Давоми...
Ўтган мақоламизда (Кириш ва 16 - бетгача)
Яъни, бу ялангоёқлар: «Араблар учун бу каниса кенг ва чиройли бир ҳожатхонадай гап», демоқчи.
Абраха ўзининг бу тахминига чин юрагидан ишонди. Чунки Яман диёрида яшовчи ҳеч бир одам бу ишни қилишга журъат этолмасди.
Киноналикни бошқалар ҳам кўришган эди. Қидириб кетишди. Лекин ердан ҳам, кўкдан ҳам топишолмади. Зотан, топилган тақдирда ҳам фойдаси йўқ эди. Чунки бу ишни у қилмаганида ҳам, бошқа бирови қилган бўларди.
Абраҳа канисадан чиқар экан, саройдаёқ зеҳнига жойлаштириб қўйган «Каъбани бузиш» режаси янада кучайди ва, мана энди бу ниятимни муқаррар амалга ошираман, деб онт ичди.
Мақсадини Ҳабаш нажошийи (подшоҳи)га билдириб ундан ёрдам сўради⁵. Марказий давлатдан кўмак келгунича ҳам ўз қўшинини юришга тайёр туришга буюрди. Нихоят, Ҳабашистондан хам ёрдамчи аскарлар етиб келди. Улар ўзлари билан бирга «Маҳмуд» лакабли бир улкан фил ҳам олиб келишган эди. Шундай қилиб, тўплам олтмиш минглик қўшин билан йўлга чиқди. Йўлда бир қанча қабилалар унга бўйсунди. Булардан Шаҳрон ва Ноҳис қабилаларининг раиси шоир Нуфайл ибн Ҳабиб Хасъамийни ўлдирмоқчи бўлган эди, йўл кўрсатувчилик қилиш шарти билан ўлдирмади.
Узоқ давом этган сафардан сўнг қўшин ниҳоят "Муғаммис" деб аталган жойга — Абу Риғол ўлган жойга етиб келди...
Абраҳа ётоғида бу ўтган кунларни ўйлаб ётар экан, тонг отай деб колган эди. Енгил бир уйку босди, аста-секин юмилган кўзлари уйкуга таслим бўлди.
Абраҳа яхши ухлади. Тонгга қадар паришон ҳолга келган зеҳнини охири уйку элтиб, ором олди. Кеч уйғонди. Нонушта асносида ҳаяжонини яшира олмади. Дарҳол лашкарга юриш амрини берди. Сафнинг энг олдидан улкан фил жой олди. Йўғон, кучли хартуми билан Каъбани йиқитиши кутилаётган фил! Араблар балки ҳозир Иброҳимдан қолган у эски Уйни сўнгги маротаба тавоф килиб, йиғлаб-сиктаб видолашаётгандирлар.
Тайёргарликлар тугади. Бу орада Нуфайл ибн Ҳабиб филга яқинлашиб: «Эй Маҳмуд, чўк. Соғ-саломат келган жойингга қайт. Чунки сен Оллоҳ ҳаром қилган, ёмон ниятлар ман этилган ҳудудда турибсан», деди-да, жуда тезлик билан тоққа қараб чопиб кетди.
Абраҳа ҳозирланган отига минди ва юришга буйруқ берди. Филбоқар Унайс жониворга ўрнидан туришни ва юришни буюрди. Аммо фил нимагадир ётган жойидан қимирламади. Унайс қўлидаги таёқ билан филни енгилгина урди, барибир қимирламади. Яна урди, яна урди, фил ҳеч турадиганга ўхшамасди.
Бу пайтда Абраҳа от устида виқор ила тураркан, филнинг қалқишини кутмокда эди. У туравермагач, ниҳоят сабри тугади:
— Нима бало урган бунингни! Тез турғаз! — деб бақирди.
Унайс шоша-пиша таёқни бор кучи билан филга урди.
Яна бир натижа чикмади.
— Аҳмоқ, филга тарбия берганмисан ўзи?!
