Найти тему
Типичный узбек

Саодат асри қиссалари (1 - китоб, 141 - 160 бетлар)

Оглавление

Давоми...

Ўтган мақоламизда (121 –140 бетлар)

Доя хотинлар Хонтаманинг кўзлари ичида милдираб турган, маҳзун ҳислар ифодаси бўлмиш аччиқ- аччиқ ёшларни кўриб, унга минг хил тасалли беришга урина бошладилар.

Хонтама қўрқувдан тўлғоқ азобини ҳам унутгандай бўлди.

Кекса, тажрибали бир аёл:

— Қизим, хафа бўлма. Нима эксанг, шуни ўрасан. Хаттоб шуни ҳам билмайдиган даражада жоҳил эмас. Мен буни Хаттобнинг юзига айтишдан ҳам тоймайман,—деди.

Шунга қарамай, қўрқув, безовталик, изтироб ҳислари тобора ортди ва, ниҳоят, янги туғилган чақалоқнинг чинқириғи янгради. Шу чоқ:

— Хушхабар, Хаттобга хушхабарни етказинглар, ўғилли бўлди! — деган қичқириқ ҳам эшитилди. Хаттоб Каъбада дўстлари билан бирга ўтирар экан:

— Ё Бушра! Ё Бушра!.. — деб ҳайқирган бир чопарнинг югуриб келаётганини кўриб, кўнгли тинчиди.

Унга шундай хушхабар келтирилиши керак эди ва, албатта, ўғилли бўлиши даркор эди. Чунки ҳеч кимса, ҳа, ҳа, Макка бўйича ҳеч ким Хаттобнинг олдига чиқиб: «Хушхабар, қизлик бўлдинг», дейишга журъат қилолмасди.

Югуриб келган бола Хаттобнинг қошига келиб тўхтади:

— Суюнчи бер, ўғиллик бўлдинг, — деди.

Хаттоб неча кунлардан бери ўпкасини тўлдириб нафас ололмаган эди. Кўзларида ёнаётган учқунлар севинч ёшларига айланди, юзига табассум югурди. Боланинг бошини силаркан:

— Сурувнинг ичига киргинда, хоҳлаган қўйларингдан иккитасини ол, — деди.

Бола хурсанд бўлиб кетди. Хаттоб шу кунгача ҳам мархамат ва меҳр- муҳаббатдан мутлақо маҳрум киши эмасди.

Фақат, кейинги пайтларда унинг овозига жаҳл, тажанглик ошино бўлган, кўпчиликни чўчитиб қўйган эди.

Хаттоб жуда бахтли эди шу онларда. Умрида неча марта бу даражада севинганини эсламоқчи бўлди, аммо табриклаётган биродарларининг овози унинг хаёлини бўлиб юборди.

Яна ҳам тўғрироғи, Хаттоб дўстлари билан ўтирганини энди эслади:

—Ўғлингнинг отини нима деб қўясан, эй Хаттоб!

Хаттоб ўйлаб ўтирмай жавоб берди:

—Умар, ўғлимнинг исми Умар бўлади!

—Инжиқ бола бўлмаса эди...

Хаттобнинг нигоҳлари унинг сўзларини бўлиб қўйди. Бу қарашда қатъий бир ҳақиқатдан баҳс этувчи матонат бор эди. «Хаттобнинг ўғли асло инжиқ бўлмайди», дейишни истарди. Кечқурун уйига келганда тутқазилган чақалоққа қарар экан, боланинг кутилганидан ҳам довюрак, жасур ва мард бир йигит бўлишини сезган эди. Бола эмас, худди арслоннинг ўзи-я!

—Умар, бу ўғлимнинг оти Умар бўлади, — деди. Хотинига ўгирилди: — Соғлиғинг қалай, Хонтама, дурустмисан? Ўйлаганимдан ҳам гўзал бир бола туғибсан. Энди қиз туғсанг ҳам, минг марта розиман, — деди. Хаттоб жуда хурсанд эди. Ҳатто қўшни аёлнинг:

— Ўғлим, инсон нима экса, шуни ўради. Бу нимаси, хотинингга шунчалик дўқ- пўписа қилганинг? Бир аёл қорнидаги бола қиз бўлса, уни қандай қилиб ўғил болага айлантиради?.. — деб берган танбеҳига:

— Ҳақлисиз, холажон, — деди.

Йўргакда, ҳеч нарсадан хабарсиз, ширингина ухлаётган гўдак эртанинг Умар ибн Хаттоби бўлажаги, фақат Макка аҳли эмас, бутун Арабистон, бутун дунё, ҳатто қиёмат кунигача туғиладиган барча инсонлар уни Исломнинг буюк халифаси, беқиёс адолат сарвари Умар ибн Хаттоб сифатида танишлари ҳозир ҳеч кимга маълум эмас, аммо шундай бўлиши бегумон эди.

Фил воқеасининг ўн еттинчи йили... 

Бани Маҳзум қабиласининг бир жойда турмайдиган, шўх, жанжалкаш, қилиғидан шайтон ҳам қочадиган бир ўспирини бор эди. Амр ибн Ҳишом ибн Муғийра... 

Кучли, бақувват йигит эди. Шу билан бирга, ақлли ҳам эди. Аммо у, бу ақлини дуруст инсонларга ярашадиган тарзда ишлатмас, жанжал кўтариш, одамлар устидан тазйиқ ўтказиш воситаси ўлароқ ишлатишни афзал кўрар эди. Бой- бадавлат, сўзи кўпчиликка ўтадиган оиланинг фарзанди эди у. 

