Давоми...
Ўтган мақоламизда (27 – 40 бетлар)
Аммо бир етим учун берилажак озгина пул бизга етармиди. Бир қарорга кела олмаяпман. Лекин бошқа бир қарорим бор.
— Қандай қарор экан?
— Шу кўр бўлгур эшакни ўлгунча уриш.
Ҳорис:
– Эшакни урсанг, дарров бир бола олиб келиб беришларини билсам, биргалашиб урардик.
Ҳалима ўйланиб қолди:
— Ҳа, албатта, эшакни урганимиз билан ҳеч ким бизга бола келтириб бермайди.
— Етим бола учун нима берар эканлар?
— Сўрамадим. Етим эканини эшитибоқ «Кими ҳам бор эдики, бирор нарса берса», дея нари кетдим. Ўйланиб колдилар. Эшак у ёқдан-бу ёққа юриб, чўкиртакларни еб, бир амаллаб қорнини алдаб турар эди.
— Тезроқ бир қарорга келайлик, Ҳалима, шом тушай дебқолди.
— Сенинг фикринг қандай, Хорис?
— Мен аниқ бир нарса айта олмайман. Ўзинг нима хоҳласанг, шуни қил.
— Бўлмаса, мен бу етимни олсаммикан, боласиз қайтишдан уяляпман.
— Билганингни қил. Балки, бир етимни олганимиз туфайли уйимизга барака келар.
Ҳалима сўзни чўзиб ўтирмасдан ўрнидан турди ва Каъбага қараб кетди.
Абдулмутталиб кетма-кет келаётган аёллардан ҳеч бирининг неварасини эмизишга рози бўлмаётганлигидан хафа эди. Келаётган аёллар боланинг етим эканлигини эшитгач, қайтиб кетишар, ҳатто сут ҳақи қанча бўлишини ҳам сўрамас эдилар.
Балки бунда бир ҳикмат бордир, деб ўзига тасалли берарди. Аслида, боланинг етим эканлигини айтмаса ҳам бўларди. Аммо сўз бошлаши билан, худди ўргатиб қўйилгандек, боланинг етим эканлигини айтиб юборар эди. Гўё ичидан келаётган бир нидо улуғ қудрат эгасининг, бу болани фақат муносиб сут онага бериш лозим, ундан бошқаси олмаслиги керак, деган даъватини такрорлаётгандек эди.
Ҳақ масаласи, аслида, унчалик муҳим эмасди. Ҳеч ким, Абдулмутталиб сут онага етарли ҳақ бермайди, дея олмасди. Гўдакнинг отаси бўлмаса ҳам, бобоси бор эди, ахир. Бир боланинг ҳали туғилмасидан олдин отасидан ажралиб қолиши эса, бола учун айб ёки нуқсон эмас эди. Бинобарин, бола сифатида неварасининг ҳеч қандай айби йўқ эди. Кўрганларни ҳайратда қолдирадиган даражада ҳуснли эди у. Дунёнинг бутун боболари набираларига кўра бир сафга тизилса, сафнинг энг бошида, ҳа, мутлақо энг бошида Макканинг хокими, Қурайшнинг раиси Абдулмутталиб турган бўларди. Бу жихатдан Абдулмутталибга айни даражада тенг келадиган ҳеч бир шахс мавжуд эмас, мавжуд деса, ақл бовар қилмас эди.
Неварасига тикилгани сари Абдулмутталибнинг қалби бўлакча бир меҳр-муҳаббат ҳисларига тўлиб-тошар, ичи даги бир нидо: «Бу бола ўхшаши йўқ буюк инсон бўлажак», дер эди. Баъзан Абдулмутталиб Каъбанинг деворига суяниб ўйлар, кечасини кундузига қўшган бу болани бунчалик севишининг сабабини ахтарар, «Ажабо, кексалигим туфайли ирода заифлигига дучор бўлдимми?» дер, аммо бундай фикрни хазм килолмас эди. Чунки Муҳаммаддан бошқа ҳам, ўзга ўғил-қизларидан бир неча неваралари бор эди. Уларни ҳам жон-дилидан севарди. Бироқ Муҳаммадга келганда, унга бўлган севгисини тил билан таърифлашнинг сира иложи йўқ эди. Гўёки бу боладаги гўзаллик, ширинлик, кўнгилга яқинликни тиллар, ҳатто диллар таъриф этолмайдигандек.
Унинг етим экани рост, бироқ ота-онаси бор болалардан кам жойи ҳам йўқ, улар учун қанча ҳақ берилса, Муҳаммад учун хам улардан кам берилмайди. Абдулмутталибнинг хасислигини ким кўрибди? Ҳар тарафда «Яйловда инсонларни, тоғ бошларида ҳайвонларни тўйдиради», дея шуҳрат топган, дастурхонидан меҳмоннинг кети узилмаган Абдулмутталиб Муҳаммадининг сут она ҳақини беришдан қочармиди?!
