Найти в Дзене
Типичный узбек

Саодат асри қиссалари (1 - китоб, 121 - 140 бетлар)

Ўтган мақоламизда (104 –120 бетлар)
Чунки бу жонивор ейиш, ичиш масаласида энг сабрли, нима берилса, шунга қаноат қиладиган, ўн кунгача емай- ичмай йўл юра оладиган беозор бир ҳайвон эди. Шу боис бирон кимса ҳам туясининг оч ёки ташналиги ҳақида ўйламасди.
Шу аснода атрофга тарқалганлардан бири қўлида чиройли бир шаклли тош кўтариб келди. Кўрганлар роса суюндилар. Энди кечқурун туя соғиб, лой
Оглавление

Давоми...

Ўтган мақоламизда (104 –120 бетлар)

Чунки бу жонивор ейиш, ичиш масаласида энг сабрли, нима берилса, шунга қаноат қиладиган, ўн кунгача емай- ичмай йўл юра оладиган беозор бир ҳайвон эди. Шу боис бирон кимса ҳам туясининг оч ёки ташналиги ҳақида ўйламасди. 

Шу аснода атрофга тарқалганлардан бири қўлида чиройли бир шаклли тош кўтариб келди. Кўрганлар роса суюндилар. Энди кечқурун туя соғиб, лой қориб бут ясашга ҳожат колмаган эди. Чунки бутнинг ўрнини босадиган яхшироқ бир восита топилди. Ҳар ҳолда, бир одамнинг қорнини тўйдирадиган сут беҳуда сарф бўлмайдиган бўлди. 

— Балки, ҳақиқатан ҳам бир илоҳдир бу... 

Бу гапни тошнинг устидаги чангларни артаётган бириси айтган эди. Бошқа бири унинг эҳтимолини тасдиқлади: 

— Балки... 

— Бизга бутун сафар давомида сиғинишимизга бемалол етади бу бут. Тозаланган тош ҳурмат билан юкларнинг орасига жойлаштирилди. Кечқурун дам олиш учун тўхтаганларида, у ўз вазифасини бажариши керак бўларди. 

Бир неча соат давом этган қайлула уйқусидан сўнг юклар туяларнинг устига ортилди, яна юриш бошланди. Яна қатор- қатор тепаликлардан ошиб ўтилди. 

Қуёш тепалар орқасига беркина бошлаган эди. Энг олдинда кетаётган туя чўктирилди. 

Устидан сакраб тушган одам бир неча қадам олдинда қум устида ётган чиройли бир тошга қараб югурди. 

— Мана, ҳақиқий санам, мана ҳақиқий илоҳ... — деб қичқирди. 

Яна туясига минди. Сал орқароқда келаётган биродари унга етиб олди

— Кўрсат қани, оғайни, — деди. 

Қаради. Ҳақиқатан ҳам чиройли бир тош эди. Ранги ҳам ўзгача эди. Ҳамма томони сипсиллиқ, худди мукаммал ишлов берилганга ўхшарди. 

Бояги йигит қўлини юкларининг орасига тиқди. У ердан чиқарган тошга бирпас қараб тургач, отиб юборди. Бу тош тушки дам олиш пайтида топилган ва бутун сафар давомида бут деб тан олинган тош эди. Ким билади, балки бир бошқа йўловчи ҳам уни топар, тангри деб ўз қабиласига олиб кетар ёки сафар тугагач, итқитиб юборар. 

Сафар яна бир неча кун давом этди. Ниҳоят, бир куни қоқ тушда тўхташ амри берилди. Соясидан паноҳ топиш мумкин бўлган бир неча дарахт қошига етиб келинган эди. Олдинда бир бино кўринди. Бундан аввал ҳам шу ердан ўтган йўловчилар бу ерда ҳеч ким билан юз кўришмайдиган бир роҳиб яшашини билардилар. 

— Яна бу қовоғи солиқ одамнинг гўшаси олдида дам олишга тўхтадик, — деганлар эски тажрибаларига суяниб шундай фикр билдирдилар.

Буҳайра донишманд диндор киши эди. Кичик ёшидан бошлаб шу маслакнинг этагидан тутган, ўз ишига содиқ бир одам эди. Неча йиллардан бери шу ибодатхонада узлатда яшайди, келган- кетганларга панд- насиҳат қилади, ўзи кирган йўлга даъват этади. 

Буҳайранинг ибодатхонаси Макка — Шом йўли орасида қад кўтаргани боис, айниқса, ёз ойларида бу ерга кўплаб карвонлар қўниб ўтарди. 

Буҳайра ибодатхонанинг шундайгина ёнидаги дарахтзорда тўхтаб дам олишни одат қилган карвонларнинг олдига борар, улар билан суҳбатлашар, аммо улар роҳибнинг сўзларини бепарволик билан тинглашар, бутларга сиғинишнинг бемаънилигини гапирганда эса, қовоқларини солиб олишар эди. Ҳадеб шундай бўлавергач, Буҳайра улардан юз ўгириб, йўловчи карвонларга энди бепарво бўлиб қолган эди. 

Орадан бир неча йил ўтди, роҳибнинг бир пайтлар карвон ҳузурига пешвоз чиқиб панд- насиҳатлар қилишлари унутилди. Шу боис одамлар у ҳақда «одамови бир киши» деб ўйлайдиган бўлишди. 

