма. 

Савдогар жуда хурсанд бўлиб, хайрлашди. 

«Хилфул фузул»нинг аъзолари анча енгил тортдилар. Юзларида табассум пайдо бўлди. 

Ахир, Маккадек муборак шаҳарда яшовчиларга муносиб бир ишнинг уддасидан чиққан эдилар. Бундан буён амалга ошириладиган хайрли ишларнинг муқаддимаси эди бу.

Мажлиснинг йигирма ёшли аъзоси Мухаммад ибн Абдуллоҳ бу битимдан қалбида пайдо бўлган ҳузур- ҳаловат туйғусини, кўнгил роҳатини ўттиз йил ўтгач ҳам унутмади. Бир куни биродарларига шундай ҳикоя қилиб берди: «Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бўлган бир аҳдлашувда иштирок этдим. Бундай шарафдан воз кечиш эвазига дунёнинг энг гўзал неъматларини берсалар ҳам, асло рози бўлмасдим. Ислом дини вужудга келганидан кейин ҳам мана шундай аҳдлашувга таклиф этсалар, сира иккиланиб ўтирмасдан борардим».

Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйидаги аҳдлашув натижаси ўлароқ бир жамоанинг Ос ибн Воил уйига бориб, уни тиз чўктиргани воқеаси тезда бутун Маккага маълум бўлди.

Кўп ўтмай Хосъом қабиласидан бир киши Маккага ҳаж ёки умра нияти билан келди. Ёнида Қотул исмли бир қизи ҳам бор. Қиз жуда гўзал эди.

Нубайҳ ибн Ҳажжож бу қизга бир кўришда ошиқи беқарор бўлиб қолиб, зўравонлик билан олиб қочди.

Қизнинг отаси бу зўравонликдан телба бўлаёзди. Ҳар томонга югуриб дод солди. Кўрганлар унга «Хилфул фузул» аъзоларига учрашишни тавсия этдилар. Бу одам Каъбага

келди:

— Эй «Хилфул фузул» аъзолари!.. Эй «Хилфул фузул» аъзолари!.. — деб бақира бошлади.

Унинг бақириғини эшитган «Хилфул фузул»чилар ҳар томондан келиб, атрофини ўраб олишди.

— Нима дейсан?

—Нубайҳ ибн Ҳажжож қизим Қотулни зўрлик билан олиб қочиб кетди.

—У ҳолда биз билан бирга юр.

Катта бир жамоа Нубайҳ ибн Ҳажжожнинг уйига борди.

Нубайҳ эшигининг олдига келган бир тўда одамни кўриб ҳушёр тортди. Уларнинг нима мақсадда келганликларини сезди. Олиб қочган қизни унга никоҳлаб, «Қўша қаринглар», дейиш учун келмаганликлари аён эди. Келганлар хўмрайиб турардилар.

—Нима иш қилдинг сен, ё Нубайҳ!

—Нима қилибман?

—Бу одамнинг қизини зўравонлик қилиб олиб қочибсан.

—Аммо мен уни қаттиқ севиб қолдим. Ундан ажралсам, ўламан.

—Уни севиб қолган бўлсанг, отасининг розилигини олишинг керак эди.

—У ҳолда Қотулнинг отасидан сўрайман. Қизнинг отасидан сўрадилар:

—Қизингни Нубайҳга берасанми?

Йўқ.

Нубайҳ ёлворди:

— Нима хоҳласа, шуни бераман.

Ота узил- кесил жавоб қилди:

Қизимни қайтариб берсин, бошқа хеч нарса истамайман. Бу сафар Нубайҳга шундай амр берилди:

— Ҳозироқ қизни шу ерга олиб чиқасан. Акс ҳолда, ўзингдан кўр.

—Ҳеч бўлмаса, бир кеча у билан кўнгилхушлик қилай.

— Асло бўлмайди. Бир туянинг соғими қадар муддат ҳам кутмаймиз.

Дарҳол олиб чиқ. Нубайҳ мағлуб бўлди. Бундай катта жамоага бас келиш кийин эди. Индамай уйига кириб кетди. Қизни олиб чиқиб, отасига топширди.

«Хилфул фузул»нинг шарафли аъзоси Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг ҳар жиҳатдан етук йигит эканлигини хамма тан оларди. Бирон кимса бармоғи билан кўрсатадиган қусури йўқ эди унинг. Қўпол, бемаъни гап гапирмасди, бирор айбли иш қилмаган. Жисми ҳам, рухи ҳам пок ва гўзал эди. Кўпчиликнинг ишончини қозонган, обрў‐эътиборга сазовор бўлган эди.