Бойлик, куч- қудрат ва ақл жамулжам эди унда. Аммо уларни оқилона бир йўлга соладиган инсон йўқ эди ўртада. Шунинг учун ҳам Амр ибн Ҳишом том маънода тантиқ ўспирин бўлиб ўсди. Фурсат топди дегунча, атрофдагилар билан жанжаллашар, ҳар сафар ёнидаги ҳамтовоқларининг ҳам аралашуви билан устун ва ғолиб чиқар эди. 

Бир куни Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида берилган зиёфатда ҳошимийлардан Абу Толибнинг жияни Муҳаммад ибн Абдуллоҳ билан ён- маён ўтириб қолди. Зиёфатга келганлар анчагина эди. Амр ибн Ҳишом ўзи бемалолроқ ўтиришни баҳона қилиб, ёнидан Муҳаммад ибн Абдуллоҳни турғизиб юбориш пайига тушди. Асл мақсади бемалол ўтириш ҳам эмас, жанжал чиқариш эди. Жанжал кўтармаса беҳаловат бўладиган кўнгли унга тинчлик бермас, ёнидагилар билан уришишни хоҳлар эди. 

Иккаласи ҳам ёш жиҳатидан теппатенг эдилар. Амр ибн Ҳишом Муҳаммад ибн Абдуллоҳни секин- секин турта бошлади. Бир, икки, уч марта туртгач: 

— Нима қиляпсан? — деди Муҳаммад. 

Амр ибн Ҳишом қўполлик билан жавоб берди: 

— Бошқа жойга бориб ўтир, безовта бўляпман. 

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳаммани уялтириб қўядиган даражада одоб ва тарбия эгаси эди, аммо сурбет Амр ибн Ҳишомнинг бу ҳақоратига индамай кетолмасди. Амрнинг безбетлиги ҳаддидан ошгач, иккаласи бир- бирига ёпишиб кетдилар. Амр бу жанжалда ҳам енгиб чиқишига ишонарди. Шу кунгача ҳеч кимдан енгилмаган, қолаверса, рақибидан бир оз гавдалироқ ҳам эди. Бироқ олишиш давомида тобора Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг қўли баланд кела бошлади. Бир пайт Муҳаммад Амрни қаттиқ итариб юборган эди, у ерга йиқилиб, юмалаб кетди, оёғидан қон оқа бошлади. Орага тушганлар уларни ажратдилар. 

Ислом тарихида асл исми унутилиб, Абу Жаҳл сифатида таниладиган Амр ибн Ҳишомнинг оёғида бу яра изи то ўлгунича колди. 

Бировларнинг олдида паст тушишни билмаган Амр қурайшлардан кўпчиликнинг олдида шарманда бўлди. Бу воқеа Амр ибн Ҳишомнинг кўксида ўчмас бир қасос ўтини алангалатиб кетди. 

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

ФИЖОР УРУШИ

Йигирманчи йил... 

Ҳиро ҳукмдори Нуъмон ибн Мунзир ҳар йилгидек бу йил ҳам катта бир карвон тўплаган эди. Карвон савдо- сотиқ молларини таширди. Араблар орасида машҳур бўлган Укоз, Мажанна, Зулмажоз каби бозорларда айланиб, савдо- сотиқ қилар, мол айирбошлар эди. 

Бироқ араб қабилалари ўртасида турғун муроса- тартиб бўлмаганлиги туфайли ҳар дақиқа бирон тўданинг ҳужумига учраб, карвоннинг моллари талон- тарож этилиши хавфи бор эди. Шу боис сафар чоғида қабилалар танийдиган, ҳурмат қиладиган, қолаверса, ишончли бир киши карвонга бошчилик қилиши зарур эди.

Эҳсонлари тилларда достон бўлган Ҳиро ҳукмдори Нуъмон ибн Мунзирнинг саройи совға- салом ундириш умидида келган кўпдан- кўп арабларни кўрган. Бугун ҳам Барроз ибн Қайс ва Урва ибн Утба ҳукмдорнинг қошида ўтирардилар. 

Нўъмон йўлга ҳозирланган карвонни эсон- омон араб қабилалари орасидан олиб ўтиб, манзилга етказадиган бир одамни ахтараётганлигини билдирди. 

Барроз: 

— Киноналиклардан муҳофаза этишни мен зиммамга оламан, деди. 

Нўъмон: 

— Мен айниқса нажидлик ва тихомаликлардан қўриқлай оладиган одамни қидиряпман, — деди. 

Бу дафъа Урва сўзга қўшилди: 

—Мен сен қидираётган одамман. 

—Киноналиклардан ҳам қўриқлай оласанми? — деди Барроз. 

—Албатта, ҳатто бутун инсоният қарши турса ҳам, муҳофаза эта оламан. 

—Қўлингдан келмайди, — дея эътироз билдирди Барроз. — Мен бўлмасам, карвонни Кинона қабиласидан ўтказа олмайсан. 

—Сен ўзинг кимсан? Киноналиклар сени ахлоқсизлигинг туфайли қабиладан ҳайдаб юбормадиларми? 

Баррознинг жаҳли чиқди. Бир онда кўнглида пайдо бўлган кин ва душманлик ҳиссини оддий сўз билан таърифлаш қийин эди. Кўнглидан шундай фикр ўтди: «Ҳали қараб тур, сендан аламимни олмай қўймайман». 

Нўъмон бу вазифани Урвага топширди, карвон йўлга чикди. Барроз ҳам карвонга қўшилди. Фадақ деган манзилга етганларида, тўхташ амри берилди. Шу пайтгача ҳеч қандай корҳол юз бермаган эди. Фадақда тўхтаганларида, Урва Баррозни қўлида фол ўқларини айлантираётган ҳолда кўриб: 

— Нима қиляпсан, эй Барроз? — деб сўради. 

