Найти в Дзене
Типичный узбек

Саодат асри қиссалари (1 - китоб, 73 - 87 бетлар)

Оглавление

Давоми...

Ўтган мақоламизда (57 - 72 бетлар)

Орадан бир неча кун ўтди. Абдулмутталиб Нажрон қозиси ва роҳиби бўлган бир дўсти билан cуҳбатлашиб ўтирарди. Роҳиб ўз маслагидан келиб чиқиб, диний мавзулардан баҳс юритар, неча асрлардан бери пайғамбар юборилмаганини сўзлар эди. Ҳазрати Исонинг давридан бери юз эмас, бир неча юз йил ўтган, келиши муқаррар ва лозим бўлган бир пайғамбар кутилаётган эди. Роҳиб сўзларини шу тарзда давом эттирди:

— Биз Исмоил ўғиллари наслидан келажак ва пайғамбарларнинг сўнггиси бўлажак бир пайғамбарнинг сифатларини китобларда ўқиб юрибмиз. Ушбу маълумотларга кўра, бу пайғамбар юзага чиқадиган жой шу ер, яъни, Макка шаҳридир.

Роҳиб келажак пайғамбар ҳақида атрофлича маълумотга эга эди. Кўзларининг ранги, оёқларининг шакли, икки елкасининг ўртасида жойлашган бир белгига қадар ўзига хос хусусиятларини ҳам билар эди. Абдулмутталиб унинг сўзларини зўр қизиқиш, ўта эътибор билан тингларди. Шу он суюкли невараси келиб, бобосининг ёнига ўтирди.

⎯ Эй Абдулмутталиб, булар сира ҳам уйдирма эмас. Диний китобларда ёзилган...

Роҳибнинг гапи оғзида, кўзлари бирдан ҳозиргина келган болага қадалган эди. Диққат билан кузатди. Кузлари, қўллари, оёқлари, баданига синчиклаб қаради.

⎯ Бу кимнинг боласи, эй Абдулмутталиб? — деди.

— Менинг ўғлим.

— Бўлиши мумкин эмас асло.

— Нега энди?

Роҳиб жуда секин овоз билан пичирлади. Худди гапини бола эшитишини хоҳламаётганга ўхшарди.

— Чунки бу боланинг отаси ўлган бўлиши керак.

— Нега шундай деб ўйлайсан?

— Менга қара, эй Абдулмутталиб, бу бола сенга боядан бери гапираётган пайғамбарнинг сифатларига эга. Сен унинг отаси эканлигингни айтдинг. Ҳолбуки, бизнинг диний китобларда ёзилишига қараганда, бу бола етим бўлиши керак эди. Сен унинг отаси бўлишинг мумкин эмас.

Абдулмутталиб унинг сўзларини тасдиқлади.

—Тўғри ганирасан. Ҳақиқатдан ҳам бу боланинг отаси, яъни менинг ўғлим, ҳали у туғилмасдан олдин вафот этган эди. Мен бобосиман. Аммо ўз ўғлимдан ҳам ортиқ кўраман уни.

У кўзимнинг оқу қорасидир.

—Энди ўзингга келдинг, эй Абдулмутталиб. Аммо бу болани эҳтиёт қилишинг лозим. Яҳудийлар уни кўрар -кўрмас танийдилар. Билиб қолсалар, бирон зарар етказишлари эҳтимолдан холи эмас.

Бу сўзлар Абдулмутталибни неварасига яна ҳам қаттиқроқ боғлаб қўйди.

Абдулмутталиб ҳаётининг сўнгги кунларини яшаётганини чуқур ҳис этарди. Замондошлари ҳавас қилса арзигудек бир умр кечирган эди у.

Ҳар кимга яхши муомалада бўлди, катта -кичик барчанинг ҳурматини қозонди. Фақирларни тўйғазди, бевалар, етимларга ёрдам қўлини чўзди, умр бўйи бирон марта ҳам зинога яқинлашмади, яқинлашганларни ҳам хуш кўрмади.

Ичкиликни ёқтирмасди. Чунки ичкилик ичувчиларнинг қандай шармандали аҳволга тушганларига кўп гувоҳ бўлган. Бундай қабоҳат ишларга сира ҳам тоқати йўқ, виқор ва одоб эгаси эди. Макканинг ҳокими сифатида, ўғрилик қилганларнинг кўлларини кестирар, қўлидан келганча, қиз болаларнинг ўлдирилишига тўсқинлик қилар эди. Ёмонлик қилган кимса қўлга тушса, қамчи билан саваларди. Охиратга ишонар, Оллоҳнинг борлиги, қудратли ва буюклигига шубҳа қилмас эди. Ўз замонида кенг тарқалган бутларга сиғинган -сиғинмагани эса, бизга қоронғи.