Йиллар шу йўсинда ўтар, на келганлар Буҳайра билан кўришишни орзу қилар, на Буҳайра уларнинг қаршисига пешвоз чиқар эди. Фақат дарахтзорда дам олиш учун тўхтаганлар ибодатхонанинг ёнидаги қудуқдан сув олишар, сўнгра яна йўлларида давом этишар эди. 

Ибодатхонада Инжил ўқиш билан банд бўлган Буҳайра узоқдан келаётган бир карвонни кўриб қолди. Кўрди, аммо бу карвон билан боғлиқ бўлган бир ғаройиб сир- синоатга ҳам кўзи тушди. Чунки кўринар -кўринмас бир булут парчаси ҳам карвон билан биргаликда келаётган эди. 

Кўзларини ишқалади, яна қаради, янглишмаётгани аниқ эди. Бир оздан сўнг карвон келиб дарахтзорда тўхтаганида, булут ҳам уларнинг устида муаллақ туриб қолди.

Ҳеч ҳам ҳазили йўқ ғаройиб ҳодиса эди бу. Бир булут ёки булутга ўхшаган маънавий шамсия эди бу. Роҳиб карвонда ҳурмати баланд, буюк бир зот борлигига ортиқ шубҳа қилмас эди.

Дарҳол ўрнидан турди. Хизматкорларига овқат тайёрлаб, дастурхон ёйишни буюрди. Бир одам жўнатиб, бутун карвон аҳлини зиёфатга таклиф этди.

Йўловчилар бу таклифнинг маъносини тушуна олмадилар. Чунки бундай меҳмондўстликни сира ҳам кутмаган эдилар. Келган одам бутун карвон аҳлини зиёфатга таклиф қилганида, гумонсирай бошладилар:

— Яна нотўғри эшитган бўлмагин, биродар?

— Ҳар ҳолда, хўжайининг, дарҳол бу ердан кетишсин, деган бўлса кераг-ов.

— Яхшиси, яна бир сўра, аниқла...

Чопар Буҳайранинг нима буюрганини жуда яхши биларди.

— Гапим рост. Ҳатто сизлар учун овқат пиширишни ҳам буюрди.

Абу Толиб унинг сўзларини бўлди:

— Сен яна орқангга қайт, нима деганини яхшилаб бил. Биз у ерга борганда, хўжайининг ҳайдаб юбормаслигига ишончимиз комил эмас.

Буҳайранинг одами туш кўрмаётган эди. Аммо у ҳам устозининг неча йиллардан бери келган -кетганлар билан сира ҳам қизиқмаганини, сира бундай иш қилмаганини биларди.

Шу орада ибодатхонанинг эшиги олдида кўринган Буҳайра қўл силтай бошлади, «Марҳамат, бизнинг гўшамизга хуш келибсиз», деяётгандек бўларди. Энди ҳақиқат рўйрост англашилган эди.

Чопар Буҳайранинг буйруғини такрорлади:

— Карвондаги ҳамма киши таклиф этилди. Ҳеч ким орқада қолмасин.

Абу Толиб ҳамманинг бу таклифга ҳозирланишини буюрди. Фақат суюкли жиянини қолдириб, юкларнинг олдида туриб туришни тайинлади. Карвон аҳли катта бир жамоа бўлиб ибодатхона сари йўл олди.

—Наҳотки шу рост бўлса, эй Буҳайра, бундай сахийликнинг боиси недир?

—Сендан бундай таклифни сира кутмаган эдик, эй Буҳайра.

Аслида Буҳайра ҳам уларни таклиф этмоқчи эмасди.

— Гапларингиз тўғри. Аммо бугун кайфиятим ўзгача. Шундай, ўзим бир ўтириб, сизлар билан суҳбатлашай, дедим...

Суҳбат шу йўсинда бошланди. Буҳайра зиёфат чоғида йўловчиларни бирма- бир кўздан кечирди. Кўзи тушган заҳоти қалби ҳузурга тўладиган бир чеҳрани қидирарди уларнинг орасидан. Қайта- қайта қаради, кутган одами буларнинг орасида йўқ эди. Янглишганини англади.

Демак, бу сафар кўзлари уни алдабдида.

Уларнинг ёнидан кетди, деразадан карвон турган жойга яна бир бор қаради. Маънавий шамсиянинг ҳамон ўша ерда турганини кўрди. Дарҳол меҳмонларнинг ёнига қайтди:

— Карвон аҳлидан ким қолди у ерда?

— Ҳа, кичкина бир бола бор эди, уни пойлоқчи қилиб қўйиб келдик.

—Уни ҳам олиб келинглар.

—Аммо у кичкина бир бола.

— Майли, бола бўлса ҳам, илтимосимни қайтарманглар...

Абу Толиб роҳибнинг илтимосига рози бўлди. Бир кишини юборди. У шу ерда жимгина ўтирган нурли болани етаклаб олиб келди. Қизиқиши устун келиб ташқарига чиққан Буҳайра бутун диққат эътиборини кўзларига тўплаган эди.

Бир оздан сўнг у шамсия булутнинг ҳам ҳаракатга тушганини ва шу томонга келаётганини кўриб, ҳайратдан донг қотди. Юраги тўхтаб қолишидан чўчиди. Умрида бунчалик ҳаяжонланганини ҳеч эслай олмасди. Бир қўлини кўкрагига қўяр экан, Оллоҳнинг суюкли бир бандаси билан рўбарў бўлаётганига ортиқ шубҳа қилмас эди.