Энди кўиинча унга Муҳаммад ибн Абдуллоҳ деб эмас, «Ал-Амин» дея мурожаат этардилар. Бирон кимса унинг «ишончли одам» эканига шубҳа кила олмасди. 

Унга «Амин» исмини берганлар нақадар ҳақли эканликларига тобора кўпроқ ишонч ҳосил қила бошлаган эдилар. 

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

САЛМОН ФОРСИЙ

Исфаҳон шаҳрининг Жай қасабасида Салмон исмли бир ўсмир яшарди. Отаси қасаба раиси эди. Ўғлини девоналарча яхши кўрар, бошига бирон фалокат тушмасин, дея ҳеч ёлғиз ташлаб кетмас, ҳеч қаёққа юбормас эди. 

Салмон болалик, ҳатто илк ўсмирлик чоғини ҳам, худди бир жориядек, тўрт деворнинг ичида ўтказди. Диндор бир йигит бўлиб улғайди. Оиласидан олган диний тарбияга кўра, у ҳам мажусийликка (оташпарастликка) эътиқод қиларди. Бир куни бир ибодатхонага кириб олиб дуо ўкиётган, нималарнидир пичирлашаётган одамларни кўрди. Салмон уларни завқ билан кузата

бошлади. 

Орадан бир неча соат ўтган бўлсада, Салмон ҳануз уларни томоша қиларди. Балки шу дақиқаларда ёлғизлик туфайли юрагида пайдо бўлган ўкинч ўрнини бир оз енгиллик, хушнудлик эгаллаган бўлса ажаб эмас. Чунки Салмон бу диндорларни ҳайрат билан кузатаркан, юзида хиёл табассум пайдо бўлди. Оқшом пайти одамлар тарқала бошладилар. Салмон улардан бирини тўхтатиб: 

— Бу, сизларнинг динингизнинг асоси қаерга бориб тақалади? Қанақа дин ўзи? Динингизни менга чуқур ва атрофлича ўргатадиган одамни қаердан топсам бўлади? — деди. 

— Шом шаҳридан, — деган жавобни олди.

Салмон боши эгик ҳолда ибодатхонадан чиқди. 

У ўзича шундай деб пичирлади: «Худо ҳаққи, уларнинг дини бизникидан хайрлироқ, бизникидан мукаммалроқ экан». 

Шу кунлари отаси Салмонни бир жойга иш билан жўнатди. Салмон узоқ вақт йўқ бўлиб кетди. Қаттиқ саросимага тушган ота дарҳол унинг изидан одам жўнатди, аммо ўғлининг у жойга бормагани маълум бўлди. Уни қидириб чиққан кишилар ён- атрофни қайта- қайта қараб келдилар. Бироқ Салмондан дарак йўк эди. 

Отанинг хаёлига ҳар хил ёмон ўйлар кела бошлади. Хунук бир хабар эшитмайинда, деб хавотирга тушди. Аммо кун ботиб, қоронғи туша бошлагач, Салмон ҳеч нарса бўлмагандек уйга кириб келди. Юзига диққат билан қараган киши унинг ўзгариб қолганини сезиши қийин эмасди. 

Юрагига ғулғула тушган ота меҳр, шафқат, қўрқув ва ғазаб ҳислари айқаш- уйқаш бўлиб кетган бир овозда: 

—Қаерларда юрибсан, ўғлим?! — деб сўради. Салмон ўз кўзи билан кўрган воқеаларни гапириб берди. Сўзларини шундай давом эттирди: 

— Менинг тушунишимча, уларнинг дини бизникидан хайрлироқдир. Отаси ашаддий мажусий эди.

— Энг тўғри дин ота -боболаримизнинг динидир, деди у.

— Йўқ, ота, Худо ҳаққи, уларнинг дини бизникидан яхши, бизникидан мукаммалроқдир. 

Ота ўзларининг дини устунроқ эканлигини уқтиришга харчанд уринмасин, Салмон фикридан қайтмади. Отасининг жаҳли чиқиб кетди. Сўзини ўтказа олмагач, ўғлининг оёқ- қўлини боғлатди ва бир хонага қамаб қўйди. 

Оёқ- қўлларга солинган кишан ўспириннинг онгини янада тиниқлаштирган, дунёқараши ҳудудларини кенгайтирган эди. Салмон энди ўзининг ҳақли эканлигига шубҳа қилмасди. Қулай фурсатни пойлай бошлади. Калисода танишган одамларига хабар жўнатди: Шомдан бир карвон келса, маълум қилишларини илтимос қилди. 