Рамазон ойи келган куни озиқ -овқат олиб, Маккага яқин Хиро тоғига чиқиб кетар, у ерда ёлғиз қолиб, ўзича ибодат этар, ўй -хаёлга толар эди. Бу ишни илк маротаба у қилган, шундан кейин таркидунёчилик одатини хуш кўрувчилар пайдо бўлди, халкнинг шовқинсуронли ҳаётидан чекилиб, бу тоғда бир ой давомида ёлғиз яшашга ҳавасмандлар кўпайди. У ерда қандай ибодат қилингани эса, яна бизга номаълум.

У ҳақда тадқикотчи Кўксол «Узун бўйли, ёқимли, сабрли, ақлли, тарбияли, дунёқараши кенг, сарвқомат, мард ва сахий киши эди», деб маълумот беради.

Маккаликлар уни «Иккинчи Иброҳим» дердилар. Барча арабларнинг Пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломга бўлган чуқур ҳурматларини назарга олсак, маккаликларнинг Абдулмутталибга қай даражада ҳурмат эҳтиром кўрсатганликларини тасаввур этишимиз қийин бўлмайди.

Каъбага доир бутун хизматлар Абдулмутталибнинг бошчилиги остида юритилар, ҳеч кимса Маккага ундан бошқа кишини ҳоким қилишни ўйламас эди. Чунки Абдулмутталиб бу мақомга зўравонлик билан эмас, муруввати, фазилати ва шарафи боис келган, ақли расо ва аслзода қабила бошлиқлари уни бу мақомга лойиқ деб топганлар. У бу мақомга муносиб эмас, деб бирон киши даъво қила олмасди. Чунки Макка худудида яшовчи бирон кимса Абдулмутталибдан ёмонлик кўрганини иддао этолмас, аксинча, ундан яхшилик кўрганини эътироф қилар эди. Бир куни Абдулмутталиб дардга чалинди.

Барча уринишлар, шифо излаб елиб -югуришлар беҳуда бўлди. Тобора ўлим соати яқинлашиб келаётгани равшан эди. Абдулмутталиб дарди бедавога йўлиққанини англаган, ўзидан кейин тўққиз ўғил, олти қизи ва бир этак неваралари қолмоқда, аммо унинг ўй -фикри бош қотиришга лойиқ деб билган суюкли неварасида эди. Уни нима қилиш, кимга қолдириш тўғрисида ўйларди. Шу кунга қадар уни кўлидан келганча тарбиялаган, ҳеч нарсада камситмаган, устига гард юқтирмасликка уринган, унга ҳақиқий ота, тенги йўқ бобо бўлган эди.

Аммо Абдулмутталиб ҳам фоний бир борлиқдир. Унга ҳам энди ажал яқинлашган, ўлим фариштаси эшик қокиб келаётган эди.

Орасира ҳушидан кетади, ўзини билмай қолади. Шундай кезларда «Муҳаммадим, суюкли

Муҳаммадим...», дея босинқирагани эшитилиб қолади. Ўзига келганда эса, яна тамомила унинг ташвиши билан банд бўлади.

Бир пайтлар Муҳаммаднинг отасини, яъни, ўзининг ўғли Абдуллоҳни қурбон қилишга бел боғлаган кунларни эслади. Агар ўша қасамини бажарса, бугун қалбини ларзага солиб, кекса юрагини ёндираётган бу меҳр -муҳаббатнинг соҳиби ҳам бўлмасди.

Аммо бутун оламларга Оллоҳнинг беҳисоб раҳмати шу боланинг воситасида, у орқали ёғилиши керак эди. Инсоният унинг раҳбарлигида ҳақ йўлни топажак, саодат йўлига киражак.

Оллоҳга элтувчи йўлни энг мукаммал тарзда инсонларга у кўрсатажак эди. Шу боис бир эмас, минг Абдулмутталиб тил бириктирса ҳам, илоҳий қудрат бунинг олдини олар ва Абдуллоҳни қутқарар эди. Коинот сарварининг унинг наслидан, унинг ўғли сифатида дунёни шарафга буркаши азалий ва илоҳий такдирнинг зарурати эди.

— Отика!

— Лаббай, отажон.

— Сув бер.

Отика дарҳол келтирилган Замзам сувидан идишни тўлдириб берди. Абдулмутталиб бир неча қултум ичди.

— Шифо бўлсин, отажон.

