Найти тему
Типичный узбек

Саодат асри қиссалари (1 - китоб, 27 - 40 бетлар)

Оглавление

Давоми...

Ўтган мақоламизда (17 - 26 бетлар)

— Водийда инсонлар, тоғларда йиртқич қушлар сенинг дастурхонингдан овқатланишини. 

— Қўй уларни, Унайс, ўзингдан гапир, ўша куни нима бўлди?

— У куни... Ҳа, у куни момақалдироқ гулдирагандек, чақмоқ чаққандек бўлди. Нима ходиса юз берганини билолмай колдик. Лашкаримизга, куч- қудратимизга ишонган эдик. Каъбани бузишга, йўлимизни тўсганларни қириб ташлашимизга мутлақо ишонардик. Ҳеч кандай куч-қудрат бизни тўхтата олмайди деб ўйлаган эдик. Оллоҳ бизни шу кичкина қушлар отган кичик тошлар билан йўқ қилиб қўяқолди. Ўзимизни дунёнинг ҳокими деб ўйлардик, аммо кўз очиб-юмгунча, ўрилган буғдой боғлари каби саҳрога ётқизиб ташландик. Унайс охирги луқмани ютаркан, сўзида давом этди:

— Фил ўрнидан турмаганидаёқ бу ишда бир ҳикмат борлигини тушунган эдим. Ушанда: «Кайтишингиз керак. Фил ўзича ётгани йўқ», деган овозни эшитгандек бўлавердим. Орқага, ўнгга, чапга юриб, аммо Макка томонга ҳеч юрмаганидан кейин бу ҳол кўринмас бир Кучнинг иши эканини, у Қудрат бизни энди ўз ҳолимизга қўймаслигини аниқ билдим. Буни Абраҳага айтмоқчи эдим. Аммо у пайт у осмонларда юрган эди. Ҳеч кимнинг сўзини эшитмас, ҳеч гап қулоғига кирмас бир ҳолда эди. Зотан, орадан кўп вақт ўтмади ҳам. Қушлар етиб келди...

— Абраҳага нима бўлди?

— Абраҳани охирги марта оти ерда думалаб ётганида кўрдим. Эгаридан тушасолиб қочиб бораётган эди. Орқасидан: «Йигит бўлсанг, қочма, Абраҳа, бошимизга бу балони сен келтирдинг, лаънати!» деб бақирдим. Оёқларимда туролмасдим. У ҳам ерга чўкди. Энг охирги кўрган манзарам ўша бўлди, қолганини билмайман. Бирдан дунё қоронғилашди. Кейин билсам, кўзларимдан айрилиб қолган экан ман. Ундан кейин ким нима бўлди, нима йўқ — кўрмадим ҳам, билмадим ҳам. Чунки ҳамма ўз жонини сақлаш дардида ҳар тарафга қочар, фарёд қилар эди. Бирон киши бошқа бирини ўйлайдиган замон эмас эди. Ора-сира Абраҳага ёғилаётган лаънатлар эшитиларди. Мен ҳам жўр бўлиб лаънатлашга киришдим. Аммо бақир- чақирларимизнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ эди... Сўнгра судралиб-судралиб, қаерга кетаётганимни ҳам билолмай, у лаънати майдондан узоқлашдим. Мана, кўриб турганингдек, энди кунимни тиланчилик билан ўтказяпман.

— Филга нима бўлди? 

— Филга нима бўлганини сира билмайман. Шундан кейин Унайс ўрнидан турди:

— Оллоҳнинг ҳимоясида эканларингга аминман. Бу Байт ҳам ҳеч шубҳасиз Оллоҳнинг уйидир, – деди-да, хайрлашиб кетди.

— Яна кел, кутамиз, эй Унайс, истаган вақтингда келавер, — деб қолди Абдулмутталиб унинг орқасидан.

«Фил воқеаси»дан тахминан 50 ё 55 кун ўтиб⁸ тижорат мақсадида Маккага борган бир яхудий олими ғалати ҳолга тушди. Ниҳоят, ёнидаги Ҳишом, Валид ва Утбага қараб:

— Бу тунда орангизда бир бола туғилдими? – деб сўради. 

Ҳеч кутилмаган гап эди бу. Томдан тараша тушгандек маъносиз бир савол эди. Ҳишом ҳайрон бўлиб:

— Нималар деяпсан? - деди.