Юраги мехр- шафқатга тўла ота ҳар куни ўғлидан хушхабар чиқишини кутарди. Унга панд- насиҳат қилди, таҳдид солди, ҳар хил йўлларни синаб кўрди, ҳеч бири фойда бермади. Сўнгги чора сифатида қамоқ муддатини узайтиришга қарор қилди. Жигарпораси, жондан азиз фарзандининг бегона динга киришига ҳеч рози бўлолмас эди. 

Шундай кунлардан бирида Салмонга Шомдан бир карвон келгани тўғрисида хабар етди. 

Салмон хабарчидан улар аниқ кетадиган кунда яна хабар етказишини ўтиниб сўради. Бу қамок муддати давомида Салмон мажусийликдан кўнгли совий бошлаган, юрагига тушган учқун алангаланган эди. Қаттиқ ҳаяжон ичида карвон кетадиган кунни пойлар, ўзи учун янги бўлган динга киришдан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламас эди. 

Ниҳоят, хушхабар келди. Салмон дарҳол кишанларини ечди, вақтни ўтказмай, уйидан чиқиб кетди. Бу унинг ота уйини узил- кесил тарк этиши эди. Энди бу уйга қайтиб келмоқчи эмас, қайтиш ҳақида ўйламас ҳам эди. 

Карвонга қўшилди. Узоқ давом этган сафардан сўнг Шомга етиб борди. Вақтни бой бермай, насроний динининг энг улуғ вакилини қидирди. Кўрсатдилар. Салмон унинг ҳузурига борди, бошидан кечирган воқеаларни сўзлаб берди. Бу динга кириш учун чеккан азоблари ва қилган фидокорликларини тилга олиб ўтди. Сўзларини шу тарзда якунлади: 

— Энди изн берсанг, сен билан бирга қолай, сенга ва калисога сидқидилдан хизмат қилайин. Бу динни шахсан сендан ўрганиб, сен билан биргаликда ибодат қилайин! 

Бу одам Салмоннинг сўзларини диққат билан тинглади, унинг самимий бир ўспирин эканлигини англади. Илтимосини қабул этди. Салмон севинч билан унинг қўлларини сиқди. 

Энди Салмон мажусийликдан воз кечган, насоро бўлган эди. Динга хизматда камчиликка йўл кўймас, ибодат чоғларида риёкорлик қилишни сира хам ўйламас эди. Энди бу калисода у бир неча йил қолиб кетди. 

Аммо Салмоннинг руҳонийдан мамнунияти узоққа бормади. Бу одам бениҳоя даражада риёкор экан. Халққа қилган насиҳатларига ўзи амал қилмас, аксинча иш тутар эди. 

Бойликка ўч эди. Бой- бадавлатлар садақаларини унга келтириб: 

— Сен фақирларни биздан кўра яхшироқ биласан, бизнинг номимиздан шу пулларни бериб қўйсанг, — дер эдилар. 

Аммо руҳонийнинг кўлига тушган пуллар фақирларга етиб бормас эди. Олтин ва кумуш тўлдирилган хумларининг сони еттитага етди. 

— Аввало, сизларни тўлдиришим керак, фақирларга кейин берилса ҳам бўлаверади, — дея руҳоний тушум пулларни хумларига тўкарди. Салмон унинг бу қаллоблигини халққа кандай етказсам экан, деб кўп ўйлади. Лекин уддасидан чиқишига кўзи етмасди. 

Бир куни очкўз руҳонийнинг эшиги қаттиқ- қаттиқ чертилди. Чертаётган ажал эди. Қайтиб кетиш учун келмаган эди. Хоҳласа- хохламаса, уни ҳузурига киритишга мажбур эди руҳоний. Кўзлари олтин- кумушга лиқ тўла еттита хумга қадалган руҳоний ўлим шарбатини сўнгги томчисигача ичди ва умри бўйи: «Зинҳор бойликка берилманг, пулга алданманг, бойликка банда бўлманг, буларнинг ҳаммаси — фонийдир...» дея жар солган, аммо ҳаммадан кўпроқ ўзи муккасидан берилган мол-дунёни бир зумда тарк этиб кетди. 

Қавмлар кўз ёши тўкар, уни катта ҳурмат билан дафн этишга ҳозирлик кўрар эди. Уларнинг самимий қайғуси Салмоннинг бардошини тоширган сўнгги томчи бўлди: 

— Бу одам беодоб, риёкор бир кимса эди. Йиғлашингизга ҳам арзимайди!.. — деб бақирди. 