— Омон бўл, болам.

—Эсингиздами, отажон, Замзамни қазиган кунларингиз?

Абдулмутталиб бош ирғади. «Ҳа», деб пичирлади. Салдан кейин Отика чиқиб кетди.

Абдулмутталибнинг хаёлидан ўтмиш кунлари кечди.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

ЗАМ ЗАМ

Роппароса қирқ йил олдин бўлиб ўтган эди бу воқеа. Бир куни Абдулмутталиб Каъбанинг «Ҳижр» деб аталувчи қисмида қайлула уйқусида эди. Пешин пайти оловдек қиздирадиган қуёш тафтидан ҳамма салқинга қочиб ухлагани каби, Абдулмутталиб ҳам ётиб ухлаган эди. Туш пайтидан бошланадиган бу уйку асрнинг ўрталарида, салқин тушгач, тугар ва араблар буни «қайлула» дердилар. Бу соатларда ҳамма ишини ташлаб, салқин жой қидириб қоларди. Чунки жазирама иссиқ фақат меҳнат қилишгагина эмас, ҳатто сайр этишга ҳам имкон бермасди.

Абдулмутталиб туш кўрди. Тушида ёнига бир одам келиб:

— Тибани қази, деди.

— Тиба қаер ўзи?

Одам жавоб бермай, кўздан ғойиб бўлди.

Абдулмутталиб уйюнгач, бир муддат бу туши ҳақида ўйлаб қолди. Ҳеч қандай маъно бера олмади. «Ҳар доим кўриладиган тушунарсиз рўёлардан бири бўлса керак», деган хулосага келди.

Эртаси куни яна айнан ўша ерда ухлаётган эди. Тушида яна нотаниш бир одам келиб унга:

—Баррани қази... — деди.

—Барра қаер? Нега у ерни қазишим керак?..

Одам жавобни ҳам кутмай ва бошқа ҳеч нарса демай, ғойиб бўлди.

Тиба нима? Барра нима? Нега у жойлар қазилиши керак? Бу саволларга жавоб беришдан ожиз эди у.

Учинчи куни яна ўша одам келди. Бу сафар:

—Маднунани қази! — деб буюрди.

—Маднуна нима, у қаерда?

Одам жавоб бериш ўрнига яна ғойиб бўлишни афзал кўрди.

Абдулмутталиб энди ҳар ухлаганида бирон ерни қазиш буюрилишига ишонч ҳосил қилган эди.

Тўртинчи куни ётар экан, «Кўрайликчи, бугун қаерни қазир эканмиз», деб ўйлади. Ҳакиқатан ҳам, тушида яна ўша одам келди.

—Замзамни қази! — деди.

—Замзам недир?

— Замзам ҳеч тугамайдиган, камаймайдиган бир сувдир. Сен тўп -тўп бўлиб келадиган ҳожилар жамоасига ундан ичирасан. У сув қурбонлик конлари оқизилиб тўпланадиган жойлар билан ахлатлар тўкилган жойларнинг орасидадир.

Олачипор қарға қағиллайдиган жойни топгин, у ерда бир чумоли уяси бор. Бу одам ниҳоят асл мақсадни гапирган эди. Неча кундан бери айтолмаётган гаплари, демак, шулардан иборат эканда. Абдулмутталиб уйқудан уйғонган заҳоти ён -теваракка аланглади. Кўзлари қурбонликлар сўйилиб қонлари оқизилган, чиқинди, супириндилар тўкилган ерни қидирарди. Шу орада қорни ва қанотлари оқ бир қарғанинг қағиллаётганини кўрди. Тушида кўрганлари тўғри чиқишига шубҳаси қолмади.

Ўша томонга йўл олди, қарғага яқинлашиб бора бошлади. Аммо у қочмасди. Эҳтимол, қазиши лозим бўлган ерни аниқ кўрсатиш учун кетмаётгандир. Ниҳоят, жуда яқин боргач, «пирр» этиб учиб кетди. Абдулмутталиб қарға қўниб турган жойнинг шундайгина ён бошида гавжум бир чумоли уяси борлигини кўрди. Ҳақиқатан ҳам бу ер қурбонликлар сўйилган ва ахлатлар тўкилган жойнинг қоқ ўртаси эди. Бу жойни яхшилаб таниб олиш учун белгилаб қўйди.

Каъбанинг эшиги томонда эди. Каъбагача ва мақоми Иброҳимгача бўлган масофани ўлчади.

Энди келиб шу ерни қазишдан бошқа чора қолмаган эди.