Аммо келган ҳар аёл боланинг етим эканини эшитибоқ хеч нима демай қайтиб кетишларида, албатта, бир ҳикмат бордир. Эҳтимолки, улуғ Оллоҳ бу аёлларни ўзининг олий ҳукми ила орқага қайтараётгандир. Муҳаммадига лойиқ бўлган сут онанинг келиши учун куттираётгандир. Ора-сира Абдулмутталибнинг кўнгли Мавлога йўналиб:
— Оллоҳим, менинг бу етимчамга энг шафқатли, энг пок кўнгилли сут онани юбор, ярамасини орқага қайтар, дея ёлворарди.
Бу орада Ҳалиманинг қайтиб келаётганини кўриб, кўнгли жойига тушди.
– Бола қаерда?
Абдулмутталиб кулимсираганча, ўрнидан турди. — Ортимдан юр, - деди.
Ҳалима Абдулмутталибнинг орқасидан юрди.
Гўзал бир аёл:
— Хуш келдингиз, отажон, хуш келдингиз, опажон, — деб уларни кутиб олди.
Ҳалима уйга кирганида тотли бир хидни туйди. Бундай атирни у ҳеч ҳидламаган эди. Қабилада ҳар бир аёл ўзига атир сепарди, аммо бу атирни на Ҳалима, на қабиланинг бошқа аёллари билишарди.
Уйнинг бир бурчагида эмизикли гўдак ётарди. Тагига яшил ипак мато тўшалган, чақалоқ эса, оқ жун матога ўралган бўлиб, ширин уйкуда ётар эди. Таърифга сиғмас даражада чиройли эди у.
Ҳалиманинг юраги жиз этди. Малаклар каби гўзал бўлган бу чақалоқни эмизиш учун онасидан олса-ю, бироқ уни тўйдира олмаса, оч қолдирса...
Ачинарли бир ҳол эди бу. Уйда ўз боласи хурсанд бўлиб қачон тўйган эдики!.. Неча-неча ойлар давомида ўғлининг оғзига сутсиз, алдамчи маммалар кириб чиқаётганини эслаш унинг кўнглини безовта қилди-да, энди қийналиш навбати бу гўдакка келдими, деб ўйлаб, ичидан эзилди.
Шу ёшда тул қолган ёшгина хонимга қаради, кейин ота юзини кўрмасдан етим қолган чақалоққа тикилди, яна юраги жиз этди.
Абдулмутталиб бурчакдаги тахтага ўтириб:
— Қизим, бу аёл Саъд ибн Бакр қабиласидан, исми Ҳалима, — деди.
Омина келган бу аёлнинг сут она эканини фаҳмлади. Ҳалиманинг ортиқча вақти йўқ эди. Ухлаётган чақалокни кўтариб олиш учун энгашди. Шу вақт чақалоқ уйғониб, Ҳалимага боқди. Ҳалима бу нигохнинг то юрагига қадар бориб етганини ҳис қилди. Бир онда бутун вужудини шафқат ва марҳамат туйғуси қоплади. Энди ҳеч нарса бермасалар ҳам, бу болани олмасдан кета олмасди. Дугоналарининг бу болани кўрмай кетганликларини ўйларкан, севинчдан титраб кетди. Уни кўрган хар қайси сут она дарров ёпишса ёпишардики, ташлаб кетиши амри маҳол эди. Ёнига ўтирди, авайлаб қучоғига олди. Сути қуриган маммаларини чиқариб, боланинг гул куртакларига ўхшаш дудоқларига теккизгиси келди. Унг маммасини гўдакнинг оғзига тутди. Шу онда Ҳалима ҳайратга тушди, кўксида тотли бир роҳатланиш сезди. Ёкимли туйғу эди бу. Сут келаётганини билдирувчи ҳис эди бу. Дарҳақиқат, чақалоқ уни эма бошлади.
Ҳалима кўкрагининг сутга тўлганига, айникса, шундай шароитда сутга тўлганига ҳеч ақли бовар қилмасди. Ўзи каби бошқа хотинларнинг ҳам сутлари йўқ эди. Тиззаларида ётган боласи бир куни бу сутсиз маммаларига анча андармон бўлгач, очликдан йиғига тушган, Ҳалима ҳам кўзёш тўкиб унга жўр бўлган эди. Дунёга келтириб, аммо қорнини тўйдиролмаган боласи учун мўл-мўл ёш тўкканди бу кўзлар ўшанда.
Ажабо, энди ана шу маммалар сутга тўла эди. Қучоғидаги бола сутга зор бу маммадан тўйиб-тўйиб эмарди. Гўдак бир оз эмгандан сўнг Ҳалима маммасини тортди, болани яна бағрига босиб, бошқа маммани берди. Аммо чақалоқнинг дудоқлари ёпилди ва маммани эммади. Ҳар қанча уринса-да эммади. Такрор ўнг маммасини тутган эди, олди, эма бошлади.