Сени ўлдиришга рухсат борми- йўқми деб фол кўряпман. 

Урва гапни ҳазилга бурди: 

— Куч- қудратинг етармикан бу ишга?! 

Зотан, Барроз ҳам ҳазил тариқасида айтган эди. Ўлдирмоқчи бўлса, бунчалик очиқ гапирмасди. 

Салдан кейин Урва кўнгилхушликка берилди. Ичди, сархуш бўлди, қўшиқ айтиб, рақсга тушди. Натижада бехуш ҳолда чодирга элтдилар. 

Тун ярмидан оққан, ҳамма қаттиқ уйқуда эди. Аммо бу пайтнинг келишини сабрсизлик ва ҳаяжон билан кутаётган бир киши уйғоқ. У оёқ учида юриб, секин- аста Урванинг чодири томон йўл олди. 

Чодирнинг пардаси секин йиртилди. Сўнгра ичкарига бир кўланка кирди. Эҳтиётлик билан иш тутарди у. Қўлида қилич... Урва вужудига секингина кирган тиғ оғриғидан чўчиб уйғонди ва тепасида қилич яланғочлаб турган кишини кўриб, сархушлигидан асар ҳам қолмади. Ўзига келиб, бу одамнинг Барроз эканлигини билди. Уни ҳали ўлдириб юбормагани учун пушаймон бўлди, бироқ энди вақт ўтган эди. 

— Оллоҳга бўлган муҳаббатинг ҳаққи, мени ўлдирма, Барроз. Тўғри, тан оламан, мен сени қаттиқ ранжитдим. 

Бироқ ҳозир Барроз гап уқадиган ҳолатда эмасди. Нўъмон ибн Мунзирнинг ҳузурида бўлиб ўтган воқеадан бери қулай фурсат келишини пойларди. Қолаверса, ҳозир уни ўлдирмаса, эртага ўзининг омон қолиши гумон эди. Қўлидаги қилич юқорига кўтарилди, сўнгра зарб билан пастга тушди. Шундан кейин бўғиқ инграш эшитилди ва типирчилаш юз берди. Барроз шу билан тинчимади, оёғи остида типирчилаб ётган душманига яна бир бор қилич уриб тамомилa ерга қапиштириб қўйди. Бир- икки сониядан сўнг Урванинг вужуди бутунлай тинчиб қолди. 

Барроз ўчини олгач, енгил тортиб, чодирни тарк этди. Бу маҳал Урванинг юраги уришдан тўхтаган эди. Ҳолбуки, унга бир неча дақиқа олдин ҳам ичган шаробининг таъсирида дунё гўзал кўринар, юзларча туядан иборат карвон ва карвон олиб кетаётган беҳисоб бойликнинг бошида турганидан фахр туяр эди. 

Барроз Урвани ўлдиргандан кейин карвонни Ҳайбар томонларга бошлаб борди, кучи етганича молларнинг бир қисмни ўзлаштириб ҳам олди. Ҳайбарга бориб, энди ёпиғлиқ қозон ёпиглигича қолди, деб ўйлаган эди. Ваҳоланки, унинг Урва билан бирга йўлга чиққани маълум, аммо Урванинг қаёққа ғойиб бўлгани номаълум эди. 

—Нима мақсадда бу ерга келдингиз? 

—Урвани қидиряпмиз, унда ишимиз бор. Барроз ёнидаги буюмларни кўрсатди: 

— Биттангиз мана бу нарсаларга қараб туринг, иккинчингиз мен билан юринг. 

Биттаси шу ерда қолди. Шериги эса, Баррознинг орқасидан эргашди. Озроқ юриб, бир вайронанинг ичига кирдилар. Ичкаридан фарёд кўтарилди, қандайдир тўстўполон бўлди. Кейин Барроз у ердан ёлғиз ўзи чиқди. Нарсаларни қоровуллаб қолган йигитнинг ёнига келди. 

— Урва ўртоғинг билан бирга сени ана у ерда кутиб турибди, — деди. Бирга юрдилар. Ичкарига кирдилар. Йигит ҳамон Урва билан дўстини кўришдан умидвор эди. Очиқ турган эшикдан олдин Барроз, сўнгра йигит кирди. Аммо кирар- кирмас, шеригининг қонга беланиб ётган жасадига кўзи тушиб, дарҳол қуролга ёпишди. Бироқ кеч қолди — Барроз чаққонлик билан унинг кўксига ханжар қадади. Шунда ҳам сўнг бор кучини йиғиб, Баррозга ёпишди. Уч- беш сониялик олишув бўлди. Нихоят, йигитнинг қўллари бўшашди, кўзлари олайди, кулча бўлиб, ерга йиқилди. Барроз ханжарини суғуриб олиб ўликнинг кўйлагига артди. Кейин уни ўз ҳолига кўйиб, ҳеч нарса билмаган кишидек, совуққонлик билан вайронани тарк этди. 

Бир неча дақиқа типирчилаб, кейин тинчиб қолган жасадларга вайронанинг деворларигина гувоҳ бўлди. 

Ким эди бу одамлар? Урвада нима ишлари бор эди? Унинг ўлганини эшитиб, қотилдан ўч олиш ниятида йўлга тушдиларми? Ёки бошқа сабаб билан қидираётган эдиларми? Бу каби саволларнинг жавоби шу кунгача ҳам номаълумдир. 