— Ё Оллоҳим...

Бу сўзлар Буҳайранинг тез- тез ураётган юрагидан чиқаётган самимий туйғулар эди.

Юзма- юз келган нурли гўдак уни ушбу туйғуларга чулғаган эди. Шу онда шамсия булут ҳам уларнинг тепасига келиб тўхтади. Бунинг булут эмаслигига қасам ичишга тайёр эди у. Ҳеч кўрмаган ғаройиб бир соя эди. Булут эмаслиги аён, чунки булут бўлса, сояси ҳам бўларди.

Зиёфат тугагунча ундан кўзини узмади. Китобларда ўқиган белгиларни ундан қидирарди.

Гўдак қора қош, қора кўзли эди. Боши каттагина бўлиб, гул рангини ёдга соладиган тиниқ бир чеҳрали эди. Бармоқлари этли, суяклари йўғон, нигоҳлари жонли, доим кулимсираб турарди.

Буҳайра Абу Толибга ўгирилди:

— Бу боланинг исми нима? — деб сўради. Муҳаммад.

⎯ Ижозат берсангиз, ундан баъзи нарсаларни сўрамоқчи эдим.

— Марҳамат, сўрайверинг. Абу Толиб жиянига ўгирилди:

— Ўғлим, бу амакингнинг саволларига жавоб бер, хўпми?

Дастурхон атрофида ўтирганлар овқатларини еб бўлишгач, энди бу қария билан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ орасида ўтаётган савол- жавобни кузатиб, қулоқ сола бошладилар.

—Сендан баъзи нарсаларни сўрамоқчиман. Лот билан Уззога бўлган муҳаббатинг ҳаққи, тўғри жавоб бер.

Бу сўзлар кулимсираб турган боланинг қовоғи уюлишига сабаб бўлди.

—Лот билан Уззонинг номидан қасам ичтириб мендан ҳеч нарса сўрама. Оллоҳ ҳаққи, менинг уларга нисбатан бўлган нафратимни сўз билан ифодалашим қийин.

Буҳайра бу саволни бериш билан кутилган илк жавобни олган эди. Арабларнинг суҳбатларини тинглар экан, «Лот билан Уззога бўлган меҳр- муҳаббатим ҳаққи», дея бир- бирларига қасам ичишларидан у воқиф эди. Аммо у ўқиган диний китобларда ёзилган маълумотларга кўра, бу бола Лот билан Уззо сингари бутларга фақат нафрат ҳиссини туйиши керак эди.

Ҳеч ким кутмаган бу жавоб карвондаги баъзи кишиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Чунки Муҳаммад нафратланадиган бутларни ўзлари билан олиб келмаганликларидан қаттиқ афсусланган кишилар шулар эди.

—У ҳолда сендан сўрайдиган саволларимга, Оллоҳга бўлган муҳаббатинг ҳаққи, тўғри жавоб бер.

—Бажонидил, қулоғим сенда.

—Қандай ухлайсан?

Ғаройиб бир савол эди бу. Бемаъни савол сифатида қабул қилдилар. Анча кексайиб қолган Буҳайра нодонлик қилаётганга ўхшарди. Инсон ухлаётганда қанақасига ўз уйқуси ҳақида хабардор бўлсин? Унинг қандай ухлашини бошқа бировдан сўраш даркор эди. Нигоҳлар Абу Толибга қадалди. Абу Толиб:

— Ширингина ухлайди...

Уйқусида ҳам уйғоқ пайтидаги сингари бениҳоя ёқимтой, демоқчи эди. Аммо кутилмаган жавоб Абу Толибнинг бу сўзларига ўрин қолдирмади:

— Кўзларим ухлайди, аммо руҳим, қалбим доимо уйғоқ. Одамлар бир- бирига қарашди. Ғаройиб бир жавоб, деб ўйлаганлар бўлди. Абу Толиб ҳам ажабланиб қолди. Буҳайра бу дафъа ёнидагиларга ўгирилди:

—Бу боланинг кўзларидаги қизиллик ҳақида нима дейсизлар? Йўл азобининг таъсирими ёки касаллик асоратими? Ёки туғилганидан бери шунақами?

—Унинг кўзлари ҳамиша шунақа бўлган ва ҳозир ҳам шундай.

Бу жавобни бир неча киши бирданига айтди. Сўнгги сўз яна Абу Толибники бўлиши керак эди. У биродарларининг гапини тасдиқлади:

— Дарҳақиқат, унинг кўзлари туғилганидан бери шунақа.

Шундан кейин Буҳайра боладан кўйлагини кўтаришни буюрди. Баданига диққат билан разм солди. Икки курак суягининг орасида каттагина, холга ўхшаш белги бор эди. Бироқ хол эмас эди. Ёхуд у ерга туклар йиғилган, ёхуд гўшт парчаси қотиб қолганга ўхшарди. Аммо бундай ҳол ҳали инсон зотида кузатилмаган эди. Шу боис уни таърифлаш ҳам ғоят мушкул. Шу белгини кўргач, кўйлагини туширтирди. 

Тарихларда тафсилоти келтирилмаган яна бир неча савол берилди, кутилган жавоблар олинди. Сўшра Буҳайра: 

— Орангизда бу болага энг яқин киши ким? — деб сўради. 