— Нима деяётганимни кейин тушуниб оласизлар. Менга

жавоб беринглар: бу кеча орангизда бир бола туғилдими? 

— Биз бола туғмаймиз.

— Устимдан кулманглар...

— Устингдан кулаётганимиз йўқ. Бирок бу аҳволингда сен бирпасдан кейин ўзинг хам туғворасан-ов. 

– Яна мени мазах қилаётибсан, Ҳишом!

Валид гапга аралашди:

— Сен ўзинг мазахлашга арзийдиган гап қиляпсан-да. Бу кеча бола туғилгани ё туғилмагани билан нима ишимиз бор, кунда бўлмаса кунида қаердадир кимдир туғилади-да. Бир камимиз «Бу кеча ким бола туғди?» деб бутун Макка водийларини кезиб чиқишимиз қолувди.

Лот ва Уззо ҳаққи, сен ўзинг бизни устингдан кулишга мажбурлаяпсан. Биронта жиддий гапинг бўлса, айт, эшитайлик.

— Бу тунда бир юлдуз пайдо бўлди, шунга айтаётувдим, — деди яхудий.

Утба қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди:

— Сенга ўзи бир нарса бўлиб қопти: юлдуз дегани ҳар кеча чиқади, ҳар кундузи ўчади – бунинг нимаси ҳайрон қоларлик? - деди-да, олдида турган қадаҳ тўла шаробни яхудийнинг башарасига сепиб юборди. Сўнгра хизматкорини чақириб: Дарров икки челак сув келтир. Бу жуҳуд ҳали-вери ўзига келмайди, шекилли, — деди.

Яхудий йиғламоқдан бери бўлиб турарди. Юзидан шароб юқини артар экан, ҳали ҳам билганидан қолмаётган эди: — Сизлар гапимга эътибор қилмаяпсизлар, ҳолбуки... —

дея бошлаган эди, маст Валид унинг олдига келиб, бошидан ушлади ва тепага қаратиб: — ...ҳолбуки, осмонда бир юлдуз пайдо бўлди, шундайми? - деди кулиб. — Утба, кел, шу одамнинг кўзи қинидан

чиқиб кетгунича йир, бирма-бир юлдузларни санасин-чи... Уч киши ширакайф холда яхудийни роса мазах қилардилар. Лекин яҳудийнинг оғзидан фақат ўша сўз чиқарди. Амаллаб бошини Валиднинг қўлидан ажратгач, яна:

— Бу кеча бир юлдуз пайдо бўлди, деяпман сизларга, Аҳмаднинг юлдузи! Тушуняпсизларми?! Оллоҳнинг охирги пайғамбарининг юлдузи! Бу кеча пайғамбар туғилган бўлиши керак шаҳарларингда. Барча муқаддас нарсалар ҳаққи қасам ичаман, у Оллоҳнинг энг сўнгги пайғамбаридир! Энди Исроил қавмидан пайғамбарлик кетди. Қўлларидан китоб ҳам кетди. Яҳудий олимларининг қадри-эътибори қолмади энди. Бу уларнинг адо бўлгани демакдир. Араблар бу пайғамбар туфайли жаҳолатдан халос бўлади. Эй қурайшликлар, севининглар, энди, Валлоҳи (Оллоҳга қасам), сизлар бутун дунёга эришмокдек шарафга эга бўласизлар! — деб ўрнидан шартта турди-да, шерикларининг жавобини ҳам кутмасдан чиқиб кетди.

Макканинг тор кўчаларида уйига бораётган чол, ёнидан ўтиб кетган бир яҳудийнинг «Бу кеча Аҳмаднинг юлдузи туғилди! Бу кеча Аҳмаднинг юлдузи порлади! Биз хароб бўлдик!...» деган сўзларини эшитиб, оркасидан «Тен- так» деб қўйди.