— Ҳеч бундай одати йўқ эди, ҳукмдорим, унга нима бўлганини тушунолмаяпман.
Ёрдамчи чакиришди, филни биргаликда турғизмоқчи бўлишди. Лекин на ёрдамчиларнинг куч-ғайрати, на Унайснинг пешонасидан оқаётган терлар ва на танасига урил ган зарбалар жониворни жойидан қимирлата олди. Абраҳа асаби бузилиб, жиғибийрон бўлиб, нима қиларини билолмай қолди. Борган сари ғазаби ошган Абраҳа қўлидаги найзасини филнинг бурнига санчди. Бурнидан кон отилди ва ҳайвон ўрнидан сакраб туриб кетди. Бироқ олдинга қадам ҳам ташламади.
— Орқага бур-чи, - деди бириси филбоқарга.
Абраҳанинг чеҳраси очилди, чунки фил юра бошлаган эди. Орқага юрди, чапга қаришса, у ёққа ҳам юрди. Қайсарлиги тугагандек эди. Аммо бошини Каъба томонга қаратишган захоти фил турган жойига михлангандек бўлди-қолди: Макка томонга бир кадам ҳам қўймади. Яна ўнгга, чапга, оркага юргизиб кўришди, юрди. Макка томонга эса, қайрилар эди-ю, ҳеч юрмасди.
Шу вакт Абраҳанинг зеҳнида чақмоқдек бир овоз чақнади: «Мен туяларнинг эгасиман. Байтни эгаси ўзи қўриқлаб олади». Демак, филнинг Макка томон қадам ташламаётгани Байтнинг кўринмас соҳибига алоқадор бир ҳикматданмикан!
Энди Абраҳа олдида икки йўл турарди: ё филни бу ерга ташлаб қўшин билан Маккага ҳужум қилаверади, ёки бутун аскарини йиғиштириб ортга қайтади. Аммо шунча азият Макка остонасига келганда орқага қайтиш учун чекилдими? Бу буюк лашкар катта мақсад билан тўпланган, ахир.
Абраҳа филни шу ерда қолдириб, олға юришга қарор берди.
Шу вакт уфқда пайдо булган бир тўп қора нарса эътиборини тортди. Бу қора борган сари якинлашиб келаётган кушлар тўдаси эди.
— Бу томондан ҳам учиб келишяпти.
Абраҳа ўгирилди. Ўнг томондан ҳам бир тўда қуш бошлари устига яқинлашмоқда эди.
— Қалдирғочми?
— Чуғурчиқлар ҳам бор...
— Ха, абобил⁶ қушлар.
— Қаранглар, бу ёқдан ҳам келишяпти.
—Демак, ҳаммаси бизнинг устимиздан учиб ўтади.
— Устимизни ишқилиб ифлос қилишмасин-да...
Фил эсдан чиқиб, қўшин ҳар тарафдан учиб келаётган
қушларни томоша қилар, шунинг муҳокамаси билан овора бўлиб қолган эди.
— Умримда кўрмаганман чуғурчуқнинг бунақа ғиж-ғиж учишини.
— Орқа томондан ҳам келяпти қуши қурмагурлар.
— Толеи бор биронтамизнинг бошимизга нимадир ташлаб кетар.
— Э, толе бизда нима қилсин...
Қушлар жуда яқинлашиб қолди. Лашкар устига келди. Шу пайт бир фарёд эшитилди:
— Онажон, вой-дод!..
Бирин-кетин оҳ-фарёд бошланиб кетди. Биттаси қўлини чангаллаганича ерга думалади. Қарашса, билаги тешик, кон отилиб чиқяпти! Нўхатдан кичик, мошдек келадиган, пишган ғиштнинг ушоғи сингари қаттиқ бир тош бор эди қўлида.
— Нима булди, оғайни?
— Ким отди сенга?