Одамлар ғазабланиб кетдилар: 

—Нималар деяётганингни биласанми ўзинг? 

—Неча йиллардан бери хизматини қилган одаминг ҳақида бундай дейишга уялмайсанми?! 

— Ўлган одамнинг кетидан гапириш айб бўлади... 

Аммо Салмон сўзидан қайтмади: 

— Мен нима деяётганимни яхши биламан. Гап шундаки, сизлар унга садақаларингизни келтириб, фақирларга тарқат дер эдиларингиз. У эса, хаммасини ўзининг ҳамёнига урарди. Истасаларингиз, ўша пуллар турган жойни кўрсатаман, — деди. 

— Қани, кўрсат! 

Халқ бир неча дақиқадан сўнг оғзи- бурни баробар тўлдирилган хумларнинг ёнида турарди. Хумлар ағдарилди. Кўзлар қинидан чиқиб кетаёзди. Бу беқиёс бойликни тушда эмас, ўнгда кўраётган эдилар! Руҳоний хақидаги фикрлари бир сонияда тескарисига ўзгарди. 

—Аблаҳ, ҳақиқий малъун экан. 

—Ҳақиқий шайтоннинг ўзгинаси... 

— Неча йиллардан бери бу ифлосга алданиб келган эканмиз... — каби кин ва адоватга тўла хитоблар янгради. 

Асабийлашганлар орасида йиллар бўйи уларни алдаб, кучини зулукдек сўриб келган руҳонийни роса қарғаганлар ҳам бўлди: 

— Биз уни ерга кўммаймиз, бунга у нолойиқ. 

Сўнгги қарор эди бу. Руҳонийнинг жасадини судраб олиб кетдилар. Бир дарахтга осдилар. Ўтган-кетган уни тошбўрон қилди. 

Салмон халқнинг кўзи ўнгида тўкилган бойликдан бир пақир (тийин) олишни ҳам истамади. 

Калисога бу дафъа халқнинг ҳурмати ва ишончини қозонган бошқа руҳоний тайин этилди. Салмон энди унинг хизматини қила бошлади. 

Бу одамни Салмон яхши кўриб қолди. Ундан кўра мукаммалроқ ибодат этадиган, мол- дунёга унингдек кўнгилсиз, охиратга унинг каби ҳавасманд одам борлигига ишонмасди. Аммо тез орада унинг ҳам бошига ажал келди. Аслида мол-дунёга ҳеч кўнгил қўймаган бу одамнинг ҳаётдан кўз юмиши ҳам қийин бўлмади. Ўзи жуда ҳавасманд бўлган охират йўлига кетди. У ерда иззат- икром кўришига умид билан кетди. 

Руҳоний сўнгги нафасларини оларкан, унга ўта вафодорлик билан хизмат этган Салмон: 

—Мени кимга ташлаб кетяпсан? Сендан кейин кимнинг этагидан тутаман? — деганида у: 

—Ишонса бўладиган кишилар оз қолди. Мосулда бир роҳиб дўстим бор, унинг ҳузурига бор... — деди. 

У ўлгач, Салмон узоқ йиғлади. Шомни тарк этаркан, неча йиллар давомида бир- бирига тамомила қарама- қарши бўлган икки кишининг хизматини қилгани эвазига ҳеч нарсага эришмаган эди. Бу хизматни у дин йўлида беғараз ўтаган, хизмати эвазига пул ишлашни бирон марта ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган эди. 

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

ХАДИЧАНИНГ САВДО КАРВОНИ

Макка зироат шаҳри эмасди, яъни, у ерда деҳқончилик ривож топмаган эди. Чунки бу шаҳар бир неча водий кесишган ялангда қад кўтарган бўлиб, тупроғи ва иқлими зироатга ўнғайсиз эди. 

Бу ерга илк дафъа хотини Хожар билан ўғли Исмоилни ташлаб кетган буюк пайғамбар Ҳазрати Иброҳим уларни ёлғиз колдирмаслик учун Саниййатул Вадоъда дуо ўқиб: «Эй Роббимиз, мен зурриётимдан бир қисмини экинсиз бир яланг водийда, сенинг ҳурматинг учун, қадрли Байтинг олдида қолдирмоқдаман...» дея илтижо қилган пайтлари у ер япяланг, яшилликнинг уруғи ҳам кўринмайдиган бир водий эди. Шундан кейин неча юз йиллар ўтиб,  неча авлодлар келиб кетди, Ҳазрати Иброҳим даъват этган Ислом эътиқоди унутилди, Каъбанинг атрофи бутларга тўлди, бироқ Макка водийи ҳамон экинсиз, ҳамон яланглигича қолган эди. 