Нур юзли Омина теварагида нималар содир бўлаётганини англамоқ учун ўнг-сўлига қараб қўяр, яқинларининг кўзларига жавдирар, ора-сира осмонга ҳам боқар, ҳайронлиги ортар эди. Чунки айтганимиздек, мана, неча ойдир хомиладор эди, аммо оғироёқликнинг биронта азобини тортмасди. Ҳайронлиги шундан. Кунлар, ойлар ўтган сари ҳали қорнидалигидаёк етим қолган боласини ўйлаб, қачон кўрар эканман, қачон қўлимга олар эканман, деган бир томондан соғинчли, иккинчи томондан хавотирли туйғулар оғушида ҳаяжонланиб яшаб келарди. Қорнидаги боланинг отаси Абдуллоҳ вафот этганига бир неча ой бўлган. Шомга⁹ савдо учун кетиб, қайтишда Ясрибда тоғаларининг олдида ўлган эди. Абдулмутталиб оиласи унинг ўлимига аза тутиб, кўп вақт кўз ёши тўкди, Макка халқи ҳам бу навқирон йигитнинг ёш ўлимидан анча қайғурди. Айниқса, ёш келинчак Омина ўлган эрига кўп йиғлади, мунгли шеърлар ёзди, туғилажак боласини кўролмай оламдан ўтган Абдуллоҳ шаънига марсиялар битди. Бундан бу ёғи, эсон-омон туғилиб олса, фақатгина боласи билан овунишни ўйларди. Бу бола Оминанинг илк ҳомиласи бўлгани учун кўп нарса унга қоронғи, тажрибали аёллардан майда-чуйда нарсани ҳам сўрайверар эди. Ҳомилалик белгилари ҳақида эшитган сари эса ҳайронлиги баттар ортарди, чунки у белгилардан биронтаси унда бўлмаётган эди. Фақат ёкимли туйғуларга чулғаниб яшарди. Унинг бу аҳволини кўрган айрим аёллар ажабланганнамо бир-бирига шивирлаб:

— Бу Омина тобора гўзаллашиб кетаётир. Ҳомиладорман деб бизни алдаётган бўлмасин тағин, дейишарди. Ниҳоят, рабиул-аввал ойининг ўн биридан ўн иккисига ўтар кечаси тўлғоқ тута бошлади. Дарров Шифо¹⁰ исмли қўшни аёлни чақиртиришди. Ўша дамларда беш-олти яшар бўлган чўрилари Умму Айман ҳам унинг тепасида турди.

Неча йиллардан бери бола туғдиравериб кўзи пишиб кетган бу аёл уйдаги фавқулодда ҳолатни кўриб ҳайрон қолди. Уйда чироқ йўқ бўлишига қарамай худди кундузгидай ёруғ эди. Лекин бу ёруғлик қуёшнинг ёруғлигига ҳеч ўхшамас эди... Ниҳоят Шифо:

— Мужда, мужда! – дея бақириб юборди.

Ҳозиргина гўзаллар гўзали бир чакалок дунёга келган ва у Шифо хонимнинг қўлида эди. Гўдак (бир қавлга кўра) киндиги кесилган, суннат қилинган ҳолда туғилган эди. Доя аёл ҳайрат ичида қолди. Омина боласини жуда осон туғди. Ҳеч қандай оғриқ, азобланиш, дард сезилмади. Тўғрироғи, Омина Шифо хоним қўлига тутказган мужда билангина она бўлганини билди.

Аммо «Оламларга раҳмат қилиб юборилган охирги ва энг буюк пайғамбарнинг онаси» бўлиш шарафи ўзига насиб этганини ҳали у билмас эди! Омина «нурли бола»сини бағрига босди. Шифо хоним уни чин юракдан қутлади:

— Муборак бўлсин, Омина! — деди.

Айни чоқда, яна бир нарсани сезиб ҳайрати ошди: Омина турмушга чикқанидан бери юзида бир нур пайдо бўлганини қўни-қўшни кўрган, лекин бунинг сирини кимса билмаган эди. Ўша нур ҳозир Оминанинг юзидан йўқолибди ва қучоғидаги боласининг юзида порлай бошлабди!

Каъбанинг Ҳижр (тақасимон пойдевор ичи) дейилган қисмида дўстлари билан ўтириб суҳбатлашаётган Абдулмутталиб Оминанинг нурли ўғил туққанини эшитиб, гўдаклардек севинди. Йигитлик даврида ўлган жигарпораси Абдуллоҳнинг бир омонати ўлароқ у чақалоқни тезроқ бағрига босгиси келди. Дархол ўрнидан туриб, Сафо тепалигига қараб чопди. Оминанинг уйига кириб келди:

— Неварам кани?