Вақт зиқ эди, ортиқ кечикмаслик лозим эди.
— Энди мен кетишим керак, - дея болани қучоғидан қўй
маган ҳолда, урнидан турди. Абдулмутталиб:
— Боламни оласанми, эй Ҳалима, — деди.
— Оламан. Энди у менинг болам.
— Жуда яхши. Фақат шуни яхши билгинки, биз боламизнинг сут ҳақини бошқа оилалар берадиган ҳақдан кам бермаймиз. Ортиқчароқ беришга ҳаракат қиламиз. Умидвормизки, боламнинг ҳурматига хонадонингизга баракот ёғади. Фақат, сендан илтимосимиз, боламга ўз фарзандинг каби яхши қара.
Ҳалима Оминага каради. Ҳар бир она каби, боласидан айрилиш ғами унинг ҳам юзидан билиниб турар, кўнглини тўлдирган кадарга кўзларидан оқаётган ёшлар эш бўлаётган эди. Боласини сўнгги марта бағрига босиб, ҳидлагач, гул юзларидан тўйиб ўпгач, Ҳалиманинг қўлига тутаркан, «болам», дея ингранди. Ҳалиманинг ҳам кўзлари ёшланди. Биргина фарзандидан, туғилмасдан бурун етим қолган боласидан айрилмоқ осонми? Бу онага тасалли бериш лозим эди.
— Хавотир олма, синглим, унга ўз боламдай қарайман,
менга ишонавер, — деди Ҳалима.
Эшикдан чиқар экан, тўхтади. Оминага қараб:
— У атирдан менга ҳам бир оз бер!
— Кайси атирдан?
— Болангга сепган атирдан. Қасам ичаманки, бундай ҳидни хали Саъд ибн Бакр қабиласидагилар хидламаганлар. Берсанг, сепиб, ҳидлаб юрардим.
Омина кўзларига келган бир-икки томчи ёшни яшириб ўтирмади, ҳафиф ғамгин товуш-ла:
— У менинг боламнинг ҳидидир. Унга атир сепмасангиз ҳам бўлади, — деди ва энди ойлаб кўролмайдиган боласини такрор ҳидлаб: — Хайр бўлмаса, сизларни Оллоҳга омонат этдим, — деди.
Ҳорис Ҳалимани кузатгач, ёнида қолган Абдуллоҳни овутмоқ учун хаёлига келган ҳар чорани қўллаб кўрди. Аммо қорни оч болани сутдан бошқа ҳеч нарса билан тинчитиб бўлмаслигини жуда яхши биларди. Яна шуни ҳам яхши билардики, Ҳалиманинг маммаларидаги ёлғиз Абдуллоҳга етмаётган сут энди икки болани оч қолдириши аник эди. У шўрлик боланинг етимлиги етмагандек, уни яна очлик ҳам кутмокда ва бир дард икки бўлиши турган гап эди. Ҳаммасига сабаб — йўқчилик, қурғоқчилик. Бу икки сабаб бир бўлиб, ўғлини тўйдиришдан ожиз бўлган бир аёлни эмизишга бола қидиришга мажбур қилди. Авваллари саҳарга қадар бир боланинг фарёди ила уйғонган оила, энди уйқудан тамоман воз кечадиган бўлди, бошларига тор келган дунё мукаммал бир зиндон ҳолига айланадиган бўлди.
Қуёш ботмоқ учун уфққа нарвон қўйган ҳам эдики, Ҳалима бола қучоқлаган ҳолда қайтиб келди. Юзида мамнунлик аломатлари бор эди. Ҳорис бу мамнуниятни савдонинг яхши бўлганлигидан деб билди.
— Хурсанд кўринасан, Ҳалима?
— Ҳа, хурсандман. Чунки гул юзли бир бола билан келяпман.
Ҳорис «гул юзли бўлиш қорин тўйдирмайди-ку», дегандек бокди, аммо...
— Аввал болани бир кўр-чи, — деди Ҳалима ва гўдакнинг юзини очди. Йўргакда ётган чақалоқнинг ҳақиқатан бир бола эканлигига кўзлари ишонмади Ҳориснинг. Таърифга сиғмайдиган даражада тотли бир бўй тараларди ундан. Ҳалима ўтирди. Унг мамма яна Муҳаммаднинг гул дудокларига ўрнашди, чап мамма Абдуллоҳга берилди. Абдуллоҳ илк эмишдаёқ оғзини тўлдирган ва туғилганидан бери ўзи зор бўлган она сутини тўйиб-тўйиб эма бошлади. Кўп ўтмай, иккала бола ҳам уйқуга кетдилар. Ҳорис кўриб ишонмаган бу ҳолни ҳайрат-ла томоша қиларди. Абдуллоҳни ва бу гўдакни тўйдираётган бу қадар мўл сут қаердан келаётир?