Барроз Кинона, Урва эса, Қайс қабиласидан эдилар. Узок йиллардан бери анъана тусига кирган удумга кўра, урванинг қасоси, албатта, олиниши шарт эди. Вақти- соати келиб бу жийоят очилажак, Қайс қабиласига мансуб бўлган ҳавозин уруғи Кинонанинг устига юриш қилиши бегумон эди. Қурайш эса, Кинонанинг бир уруғи эди. 

Бир қабиладан аёл ёки эркак, катта ёки кичик, яхши ёки ёмон одам ўлдирилса бўлди, ўлган кишининг қабиласи оёққа турар, қотилни топиб ўлдирар эди. Ҳеч бўлмаса, қотилнинг қариндошлари ёки қабиласи нишонга олинар, улардан бир ёки бир неча одам ўлдирилар эди. Бу эса, иккинчи томонда қасос олиш ниятини туғдирар, қон даъвоси катталашар, баъзан икки қабиланинг ҳам бирорта аъзоси қолмагунча уруш давом этаверар эди. Ўлган кишининг ким эканлиги муҳим эмас эди. Икки қабиладош ўзаро ашаддий душман бўлса ҳам, агар улардан бири бошқа қабила аъзоси томонидан ўлдирилса, унинг ўчини олиш учун бор ғайрати, имкониятини ишга солиш ҳар бир қабила аъзосининг, ҳатто ашаддий душманининг ҳам бурчи эди. Бундан сал олдинрок, юз берган келишмовчилик, жанжал, адоват унутилар, кечаги кунгача ҳам нафратланиб, душман деб билиб келган одамнинг ўчини олиш учун қиличлар қинларидан чиқарилиб, йўлга тушилар эди. 

Қотилнинг томонидагиларда ҳам айни ўша одат ҳукмрон эди. Қабиланинг ҳар бир аъзоси бу жиноят учун жавобгар ҳисобланар, қўлга тушган замон қотил деб қабул қилинар, шунга кўра жазо берилар эди.

Барроз одобсиз, ахлоқи бузуқ кимса эди. Шу сабабли қабиласидан ҳам қувиб юборилганди. Бу воқеа барча қабилалар орасида кенг эълон қилинган, ҳаммага маълум эди. Бироқ барибир унинг бу жинояти Кинонага ва Кинонадан тарқалган уруғларнинг зиммасига тушар, бир неча уруғ бунинг учун жавобгар бўлар эди.

Буни яхши билган Барроз, бутун ахлоқсизликларига қарамай, бир мактуб ёзиб, аҳволни баён этиб, урушга тайёр туришларини билдиришни ўйлади. Қурайшнинг оқсоқолларидан Ҳарб ибн Умайяга жўнатган мактубида Урвани ўлдирганини маълум қилди.

Ҳарб ибн Умайя мактубни олган заҳоти саросимага тушди. Ғазабга минди, ўзини йўқотиб қўйди. Дарҳол кекса, тажрибали қабиладошларини бир жойга тўплади.

Мажлисдагиларнинг ҳаммасини бирданига ҳаяжон ҳисси қамраб олди. Ҳамманинг илк бор қилган хулосаси Ҳарб ибн Умайя ҳали улар келмасдан олдин ўйлаган фикр эди: «Қайс-и Айлон қабиласи энди биздан ўч олмай қўймайди!»

— Буни мен ҳам биламан, кўз юмиб кетишларига сира ҳам ишонмайман. Аммо бу муаммони қандай ҳал қилсак бўлади?

— Ахлоқсиз, аблаҳ, бошимизга битган бало бўлди.

— Дунёда ундан одобсизи йўқ. Сурбетликда тенги йўқ бир нодон у.

Ҳарб уларнинг сўзини бўлди:

— Баррозни қарғашдан, сўкишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Агар фойдаси бўлса, орқасидан роса қарғаб, пўстагини қоқардик. Шу пайтда ёнимизда бўлса ҳам, оёқ қўлини боғлаб: «Мана Урванинг қотили, хоҳлаганингизни қилинг», дердик. Икки кундан кейин бу машъум хабар уларнинг ҳам қулоғига етиб боради. Ана унда олдини олиб бўлмайдиган ёмон ишлар юз беради. Мен сизларни уни қарғаш учун эмас, кутилмаган муаммони ҳал қилиш чораси тўғрисида биргалашиб бош қотирайлик, деган мақсадда чакирдим. Хўш, нима қиламиз?

Бир киши ўртага шундай фикр ташлади:

— Энг яхшиси, улар хужум учун оёққа турмасларидан олдин бориб узр сўраш ва, керак бўлса, Урванинг товонини тўлаш.

Бу таклифни ўринсиз деган киши бўлмади. Бирон кимса эътироз билдирмади. Дарҳол тайёргарлик кўрилди ва йўлга чиқилди.

Урванинг амакиваччаси Абу Баро Амир ибн Малик уларни иззат- икром билан кутиб олди. Ширинсуханлик қилди, яхшилаб зиёфат берди. Унинг меҳмондўстлигига жавобан: «Урвани бизнинг қабиладошимиз Барроз ўлдирибди», дейишга тиллари бормади. Натижада:

— Нажид билан Тихома орасида қандайдир ишлар бўлибди, аммо масала ҳамон ойдинлашмади... — дея гап бошладилар.

Аммо Абу Баро косанинг тагидаги ним косани тушунмади. «Нима бўлди?» деб сўрамади.

Улар ҳам ортиқ гапира олмай қолдилар. Сўнгра хайрлашиб, йўлга тушдилар.