Аёллар йўргакни унга бердилар. Абдулмутталиб чақалоқнинг юзини очиб, ақл бовар қилмас даражадаги гўзал набирасини кўрди. Уни бағрига босиб, ёноқларини юзига ишқалалар экан, аллақандай бир хушбўйни ҳис этди. Кўзларидан севинч ёшлари томчилади.

— Ҳеч бир кўз бундан гўзал гўдакни кўрмаган! Ҳеч бир она бундан гўзал бола туғмаган! Қасам ичаман, ҳеч кимнинг невараси менинг неварамдек гўзал эмас! – деди илҳоми қайнаб.

Бир муддат гўдакка қараб қолди. Қарагани сари кўнгли севги, марҳамат ва шафқат билан тўларди. Бир онда ўлиб кетган ўғли Абдуллоҳ кўз ўнгига келди. Аммо бу набираси минглаб Абдуллоҳнинг ўрнини босадигандай туюлди. Бир вақтлар ўзининг пешонасида порлаган, кейин Абдуллоҳга, ундан кейин Оминага ўтган нур ниҳоят асл эгасини топганини кўриб турарди. Неварасини бағрига босди. Уни бағрига босиб Каъбага келди, дуо килди, сўнг яна тағин уйига қайтди. Ҳали ҳам қучоғидаги боласини томоша қиларди.

Аёллар овозларини чиқармай Абдулмутталибни томоша қилишар, тўғрироғи, уни набирасининг гул юзига боқиб ҳис этаётган саодат туйғусига халал бермаслик учун миқ этмай туришар эди.

Абдулмутталиб набирасини қучоқлаганча, яна Каъбага кетди. Ичкари кириб, дуо қилди. Сўнгра яна келинининг ёнига қайтди. Соатларча боқса ҳам тўймайдиган неварасини ҳидлаб-ҳидлаб, ўзининг қизи Сафиянинг¹¹ бошини силаб қўйди:

— Мана, аммажониси, сенга бир жиян! – деди. Болани онаси қўлига тутқазиб, сўнгра туриб чиқиб кетди. Шу онда қалби осмон қадар кенгайганини ҳис этди, севинчдан учадигандек эди.

Абдулмутталиб келини уйидан севинчи ичига сиғмай чиқди. Тўғри Каъбага борди. Шукроналик билдириб, Каъбани тавоф қилди. Неварасига қандай исм қўйишни ўйлади. Ҳусни жамолига, шаънига лойиқ бир исм қўйиш лозим эди.

Муҳаммад...

Бирдан зеҳнига бу исм ўрнашиб олди. Зулмат ичида чақмоқдек чақнади бу исм. Ота-боболаридан ҳеч бирининг оти бундай эмас эди. Танилган, машҳур исмлардан ҳам эмасди. Ҳазрати Иброҳимдан бери давом этиб келаётган ва маълум бўлган исмларни хаёлидан бирма-бир кечирди. Ҳеч қайсиси бу қадар эътибор тортувчи эмасди. Яна қабила раислари, таниш- билишларининг исмларини бирма-бир хотирлади. Бироқ зеҳнига ҳукмини ўтказаётган, бутун юрагини эгаллаган пинҳона бир қудрат унга бошқа исмларни хаёлидан четлатар, яна айланиб- ўргилиб «Муҳаммад» исми кўнглига келаверар эди. Ундан бошқа барча исмлар, унинг назарида, кўримсиз, заиф, бўлмагурдек эди. Қандайдир яширин бир қудрат Абдулмутталибни неварасига «Муҳаммад» исмини қўйишга мажбурлаётган, бошқа исм қўйишига йўл қўймаётган эди.

Омина боласини бувасининг қўлига бераркан, ҳаяжонини босиб сўради:

— Отажон, неварангизга қайси исмни муносиб кўрасиз? Абдулмутталиб қучоғидаги малак юзли болага яна бир қараб:

— «Муҳаммад» қўямиз, — деди.

Оминанинг кўзлари кулимсираб, юзида мамнуният белгиси пайдо бўлди. Гўё кўпдан бери орзу қилган нияти амалга ошгандек эди. Абдулмутталиб ўзи қўйган исмга келинининг ҳам севинганини кўриб, жуда мамнун булди.