— Менман. 

— Хўп, у сенга ким бўлади? 

— Ўғлим бўлади. 

Буҳайра «йўк» деган маънода бош чайқади. Абу Толиб унинг мақсадини тушунди: 

— Хўш, нега отаси бўлолмас эканман? 

—Чунки бу боланинг отаси ўлган, етим бўлиши керак. 

—Қаёкдан биласан? 

—Қаёқдан билишимни салдан кейин гапириб бераман. Ҳозир эса, сен тўғрисини айт, ҳақиқатан ҳам бу боланинг отасимисан? 

—Йўқ, амакисиман. Аммо отасидан ҳам кўпроқ яхши кўраман уни. 

—У ҳолда, эй Абу Толиб, сен дарҳол бу жиянингни ўз юртига жўнат. Яҳудийлар унга бирон зарар етказишидан эҳтиёт бўл. Чунки улар мен бу болада кўрган фазилатлардан воқиф бўлсалар, унга бир бало қилишга уринишлари бешакдир. Жиянинг келгусида буюк мартабага сазовор бўлиши тайин. 

Шундан кейин ўн икки ёшлар чамасидаги энг буюк инсоннинг қўлларидан тутди: 

— Оламларнинг хўжайини мана шу боладир. У келгусида оламларнинг Робби бўлган Оллоҳнинг расули бўладир. Оллоҳнинг оламларга раҳмат ўлароқ жўнатадиган пайғамбари мана шу! — деди. 

Абу Толиб бирданига кўз ўнгида мартабаси ошган қариядан сўради: 

— Хўш, айтчи, сен буларни қаердан биласан? 

Олдимизда турган мана шу муқаддас китобдан. Бу китоб Оллоҳнинг сўнгги пайғамбари Макка шаҳрида, яқин замонда юзага чиқиши хақида маълумот беради. Ушбу пайғамбарнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам мазкур китобда келтирилган. 

Абу Толиб келиб- кетган шунча карвонларга қайрилиб ҳам боқмагани ҳолда, уларни чин кўнгилдан мехмон қилган қариянинг асл мақсадини тушуна бошлади. 

Энди йўлга чиқиш пайти ҳам етиб қолган эди. Хайрлашилди ва юриш бошланди. Уларнинг орқасидан анча пайтгача қараб қолган Буҳайра ёнидаги хизматкорига ўгирилди: 

— Кўряпсанми? 

— Нимани? 

—Ҳалиги боланинг тепасидаги нарсани? Хизматкорлар бир- бирларига маъноли қараб кўйишди. 

—Ҳа, ҳа, кўряпмиз. 

Бир оздан кейин бири иккинчисига: «Энди тоза қарибди бу чол», деди. Буҳайранинг кўрганини ҳамма ҳам кўришга қодир эмасди. 

Буҳайра карвон орқасидан то улар кўринмай, карвон кўтарган чанг-тўзон ётгунча қараб турди. Ибодатхонага қайтаркан, «Минг афсуски, умримнинг куз фасли тугамоқда», деб минғирлади. Вақти- соати етиб, ўн икки, ўн уч ёшларда бўлган бу бола вояга етиб, унга набийлик ва рисолат берилганда, бу қариянинг устига тортилган қора тупроқ, ким билади, неча марта оёқости қилиниб, шамоллар унинг хокларини қай тарафларга учириб кетаркан? 

Буҳайра бу хаёллардан намланган кўзларини кафтлари билан артди ва осмонга тикилиб: 

—Оллоҳим, нақадар гўзал бу бола, нақадар гўзал бу бола, Оллоҳим... — дерди.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

СУИҚАСД ҚИЛИШМОҚЧИ! 

Карвон Бусрага етиб боргач, Абу Толиб ортиқ юришга истаги йўқлигини билдирди. Роҳиб Буҳайранинг сўзларига бепарво қараб бўлмасди. Юрагини бир қўрқув эгаллаб, вужуд- вужудигача сингиб кетган безовталикдан қутулиш мушкул бўлиб қолди. Ора- сира кўз олдида роҳиб Буҳайранинг сиймоси гавдаланар, олдига келиб Муҳаммаднинг қўлидан тутар ва: 

«Оламларнинг хўжайини мана», деяётгандек бўлар эди. 

Абу Толиб жонидан ортиқ кўрган жиянининг ростдан ҳам ана шундай мартабага сазовор бўлишини жуда-жуда хоҳларди. 

Абу Толибнинг Бусрадан уйга қайтиш ҳақидаги буйруғига карвон аҳли сира ҳам афсусланмасдан рози бўлди. Чунки улар қўлларига кутилганидан ҳам кўпроқ даромадни киритган эдилар. Бунинг устига яна давом этадиган йўл азобидан қутулишган, мақсадларига ортиғи билан етишган эдилар. 

Бу орада уч бегона киши Бусрага келган карвонга, яна ҳам тўғрироғи, ундаги кўркам бир болага қизиқиб колган эди. Бу уч маслакдош ўзаро қисқа, аммо узил- кесил қарорга келинадиган бир мажлис ўтказди. 

— Нима дейсан, ё Зубайр? 

— Менингча, бу ўша бола. Аммо ишончим қатъий эмас. Сенинг фикрингчи? 