Бу шароит маккаликларни чет ўлкаларга чиқишга, тижоратга зўр беришга ундади. Ҳар бир маккаликнинг озми- кўпми савдоси бор эди. Ҳар ким ўз бойлиги ва қобилиятига яраша савдо- сотиқ билан шуғуллана бошлади. Асосан, ёз мавсумида Шомга, қишда эса Яманга тижорат карвонлари қатнар, ҳар бир маккалик имкониятига қараб ушбу карвонларга қўшилар, вакилини жўнатар ёки кетаётганлардан бирига молини омонат топширар эди.

Якка ўзи карвон уюштира оладиган даражада бадавлат шахслар ҳам бор эди. Ҳувайлиднинг қизи Хадича ўшандайлардан бири эди.

Хадича бағоят гўзал аёл эди. Даставвал, Отик ибн Оиз исмли кишига турмушга чиқди, ундан бир қиз кўрди. Отик кўп ўтмай вафот этиб, Хадича бева қолди.

Кейинроқ Хадича Абу Хала исмли бир киши билан иккинчи марта турмуш қурди. У билан бир неча йил яшади. Аммо Басра томонларда тарқалган вабо кўп кишилар қатори Халани ҳам ҳаётдан олиб кетди. Абу Халадан Ҳинд исмли ўғли ва Зайнаб исмли қизи туғилди.

Тақдир тақозоси билан иккинчи марта тул қолган Хадича бошқа турмуш қуришни ўйламади. Отаси ҳам ўлиб кетгач, унинг ихтиёрида қолган бениҳоя бойликдан тижорат учун фойдаланишга қарор қилди. Оилавий турмушда чап келган толеи тижорат соҳасида ярқиради. Кун сайин бойлиги ортиб борди ва тижоратда Макканинг энг олди савдогарлари қаторига кирди.

Ҳам беқиёс мол-дунё, ҳам тенгсиз гўзаллик сингари икки бойликнинг эгаси бўлган Хадича ушбу ҳар иккала бойлик орзуйидаги кўпгина кишиларнинг таклифларини рад этди, ортиқ турмуш қурмаслигини билдирди.

Ҳар бир маккалик каби, у ҳам Шомга, Яманга карвонларини жўнатар, ҳар гал карвонни бошқариб боришга бир кишини ёллар, унга катта микдорда ҳақ тўлар эди. Карвонбошилик масъулиятини зиммасига олган одам Хадичанинг номидан савдо- сотиқ ишларини юритар, молларини сотар, борган жойидан мол олар, қайтиб келгач, Хадичага ҳисоб берар эди.

Хадича жўнатган бу одамлари қандай иш тутганликлари, берган ҳисобларига яраша хатти- ҳаракат қилган- қилмаганликларини алоҳида назорат этар, бу масалада Майсара исмли содиқ бир қулидан фойдаланар эди.

Майсара кичик ёшидан бери унинг паноҳида улғайган, бекасининг соф виждони, юксак ахлоқи ва фазилатларига, ҳақиқий инсонлигига чин кўнгилдан ишониб эътиқод қўйган, уни ўз онасидек эъзозлар эди. Қули бўлгани учун эмас, ҳурматга лойиқ инсонлигини тан олгани учун сидқидилдан хизмат қиларди.

Майсара ҳар сафар карвон билан бирга бориб, бирга қайтарди. Кетар экан, хонимафандисидан ажрашаётганидан ғамгин, аммо иккинчи томондан, унинг хизматида бўлгани учун кўнгли хотиржам кетар; қайтар экан, яна хонимафандисига эмас, онаси ҳузурига қайтаётгандек хурсандчилик қалбини тўлдирар эди. Шундан кейин Майсара Хадичанинг ёнига ўтириб, сафар давомида кўрганларини бирма- бир гапириб берарди. Шу орада карвонбошининг хатти- ҳаракатлари, савдо- сотиқ пайтида ўзини қандай тутгани, карвондагиларга қандай муомалада бўлганини ҳам маълум қиларди.

Хадича Майсаранинг улкан тажриба ва яхши хулқ эгаси эканлигига ишонар, шу учун у берган ҳисоботга кўра иш тутар эди. Кейинги сафар карвон билан бошқа одамни жўнатар, аммо Майсаранинг ҳисоботидан маълум бўлардики, бу карвонбошига ҳам ишониб бўлмас экан.