— Биласанми, қизим, кимдир мени шу отни қўйишга ундаётгандек. Зеҳнимга фақат шу исм ўрнашиб олди. Бошқа исмни ўйласам ҳам, дарров ўрнини «Муҳаммад» эгаллаб олаверди. Сенга қандай, яхши исм шекилли? — деди.

Омина кулимсираб жавоб берди:

— Мен ҳам боламга «Муҳаммад» деб от қўйишни ният қилган эдим. Тушимда ҳам «Муҳаммад» исмини қўйишим амр этилди. Мен ўғилчамнинг буюк инсон бўлишидан умидворман.

Абдулмутталиб келинининг гапларини маъқуллади. Зотан, бундан бирмунча олдинрок ўзи ҳам бир туш кўрган, унда бир учи осмонда, бир учи ерда, яна бир учи шаркда ва бошқа учи ғарбда бўлган мисоли бир кумуш занжир белидан чиққан эди. Кейин ҳалиги занжир мисоли бир дарахтга айланган, у дарахтнинг ҳар бир япроғида нур бўлиб, машриқу мағриб аҳолиси ўша дарахтга осилаётган ва уни тинмай мақташаётган эди. Кўрган тушини таъбирчиларга айтиб берганида, улар унинг пушти камаридан бир бола дунёга келишини, бутун машрику мағриб аҳолиси унга эргашишини ва еру осмон аҳли уни мақташларини таъбир қилишади. Абдулмутталиб мана шу тушга асосланиб ҳам, ҳозир неварасига "Муҳаммад" деб исм қўйган эди¹².

Албатта, менинг набирам инсонларнинг энг буюги бўлажак! – деб қўйди мамнун.

Шундай қилиб, хошимийлар авлодининг каттаси Абдулмутталиб, келинининг ҳам розилиги билан, қучоғидаги неварасига инсоният тарихидаги энг буюк ва энг муборак исмни берди: «Сенинг исминг Муҳаммад бўлсин, болам», деди.

Саодатли таваллуддан етти кун ўтгач, Абдулмутталиб катта бир зиёфат берди. Бу маъракада бола-чақалари билан бутун маккаликлар, ташқаридан келган меҳмонлар, ҳатто тиланчиликдан бошқа ҳеч ишга ярамайдиган қолган кўр Унайс ҳам қатнашдилар.

Зиёфат асносида меҳмонлар:

— Неварангга қандай исм бердинг, Абул Ҳорис (яъни, Аб

дулмутталиб)? – деб сўрашди. — Отини «Муҳаммад» қўйдим.

— Нега боболарингдан бирортасининг отини қўймадинг?

— Оллоҳ ҳам, инсонлар ҳам унинг гўзал сифатларини

мадҳ этишсин, деб шу отни қўйдим. Гўдакни кўрганлар Абдулмутталибни қутлашар эди:

— Бундай ширин, бундай гўзал неваранг билан ҳақиқатан мақтансанг ярашади, эй Абдулмутталиб,— дейишарди.

Омина боласини етти кун эмизди. Кейин амакиси Абу Лаҳабнинг озод қилган чўриси Сувайба вақтинчалик сут она қилиб белгиланди. Бир-икки йил бурун амакиси Ҳамза ва Абу Салама исмли яна бир бола сут эмган кўкракларни бу гал пайғамбарлар занжирининг охирги ва улуғ ҳалқаси эма бошлади.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈• 

БАНИ САЪД ЮРТИДА

Саъд ибн Бакр қабиласи (Бани Саъд) Макка атрофида обрў-эътибори ва жўмардлиги билан танилган эди. Одамлари инсофли, тиллари ҳам бегона сўзлар аралашмаган асл арабча эди. Бундан ташқари, улар яшаётган ернинг ҳавоси ва суви тоза эди. Шу сабабдан Макканинг бой оилалари янги туғилган чақалоқларини Бани Саъд қабиласига жўнатишарди¹³.

Болалар бу қабила аёлларининг сутлари билан қувватланишар, гаплашишни ҳам ўша ерда ўрганишар, Маккада ўсган болаларга қараганда соғлом ва кучлироқ бўлишар эди. Кабила аёллари йилда икки маротаба Маккага тушиб келишар, насл-насабли, бойроқ оилаларнинг болаларини олиб, қишлоқларига қайтишар, уларни эмизганлари учун олган ҳақ ва ҳадялари оила тирикчилигига кўмак бўлар эди.