— Мен ҳам сенинг фикрингга қўшиламан. Мабодо шундай бўлса, энди яҳудийларнинг салтанати битди, деявер. 

Таммом амалий йўл тутишни афзал кўрарди: 

— Энг яхшиси, бу болани бир хилватроқ жойга олиб бориб, ундан керакли нарсаларни сўраб билиш, узил кесил ишонч ҳосил қилинган тақдирда, дарҳол саранжомлаб қўя қолиш керак. 

— Тўғри ганни айтдинг, эй Таммом. 

Секин болага яқинлашдилар. Аммо унинг ёнида узун бўйли, басавлат, елкадор бир киши турар, ора- сира карвонга фармон берар эди. Уч маслакдош яҳудийни кўрган заҳоти секин қўлини қиличининг дастасига олиб борди ва фитначиларнинг кўзига тик қаради. Ҳалиги уч ҳамфикр лом- мим демай кўздан йўқолди. 

Лекин иш шу билан битмади. Боланинг ёлғиз қолиш эҳтимоли бор эди. Узокдан карвонни таъқиб эта бошладилар. Бироқ амакиси гўё ундан бир сонияга ҳам ажралмасликка қасам ичганга ўхшарди. Карвон ҳар доимгидан ҳам қисқа вақт ичида савдо- сотиқ ишларини битириб, Бусрани тарк этди. 

Маслакдошларнинг ичини ит таталай бошлади. Бу ишни қилмаслик улар учун жиноятдек гап эди. Агар ҳақиқатан ҳам бу ўша бўлса, яҳудийлар давру даврон сурган замон битган ҳисоб эди. 

Дарисо биродарларини бир чеккага бошлади: 

— Менга қаранглар, агар бу бола ўша бўлмаса, маъсум, бегуноҳ бир боланинг уволига қоламиз. Энг яхшиси, ҳозироқ орқаларидан йўлга чиқайликда, роҳиб Буҳайрани топиб, унинг фикрини ҳам эшитайлик. Эҳтимол, келаётганларида у билан учрашишгандир. Ёки қайтишларида кўришишар. Нима қилишни роҳиб Буҳайра билан кўришгандан кейин келишиб оламиз. 

Бу тадбир шерикларга маъқул бўлди. Чунки ўта эҳтиёткорона бир тадбир эди. 

— Тўғри ўйлабсан, эй Дарисо, — деди шериклари. Уч туяга минган бу уч киши Бусрани тарк этган карвонни изма- из таъқиб этиб, йўлга чиқди. Улар қаерга боришади, нима иш қилишмоқчи — ҳеч ким билмасди.

Буҳайра кутилмаган меҳмонларни бу уч маслакдошни ибодатхонага таклиф этди. Ҳар бири билан алоҳида-алоҳида саломлашиб чиқди. Олдиларига дастурхон солди. Қоринлари тўйгач, Зубайр: 

— Сен билан бир яширин иш ҳақида маслаҳатлашишга келдик, эй Буҳайра, — деди. 

— Жуда яхши, маслаҳатлашамиз. 

— Яхшиси, чиқиб, ҳеч ким эшитмайдиган жойда гаплашсак. 

Ибодатхонадан чиқдилар, бир дарахтнинг соясига ўтирдилар. 

— Бу ерда гаплашилган гапларни фақат шу дарахтлар эшитиши мумкин, холос. Уларнинг ҳам сир сақлашларига шубҳа йўқ, — деди Буҳайра. 

Зубайр гап бошлади: 

— Бир неча кун олдин Бусрага Ҳижоз томонлардан карвон келди... — дея воқеани сўзлаб берди ва сўзларини шундай давом эттирди: — Энди сенинг фикрингни билсак, девдик, эй Буҳайра, қани, айтгинчи, бу карвон ва ғаройиб болани кўрдингми? 

—Кўрдим ва гаплашдим. 

—Хўш, нималарни гаплашдинг? Буҳайра ўтирган жойларига ишора қилди: 

— Худди мана шу ерда тўхтадилар. Узоқдан келаётганларидаёқ тепаларида булут каби бир нарсанинг ҳаракат қилаётганини кўриб, карвонга қизиқиб қолдим... 

Буҳайра бўлган воқеани тафсилотлари билан сўзлаб бергач, сўради: 

— Демак, у карвон Бусрани тарк этди, шундайми? 

— Ҳа, биздан олдин бу ердан ўтган бўлишлари керак. 

Буҳайра қўлларини тиззасига урди: 

— Аттанг, зўр фурсатни бой берибман, — деди. 

Таммом: 

—Мана, биз ана шундай фурсатни бой бермаслик учун шошмоқдамиз. 

—Тушунмадим. 

—Ўша болани ўлдирамиз. Буҳайра титраб кетди: 

— Қилолмайсиз бу ишни! Қилишингиз керак ҳам эмас!!! 

— Нега? 

— Агар бу бола ростдан хам ўша бўлса — дарвоқе, мен бунга юз фоиз кафилман — бу ишга кучингиз етмайди. Чунки буюк Оллоҳ уни паноҳида асрайди. Сизларнинг шум ниятингиз амалга ошишига асло йўл қўймайди. Бекорга жувонмарг бўлиб кетасизлар, аммо унга зарар етказа олмайсизлар. Бутун дунё одамлари бирлашса ҳам, унинг пайғамбар бўлишига ва юксаклардан берилган вазифани адо этишига тўсқинлик қилолмайди. Аммо бу бола бўлажак пайғамбар бўлмаса, у ҳолда бир маъсумнинг уволига қоласизлар. Менга деса, сизлар бу шум ниятингизни шу ерда қолдирингларда, орқага, юртларингизга қайтинглар. 