Буюк бобоси пайғамбар Исмоил ҳазратлари замонидан қолган сув, муборак бир қудуқ борлиги ҳақида ҳамма қатори у ҳам биларди. Аммо неча юз йиллар давомида Макка аҳлининг ҳам, келиб -кетувчи ҳожиларнинг ҳам эҳтиёжларини тўла -тўкис қондирадиган бу қудуқ Журҳум қабиласи одамларининг ахлоқсизлиги ва жоҳиллиги оқибатида вайрон этилиб, беркитиб ташланган эди. Мағлубиятга учраган журҳумликлар Маккани тарк этар эканлар, қудуқни ҳам кўмиб кетган эдилар.

Вақт ўтиши билан Замзамнинг қаерда бўлгани ҳам унутилди, оти бору, ўзи йўқ нарсага айланди. Ичига Каъбага тегишли анчамунча олтин буюмлар ҳам кўмилиб кетган қудуқни топиб очиш буюк бир шарафга ноил бўлиш билан баробар, Оллоҳнинг лутфи ва карамига сазовор бандасигагина бундай саодат насиб этиши мумкин эди!

Оқшом тушгач, ўғли Ҳорисга:

— Эртага бирга тер тўкиб ишлашимизга тўғри келади, — деди. Унинг қизиқсиниб қараб турганини кўриб изоҳ берди: — Замзам қудуғини қазиймиз.

— Аммо, отажон, биз унинг қаерда жойлашганини билмаймизку? — дея Ҳорис отасининг юзига қаради. «Тушунмадим» демоқчи эди. Абдулмутталиб қисқагина бир жавоб берди:

— Тушимда кўрсатилди.

Ҳорис учун мазкур жавоб етарли эди. Отасига бўлган ишончи беҳад эди.

Абдулмутталибнинг ўша пайтда қўли ишга келиб колган биргина ўғли Ҳорис эди. Эрталаб тонг саҳарда қурайшликлар Абдулмутталибни белкурак ва чўкични олиб каёққадир кетаётганини кўрдилар.

Кеча белгилаб кетган жойига келди.

— Оллоҳим, муборак бўлсин... — дея чўкични ерга урди. Отабола бирга қазий бошладилар.

—Ҳорманг энди, ё Шайбатул ҳамд!..

—Саломат бўлинг.

—Нима қилаётирсиз?

—Кўриб турибсиз, шу ерни қазияпмиз.

—Аммо нима мақсадда?

—Бу ер Замзам кудуғининг ўрни.

Шундан кейин Абдулмутталиб кетма -кет тўрт кун давомида кўрган тушларини гапириб берди. Одамлар истеҳзо аралаш жилмайдилар.

— Тушда кўрган нарса билан иш битар эканми? —дедалар.

Абдулмутталибга ҳурмати баланд бўлганлар эса:

— Бунда бир гап бўлса керак, — дея ишнинг натижасини кутиш ва шунга қараб ҳукм чиқаришни маъқул топдилар.

Абдулмутталиб зерикмасдан, умидвор бўлиб ишини давом эттирарди. Ниҳоят, қудуқнинг устига бир қопқоқ каби ёпилган тошни топдию кўзлари ёшланди. Қўлларини кўтариб, Оллоҳга шукур қилди. Энди тушининг ҳақиқат эканлигига ва бу вазифа унга илоҳий йўлдан берилганига батамом ишонди.

Тепасига келиб кетиб, ишини ажабсиниб томоша қилганлар, комил ишонч ила, беҳуда уриняпсизлар, дея ўйлаганлар қудуқнинг топилганини кўришдию дарҳол чўкич ва белкуракларини қўлларига олиб етиб келишди.

Абдулмутталиб:

—Хўш, нега келдингизлар, тинчликми? — дея сўради.

—Қудуқни бирга қазиймиз.

—Бунақаси кетмайди.

—Аммо бу шарафга биз ҳам шерик бўлишни истаймиз. Чунки бу бобомиз Исмоил пайғамбарнинг қудуғидир.

—Бундай қилиб бўлмайди. Чунки бу вазифа фақат менга буюрилди.

Одамлар ўжарлик қилдилар:

⎯У ҳолда сенинг қазишингга ҳам йўл қўймаймиз. Ё бирга казиймиз, ёки сен ҳам қазимайсан.

—Унда шу пайтгача қаерда эдингизлар?

— Қудуқнинг жойи қаердалигини билмасдикда.

— Мен ҳам билмасдим, аммо қудуқнинг ўрни фақат менга кўрсатилди.

— Биз ҳам энди бу ишга қўшилишни хоҳлаймиз.