Унда Хадича нега Майсаранинг ўзини карвонбоши қилиб қўя қолмас эди?

Бунинг жавоби Майсаранинг қул эканлигига бориб тақаларди. Карвонда бўлган ҳеч бир кимса қулнинг амрига итоат этишга тоқат қилолмайди. Халқ учун озод инсон бўлиш яхши хулқ соҳиби бўлишдан кўра афзалроқ эди.

Майсарага озодлик бериш ҳам кифоя қилмасди. Озод қул ҳам, ўша пайтдаги шарт-шароитларга кўра, карвонбоши бўлолмасди. Узоқ сафарга чиқадиган карвон йўл давомида учрайдиган қабилалар билан учрашар, суҳбатлашар, лозим бўлса, уларга оғирлигини солиб, уларнинг ёрдами, қўллаб- қувватлашига сазовор бўлар эди. Арабистон сингари, ҳеч қандай қонун ва тартиб бўлмаган, фақат куч- қудрат аҳамиятга эга бўлган бир ўлкада озод этилган қулнинг қўлидан кўп иш келмасди.

Майсаранинг пешонасига кичик ёшдаёқ қуллик тамғаси урилган эди. Бундай тамға босилмаган тақдирда ҳам шуҳрати Маккадан ташқариларга тарқалган аслзода оиладан эмас. Шу сабабли Хадича, унга қаттиқ ишонса ҳам, карвонбошиликка тайинлай олмасди.

Майсара ҳаётидан мамнун эди. Чунки хонимафандиси унга нисбатан шафқатсиз хўжайин эмас, шафкатли бир она бўлиб қолган. Бекаси унга ҳеч қачон қўлидан келмаган ишни буюрмаган, хўрламаган, камситмаган ҳам.

Йигирма бешинчи йил...

Фил воқеаси юз берганда ўн беш ёшли қиз бўлган Хадича энди қирқ ёшга чиқди. Гўзал ахлоқ эгаси бўлгани боис маккаликлар унга «Тоҳира» лақабини бердилар. Бу сўзнинг маъноси покиза, иффатли, фазилатли аёл демак эди. Тоҳира лақаби Хадича онамизга чиндан ҳам жуда мос эди.

Хадичанинг бу йил ҳам карвон жўнатиш нияти бор эди. Аммо кимни бошлиқ қилиб юборишни билмай, боши қотди.

Ўзига маълум одамларнинг барини атрофлича билиб олган. У одамларни фойда келтирмайди деб ҳам бўлмасди, албатта. Бироқ улар тўғрисида Майсаранинг фикри яхши эмас эди. Синалмаган одамни ёллашга эса, кўнгли чопмасди. Шу сабабли барча таниш- билишларига ишончли карвонбоши топишга ёрдам беришларини сўраб одам жўнатди. Тоғаси Ҳаким ибн Ҳизом, қариндошларидан Ҳузайма ва ўртоғи Нафиса ҳам ишончли одам қидириш билан овора бўлдилар.

Ниҳоят, Ҳошим ўғилларидан Абу Толибнинг жияни Муҳаммад ибн Абдуллоҳни тавсия этдилар. У ҳақда кўпчилик яхши фикрда эди. Маккаликлар уни бежиз «Ал-Амин» деб атамаганлар ахир. Айни пайтда Муҳаммад бекор эди. Агар розилиги олинса, кўнгилдаги иш бўларди. Хадичага тавсия маъқул тушди. Илгари ҳам бу йигит ҳақида яхши гаплар эшитган эди.

Дарҳол Абу Толибга жиянининг карвонбошиликка розилигини билиш учун одам юборилди.

Бойлик борасида Абу Толибнинг сира бири икки бўлмаган, толеи кулмаган эди. Ҳошим ўғилларининг бошчиси бўлсада, доимо камбағал яшади, косаси ҳеч оқармади. Бу йил ҳам аҳвол ўша- ўша, ҳатто янада оғирлашди.

Йигирма беш ёшга кирган жиянининг аҳволи ҳам амакисиникидан пеш эмасди. Отасидан унга дурустроқ мол- мулк қолмаган.

Бир куни Абу Толиб жияни билан бирга ўтириб, ночор аҳволдан чиқиш чоралари хусусида суҳбатлашдилар. Абу Толиб жиянига шундай деди:

— Хадича Шом томонларга сафарга жўнатиш учун ҳозирлаган карвонига ишончли йўлбошчи қидираётган эмиш. Унга шу тўғрида учрашиб кўрсанг, қандай бўларкин Тахминимча, бажонидил рози бўлса керак. Аслидаку, ўзимга қолса, сени Шомга асло жўнатмас эдим. Аммо кўриб турибсан, бошқа ҳеч қандай чорамиз қолмади. Буюк Амин бу сўзларни диққат билан эшитди.