Фил воқеасидан салкам уч ой ўтгач, қабила аёллари одатдагидек эрта тонгда йўлга чиқишга келишдилар. Кун чиқмасидан йўл бошида йиғилдилар. Аёл-эркак бир гуруҳни ташкил қилди. Эмизиш муддати тугаган болалар ҳам олволинди. Энди улар ўз оналари бағрига қайтариш вақти келган, бу айрилиқни ҳали болаларнинг ўзлари билмасалар ҳам, ҳарҳолда икки-уч йил эмизиб қадрдонлашиб қолган сут оналар хаяжондан кўзларига ёш ҳам ғилтиллаб чиққан эди. Айни чокда, болаларнинг ота-оналаридан олажаклари сутҳақлари ва яна устига бериладиган совға- саломларини ҳисоблаб кўнгиллар таскин ва ором оларди. Яҳъни, бир ёндан ўзлариникидай бўлиб қолган болалардан айрилиш изтироби, иккинчи ёндан рўзғорга кириши мўлжалланаётган бойлик ҳиссидан сурур... Тўғри-да, балки шу айрилиқ бошка ҳеч кўришмаслик маъносида абадий айрилиқ бўлар. Ҳолбуки, сут оналар бола ўзиники бўлмаса хам улар учун минг хил азият чеккан, оғриганида бирга дард чеккан, кечалари ширин уйқуларини бузиб гўдаклар бошида неча- неча тонглар оттириб, туни бўйи уларга алла айтиб чиққан!..

Қуёш чиқишига жуда оз вақт қолган эди.

— Қани, бўлақолинглар, эй Бани Саъд, бўлмаса, кеч қоламиз! – деган овоз эшитилди.

Киска бир видолашувдан сўнг аллақачон юриб- чопқиллаб кетган болаларни кўлларидан тутиб, ёшроқларини қучокларига олиб, яна бошқаларини эшак ёки туяга мингаштириб йўлга чикдилар.

Орқаларидан қабила аҳлининг: 

— Кеч колманглар, онажон, кутамиз;

— Бизни унутма, Шайба; 

— Яна кўришамиз, Ханзала;

— Яхши қолинглар, Фотима, – деган овозлари эшитиларди.

Кўзлар намланиб, мижжалар теварагида ёшлар айлана бошлади. Карвон чанг кўтариб олға борар экан, қирчанғи бир эшак кучсизлигидан бошкаларига етиб юролмай, орқада қолаверди. Эшак эгалари қанча қистамасин, қанча хилла босмасин, борган сари карвон билан орадаги масофа узаяр эди.

– Ҳалима, тезрок юргиз бунингни, — деди қўшниси. Ҳалима кучсиз ва қари эшагининг елкасига ҳалачўпни бир-икки марта нуқиди. Эшак қадамини бир оз тезлатди-ю, лекин сал ўтмай, яна аввалги ҳолига тушиб олди.

Ҳалима дугоналаридан оркада қолишни ҳеч истамасди. Чунки эрта борганларнинг иши тез битади, бу қуруқ қолиши мумкин. Ахир Макка аҳли, Ҳалима келсин, боламизни унга берамиз, деб утирмайди. Кимнинг кўзи учиб турибди унга. Эрта борганлар ўзлари хохлаган оиланинг боласини қимматга олиб, кўпроқ пулли бўпқолади, кечикканлар бола тополмай қуруқ қайтиши ҳам мумкин.

– Бугун эшагимизнинг феъли айниб колдими, Ҳалима?- деди эри Ҳорис куйиниб.

— Анчадан бери шунақа-ку бунингиз. Ўзи қариб, тобора кучдан қоляпти.

— Лекин бошқа кунлари бунчалик эмасди, Ҳалима, бинойидек юриб турувди...

— Балки касалдир?

Ҳорис оиласи орқада қолганини кўриб, шериклари уни кутиб туришган экан, улар амаллаб етиб олишди.

— Бугун жуда орқада қолдинглар, Ҳорис? 

— Эшакни юргизолмаяпмиз.

— Бу кетишда жуда кеч қоласизлар.

— Шунақага ўхшайди. — Ҳорис қўлидаги халачўп билан эшакнини гарданига урди. – Ўлдирсанг ҳам шу кетишда кетавераман, дейди-я жонивор.