Энди навбат ўзларига келди. Ҳар бир оила сингари улар ҳам туяларини соғиб сутини ичишга мажбур эдилар. Бир нажот булиб қолар деган ниятда елини қуриб- қақшаган туяга якинлашдилар. Туя эмчаклари сутга тўла эди. Туяда меъёридан ортиқ даражада сут бор эди. Ҳолбуки, Ҳорис бу қадар сутни ўнгида эмас, тушида кўрса ҳам рози эди.
Ойлар мобайнида уйқуга тўймаган оила аъзолари бугун биринчи марта бемалол ухладилар. Абдуллоҳ илк маротаба йиғламасдан ухлади. Ҳалима уйкусини бўлмасдан эрталабгача ухлашнинг мазасини биринчи марта тотди. Эрталаб туясининг мўл-кўл сут берганини кўриб, Ҳорис бунинг шунчаки бир тасодиф эмаслигини фахмлади:
– Ҳалима, жуда муборак, барака келтирувчи бир бола олиб келдинг-да оиламизга, — деди.
Қисқа муддатли олди-бердидан сўнг Бани Саъд қабиласи орқага қайтди. Ҳалиманинг эшаги яна қийнайдиганга ўхшарди. Аммо бу дафъа чопқиллаб олдинга тушди, қабила халқи оркада колиб кета бошлади. Қабила аёллари бу сафар Ҳалимага караб кичкирдилар: – Бошингга раҳмат ёғсин, Ҳалима, сал секинроқ юр.
Ҳалима дугоналаридан айрилишни истамасди. Бироқ эшак тўхтамасликка жазм қилгандек эди. Ҳорис эшакнинг ипини тортиб туриб, олдига ўтди ва тўхтатди. Ҳамрохлари етиб келгач, қўйиб юборилган эшак яна чопқиллаб, ҳаммадан ўзиб кета бошлади.
— Ҳорис, бу кечаги эшак эмас, шекилли! — дедилар қабиладошлари.
— Уша, кечаги эшагимиз,- деди Ҳорис.
– Жоним, кеча сизларни йўлларда хуноб қилган эшак бугун пойгага чиқмагандир. Қарагин, пойгада чопаётгандек.
– Отамнинг боши ҳаққи айтаманки, бу кечаги эшакдир.
Бириси сўзга аралашди:
— Ҳа, билиб турибмиз, кечаги эшак. Бироқ бугун бошқача бўлиб қолибди.
Бани Саъд қабиласининг ерлари кўпдан бери сувсиз, қурғоқ эди. Мол-ҳол ейишга ўт тополмасди. Қўй ва туялар яйловга оч кетса, яйловдан яна оч қайтарди. Қоринлари бўм-бўш, маммалари қуп-қуруқ эди. Ҳалиманинг моллари эса, ҳам қоринлари тўқ, ҳам елинлари сутга тўлиб қайта бошлади. Ҳалималар хонадонига барака кирган эди. Қабила халқи ҳам буни сезди. Ҳамма, шу қатори болалар ҳам, Муҳаммаднинг келишидан мамнун эдилар.
— Бизнинг молларимизни ҳам Ҳалиманинг моллари ўтлайдиган жойда ўтлатинглар, — дейишарди улар.
Чўпонлар: — Ҳаммасини бир жойда ўтлатяпмиз. Биргалашиб олиб бориб, бирга олиб қайтяпмиз. Аммо нима бўлаётганини тушунолмаяпмиз. Уларнинг ҳайвонлари тўйиб, тўқ қайтяпти, бизники оч қайтяпти. Ҳайвонларнинг ўт емасдан тўйиб қолиши, емиш емасдан туриб сут бериши ақл бовар қилмай диган сирлигича қолаётир...
Ҳалима баъзан билиб туриб, баъзан ёдидан чиқариб, Абдуллоҳ эмадиган чап маммасини Муҳаммадга тутса, Муҳаммаднинг гул дудоклари дарҳол ёпилар, «Биродаримнинг ҳақини эмолмайман, менга ўз маммамни бер», дегандек бўлиб, севимли юзини у ёққа-бу ёққа олиб қочар эди. Бундан ташқари Ҳалима Муҳаммаднинг тагини булғаб қўйганлигини, бирор марта бўлсин, кўрмади. Келган кунларидан бери икки чақалоқ ҳам эрталабгача ухлар, она, ота ва бошқалар безовта бўлишмас кечалари болалари йиғлашмас эди. Жаноби Мавло Муҳаммаднинг безовта бўлмаслиги учун Абдуллоҳнинг бешигини малакларга тебраттираётгандек эди.