— Мен эсам, бу шарафни сиз билан бўлишишни истамайман.

Оди ибн Навфал Абдулмутталибга тегишди:

—Абдулмутталиб, сен ёлғиз бир кишисан. Биргина ўғлингдан бошқа ёрдамчинг йўқ. Ўжарлик қилаверма, бизга қарши чиқма.

—Эй Оди, айнан сенинг шундай дейишинг инсофдан эмас. Ахир, отанг Навфал отам Ҳошимнинг ҳимояси остида бўлгани ёдингдан чиқдими?

—Сен ҳам амакинг Мутталибнинг хонадонидан панох топгунингга қадар тоғаларинг Нажжор ўғилларининг ёнида бўлмаганмидинг?

—Эй Навфал ўғли, сен мени фарзандларимнинг озлиги билан айбламоқчимисан? Худо ҳаққи қасамлар бўлсинки, агар Оллоҳ менга ўнта ўғил берса, улардан бирини Каъбанинг ёнида қурбон қиламан.

Мунозара тобора қизир эди. Бу кетишда жанжалга айланиши ҳеч гап эмас эди. Бировлар Абдулмутталибни ҳақ деб билса, бошқалар рақибларининг тарафида эдилар. Ахийри Абдулмутталиб:

— Бу муаммони ҳакам ҳал қилса, розиман. Кимга десангиз, ўшанга борамиз. Унинг чиқарган ҳукмига сиз ҳам рози бўласиз, мен ҳам. Бу таклиф мақбул деб топилди.

— Абдулмутталиб инсофлилик қилди, — дедилар.

Натижада Шом аслзодаларидан Саъд ибн Ҳузайм қози сифатида таклиф этилди. Абдулмутталиб бунга рози бўлди.

Эртаси куни Абдулмутталиб қариндошларидан баъзи кишиларни олиб йўлга чиқди. Қарши томонда эса, қурайш қабилаларининг ҳар биттасидан бир кишидан бор эди. Биргаликда юриб, биргаликда дам олиш учун тўхташар, сўнг яна биргаликда йўлларида давом этишар эди.

Кун қиздиргандан қиздирарди. Узоқ йўл юришларини инобатга олиб, ўта эҳтиёткорлик билан иш тутсалар ҳам, Абдулмутталиб ва унинг ҳамроҳларининг сувлари тугади. Сувсизлик уларни холдан тойдирди, тоқатларини тоқ қилди. Абдулмутталиб аҳволни тушунтириб, қарши томондагилардан сув сўради.

— Сизга берсак, биз ҳам сувсиз қоламиз. Абдулмутталиб улардан бу жавобни кутмаган эди. Чунки ўзи ҳеч кимса ҳақида бундай ўйламас, ўз нонини ҳам бошқалар билан бўлишиб ер эди. Кўрабила туриб бир инсонни сувсизликда ўлим чангалига ташлаб кетолмасди. Аммо улар шундай қилдилар.

Тиллари танглайига ёпишган, туя устида ўтиришга ҳам мажоллари қолмаган эди. Сувсизлик ва жазирама иссиқ таъсирида тўғри фикрлаш ҳам мумкин бўлмай қолди. Ораларида саросимага тушганлар хам бўлди.

— Мозоримизни шу ерга казийлик, ўлимимизни кутайлик, — дейишди баъзилар.

Энг оқилона таклиф шу ерда бир оз дам олгач, яна йўлда давом этиш бўлди. Туяларидан тушдилар. Ҳаммалари бир қаторга тизилиб ўтиришди. Қарши томондагилар уларни кузатишар, натижа қандай бўлишини кутишар эди. Шу аҳволда бир оз ўтиришди. Умидсизлик билан бир -бирларига тикилишар, ким кўпроқ яшар экан, деб ўйлашар эди. Орамизда ўлмай, қутулиб қоладиганлар бўлар, деб васиятлар қилишди.

Абдулмутталиб виждон ўтида ёнарди. Аммо бу фожиавий аҳволга тушишларига ўзи сабабчи бўлди. Чунки ёнида ўтириб ўлимини кутаётган бу инсонлар унинг даъвосини қўллаб қувватлаш учун йўлга чиққан эдиларда.

Абдулмутталиб қуруқшаган лаблар, тугаган дармонлар, чекилган изтиробларга ва бошларига тушган мусибатдан умидсизланган биродарларига тикилар, ҳар бирининг ўрнига қайта -қайта ўлишга ҳам рози ҳис этар эди ўзини. Йўлда давом этишга кучлари етмас, ён атрофдан бирон ёрдам келиши ҳам эҳтимолдан йироқ эди.