Буҳайра тўғри гапни айтган эди. Китобларда ёзилган маълумотлар азалий тақдирдан баҳс этарди. Бу тақдирни ўзгартириш, унга тўсқинлик қилиш ҳеч кимсанинг кўлидан келмас. Тўсқинлик қилишга уринганларнинг ҳолига вой, фақат Оллоҳнинг ҳукми бажо бўлар,  Оллоҳнинг иродаси доим устун, доим ғолиб келар эди. 

Зубайр эътироф этди: 

— Ишнинг бу томонини биз ўйламаган эканмиз, эй Буҳайра, бизни тўғри йўлга солдинг, — деди. 

Шундан кейин хайрлашдилар ва Бусрага қайтдилар. Абу Толиб ва карвон аҳли бу можародан бехабар эдилар. 

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

ЯНА БУТЛАР ҚОШИДА

Абу Толиб жиянининг бутларга нисбатан бефарқ эканлигини биларди, аммо роҳиб Буҳайранинг ҳузурида айтганидек, уларга қарши чексиз нафрат ҳиссини туйишидан бехабар эди. Сафардан қайтгач, йўл таассуротларини гапириб бераркан, Буҳайранинг гўшасида бўлиб ўтган воқеани ҳам бутун тафсилотлари билан сўзлади.

— Ҳақиқатан ҳам, уни бутларнинг қошига ҳеч олиб боролмадик, — дедилар.

Ҳар йили маккаликлар Бувона бутининг ёнида тўпланишар, ўша куни махсус маросимлар ўтказилар, соч -соқоллар олинар, жанжаллашганлар ярашар, қурбонликлар сўйилар эди. Кун ботгунга қадар бу маросимлар давом этарди.

Амакилар ва аммалар бу йил ўн икки ёшга тўлган жиянларини ҳам ушбу диний маросимга олиб боришга қатъий аҳд қилишди. Абу Толиб:

— Муҳаммад, бу йил сен ҳам Бувонанинг қошига борасан, — деди.

Аммо олган жавоби кўнглига ўтиришмади. Жияни у ерга боришни сира ҳам истамади. Абу Толиб бошлиқ амакиларию аммалари Муҳаммаддек итоатли боланинг бирданига «Бормайман» деб қатъий қаршилик кўрсатишини ва ўжарлик қилишини сира кутишмаган эди.

—Ундай дема, ўғлим, илоҳлар ғазабланадилар. Бунинг оқибати яхши бўлмайди. Сўнгра бошингга фалокат ёғдирадилар...

Бу сўзларнинг заррача ҳам фойдаси бўлмади.

Ахийри ялиниб- ёлвориб, кўндирдилар. Бундай бир маъсум гўдак қалбининг илоҳларга қарши тушуниб бўлмас даражада кин ва нафрат ҳиссига тўлиқ эканлигини ҳеч жиҳатдан изоҳлай олмасдилар.

Бутнинг қошига келдилар. Ҳар бир киши унинг қошида эгилар, дуо қилар, истакларини баён этар эди. Абу Толиб ҳам борди, у ҳам бошқаларнинг ишини такрорлади. Сўнгра амакилар, аммалари худди ўша амалларни адо этишди.

Шунчаки тош парчаси эди Бувона. Абу Толибдек ақли расо, ҳурмати жойида, виқор ва салобат эгаси бўлган бир кишининг тошга, жонсиз борлиққа сиғиниши ҳам кулгили, ҳам аянчли эди.

Улкан бир хонадон — Ҳошим ўғилларининг етакчиси Абу Толиб...

Бошқаларга ақл ўргатадиган, яхшиликка бошлайдиган, ақли ва тадбирига ҳамма ишонадиган, сўзига ҳамма қулоқ соладиган Абу Толиб...

Ҳа, ўша Абу Толиб тош парчаси қаршисида нақадар эгилмоқда! Қандай қилиб шундай одам тошларга илоҳ деб қараркан?

Бошқа амакилари ҳам севилган, ҳурмати жойида бўлган кишилар эди. Нурли Муҳаммад Абу Толиб бошлиқ амакиларию аммаларини ҳам яхши кўрар, хурмат қилар эди. Аммо уларнинг бу бемаъни хатти- ҳаракатларига, инсон қадрини пастга урадиган бу турфа қилиқларига ҳеч тушуна олмасди.

— Қани, Муҳаммад, сен ҳам тиз чўк буюк Бувонанинг қошида.

Бу «Сен ҳам биз каби бўл, тош- тахталарнинг қули бўлганингни тан ол» дейиш билан баробар эди.

Йўқ, у асло бундай қилолмайди. Хоҳлагани тақдирда ҳам, уни эртанинг буюк пайғамбари ўлароқ етиштираётган Оллоҳ бунга изн бермас, йўл қўймас эди.

Муҳаммад қотиб турарди. Гўё бу таклифни ҳеч ҳам эшитмагандек эди. Иккинчи бор мурожаат этилди:

— Қани, Муҳаммад, кўп куттирма!