— Ҳалима қиз, кандай хушбўй ҳид келяпти-я, валлоҳи, бу чакалокда бир гап бор, — дейишарди одамлар. Ўша куни Маккага бола олгани биргалашиб борганлар Абдулмутталибнинг набирасини етим деб олмаганлари учун минг пушаймон бўлишар эди.
Кунлар Ҳалиманинг саодатли кунлари ўлароқ ўта бошлади.
Муҳаммад комил инсон бўлиб вояга етаётган эди. Сакқиз ойлигидаёқ гапира бошлади, бир ой кейин эса, бемалол гаплашадиган бўлди. Икки ёшдан ўтгач, сутдан чиқиб, соғлом кучли бир бола бўлди. Энди онасининг бағрига қайтиш вақти келган эди. Бир куни эрталаб биродари Абдуллох, опаси Шайма, дўстлари билан хайрлашди ва Саъд ибн Бакр қабиласи юртидан айрилди. Ҳалима ва Ҳорис билан бирга Маккага равона бўлдилар. Онаси, бобосига етишиш пайти келган эди. Ортидан унга қўл силкиб кузатаётган қардошларининг кўзлари ёшли эди.
Оминанинг ўғлига етишиши ўта ҳазин бир манзара эди. Икки ойлигидаёқ ажрашган боласининг ҳасрати анча йиғилиб қолган эди. Ҳалима ва Ҳорис унинг икки йил мобайнида кечирган умрини, бошларидан ўтган ғаройиб ҳодисаларни айтиб бердилар. Ҳартомонлама мамнун эдилар. Муҳаммаднинг ҳар куни тинч ухлагани, ётоғининг доим тозалиги, сут онаси ва отасини асло хафа қилмагани, қардошлари билан сира уришмаганлигини Оминага батафсил ҳикоя қилиб бердилар.
– Биз Мухаммадни ўз ўғлимиздек тарбияладик, бағримизга босдик, севдик, — дедилар. Чунки у ташриф буюргач, уйимизга барака ёғди, юзимизга қон югурди, болаларимизнинг, мол- ҳолларимизнинг қорни тўйди. Хонадонимизда доимо тотувлик хукм сурди, ҳузур-ҳаловатга эришдик. Биламизки, сиз унинг ҳақиқий онасисиз. Бундан кейин Муҳаммад ёнингизда қолади. Аммо бизни ўйлантириб қўйган, ҳатто қўрқитаётган бир нарса бор...
— Нима экан у? – деб сўради Омина.
— Макка вабоси...
Оминанинг кўзлари толди. Ҳақиқатан ҳам шу кунларда Маккада вабо иллати туфайли кўп одамлар, айниқса, ёш болалар қирилиб кетаётган эди. Бу вабо Муҳаммадга ҳам юқиши эҳтимоли бор эди. Вабо - олди олинмас ўлим бўрони, бутун Макка кўчаларида қаттиқ эсмокда, истаган эшикдан кириб, дуч келганни йиқитмоқда. Ҳеч кимнинг кўзёшига қарамаётир. Ҳар куни, хар кўчада бир ўлим. Вабо бўрони Абдулмутталиблар эшигини қачон тақиллатишини, бу оила қачон қурбон беришини ҳеч ким билмайди. Бир тарафда, дунёнинг ягона инжуси Муҳаммад, бошқа тарафда, ўт ўргандай инсонни ўраётган вабо...
– Болам шу ерда қолсин...
Ушбу сўзни айта олмади Омина. Билиб туриб жигарпорасини таҳликанинг қучоғига отишга рози қилолмади кўнглини. Чорасиз эди. Ҳасратига чидамоқ, соғ қолса, бу бало даф бўлгач, кўришмоқ умидида яна кайтиб Ҳалима билан кетишга руҳсат берди.
Бироқ икки йиллик чеккан хасратини ўғлини фақатгина бир неча соат кўриш билан аритиб бўлмади. Омина ўғлининг устидаги кўйлагини ечди. Янгисини кийдирди. Асл мақсади унинг ҳиди, терлари сингган бу кўйлакни олиб қолиб, ҳидлаб юриш, ҳасратини кеткизишга ҳаракат қилиш, уйкусиз тунларида оққан кўз ёшларини бу кўйлак ила ар тиш эди.
Айрилиқ вақти келганда, боласига:
— Хайр, соғ-омон етиб бор, сени Оллоҳга омонат этдим, — деди-да, кўзлари ёшланди.