— Ётиб ўлма, судралиб ўл!..

Нидо юрагининг тубидан келарди. Виждони азобланар экан, бундай қўл қовуштириб ўтиришдан фойда йўклигини хаёлидан ўтказди.

Биродарларининг умидсизларча боқишлари таъсирида бир амаллаб туясига минди.

Туянинг устида ўтира олмайдиган даражада мажолсиз эди. Туя юра бошлаганда эса, ерга тушиб кетай деди, ҳайвоннинг устида ёнбошлаб қолди. Қаерга кетаётганини ўзи ҳам билмайди, балки сув топарман, деб ўйлади.

Юз қадам ҳам юрмаган эдики, туянинг оёғи бирдан нимагадир ботди. Абдулмутталиб қаттиқ чайқалиб, йиқилиб тушай деди. Ўзини ўнглашга уринар экан, кўзлари йилтироқ бир нарсага тушди. Қайта -қайта тикилиб қаради. Йўқ, янглишмаган эди: туянинг оёғи ботган жойдан сув қайнаб чиқарди. Сув тобора тез оқа бошлади. Ўша пайтда бутун вужудини қамраб олган хурсандлик ҳиссини ҳеч қачон таърифлаб беролмаса керак. Ўзини ерга отди. Бу орада туя ҳам оёғини ҳалиги жойдан чиқариб олди.

Энгашди. Юз қўлларини ювди, тўйиб -тўйиб сувдан ичди. Тўсатдан ҳаётга янги келгандай бўлди, қалбини чулғаб олган умидсизлик ҳисси батамом барҳам топди. Урнидан турди, ҳамроҳларини бақириб чақирди.

— Ҳой биродарлар, бу ёққа келинглар. Оллоҳ бизга сув берди.

Қулоқлар бу овозга ишонишни истамасди. Аммо ҳозир ҳазил пайти эмас эди. Қолаверса, Абдулмутталибнинг овози жонли, ишонч бағишловчи эди.

Умидсизликнинг чилпарчин бўлиши тиззаларга дармон киргизди. Турдилар, судрала судрала, Абдулмутталиб кетган томонга илгарилай бошладилар. Дарҳақиқат, у ерда сув бор эди. Тинмай оқарди. Абдулмутталиб рақибларига ҳам юзланди, уларни ҳам таклиф этди.

Туяларга сув берилди, мешлар тўлдирилди. Қайта -қайта ичдилар. Энди йўлга чиқилса ҳам бўларди. Оди ибн Навфал Абдулмутталибга ўгирилди:

—Худо ҳаққи, эй Абдулмутталиб, даъвони сен ютдинг. Ҳукм бизга қарши чиқди. Энди сен билан Замзам масаласида бошқа тортишмаймиз. Чўлнинг ўртасида бу сувни етказган Оллоҳ Замзамни ҳам сенга берганига энди шубҳамиз қолмади. Қани, энди соғ -омон Маккага қайтайлик, — деди.

—Яъни, энди қозига мурожаат қилишга ҳожат қолмадими?

— Ҳа, Маккага қайтамиз.

Маккага қайтдилар. Бу воқеа Абдулмутталибнинг обрўйини янада оширди. Қаерда эканлигини ҳеч ким билмайдиган Замзам қудуғининг ўрни кўрсатилиши, бешак ўлим кутилаётган дақиқаларда Оллоҳнинг лутфи ва карами ўлароқ сувнинг оқа бошлаши унинг маънан юксак бир одам эканлигидан далолат берарди.

Абдулмутталиб ўғли Ҳорис билан биргаликда яна Замзамни қазиб, тозалай бошлади.

Сафар чоғида содир бўлган бу воқеа оилаларда, йиғинларда баҳс этилди. Қазиш давомида даставвал Каъба хазинасига тегишли бўлган баъзи олтин ҳайкаллар, қиличлар ва зирҳлар топилди. Юқорида эслатилган Журҳум қабиласи Маккани тарк этаркан, Каъба хазинасидаги бу қимматбаҳо ашёларни ҳам Замзамга кўмиб кетган эдилар.

Бу бебаҳо буюмлар яна қурайшларнинг ҳасадини қўзғади. Қозига мурожаат қилмаганликларидан яна пушаймон бўлдилар.

— Эй Абдулмутталиб, бу ашёларга биз ҳам шерик бўлишимиз лозим.

Абдулмутталиб пешонасидан оқаётган терларни артди.

— Нега?