Бу саволни бердилар-у, ҳали жавоб олиб улгурмай ўзлари ҳам бақира бошладилар. Чунки қушлар тепадан ёғдираётган тошлар уларга ҳам бир-бир насиб этаётган эди. Метиндай қаттиқ тошчалар дуч келган одамнинг баданини тешиб юбораверди.
Икки дақиқа ичида бутун бошли лашкар пароканда бўлди — аскарлар нима қиларини билмайди, нечаси ерда типирчилаб ётибди, айримлар қурол-яроғини ҳам ташлаб жонини асраш пайида ҳар ёққа тирақайлаб қоча бошлаган, қўлига илинган нарсани ўзига қалқон қилиб сакланишга беҳуда уринаётганлар ва жигарлари узилаётгандек бўкираётганлар сон-саноқсиз...
Ҳамма сарсон ҳолда:
— Нуфайл... Нуфайл... деб бақирар эди.
Нуфайл худди шундай бир иш бўлишини олдиндан билгандек қочиб кетиб, жонини сақлаб қолган эди. Нуфайл уларга қутулиш йўлини кўрсатадигандек, уни қидираётган эдилар. Лекин энди кеч. Қудрат қўли билан отилган ўқлар ёйдан чиқиб нишонга теккан ва тегаётган эди. Каъба эгасининг тенгсиз қудрати олдида улуғвор қўшиннинг тиз чўкишдан ва бу мусибат қаршисида фарёд чекишдан бошқа чораси қолмаган эди”. ⁷
Абраҳа ҳозиргина ўзи ва қўшини завқ билан томоша қилган қушлар энди қай тахлитда устларига фалокат ёғдираётганини кўриб, барча режаси пучга чиққанини, жон саклаб қолиш чорасини излашдан ўзга йўли қолмаганини сезди. Яна кўз ўнгида ҳайбатли ва нуроний қария пайдо бўлгандек бўлди. У қария туяларини олиб кетишга келган ва Каъбани ҳақиқий эгасига топширган Абдулмутталиб эди. «Мана, кўрдинг. Каъбанинг эгаси мулкини шундай сақлаб олади». дегандек бўлди унга.
Отидан тушмоққа уринди. От унинг тушмоқчи бўлганини билгандек, чўкди. Аммо чўкиши устида ўтирган эгасининг тушмоқчи бўлганини билганидан эмас, балки қушлар галаси ёғдираётган тошлардан бир нечтаси унга ҳам теккани учун эди. Буни Абраҳа англади. Қараса, бир тош шўрлик отнинг бутун вужудини тешиб ўтиб нарёғидан чиқиб кетган эди. Абраҳа чодирга қараб қочди. Аммо тиззасида бирдан пайдо бўлган кучли оғриқ уни жойига михлаб қўйди. Бошқа бир тош эса, қўлини тешиб ўтди. Энди қутулишнинг иложи йўқлигини англаб етди. Осмон маҳшар каби тўполон эди.
Қалдирғочу ва чуғурчиклар тўдаси ҳамон осмонни тўлдириб у ёкдан бу ёққа, бу ёқдан уёққа учиб ётибди. Ерда жон бераётганлар, ўлганлар қалашиб кетди. Дод-фарёд, ингрок ва маъносиз бакириклар водийда даҳшатли шовқин ҳосил бўлган эди. Нари-бериси билан беш дақиқа ичида майдонда тик турган бирон жон колмади. Барчаси ўрилган буғдой каби ерга ястанди. Аскарларнинг танаси илма-тешик бўлиб кетган.
Қушлар бутун лашкарни шу тарз қиронини келтиргач, аста-секин таркала бошлади. Аммо лашкар орасида унинг тарқалаётганини кўрадиган, умуман осмонга қарай олади ган бирон одам зоти қолмаган эди. Кўпи ўлган, ҳозирча тирик қолгани ҳам ўлим билан олишиб ётган эди.