Ёки юкини енгиллатсинмикан? Болани эшакдан тушириб, хотинига берди. Хуржунни елкасига олди. Юки енгиллашган эшак энди тез юриши лозим эди. Бироқ барибир юриши тезлашмади.

— Ҳалима, бу эшак бошимизга бало бўлади, шекилли. Етолмаймиз. Бизга бола қолмайди. 

— Шундай бўладиганга ўхшайди. Қаранг, бошқалар роса узоклашиб кетди. 

— Ишқилиб, боласиз қайтмайлик-да.

Ҳалима кўксини ушлади. «Бола топсак ҳам, эмиздира диган сутим йўқ», демоқчи бўлди, аммо айта олмади. Агар бола топсалар, нима бўлади? Ҳалиманинг хозирдан унга раҳми кела бошлади. Шўрлик гўдакни тўйдирмасдан туриб, кандай қилиб пул олади? Лекин қўлидан нима ҳам келарди. Сутга барака бериш унинг қўлида эмасди, ёмғирни ҳам у ёғдира олмасди. Мавсум эса, тобора қуруқлашиб боряпти, ҳафталар бўйи ёмғир ёғмайди. Қурғоқчилик боис озиқ-овқат камайиб кетган, бинобарин, Ҳалима ҳам анчадан бери қорни тўйиб овқат емаган. Шу сабабли кўкрагида сут кам эди. Узининг ўғлига етиб турган сут қандай қилиб эмикдошга етсин?! Аммо тирикчилик-чи? Бола олмаса, тирикчиликлари нима бўлади? Шу боисдан ҳам бу юмушни давом эттиришга мажбур. Тўғри, бир туялари ҳам бор. Лекин у ҳам жуда унақа мақтанадиганмас. Эрталаб уйдан оч чиқиб кетади, кечқурун уйга яна оч қайтади: емиш йўқ. Оқшом туядан озгина сут соғилади, у ҳам ўзининг боласини зўрға тўйдирарди...

Маккага келганларида дугоналари аллақачон ишларини битирган эдилар. Барчаси наслу насаби баланд оилаларнинг болаларини олишган, мўмайгина пулга ҳам эга бўлишган эди.

— Кеч қолдинг, Халима. 

— Шундай бўлди, нимаям қилардик.

Ҳалима кеч қолганидан сиқилган эди.

Дархол махаллаларни айланиб, эмизгани бола топишга киришди. Эри ўғли Абдуллоҳ билан бирга бир жойда кутиб турадиган бўлдилар.

Каъбага йўналди. Дуч келган одамдан сўрайверди: 

— Бу ерларда эмиздириладиган боласи бор оила йўқми?

Каъбанинг соясида ўтирган бир чолни кўрсатдилар. 

– Анави ўтирган одам – Абдулмутталиб, неварасига сут она қидираётган эди, сўраб кўр-чи, — дедилар.

Ҳалима Абдулмутталибга яқинлашди: 

— Эмизиш учун бола қидираётган эдим, — деди.

— Кайси қабиладансан, қизим?

— Саъд ибн Бакр қабиласиданман. Ҳорис ибн Абдулуззонинг хотиниман.

— Бир етим бола бор, уни сенга бераман. Умид қиламанки, ундан яхшиликлар кўрасан. Ҳалиманинг юзи ўзгарди.

— Етимми?

— Ҳа, етим.

— Ундай бўлса, бошқа бир бола қидирайин, — деб нари

кетди. «Етим учун неча пул ҳам берардилар?» деб ўйлади ичида. Боланинг қорнини тўйғазиши учун аввал ўзининг қорнини тўйғазмоғи лозим. Томоқдан бирон нарса ўтмаса, кўкракдан нима ҳам чиқарди. Етим учун берилган пул уни таъминлай олмасди.

Айланди. Маҳаллаларни кезди. Боласи бор дейилган уйларнинг эшикларини бирма-бир тақиллатди. Биринчи эшик очилди. Заифа, корача аёл чиқди.

— Эмиздириладиган бола қидиряпман. Болангиз бор экан, деб эшитдим.

Уй эгаси:

— Бошкага бермоқчимиз, —деб ичкарига қайтиб кириб кетди.

Бошка бири эса:

— Ярим соат аввал олиб кетишди, - деди.