Келиши мумкин бўлган балоларнинг олдини олиш учун қариндошлари Бувонага ёлворишар, бола бўлгани, етимлиги боис, унинг бу иллатини кечиришини ўтинар эдилар.

Бу орада Муҳаммад юзи сарғайиб, тиззалари қалтирай бошлади. Баҳайбат бир махлуқ яқинлашаётганидан даҳшатга тушгандек, қўрқув излари бор эди юзида. Аммаси дарҳол уни қучоғига олди. Муҳаммад ҳушидан кетди.

Илоҳ Бувона дарғазаб бўлди, деб тушунишди. Ёшгина боланинг Бувона каби машҳур бутга қарши оёққа туриши ақл бовар қилмайдиган жасорат намунаси эди. 

— Ташқарига чиққим келяпти... 

Оломон орасидан олиб чиқиб, хилватроқ жойга бордилар. 

— Нима бўлди, жигарим? 

— Ёнимга оппоқ кўйлакли, узун бўйли бир одам келди. «Эй Муҳаммад, зинҳор бу бутга қўл теккизма», деди. Қўрқиб кетдим. Яна бутлар бошга бало келтирмасин, деб у ердантузоқлашдилар. Уйга келганларидан кейин ҳам Муҳаммаднинг юз ифодасида ҳамон рўй берган воқеанинг таъсири бор эди. 

Уни уйда қолдириб, яна бутнинг қошига кетдилар. Чала қолган амални охирига етказиш керак эди. Кечқурун қайтганларида, қурбонлик гўштидан ҳам келтирдилар. 

— Қара, Муҳаммад, сенга қурбонлик гўштидан олиб келдик. 

Муҳаммад заррача ҳам хурсанд бўлмади. Аксинча: 

— Мен уни емайман. Бир парчасини ҳам оғзимга олмайман! — деди. 

Яна бирор корҳол юз бермасин, деб уни бу сафар зўрламадилар. 

Шундан кейин Муҳаммадни бирор марта ҳам бутларга сиғинишга даъват қилмадилар. 

Саъд номи берилган бут оддий қоятош парчасидан иборат эди. Аммо Кинона қабиласи унга алоҳида бир Ҳурмат билан қарарди. Олиб келинган қурбонликлар шу ернинг ўзида сўйилар, кони эса, ушбу қоянинг устига оқизилар эди. Халқ уйимизга барака кирсин деб келар, қўлларини қонга сурар, молларини ҳам касал бўлмасин деб шу ерга олиб келар эди. 

Бир куни туяларини олдига солиб ҳайдаб келтирган бир одам шу ерда маълум муддат қолиб дуо ўқимоқчи, барака сўрамоқчи бўлди. Бироқ юзларча ҳайвоннинг қони билан иркит ҳолга келган бу бутқояни кўрган туялар ҳуркиб, ёнтеваракка тарқалиб кетдилар. Эгаси уларни тўхтатиш учун беҳуда уринарди. Жиловидан тутилган туялар ҳам тек турмасдилар, қайтага, уни ҳам қум устида судраб кетардилар. Қора терга ботган бу одам бир амаллаб ўрнидан турганида, ён- теварагида битта ҳам туя қолмаганини кўрди. Қўлига тушган тошни бор кучи билан Саъдга қарата отаркан: 

— Оллоҳнинг қахрига учрагур, туяларимни қочириб юбординг!.. — деб бақирди. 

Кейин туяларини қидириб кетди. Амаллаб ҳаммасини бир жойга тўплади. «Энди бу ерни елкамнинг чуқури кўрсин», дея орқасига қайтиб кетар экан, шундай байтларни ўқирди:

«Биз Саъднинг қошига келдик, ишимизга барака берсин деб. Ҳолбуки, у бизнинг ишимизни бўлдирмади. Энди биз Саъднинг қуллари эмасмиз. Зотан, у бошқа қоялар каби бир парча тош эмасми? На адашганга йўл кўрсатар, на ёрдам». 

Отаси бир босқин пайтида ўлдирилган Имрон ул- Қайс исмли бир шоир интиқом ўтида ёниб юрарди. Бу борада бутларнинг фикрини билмоқчи бўлди. Ҳубал бутининг ёнига келиб фол очди. Уч марта ҳам «Ўч олма» деган ёзув чиққач, ўқини бутга қарата отди ва: 

— Разил экансан! — дея ҳайқирди. — Ўлдирилган сенинг отанг бўлсайди, сира ҳам ундай демасдинг! Сўнгра асабий ҳолатда шаҳдам юриб кетди. 

Абу Толиб даромади унча кўп бўлмаган киши эди. Шу йили ўн иккидан ўтиб ўн уч ёшга қадам қўйган нурли Муҳаммад унинг бу аҳволини яхши билар, унга ёрдамчи бўлишни жуда -жуда хоҳлар эди. Бундан ташқари, бекорчилик уни зериктирарди. 

Бир куни амакисига қўйларни ўзи боқиб келмоқчи эканлигини билдирди. Амакисининг, бу уйдагилар сен иш қилмасанг ҳам хафа бўлмайдилар, деганига қарамай, илтимос этаверди. 

Ниҳоят, унинг истагига рози бўлди. Абу Толибнинг сурувига қўшнилардан ҳам қўйларини қўшганлар бўлди. Шу йўсинда у ўзига иш топган, ўзи яшаётган оилага озгина бўлсада фойдаси тегишидан бениҳоят хурсанд эди. Ҳар битта қўй учун қўшимча бир қиротдан ҳақ ҳам оларди. 