Шунча талатўп орасида айрим аскарларнинг тақдирига ажал битилмаган, бу дахшатли манзаранинг гувоҳи сифатида тирик қолишлари исталган эди. Улар Абраҳа ҳам бошқалар сингари бадани илматешик ҳолда ётганини кўрдилар.
Эмаклашга-да ҳоли йўқ эди унинг. Қаеридан ушлашса, титилиб кетаман дерди. Бир матога солиб, соғ қолган туялардан бирига ортдилар ва Санъо шаҳри томон йўлга тушдилар.
Абраха ора-сира: «Ҳали етиб келмадикми?» деб сўраб қўяр эди.
Келишда дабдаба ва тантана билан келганидан йўл узоқлиги унча билинмаган эди, қайтишда энди бу йўл дунёни етти марта айланаётгандек жуда узун кўринди. Ниҳоят, олисдан Санъо шаҳрининг хурмозорлари кўринди. Лекин Абраҳага бу муждани эшитиш насиб этмади – у ажали етиб, дунёдан ўтган эди.
Оллохнинг Байтини вайрон қиламан деб мағрур йўлга чиққан Абраҳа ҳаётини ҳеч қачон хаёлига келтирмаган шундай хорликда тамомлади. Байтуллоҳга қарши очган урушида аччиқ мағлубиятга учради. Мисли кўрилмаган катта бир қўшин қўмондони ва Яман ҳукмдори бўлмиш Абраҳага қасамини амалга ошириш насиб этмади, балки мағлуб ва паришон ҳолда жасади Санъога қайтиб келди.
Умрининг сўнгида илма-тешик вужуди чириб, сасий бошлаганидан уни мамлакатга қайтариб олиб келаётган содиқлари ҳам чидамай ундан жиркана бошлашган эди. Яшаб кетган тақдирида ҳам ҳаёти ўзи учун ва уни қайтариб олиб келаётганлар учун туганмас бир фалокат бўлур эди.
Абраҳанинг ўлганини эшитганларнинг юзларида «Хайрият қутулдик» деган маънода мамнуният балқиди.
Бу ёқда Абдулмутталиб ва якинлари Абраҳа қўшини мана-мана Маккага киради деб кутишаркан, устларидан гала-гала бўлиб ўтган сонсиз-саноксиз қушлар душман устига кайси амрга кўра учиб кетаётганини билишмас эди, албатта. Узоқдан бу сирли қушларнинг қўшин устида қора булутдай тўдалашиб роса айланишганини, сўнгра кўп вақт ўтмай тарқалиб кетишганини кўришди, холос.
Неча кундир ҳаяжон ва қўрқув ила кутилган душман ҳа деганда Маккага ҳужум қилавермади. Бир неча киши аҳволни айғоқлаб келиш учун йўлга чиқди. Душман қўнган ерга якинлашганларида бир кўр одамга дуч келдилар. У судралиб, эмаклаб, зўрға ҳаракатланар эди. Маълумот олиш максадида ундан бирнималарни сўрамоқчи бўлдилар. Бу кўр одам филбоқар Унайс эди. Бўлиб ўтган барча воқеаларни инқиллаб-синқиллаб гапириб берди.
Абраҳага ва унинг енгилмас бўлиб туюлган қўшинига берилган бу жазо барча арабларнинг Каъбага муҳаббати ва ҳурматини янада орттириб юборди. Унга қарши чиққанларнинг мутлако мағлуб бўлишига энди ҳеч шубҳа қолмаган эди. Муҳаррам ойининг ўрталарида гала-гала қушлар воситасида Абраҳа ва қўшинига берилган бу жазо кўп йиллар инсонларнинг эсида сақланиб қолди. Душман Каъбага қарши филни ўртага чиқаргани учун у йил «Фил йили», улкан фили билан ғурурланиб, аммо чуғурчукдек майда қушчаларга ҳам қарши ҳеч нарса қила олмай қирилиб кетган лашкар «Асҳоби фил», юз берган бу вокеанинг ўзи «Фил воқеаси» номларида тарихга кирди. Қушлар учиб кетгач, осмон қузғунларга тўлди. Йилларча еса ҳам тўгамайдиган хазинага эга бўлиб қолган бу йиртқич қушлар севинч ила қийқирганча роса байрам қилдилар.