Ҳалиманинг қўлидан ушлаганча, орқасига қайрилиб -қайрилиб қараб кетаётган боласига тикилиб қолди. Кўнгли унинг орқасидан кетаётгандек эди. Улар кўздан ғойиб бўлгач, хонасига кирди, йиғлади, тўйиб-тўйиб, бўзлаб-бўзлаб йиғлади. Орадан кўп вақт ўтмай, қўшни хонадондан юксалган бир фарёд Макка вабосининг яна бир очиқ эшик топганини, яна бир қурбон олганини, бир ҳаёт шамини ўчирганини билдирди. Қалби орзиқди. Ҳар нарсага кодир бўлган буюк қудрат соҳибига дуолар қилди, ниёзлар атади. Боласи билан яна қайта кўришиш тилагини кўзёшларига йўғириб, Яратувчига ҳавола этди.
Абдулмутталиб набирасини кўриб, кўзларига ишонмади Икки йилда бундай бақувват, келишган бола бўлишини ўйламаган эди. Аммо том ўйлаганидек, невараси гўзал эди. Айни чоқда, келиши билан кетиши бир бўлган Муҳаммадидан айрилаётганидан дили қоронғи эди. Ҳалималарга етарли даражада ҳақ берилди. Вахоланки, Халима бутунлай ҳақ олмасликка ҳам рози эди, чунки у ҳақини ҳар куни олаётган эди.
Ҳалима хонадонининг баракаси ила қайтгач, уйда ҳамма хурсанд бўлди. Онаси, буваси билан бир кунгина бирга бўлиб, сўнгра айрилиқ оқибатида шодлик ва қайғуни бир вақтнинг ўзида ҳис қилган Муҳаммад ҳам икки йил бирга ўйнаб- кулган оғайниларига қўшилиб, уларнинг қучоғига отилди.
Ҳалима билан Ҳорис бу болага кўп қарздор бўлиб қолганларини, унга янада мустаҳкамроқ боғланганликларини ҳис этдилар, уйларининг асл устуни шу бола эканини яна бир карра англадилар.
Орадан бир муддат вақт ўтди. Бир куни Абдуллоҳ шошилиб уйга кирди. Нихоятда хаяжонланган, юзида қўрқув шарпаси бор эди.
— Икки одам келиб қурайшлик биродаримни ушлаб олиб ётқиздилар-да, кўксини ёрдилар, дея олди базур. Халима девоналарча урнидан сакраб турди. Ҳорис ташқарига отилди. Шайма хам оркаларидан югурди. «Қурайшлик биродар» унинг орқа тарафида юзи сўлғин ҳолда тик турарди. Ҳалима борасолиб уни бағрига босди:
— Нима бўлди, болам, нега гул юзинг сўлғин? Боланинг жавоби ҳам қўрқитди, ҳам ўйлантириб қўйди:
— Оқ кийимли икки одам келди. Мени ерга ётқизиб, кўксимни ёрдилар, кўксимдан бир нарсаларни чиқардилар. «Мана бу шайтоннинг насибаси бўлади», деб нарига отдилар. Бири сув келтириб, юрагимни ўша сув билан ювди, кейин кўксимни беркитдилар.
Ҳалима бу сўзларни эшитар экан, ёқасини тутди. Ҳеч ким бу боланинг ёлғон сўзлашини хаёлига ҳам келтира олмасди. Аммо унинг на устида, на турган жойида қон излари бор эди.
— Қаерда бўлди бу воқеа, ўғлим?
— Худди шу ерда!
Ҳалима яна атрофни каради. Ҳеч нарсадан ном-нишон йўқ: на қон, на сув, на «шайтоннинг насибаси» деб отилган нарса!
— Болам, балки туш кўргандирсан, ухлаётган эдингми? - Йўқ, ухламаётган эдим, лекин бу туш ҳам эмас, хаёл ҳам эмас.
Ҳалима Абдуллоҳга қаради:
— Сенга ким айтди буларни?
— Ҳеч ким айтмади. Мен ўзим кўрдим, икковининг ҳам
кийими оқ эди.
Ҳорис:
— Кўксингни оч, кўрайин-чи, — деди. Муҳаммад кўксини очди. Билинар- билинмас чизиқнинг борлиги маълум бўлди.
— Қани, қаерга кетди у одамлар?
— Бирдан ғойиб бўлдилар. Ҳалиманинг боши эгилди. Ҳорис ҳам бирор нима дея олмади.
Бу ҳодиса Ҳалимани ҳам, Ҳорисни хам хийлагина довдиратиб қўйди. Ҳалима оқшомга қадар ичига чироқ ёкса ёришмай, кўзлари ғамли, ўй босиб юрди. Ҳориснинг ҳам боши эгик эди. Ҳаётлари гулдек яшнаб кечаётган пайтда бирданига бундай ходисанинг содир бўлиши кўнгилга хуш ёқадиган нарса эмас эди.