—Чунки бу кудук бизнинг буюк бобомизники. Бу ашёлар эса, хазинасидан қолган буюмлардир.

—Бу ерни мен қазидим. Демак, ашёлар ҳам меники бўлиши лозим. Модомики сизлар бунга карши экансизлар, муаммони куръа ташлаб ҳал қилсак, дейман.

— Қанақасига?

—Икки қуръа Каъба учун, иккитасини мен учун ва иккитасини сиз учун ташлаймиз.

Кимнинг ҳаққига нима чиқса, шуни олади. Ҳиссасига ҳеч нарса чиқмаган томон маҳрум бўлади.

—Бўпти, розимиз. Эй Абдулмутталиб, сенда инсоф бор экан.

Абдулмутталиб Каъба учун сариқ, ўзи учун қора ва қурайшлар учун оқ — иккитадаи ўқ танлади. Машҳур Ҳубал бутининг ёнига бордилар. Бутнинг хизматкорига ўқлар берилди.

Ҳамма қаттиқ ҳаяжон ичида эди. Ўқлар бир халтага солинди. Даставвал, икки кийик учун икки ўқ олинди. Иккаласи ҳам сариқ эди. Булар Каъбанинг ҳаққи эканлиги тан олинди. Сўнгра қиличлар учун бир ўқ олинди. Қора эди. Абдулмутталиб «Бу менинг ҳаққим», деди. Зирҳ учун сўнгги ўқ олиниши керак эди. Сўнгги ўқ олингач, Абдулмутталиб енгил нафас олди, кулимсиради. Бу ҳам унинг ҳиссаси эди. Қурайшлар яна қуруқ қолдилар.

Кейинроқ Абдулмутталиб олтин кийик ҳайкалларини Каъбанинг эшигига ўрнатди.

Ўзининг ҳиссасига тушган олтин буюмларни ҳам эритиб, ингичка толалар ҳолига келтирди ва Каъба эшигини ушбу олтин толалар билан қоплатди.

Ўзининг ҳиссасига шунча олтин тушгани ҳолда, уларни Каъбага сарфлагани Абдулмутталибнинг обрў эътиборини яна оширди.

Бу пайтларда Маккада бир неча қудук бор эди. Одамлар ўша қудуқларнинг сувини истеъмол қилардилар. Замзам қудуғи очилгач, бу муборак сувнинг ҳам Каъбага яқинлиги, ҳам бошқа қудуқларникидан мазалироқ бўлгани боис, ҳамма ўша сувдан ола бошлади. Аммо қанча кўп сув олинмасин, Замзам суви камаймас эди. Устига устак, бу сув буюк боболари пайғамбар Исмоил алайҳиссаломнинг аъмоли бўлишдек алоҳида фазилатга эга эди. Қурайшлар буни бошқа араблар олдида устунроқ эканликларининг белгиси деб билардилар.

Дарҳақиқат, Замзам булоғи ҳаж мавсумида келган мингларча инсонларнинг хотираларига муҳрланиб қоларди, бошқа сувларнинг олдида бу сувнинг эътибори қуллар олдида бир султоннинг эътибори каби бўлар эди. Қониб -қониб ичган киши яна ичгиси келар, ҳатто уни ичганда, сут ичгандек, тўқлик ҳис этар эди. Натижада бутун умри Маккада ўтадиган, хоҳлаган пайтида бу муборак сувдан ича оладиган кишиларга ҳавас билан қарашарди.

Ҳаж ибодатларини бажо келтириб бўлган заҳоти тўғри Замзам томонга югуришар, тўйиб -тўйиб ичишар эди. Зотан, ёндирувчи қуёш тафти ҳам инсонни мажбуран ўша томонга ундар, қайта -қайта ичишга мажбур қилар эди.

Абдулмутталиб ҳаж мавсумида ҳажга келган кишиларга ўғиллари билан биргаликда шахсан ўзи Замзам сувидан тарқатарди. Уни ичганлар неча юз йиллардан бери оти бору, ўзи йўқ бу муборак қудуқни қайта кашф қилган, ўзларига ушбу тотли сувдан икром этган кишига ҳурмат, муҳаббат ва миннатдорлик туйғулари билан қарашарди.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

БИР ҚУРБОН ЮЗ ҚУРБОН

Орадан анча йиллар ўтди. Бу йиллар Абдулмутталибнинг сочидаги оқ толаларнинг сонини тобора кўпайтириб борди. Бунга сари унга бўлган ҳурмат ва муҳаббат туйғулари ҳам ортар эди. Маккада ҳаммага сўзи ўтадиган, хотинми, эркакми, ёшми, қарими, ҳамма буюк инсон деб биладиган ягона одам у бўлиб қолди.