Улар кетиб, орадан бир- икки соатлар ўтгач, бир чопар келиб, Абу Барога машъум хабарни етказди. Абу Баро ларзага тушди. Демак, қурайшлик меҳмонлар бекорга келишмаган эканда? Бирдан ғазабланиб кетди:

— Ҳарб ибн Умайя мени мазах қилиб, алдаб кетди. Зотан, қурайшларнинг қўлидан ҳийладан бошқа нима келарди?! Худо номи билан қасам ичиб айтаманки, энди биронта ҳам киноналик Укоз бозорига оёқ босолмайди!

Масала бирданига шиддатли тус олди. Ўзи салгина олдин самимият билан кузатган қурайшликларга қарши Баронинг қалби кин ва адоват ҳиссига тўлиб- тошди. Қўлларига тушса, бурда- бурда қилиб ташлашга тайёр эди уларни. Қисқа вақт ичида тезлик билан йўлга ҳозирланган бир кичик ҳарбий гуруҳ Ҳарб ибн Умайя билан унинг биродарлари изига тушди.

Қуёш ботай деб қолган эди. Қурайшликлар белгиланган ишнинг уддасидан чиқолмаганликларидан безовта бўлиб орқага қайтмокда эдилар. Бири очиқчасига воқеани сўзлаб бермаганликларидан пушаймон бўлса, бошқаси «Очиқчасига гапирсак, бундан ҳам баттар аҳволга тушардик», дерди. Шу пайт кимдир орқасига қараб, чанг-тўзон кўтариб келаётган гуруҳни кўрди ва:

— Энди ҳолимизга вой! — деб бақириб юборди. Ҳамма орқага қаради. Қўллар беихтиёр қиличларнинг дастасига борди. Муқаррар бир тўқнашув бўлиши аён эди. Ҳар ҳолда, улар Қайс-и Айлондан бўлишлари керак эди.

— Тез бу ердан йўқолишимиз керак. Улар етиб олгунларигача. Ҳарам ҳудудига кириб олсак, бўлди. Агар Қайс-и Айлондан бўлсалар, омон қолганимиз шу. У қабиладан бўлмасалар ҳам, ҳеч нарса йўқотмаймиз.

Бу гапни қайси бири айтди, номаълум. Бундан бошқа чорани ўйлаб ўтиришга ҳам фурсат йўқ эди. Таклиф эътирозсиз қабул этилди,

Туялар орқаларига урилган қамчиларнинг зарби билан Макка томон лўкиллаб чопиб кетдилар.

Қувлашмачоқ бошланди.

Олдиндагиларнинг шошилмай йўлларида давом этиб туриб, бирданига тезликни оширганлари орқадан келаётганларнинг ғайратига ғайрат қўшди. Қамчилар зарб билан урилгач, туялар жон аччиғида югурар, орадаги масофа эса, тобора қисқариб борар эди.

Нихоят, орқадагилар етай деб қолди. Орада ўқ отса етадиган масофа бор эди, холос.

—Тўхтанглар, қурайшнинг олчоқлари. Урванинг қони ерда қолмас!

—Тўхтанг, қочманг қотиллар!

—Ўч оламиз!

—Мард бўлсангиз, қочманг! Ҳарб ибн Умайя қулоғининг шундайгина ёнидан визиллаб учиб ўтган ўқнинг бориб қумга қадалиб қолганини кўрди. Даҳшатга тушди. Қочишнинг ортиқ фойдаси йўқ эди. Бироқ Ҳарам ҳудудига киришларига ҳам жуда оз масофа қолган эди.

— Биз ҳам уларга ўқ ёғдирамиз. Бу гапни Ҳарб айтдими ёки бошқасими, фарқига бориб бўлмади. Қўллар дарҳол ўқ- ёйга узатилди. Бир томондан, қочиб борардилар, иккинчи томондан, орқадагиларга ўқ ёғдирардилар.

—Тўхтанглар, яккама- якка олишайлик!

—Қочиш — қўрқоқнинг иши...

Аммо қурайшликлар бу каби сўзларга қулоқ солмадилар. Бир неча баробар кўп кучга қарши урушга чиқиш ўзларини била туриб ўлим чангалига топшириш, демак эди.

Ўқ ёғдира- ёғдира давом этаётган қувлашмачоқ ниҳоят орқадагиларнинг суръатини пасайтирди. Хоҳлаганларидек таъқиб эта олмай қолдилар. Қуёш тепаликларнинг ортига ўтиб беркинганида, қочоқлар енгил нафас олдилар: улар Ҳарам ҳудудига кириб улгурган эдилар. Орқадан қувиб келганлар ночор тўхтадилар. Чунки бу ҳудуд ичида урушиш, қон тўкиш гуноҳ ва ҳаром эди. Қон даъвоси учун қўлга қурол олганлар бошқа бир ҳаром ишга қўл ура олмасдилар.

— Эй қурайшликлар, бу дафъа қутулиб қолдингиз. Аммо Урванинг қони ерда қолмайди.

Сиз билан Укозда учрашгунча ажралишамиз. Учрашув жойи Укоздир, дедилар таъқибчилар.