Ҳалима кечгача қурайшлик боласини пойлади, бирор ўзгариш кўра оламанми, дея кузатди. У ўтган воқеанинг оқибати зарарли бўлиб чикишидан қўрқарди. Аммо Муҳаммаднинг хатти - ҳаракатлари ҳам, гап-сўзлари ҳам одатдагидек эди. Ҳамишагидек ширин-ширин сўзлашар, кулар эди. Лекин Ҳалиманинг ичига қурт тушган эди. Мабодо яна ўшандай ҳол рўй бериб, бошига бирор фалокат келса, нима бўлади? Дардини Ҳорисга айтди. Ҳорис хам шундай қўрқув ичида кўнгли безовта эканлигини билдирди. Биргалашиб гаплашдилар, маслаҳатлашдилар. Барча мулоҳазалар болани ҳеч бир зиён-заҳмат етказмасдан онаси ва бувасининг қўлига топширишга бориб тақалар эди. Ҳолбуки, Муҳаммад бу хонадоннинг саодат устуни, баракот манбаи эди. Қурғоқчилик, очлик шиддат билан Саъд ибн Бакр қабиласини забтига олар экан, шу боланинг ҳурмати учун бу оилага барака ёғилар, ўзлари сезмаганлари ҳолда тўқчилик, фаровонлик ичида яшар эдилар.
У кетса нима бўлади? Туялар яна ҳозиргидек мўл-кўл сут бераверадими? Одамни хурсанд қиладиган даражада фаровонлик бўлаверармикан?..
Кўзларда ёш, юзларга хафалик соя солган ҳолда бир қарорга келдилар: Муҳаммад уйига олиб борилади, онасига топширилади. Бу қарорни эшитганлари заҳоти Шайма билан Абдуллоҳ юрак- бағирлари орзиқиб кетганлигини ҳис қилдилар. Кичкина Абдуллоҳ ҳатто:
— Курайшлик биродар кетса, ҳамма нарсанинг ҳам мазаси кетади! — деб юборди.
Ҳалима туни бўйи Муҳаммаднинг бошига бир неча марта келди, бу уйда сўнгги тунини ўтказиб, бемалол ухлаётган боланинг ёнига тиз чўкди. Унинг мушк-анбар бўйи таралиб турган нафасини тўйиб-тўйиб искади.
Энди бундан буён бу хонада бундай ҳид таралмайди.
Уни эмизиш учун ҳар қучоғига олганида, ҳар кўксига босганида кўнгли жаннат боғларида юргандек ҳисларга тўлар эди. Бу гул юзли боланинг тағин оч қолишини, тағин келиб кўксини искалашини ҳар дафъа алоҳида бир соғинч билан кутарди. Маммасини унинг оғзига тутар экан, кўпинча севинчдан ҳаяжонланиб титрарди. У эмар экан, атрофини фаришталар ўраб олар ёхуд ўзи нурлар оламига ғарқ бўлар, руҳи ақл бовар қилмайдиган юксакликларда парвоз этар эди...
Ажабо, келажакда унинг буюк инсон бўлиб етишганини бутун олам билганида Ҳалима ҳаёт бўлармикан? Унинг атрофини ўраб олган бу деворлар мушк-анбар сепилгандай тотли бир ҳидга энди бурканмайди. Анча вақтлар ўтгандан кейин ҳам уйдаги ҳиднинг қандай ҳид эканини сўраган хотинларга Ҳалима:
— Бу Муҳаммаднинг ҳиди, — деб жавоб берарди. Аёллар эса:
– Алжирама, Муҳаммад йўқ-ку бу ерда? – дейишарди.
Аммо Ҳалима ёлғон гапирмас эди. Муҳаммаднинг нафаси, кийган либоси, ҳатто унинг қўли теккан бола соатлаб гуллар каби бўй таратарди. Муҳаммад қайси бола билан ўйнаган бўлса, ўша бола билан гаплашганлар:
— Сен бугун Муҳаммад билан ўйнабсан-да, — дердилар. Ҳатто кўр одам ҳам ёнига яқинлашган боланинг қурайшлик Муҳаммад эканини пайқарди. Бу ҳид Ҳазрати Одамдан бери дунёга келган ва қиёматгача оламга келадиган инсонлар ичида фақат ва фақат унгагина хос эди...
Ҳалима ўша тун тонггача ухлаёлмай, кўп маротаба уйғониб кетаверди. Ҳар уйғонганида, келиб Муҳаммадни ҳидларди. Ҳар сафар ичи орзиқиб-орзиқиб кетарди, ҳар дафъа ичида бир нималар ўпирилиб кетганини ҳис қиларди.
Ҳалима бу кечанинг узайиб кетишини, қуёшнинг секин чиқишини, кечанинг бу қимматли меҳмони бу уйни яна бир оз муддат обод қилишини истарди. Уни уйида меҳмон қилиш завқини Ҳалима яна бир оз тотсин, ахир.