Ҳалима шу аснода бир неча уйни суриштириб чиқди. Бой оилалар болаларини унга бергилари келмади. Баъзилари бериб бўлишибди. Фақирларникини эса, Ҳалима олмади.

Энг охирги эшикни ҳам тақиллатди, эшикни очган аёл: 

— Ўзингнинг боланг борми? — деб сўраб қолди.

— Бор.

— Сутинг уни тўйдира оляптими?

Ҳалима жавоб бермади. «Ҳа, тўйдиряпти» деб ёлғон гапиришга уялди. Бошини эгди, уйдан узоқлашди.

Ҳалима мағлуб бўлган эди. Илк учраган болани етим экан деб олмади, баъзилар болаларини бермади, баъзилари бошқаларига бериб бўлган эди. Хуллас, барча эшиклар унга ёпиқ эди, гўё илк болани етим дегани учун интиқом олишаётгандек. Бориб эшагини яхшилаб ургиси келди. Аламини эшакдан олмоқчи бўлди. Тез-тез юриб, эри билан боласи кутиб турган жойга борди.

Қуёш ботиш арафасида эди. Нима бўлди? деди эри Ҳорис.

— Бир етимдан бошқа бола йўқ. Қолганларни ўртоқларим олиб бўлишибди.

— Демак, бу йил насибамиз кесилибди-да.

— Шундайга ўхшайди. Фақирларнинг пул берадиган аҳволи йўқ. Бойларда бола қолмабди. Боласи бор бошқалари эса менга беришни истамадилар.

Ҳалима бу гапларни айтар экан, кўзлари ёшланди, «Устимдан кулдилар», деган сўзни айта олмаса ҳам, кўзларидаги ёшдан шу маънони уқса бўларди. 

— Ё олти ой ўтишини кутамиз, ёки ўша етимчани оламиз. Сен нима дейсан, Ҳалима? 

— Дугоналарим биттадан бола билан қайтаётганда, мен боласиз кетишни истамайман.

⁸Ҳижратдан 53-йил олдин рабиул-аввал ойи ўрталари (мил. 571 йил апрелига тўғри келади).

⁹Шом мамлакати – ҳозирги Сурия, Ливан, Ўрдун, Фаластин ва Исроил давлатлари жойлашган катта ҳудуд.

¹⁰Омина онамизга Шифо (розияллоҳу анҳо) доялик қилган. Онасининг исми Салмо, эрининг исми Авф, ўғиллари Абдураҳмон (розияллоҳу анҳу) ва Асвад (розияллоҳу анҳу), қизи Отика (розияллоҳу анҳо). (Ибн Касир. "Ал бидоя ван ниҳоя” (2/264), “Ас-сийратун набавия" (1/207); Шайх Муҳаммад Хузарий. “Нурул яқин фи сийрати саййидил мурсалин" (1/5); Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд. "Мавсуъатул хутабил минбария" (2/107); Муаррих Ҳасан ибн Умар. “Ал-муқтафо мин сийратил Мустафо" (1/3); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий. "Субулул ҳуда вар рашод фи сийрати хойрил ъибод" (1/341); Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхонтўра). "Нурул басар"; Ҳасан ибн Муҳаммад Машшот. "Иноратуд дужо фи магозий хойрил варо" (2/75); Иброҳим Иберий. “Ал-мавсуъатул Қуръония” (1/25).

¹¹Сафийя (розияллоҳу анҳо) Пайгамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аммалари бўлиб, жаннат башорати берилган Зубайр ибн Аввомнинг (розияллоҳу анҳу) онасидир. У Пайгамбаримиздан (алайҳиссалом) бор-йўғи бир ёш катта бўлган, ҳижрий 20-йили вафот этган.

¹²Имом Олусий. “Руҳул маъоний" (4/73); Абду Раҳмон Суҳайлий. “Ар равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибн Ҳишом” (1/182); Шайх Муҳаммад Тоййиб Нажжор. “Ал-қовлул мубин фи сийрати саййидил мурсалин (1/84).

¹³Бунинг устига, ўша даврда Макка шаҳрида вабо касали кенг тарқалган, ўзига тўқ оилалар чақалоқларини соғлом бўлиб ўсишидан ташқари, вабога чалинмаслиги учун ҳам қишлоқлардан келган сут оналарга топширишар эди.

Давоми...

Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!