— Амакижон, сиз нима десангиз, менга шу маъқул, —деди.

Энди буни Хадичага билдириш қолган эди, холос. Унинг рози бўлиши муқаррар эди. Ҳарҳолда, Маккада жиянидан ортиқроқ одамни топиши мушкул. Хадича бундай имкониятни қўлдан бермаса керак.

Шу пайт бир чопар келиб, Хадичанинг саломини етказди ва Абу Толибдан жиянини карвонбоши сифатида жўнатишга розилик сўраётганини билдирди.

Абу Толиб масала бу қадар осон ҳал бўлишини сира кутмаган эди. Насибаси гўё оёқ остидан чиққандек бўлди. Тўланадиган ҳақ тўғрисида келишиб олиш учун у Хадичанинг уйи томон йўл олди.

— Жиянинг Муҳаммад тўғрисида жуда кўп яхши гаплар эшитдим, — деб сўз бошлади Хадича. — Шу пайтгача сафарга отлантирган карвонбошиларимдан ҳам яхшироқ, ишончлироқ карвонбошини қидириб юрувдим. Мана, ниҳоят, кўнглимдагидек одам топилди, деб ўйлайман. 

— Ҳа, сен ҳақсан, эй Хадича. Жияним сени мамнун этадиган одоб- ахлоқ ва тарбия эгасидир. Бироқ ҳисобли дўст айрилмас, деганлар. Мен унга тўланадиган ҳақни келишиб олсак, деган мақсадда келдим. Унга нима берасан? 

—Бошқаларга берганимнинг икки ҳиссасини. 

—Келишдик. 

Таклиф этилган ҳақ талашиб- тортишишга асло ўрин қолдирмади. 

Тайёргарлик тамом бўлгач, карвон Буюк Амин бошчилигида Шом сафарига чиқди. Буюк Амин карвоннинг энг бошида борарди. 

Хадича у билан илк бор юзма- юз учрашганда умрида ҳали бу қадар покиза, тамизли ва кўркам одамни кўрмаганига ва бундан кейин ҳам кўрмаслигига ишонч ҳосил қилди. 

— Ё Роббим!.. – дейишдан ўзини тия олмай қолди у. Бундай чеҳра эгасидан ёлғончилик, ҳийла- найранг ёки риёкорлик кутилмасди. 

Уларга «Соғ бориб, саломат қайтишларини» тилар экан, карвоннинг чиндан ҳам эсон- омон бориб -келишини кўнгли билан сезди. 

Майсара карвоннинг энг охиридан жой олди. Икки кун йўл юрганларидан сўнг олдидаги икки туянинг бетўхтов оқсоқланаётганига кўзи тушди. Туялар тобора баттар оқсоқлана бошлади. Бу кетишда кўп ўтмай юра олмай қолишлари бегумон эди. Аҳволни билдириш учун уловини жадаллатди. Аммо карвонбошига яқинлашай деб қолганда... кўзларини ишқалашга мажбур бўлди. У кўрган нарса фақат тушга кириши мумкин эди. Карвон боши Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг устида учиб бораётган икки хилқат унга соябон тутиб борарди. Тушида ҳам бундай ғаройиб ҳодисани кўрмаган Майсара ҳайратдан қотиб қолди. 

Бу хилқатларнинг сояси йўқ эди! 

Ҳамма у кўрган нарсани кўраётганмикан? Миясига дафъатан урилган бу фикрдан ўзига келган Майсара ёнидаги одамнинг қўлига туртди: 

— Бу галги карвонбошимиз жуда ёқимли йигит экана, нима дединг? 

Ҳалиги одам бошини ҳам кўтармай: 

— Тўғри айтасан, мен ҳам шундай фикрдаман, деди. 

Майсара ундан бу жавобни олишдан ҳам кўра, ҳалиги хилқатларни кўряптими- йўқми, шуни билмоқчи эди. 

Ажабо, булар фаришталармикан? Муҳаммад ибн Абдуллоҳ фаришталар хизматини қиладиган шундай буюк кишимикан? 

Майсара унга яқинлашаркан:

— Орқада икки туя юра олмай қолди, – деди.

Қисқа муддатга тўхтадилар. Биргаликда оқсоқ туяларнинг қошига бордилар. Чиндан ҳам туяларнинг аҳволи оғир, оёқлари шишиб кетган эди. 