Шу йиллар давомида фарзандлари ҳам кўпайди. Ўнта ўғли бор эди: Ҳорис, Зубайр, Абдуллоҳ, Абу Толиб, Ҳожи, Дирор, Мукаввим, Абу Лаҳаб, Аббос, Ҳамза.

Бир куни Абдулмутталиб алам билан қўлини пешонасига урди, Замзам қудуғини қазитан кунларда қилган бир назрини эслашга мажбур бўлди. Оғир аҳволга тушиб қолганида берилган жоҳилона қарор энди уни виждон исканжасига олган эди. Нима қилишни, қандай йўл тутишни билмасди...

Ниҳоят, Абдулмутталиб қатъий қарорга келди: «Мард одам қилган назрини бажо келтиради!» деди ўзига. Болаларини атрофига тўплаб, қарорини билдирди. Ораларидан биттаси қурбон этилиши керак эди. Қалбларни ҳаяжон тўлқини ларзага солди. Ҳеч бири отасининг бу қарорини табриклай олмасди. Эътироз билдиришнинг ҳам ўрни бўлмади. Жон савдоси эди бу. Бошини қиличга тутиб бериш, ҳаётининг айни илк баҳорида, била туриб ўзини ўлим чангалига топшириш чин кўнгилдан қабул этиладиган бир иш эмас эди.

Юраклар тез -тез ура бошлаган, кўзлар ер сузади. Бошини кўтариб, атрофидагиларнинг аҳволини кўришга ҳам журъат йўқ.

Кун кутишдан фойда чиқмасди. Абдулмутталиб юришга амр этди. Олдинда ўзи, ортида бўлажак қурбонликлар — болалари Каъба томон йўл олдилар. Уйда дод -фарёд кўтариб оналар, кўз ёши тўкиб опа -сингиллар қолдилар. Болаларга айтишга бирон оғиз сўз, тасалли топилмас эди. Тилакдан бошқа чора йўқ. «Сенга бу фожиадан паноҳ тилайман, жигарим», дейишдан бошқа осон тилак йўқ эди. Лекин қайси она бир ўғлини қутқариш эвазига бошқасини оловга ташлай олади?!

Ўлим йўловчилари учун бу сафар қанча давом этди? Узоқми ёки қисқами? Йўл давомида ким нималар ҳақида ўйлади? Ўлим қуръаси менга тушсинда, акаукаларим халос бўлсин, деган биронтаси бўлдими?..

Абдулмутталиб бир оздан сўнг ғазаб ва тушкунлик ҳолатида берилган жоҳилона қарорини амалга ошириши, назрини бажо келтирмоқ учун қўлини қонга белаши керак эди. Эгниларига гард юқтиришни ҳам истамайдиган ўғилларидан бирини бўғизлаб қурбон қилиши керак эди.

Аммо сочлари оқарган, ёши анчагина ўтиб қолган чоғда билагига бундай қувват келадими ёки йўқми, билмасди.

Ниҳоят, Каъбага етиб келдилар. Каъбанинг ичига ўрнатилган Ҳубал исмли бутнинг ёнига тизилиб турдилар. Ўша ерга қўйилганидан бери бирон кимсанинг дардига дармон бўла олмаган, бу тош парчаси уларнинг келганидан ҳам бехабар эди. Тош маъбуднинг хизматчиси эса, мудҳиш бир воқеа юз берганини сезди.

—Кунинг хайрли бўлсин, эй Абдулмутталиб, — деди.

—Қурбонлик қилмоқчиман.

—Нимага? Не мақсадда?

Абдулмутталиб қисқа қилиб аҳволни тушунтирди. Ҳалиги одам ўзини йўқотиб қўйди, сўнгра:

—Сен буни қилолмайсан, эй Абдулмутталиб, — деди.

— Нега қилолмас эканман?

—Чунки сендек мулоҳазали, сендек ақли расо, бошқаларга ўрнак бўладиган бир инсон бундай жоҳилликка қандай қўл урсин?! Сен қурайшларнинг фахрисан, қурайш ўрнак олади сендан. Очларни тўйғазган, ҳатто қурт -қумурсқанинг ҳам ризқини ўйловчи бир инсонсан, ўз фарзандингни қандай қурбон қиласан?!

—Мен бир пайтлар қасам ичганман. Мард одам қасамини бузмайди!

Шу гапларни айтгач, ўғиллари томон ўгирилди: «Беринг ўқларингизни», деди.

Давоми...

Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!