Ҳарб ибн Умайя илк таҳликадан осон қутулганликларининг хурсандчилиги ва яқин келажакда бошларига тушажак кўргиликнинг даҳшати натижасида туғилган қарама- қарши ҳис- туйғулар оғушида Баррознинг етти пуштини бўралаб сўкди. Шу пайтда қўлига тушса, уни туғилганига минг пушаймон егизишга, бисотидаги барча қийнаш усулларини шафқатсизларча қўллашга тайёр эди. Аммо, минг афсуски, Барроз бу пайтда ўзи қўлга киритган мол- мулкини сарфлаб кайфу сафо сурар, қурайшларнинг, хусусан, Ҳарб ва унинг биродарларининг ахволлари қандайлигини билмас, бу ҳақда ўйламас Ҳарбнинг биродарлари ҳам Баррозни ғойибона тинмай сўкардилар. Зотан, шу дақиқаларда Баррозни лаънатлашдан бўлак бирор ишни қойилмақом қилиб адо этолмасдилар ҳам. То кўнгиллари бўшагунча қарғаб- қарғаб, кейин йўлларида давомэтдилар. 

Энди бепарво бўлиш душманга таслим бўлиш билан тенг эди. Иккала томон ҳам ғайрат билан урушга тайёргарлик кўра бошлади. Келиб- кетувчилар ҳар икки қабиланинг тайёргарлиги хусусида биридан иккинчисига хабар етказиб турарди. 

Ниҳоят, Қайс-и Айлон қабиласи орқаларидан ҳавозиннинг бошқа уруғ ва элатларини ҳам эргаштириб Шамта деган жойгача келди. Байроқларини Абу Баро кўтариб олган, урушни у бошқармоқчи эди. Қурайш ва Кинонанинг бош қўмондонлигини эса, Ҳарб ибн Умайя ўз зиммасига олди. 

Бу уруш ҳаром ойларига тўғри келди. Шу сабабли урушга ҳеч кимнинг ҳуши- хоҳиши йўқ эди. Бироқ қабиланинг мудофааси ҳам ғоят зарур. Ҳеч ким ҳавозинликларга таслим бўлиб, «Марҳамат, бизни нима қилсангиз, ихтиёрингиз», дея олмас эди. Урушиш учун эмас, мудофаа учун бу жангга рози бўлдилар. 

Йилнинг тўрт ойи — кетма- кет келадиган зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари ҳисобланарди. Бу ойларда жанжал- тўполон бўлмас, босқинчилик қилинмас, мол- мулк талон-тарож этилмас, одам ўлдирилмас, йўл тўсилмас эди. Ҳар ким бу ойлар келди дегунча, хавф- хатардан узоқ бўлиш саодатига эришар, хоҳлаган ерга, бозорларга борар, жонига қасд қилишларидан ёки мол- мулки талон-тарож бўлишидан хавфсирамас эди. 

Бироқ безорилик қилмаса туролмайдиган ёки қулай фурсатни бой беришни истамаган кимсалар, масалан, бой карвонни тузоққа туширишни истаган кучли қабила шу ойларда ниятига эришиб қоларди. Ҳаром ойларида бундай фалокатга дучор бўлишлари мумкинлигини сира хам ўйламаган бечоралар: 

—Ахир, ҳозир ҳаром ойлари эмасми, нега босқин қилаётирсизлар? — дея ажабланиб қарасалар, босқинчилар: 

—Бу ойнинг ҳаромлиги бошқа ойга кўчирилди, — деб шум мақсадларини амалга ошираверардилар. 

Шу йўсин — харом ойини хам ўзгартириб, хавфсирамай йўлга чиққанларни тузоққа тушириш тадбири «Насиъ» деб аталарди. Кўпгина бегуноҳ кишилар шу тариқа қароқчиларнинг кўлида ўлиб кетар, моллари талон- тарож этилар эди. 

Умуман, кўпчиликнинг бу ойларга нисбатан ҳурмати баланд эди. Мабодо мазкур ойларда уруш бўлиб қолса, бундай урушлар Оллоҳга қарши кўтарилган исён деб қаралгани учун «Ҳарбул фижор», яъни, «Гуноҳ қилинадиган уруш» деб аталарди. 

Абу Толиб фижор уруши тўғрисида қарашларини Ҳошим ўғилларига билдирди: 

— Ҳаром ойлари ичидамиз. Бу урушга қатнашишни тўғри деб билмайман. Бошқа ака- укалар ҳам шу фикрда эдилар. Бироқ бундай қалтис пайтда фақат кўнгилга қарабгина иш тутиб бўлмасди. Қурайшга келган хавф- хатарни қайтаришда уларнинг иштироки лозим эканлиги уқтирилди. Ниҳоят, Зубайр бошчилигида урушга қатнашдилар. Абу Толиб ҳам орасира, ёнида суюкли жияни билан келиб, жангда иштирок этарди. Аммо Муҳаммад бу урушда шахсан қатнашмас, қарши томондан отилган ўқларни йиғиб, амакиларига олиб бориб берар эди. 

Қачон Абу Толиб жияни билан жангда қатнашса, ўша куни қурайшларнинг қўли баланд бўларди. 

— Эй қурт- қумурскаю қушларга ҳам меҳрибон бўлган, ҳожиларга сув улашган буюк зотнинг ўғли, сен келганинг ҳамон бизнинг қўлимиз баланд бўлади. Нима қиларди бизнинг ёнимиздан кетмасанг? — дердилар. Буни Абу Толибга боғлашарди, унинг ёнидаги Буюкларнинг Буюги ҳурматига шундай бўлгани хаёлларига ҳам келмасди. 

Абу Толиб бунга жавобан: 

— Сизлар зулмдан, хақсизликдан, қариндошлик ипларини узишдан воз кечинглар, шунда мен ҳам сизлардан айрилмайман, — дерди.

Араблар ўртасидаги урушлар дастлаб ҳар икки томондан биттадан аскарнинг чиқиб, яккама- якка олишуви билан бошланарди. Ғолиб аскар ўлдирилган жангчининг қуроллари ва кўйлагини олиб жанг майдонидан чекинар ёхуд иккинчи бир йигитни ўзи билан олишувга чақирар эди. 