Буюк Амин туясидан тушди, оқсоқ туяларнинг оёқларини ушлаб, оҳиста сийпалади, оёқларининг тагига бармоқларини теккизди. Шундан кейин уларнинг ёнидан нари кетди. Майсара Муҳаммаднинг ҳаракатларини зўр қизиқиш билан кузатарди. 

Туялар бирдан жонландилар. Икки дақиқа олдин юра олмайдиган ҳолатда бўлган туялар гўё булар эмасдай, шаҳдам одимлаб кетдилар. Олдиндаги туялардан ўзиб кетишга уринаётгандек эдилар. 

Майсаранинг ҳайрати янада ошди. Бошқа карвонбоши бўлса бундай аҳволга тушган туяларни ҳеч иккиланмай сўйдирар, бутун сафар давомида зиёфат қилиб берар эди. Ҳолбуки, Муҳаммад бундай қилмади. Бундай қараганда, у ҳам худди бошқалардай иш қилди. Шунчаки,  туяларнинг аҳволи билан яқиндан танишди, холос. Лекин туялар шундан кейин қайта туғилгандек тетик одимлаб кетгани ҳайратга соларди кишини.

Бу воқеани шу карвон сафида бораётган Хадичанинг қариндоши Ҳузайма ҳам кўрди. Ҳузайма карвонбошининг оддий одам эмаслигига қаноат ҳосил қилди.

Майсара ғаройиб кўланканинг то қош қорайгунча уларни таъқиб этиб борганини кузатди. Кечқурун шу ҳақда ўйлади, кундузи шу ҳакда бош қотирди, хуллас, юраги ниманидир сеза бошлади.

Эрта тонгда яна йўлга отланилди. Бирмунча муддат ўтиб, қуёш чарақлаб чиқди. Майсара яна карвоннинг охирида бораётган эди. Фақат, баъзан карвоннинг бошига қараб- қараб қўяр, кечаги ҳодиса яна такрорланадими- йўқми, шуни ўйлар эди. Ҳозирча хилқатлар кўринмасди. Аммо кун тиккага келиб, қуёш аёвсиз қиздира бошлагач, улар яна пайдо бўлди.

Бутун сафар чоғи шу ҳол давом этди. Ниҳоят, Бухайранинг манзилига келдилар. Кекса роҳиб ўлган экан. Ўн уч йил олдин, болалигида кўрган бу зотни бугун, йигирма беш ёшга кирган чоғида кўрганида, ким билади, нима қилар, қанчалик қувонар эди. Унинг ўрнида Настура исмли бир роҳиб ишлаётган эди. Майсара билан азалдан таниш бўлганликлари сабабли қуюқ суҳбатлашдилар. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эса, бир неча йил олдин шу ердан олган таассуротларини эслаб, дарахт тагида ҳордиқ чиқарарди.

Роҳиб Настура дарахт тагида дам олаётган Буюк Амин ҳақида баъзи маълумотларга эга бўлди, ўзи ҳам у ҳақда нималардир деди. Аммо Буҳайра сингари унга ошиқ бўлиб, ҳаяжонга тушмади. Ёнига бориб, яқиндан танишишни ҳам лозим кўрмади.

Карвон манзилни тарк этди. Сўнгги бекат Бусрада бўлди. Бусрада хам катта бозор бор эди. Шу ерда савдо- сотиқ қилиб, ишларни битириб қайтишга қарор қилинди. Майсара олдинги сафарларда Шомгача борган эди, шу боис, у ерда кўпроқ фойда олинади, деб ўйларди. Аммо карвонбошига эътироз билдиролмади.

Моллар бозорга туширилди. Ғаройиб бир ҳол юз берди. Моллар ҳеч кимса сота олмайдиган юқори нархларда жуда тез сотила бошлади.

Майсара сал орқароқда турар, олди- сотдига аралашмас, балки буюрилган ишнигина бажарар эди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ қўлидаги молни сотар экан, уни ортиқ даражада мақтамасди. Сотиб олаётганда камситиш, сотаётганда ортиқча мақташ одати йўқ эди унда.

Шу пайт бир яҳудий билан ораларида англашилмовчилик содир бўлди. Яҳудий уларнинг Ҳарам аҳлидан эканликларини билгани учун:

— Лот ва Уззо ҳаққига қасам ич, бўлмаса ишонмайман, — деди.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ қип- қизариб кетди, чакка томирлари бўртиб чикди:

Давоми...

Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!