Макка аслзодалари учун қўй боқиш уятли касб эмасди. Пешона тери тўкиб пул ишлаш ҳам айб саналмасди. 

Қўй боқиб юрганида кабос деган ўсимликнинг етилган меваларидан танлаб- танлаб егани,  узоқ пайтгача ўша кунларни ширин хотира сифатида эслаб юргани ҳам маълум. Орадан қирқ беш йилча кейин ўша ерлардан ўтаркан, биродарларига кабоснинг қоралари яхши етилган ва мазали бўлишини, қўй боқиб юрган кунларида буни тотиб билганини сўзлаб берган эди. 

Маккада баъзи кечалари кўнгилочар базмлар уюштириларди. Бундай базмлар «самар» ёки «мусамара» деб аталарди. 

Бу базмлар кўришга арзийдиган, кўнгилочар маросим эканлиги нурли Муҳаммаднинг ҳам қулоғига чалинган эди. Бир куни кечқурун чўпон ўртоғидан сурувига ҳам қараб туришни илтимос қилди. Бориб «самар» базмини кўрмоқчилигини айтди. Ўртоғи рози бўлгач, йўлга тушди. Маккага келди. Уйлардан бирида хурсандчилик қилинаётганини кўрди. 

Одамлар роса йиғилган. Узоқяқиндан келганлар кириб, томоша қилмоқда. Сўраса, тўй бўлаётган экан. У ҳам кирди. Бир дарахтнинг остига ўтирди. У ердан ҳамма ёқ кўриниб турарди. Аммо ўтирар- ўтирмас уйқу босиб, кўзларини юмишга мажбур қилди. Ва у эрталабгача шу ерда қолиб кетди. Хурсандчилик тун ярмигача давом этиб, меҳмонлар уй- уйларига тарқалишар экан, дарахт тагида ухлаб қолган йигитчани кўрдилар, бироқ уни безовта қилмадилар. 

Эрталаб юзига тушган қуёш нурлари уни уйғотди. Атрофига қаради. Ҳеч ким йўқ эди. 

Ўрнидан туриб, қўйларининг олдига кетди. Ўртоғи нималарни кўрганини сўраган эди, кеча нима бўлганини ўзи хам билмаслигини, ухлаб қолганини айтди. 

Орадан бирмунча вақт ўтди. Яна ўртоғидан қўйларига қараб туришни илтимос қилди. Яна Маккага келди. Базм бўлаётган бир жойга кирди. Аммо у яна ўз ҳолига қўйилмади, азалий тақдир ғолиб чиқди. Яна базмни кўрмай, эрталабгача роҳатбахш уйқу оғушида бўлди. 

Бу унинг базмни кўриш мақсадидаги сўнгги уриниши бўлди. Бундан кейин ҳеч қачон тунги базмни томоша қилишга қизиқмади. 

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

АРСЛОН БОЛАСИ

Фил ҳодисасидан буён ўн тўрт йил ўтди. Бани Маҳзум қабиласининг обрўли оилаларидан бирида, бир аёл тўлғоқ азобларидан қийналаётир... 

Атрофида ёрдам бериш учун чақирилган доя хотинлар бор. 

Ой куни тўлган Хонтама Маҳзум қабиласининг аслзодаларидан Ҳошимнинг қизи ва ҳурмати баланд оиладан бўлмиш Хаттобнинг умр йўлдоши эди. 

Хотинининг ой куни яқинлашган сари Хаттоб: «Албатта ўғил бўлиши керак,  тушундингми?» деб қайта- қайта тайинларди. Қиз боланинг отаси бўлишга асло рози эмас эди у. 

Буни ўйлади дегунча, пешонасида пайдо бўлган терларни жаҳл билан сидириб ташлар, тишларини ғижирлатиб, кескин овоз билан: 

— Хаттобдек бир одамнинг фарзанди албатта ўғил бўлиши керак! — дея пўнғиллаб, қўлларини мушт қилиб тугар эди. 

Хаттоб сингари тажанг, сержахл, бақувват, жасур ва довюрак, устига- устак, ўта шафқатсиз одам халқ орасида қиз боланинг отаси сифатида танилмаслиги керак эди. Хаттоб ўғил кўриши керак! Фақат шундагина кўксини кериб, ҳеч кимдан қимтинмай юра олади. 

Туғиш пайти яқинлашган сари Хаттобнинг ичини кемирган безовталик ва қўрқув уни баттар тажанг қилиб қўйди. Доим айтгани айтган, дегани деган бўлган Хаттоб тушган ерини ёндирадиган чўғга айланган эди. Уйга гурс- гурс қадамлар билан кириб келиши ҳаммани қалтиратар, тинчини бузар эди. 

Бир куни эрталаб Хонтама тўлғоқ бошланганини билдирди. Шунда Хаттоб: 

— Зинҳор менга қиз туққанинг ҳақида хабар берма. Оқибатини ўзинг ҳам яхши биласан! — дея уйдан чиқиб кетди. 

Кўзларидан чақнаган ўт «Оқибатини ўзинг биласан» сўзларининг тагида мудҳиш бир таҳдид борлигини билдирарди.

Давоми...

Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!