Аммо, аксинча, тун тез тугаб бораётгандек эди. Хўрозлар қуёшнинг чиқишга ҳозирлик кўраётганидан хабар бера бошлаган эди. Ортиқ ёта олмади. Боласининг ёнига ўтирди. Айрилиқнинг яқинлашганини ҳис қилган кўзларидан ёш томчилари тўкила бошлади.
Хўрозлар қичқира бошлади. Ҳалиманинг дарди уларга бегона эди. Тўхтамай, кетма-кет қичқиришарди. Бу овозлар ширин уйқуда ётган гўдакнинг оромини бузди. У кўзларини очди, қараса, тепасида энагаси ўтирибди, икки қўлини чўзиб унга талпинаркан, хиёл кулимсираб, «Онажон!» деди. Халима ортиқ чидай олмади:
— Гул юзли, ширин сўзли болагинам, — дея бағрига босди ва ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Онажон, нега йиғлаяпсиз?
— Чунки бугун Маккага туққан онангнинг олдига кетасан, ажралишамиз, жигарим. Аммо сендан ажралиш мен учун шу қадар оғирки...
Ўрнидан турди, кийинди, йўлга ҳозирлик кўрилди, ака укалар ўпишиб хайрлашдилар. Қари, кулранг эшак хизматга ҳозирланди. Йўлга чиқдилар. Силкинаётган қўллар, ёшланган кўзлар ортда қола бошлади.
— Тез-тез келиб тур, Муҳаммад.
— Сени жуда ҳам соғинамиз, ҳеч унутмаймиз, эй қурайшлик кардош!
Бу овозлар анчагача эшитилиб турди. Ниҳоят, овозлар эшитилмай, силкинаётган қўллар кўринмай қолди. Бир оздан сўнг бир тепаликдан ошилгач, Саъд ибн Бакр қабиласи ҳам кўринмай қолди.
Муҳаммад бутунлайга кетаётган эди. Лекин коинот қадар теран бир поклик ва самимийлик тўла қалбида бу қардошларга вафодорлик ва меҳр-муҳаббат билан йўғрилган туйғулар ҳамиша топилар эди.
Макканинг юқори маҳалласига етиб келганларида, Ҳалима бир муҳим иш юзасидан вақтинча Муҳаммадни ёлғиз қолдириб кетди. Ишини битириб кайтиб келганида Муҳаммадни қолдириб кетган жойидан топа олмади. Чапга, ўнгга қайрилди, кўринмади. Тумонат одам орасида ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа югуриб қидирди. Сўнгра бирданига қўлини пешонасига қўйиб:
— Худо кўрсатмасин... - дея инграб юборди. Бир дақиқагина кўринган ва тушуниксиз ғалати ишларни қилиб ғойиб бўлган у икки бегона киши яна келган бўлса-чи? Агар шундай бўлса, Ҳалиманинг қўлидан ҳеч нима келмасди.
Қаердан келгани, қаерга кетгани номаълум, бир дақиқагина кўриниб, сўнгра ғойиб бўлган мавжудотларга кимнинг ҳам кучи етарди?
Яна болани қолдириб кетган жойига қайтиб келди. Ҳеч зот кўринмасди.
— Болажонимни кўрмадингизми?
— Қанақа эди боланг?
— Дунёдаги энг гўзал бола эди.
— Йўқ, кўрмадик.
Яна у ёқдан-бу ёққа югура бошлади. Ҳалима узоқлашиб кетгач, ҳалиги аёллардан бири иккинчисига:
— Ўғил одатда ота-онага тортади. Бу онадан шу қадар чиройли бола туғилишига ақлим етмайди, — деди.
— Ҳар бир она учун ўз фарзанди дунёдаги энг ширин, энг гўзал бола бўлиб кўринади, сингилжон, — деди унга иккинчиси.
Абдулмутталиб Каъбанинг соясида, аср тушиб кун салқинлаша бошлагунча дам олгандан кейин оғир-оғир қадамлар ташлаб уйи томон йўл олди. Шундайгина дарвозаси олдига етганида, жонҳолатда югуриб келаётган бир хотинни кўриб қолди. Бирон ташвиш уни шу аҳволга солгани аён эди. Макканинг оқсоқоли ўлароқ ҳар бир одамнинг дардини тинглаш унинг вазифаси эди. Аёл ҳам ўз навбатида уни узоқдан кўрибоқ таниган эди.
— Тўхтаб туринг, эй Абдулмутталиб! — деб бақирди. Қаттиқ саросимада эди у. Бу аёл Абдулмутталибнинг кўзига таниш кўринди. Ёнига етиб келгач:
— Мен Ҳалимаман, — деди.
— Танидим, неварам қаерда? — деб сўради Абдулмутталиб.
— Уни қидириб юрибман.
Абдулмутталиб эсанкираб қолди, бир қўли билан деворга суянар экан:
— Нималар деяпсан ўзи? — деди.