Жанг баъзан то қуёш қиздиргунча шу зайлда, яккама- якка олишувлар ҳолида давом этар, баъзан эса, икки киши олишиб бўлгани ҳамон ҳамма бараварига ҳужумга ўтар, икки томоннинг аскарлари аралаш- қуралаш бўлиб кетар эди. Ким кимга дуч келса, шу билан урушар, кун қаттиқ қиздира бошлагандан кейингина жанг тўхтар эди. Пешиндан кейин ёки эртаси кун жанг яна шу тарзда бошланарди. 

Урушнинг сўнгги куни. Эрта тонгда бошланган жанг қайс-и айлонликларнинг фойдасига ҳал бўлаётган, киноналик ва қурайшликлар мағлубиятга учраётган, кўп одамлар ўлдирилган эди. Бироқ пешиндан кейин киноналиклар жанг қилиш усулини ўзгартирдилар ва қайс-и айлонликларни қиличдан ўтказа бошладилар. Тенгма- тенг жанг борар, иккала томон ҳам бугун узул- кесил ғалабага эришишни хоҳлар эди. 

Бу кетишда Қайс-и Айлоннинг куни битиши ҳеч гап эмасди. Умидсизларча уришар эдилар. Урва ҳам, Барроз ҳам унутилган, ҳамма ўз жонини сақлаб қолиш ташвишида эди. 

Айни шундай қалтис дақиқаларда баҳайбат туяга минган ёвқур бир киши икки томоннинг ўртасига отилиб чиқди ва бор овозда: 

— Эй Мудор ўғиллари!.. Эй Мудор ўғиллари!.. —деб ҳайқира бошлади. 

Мудор кинона ва ҳавозинликларнинг катта боболари эди. Бу икки қабила Мудорда бирлашарди. Ҳалиги одам «Мудор ўғиллари» дер экан, бирданига ҳар иккала томонга ҳам мурожаат қилган эди. Ниҳоят, жанг тўхтади. 

— Нима истайсан биздан? — дедилар. 

— Сизларни бу ишдан яхшироқ, хайрлироқ бир ишга даъват этаман. 

—Хўш, нима иш экан у? 

—Сулҳдир. Сизларни сулҳ тузишга чақираман. 

—Қанақа сулҳ? 

—Сизлардан ўлганларнинг товонини тўлаймиз, биздан ўлганларнинг қонини Худо йўлига бағишлаймиз. 

—Ким бўйнига олади бу ишни? Товонни ким тўлай олар экан? 

—Мен, мен тўлайман. 

—Кимсан сен? 

— Қурайшлардан Утба ибн Робиъа. Миннатдорлик туйғуларига тўлиқ нигоҳлар Утбага қадалди. Қиличлар қинларига солинди. Икки томон ўликларни битта- битта йиғиб ола бошлади. Ўликлар санаб чиқилганда, қайс-и айлонликлардан йигирма киши жангда ўлгани маълум бўлди. 

Утба ибн Робиа ваъдасини такрорлади: 

— Бу йигирма кишининг товонини тўлаш масъулиятини зиммамга оламан. 

Неча кунлардан бери давом этаётган, бу кетишда иккала қабила ҳам қирилиб кетиши аён бўлган уруш шу зайлда ниҳоясига етди. 

Бундай шартни бажариш осон эмасди. Берилиши ваъда қилинган товон одам бошига юз туя ҳисоби билан жами икки минг туя демак эди. 

Бу бир улкан бойлик бўлиб, катта -катта йигирма сурув дегани эди. Ақлга сиғмайдиган бу улкан товоннинг қандай тўланиши ҳаммани қизиқтирарди. 

— Хўш, қандай қилиб тўлайсан? 

— Гаров сифатида сизларга одамларимизни берамиз. Товонни тўлаб бўлганимиз ҳамоно уларни қайтариб юборасизлар. 

Қирқ кишилик бир гуруҳ қайс-и айлонликларга гаровга топширилди. Улар орасида Ҳарб ибн Умайянинг ўғли Абу Суфён ва қурайшларнинг аслзода хонадонига мансуб Ҳаким ибн Ҳизом ҳам бўлган. 

Йигирма ёшга тўлган, Буюклар Буюги бўлмиш қирчиллама ўспиринда том маънода жоҳиллик сабабли келиб чиққан бу урушдан ана шундай таассуротлар қолди. 

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

ШАРАФЛИ АҲДЛАШУВ

Хилфул фузул

Макка ҳамманинг эҳтиромига сазовор табаррук шаҳар эди. Чунки инсонларнинг Оллоҳга ибодат қилишлари учун илк бор бино этилган муқаддас даргоҳ ҳисобланмиш Байт («Оллоҳнинг уйи») шу ерда эди. Бу Байтнинг, яъни Каъбанинг қурилиш ўрнини тайин этган, қуришни буюрган Оллоҳ таоло бўлса, уни қурганлар Иброҳим ва Исмоил пайғамбарлар эди. Шу боис Макка шаҳрининг муборак шаҳар эканлигига ҳеч шубҳа йўқ эди. У ерда Оллоҳга ибодат қилинар, у ерда Ҳақ Соҳибига сиғинилар, бу ерга келганлар ҳар қандай тажовуз ва адолатсизликдан эмин бўлар эдилар. 

Бироқ вақтлар ўтиши билан Макка халқи ўз манфаатлари йўлида муқаддас бир заминда яшаётганликларини унутаёздилар. Ҳақсизлик, тажовузкорлик эвазига эса- да, манфаат ҳамма нарсадан устун бўла бошлади. Маккага келган ҳожиларга совуқ муомала қилиш, тужжорларнинг молларини ҳақини тўламасдан олиш одат тусига кирди. Ор- номус оёқости бўлди. 

Бир куни Забид деган жойдан келган бир савдогар молларини кўтарасига яхшигина нархга Ос ибн Воилга сотди. Савдогар омади чопганидан жуда мамнун бўлди. Ос ибн Воил бошқа харидорлар сингари, унинг молини камситмади, баҳосини ҳам туширмади. «Аслзода оиланинг фарзанди, яхши тарбия кўрган одам экан», деб ўйлади савдогар. Тарбиясиз бир одам бўлса, ё молини камситар, ё арзимаган пулга сотиб олиш учун ҳамма чорани қўллаб кўрар эди. 

— Қани, энди буларни уйгача олиб бориш керак, азизим, — деди Ос. 

Савдогар бажонидил рози бўлди. Моллар уйга олиб борилиб, жойлаштирилди. Савдогар юзидан оққан терларни артар экан, ҳақли равишда, пулининг дарҳол берилишини кутарди. 

Аммо бундай бўлмади. Ос ибн Воил: 

— Асрдан кейин кел, ҳақингни берайин, — деди. 

Бу гап савдогарга унча ёқмади. Дарҳол ҳақини олиб орқага, Забидга йўл олмоқчи эди. Чунки энди Маккада туришнинг ортиқ ҳожати қолмаган эди. 

Аммо Оснинг ишонтирувчи кўриниши савдогарни бир оз хотиржам қилди. У ёқ бу ёқни айланиб юрди. Замзам сувидан ичди. Каъбани тавоф этди. Асрдан сўнг келди. Ос уйида йўқ экан. Эшигининг тагида анча пойлаб турди. Оқшом пайти Ос келди, аммо савдогарни танимасликка олиб, уйга кириб кетмоқчи бўлди. 

—Отажон, бир дақиқа тўхта. Ос тўхтади. 

—Нима истайсан? 

—Пулимни... 

—Қанақа пул? 

—Ҳали эрталаб мендан мол сотиб олган эдинг. 

—Ҳа, ҳа, энди эсладим, эртага кел. 

—Аммо, бугун асрдан сўнг бераман, деган эдинг... Ос унинг сўзини бўлди: 

—Эртага, дедимку, эртага. Ҳозир мени тинч қўй. 

—Аммо менинг иложим йўқ-да. 

—Тушундим, эртага кел, дедимку. 

Забидлик одам ёруғ дунёси қоронғу бўлиб, қайтиб кетди. Ичини ит тирнарди. Эрталаб тарбияли одам сингари мол харид қилган, хақ- ҳуқуқдан гапирган, оладиган молини камситиш ахлоқсиз эканлигини сўзлаган Ос энди бутунлай ўзгариб қолган эди. Балки қарзини инкор этиши ҳам энди ҳеч гап эмасдир. Ўзини танимасликка солгани шундан далолат берарди. 

Савдогарнинг қўлидан ҳеч нарса келмасди. Осникидан жуда хафа бўлиб қайтди. Кечани Каъбада ўтказди. Эрта тонгда Оснинг эшигини қоқди. Ичкаридан «Эртага келсин», деб юбордилар. Яна эшикни қоқди, хақкини талаб қилди. Аммо Ос баланддан келди. 

—Ахир, мен ўз ҳаққимни талаб қилмоқдаман. 

— Эртага дедик-ку. 

— Мен эртагача кута олмайман. 

— Мен ҳам бугун бера олмайман. 

— У холда молимни қайтариб бер. 

— Тушунмадим. 

— Молимни қайтариб бер, деяпман. 

— Ҳазиллашяпсанми? 

— Нега ҳазиллашарканман? 

— Савдолашиб, менга сотдинг-ку ўзинг? 

— Ҳа, сотдим. 

— У холда мол энди сеники эмас, меники бўлди. 

— Аммо менинг хаққимчи? 

— Ҳаққинг қочиб кетмайди, берамиз. 

—Қани, бер, бўлмаса... 

—Эртага дедимку. 

—Кеча келдим, бугун бераман, деганидинг. 

—Хўш, кеча нима деган эканман? 

—Эртага бераман, дединг. 

—Жуда соз. Бўпти, гапим гап, эртага бераман. 

—Мен ҳаққимни олмасдан ҳеч қаёққа кетмайман. 

— Тўғри тушунган бўлсам, сенинг таъзирингни бериб қўйиш керакка ўхшаб қолди. 

Шундан кейин Ос ичкарига қараб: 

— Ҳой, ким бор, бу ёққа кел! — дея чақирди. Сўнг савдогарга ўгирилди: — Яхшиликча кетасанми ёки боплаб адабингни беришсинми? 

Забидлик калтак ейишни хоҳламасди. 

— Хўп. Демак, эртага келайми? 

— Йўқ. 

— Ё алҳазар, қачон бўлмаса? 

— Энди келмайсан! 

— Ахир, бу ўта адолатсизлик, зулм эмасми? 

—Кани, йўқолчи бу ердан, ҳой аҳмоқ! Адолатни келиб- келиб энди сендан ўрганамизми? Даф бўл! Савдогар бекордан- бекорга калтак емаслик учун у ердан кетди. Каъбага борди, бутларга сиғинаётганлар билан гаплашди, қабила бошлиқларини кўрди.

Давоми...

Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!