Бу даҳшатли манзарани маккаликлар ҳам кўрдилар. Қушлар отган тошларни эсдаликка олиб кетиб, тошбўрон воқеасини кўрмаганларга уларни кўрсатиб, гапириб берар эдилар. Одамлар хайрон бўлар, бу қадар кичик тошлар аскарларнинг баданини илма-тешик килиб ташлаганига, улуғвор лашкар қандайдир беш-олти дақиқа ичида ер билан битта этилганига ҳеч ақллари ишонмас эди. Аммо-лекин: «Нима бўлганда ҳам Оллоҳнинг берган жазоси», деб тасалли топгандек бўлишар эди.
Кейин осмон кора булутларга тўлди. Чақмоқ чақди. Челаклаб куйган шиддатли ёмғир ёғиб, селга айланди. Ёмғир ва сел ёғиб ўтгач, қузғунлар унда-бунда ётган битта-икки жасаддан бошка жасад тополмади.
Бу ҳодисадан таъсирланган шоирлар шеърлар битдилар. Оллох номига қурбонликлар сўйилди. Каъба тавоф қилинди. Макканинг асосий қабиласи бўлмиш Қурайшнинг бошқа қавмлар олдидаги эътибори янада кучайди. Уларни «аҳлуллоҳ» (Оллоҳнинг дўстлари) деб атай бошлашди.
«Фил воқеаси» кўп йиллар давомида тарихнинг бошланғичи ўлароқ ҳисоблаб келинди.
Албатта, "Маҳмуд" лакабли улкан фил Нуфайл ибн Ҳабиб ҳурмати учун чўкмаган эди. Унга Каъба томон қадам босмаслик буйруғи илоҳий даргоҳдан келган, Маккага борадиган йўл унга ва ортидаги лашкарга илоҳий тақдир ила беркилган эди.
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
ПАЙҒАМБАРНИНГ ТУҒИЛИШИ
«Асҳоби фил» йўқ қилинган кунлари Абдулмутталибнинг севимли келини Омина она бўлиш арафасида эди. Лекин унда одатда ҳомиладор аёлларда кўриладиган ҳолатлар негадир юз бермади. Ўзи ҳам ҳайрон бўларди бунга. На ранги ўзгарди, на кўнгли айниди ва на қусди. Қорнидаги боланинг борлигини ва оғриғини ҳам ҳеч ҳис қилмади.
Омина, сен ҳеч ҳомиладорга ўхшамайсан, — деб ҳазиллашиб кўйишарди аёллар.
Абдулмутталиб келинлари ичида кўпроқ Оминани яхши кўрарди. Бунинг бир сабаби севимли ўғли Абдуллоҳнинг омонати эканлиги эди. Олдида қабила бошлиқлари ҳам ҳайиқиб турадиган Абдулмутталибдай киши ўзининг салобатига, кексалиги, катта обрў-эътибор эгаси эканига қарамай, борди-ю бирон юмуш билан Омина унинг хонасига кириб қолса, ўтирган жойида кутиб олишга кўнгли бўлмасди, ўрнидан туриб ва хурмат ила:
— Кел, қизим, – дерди.
— Отажон, овора бўлманг, турманг, — дерди Омина.
— Менинг келиним ҳар қанча ҳурматга лойиқ. Ҳурматингни жойига қўёлмасам хафа бўламан.
— Мен уяламан, отажон. Мен ҳам сени ҳурмат килмасам уяламан, қизим. Қўявер мени, умрининг сўнгги дамларини яшаётган бу қари чол билганини қилаверсин.
Бундай гаплардан кейин Омина ҳеч нарса дея олмас, бир оз қизарган юзлари кулимсирар, боши эгилар эди. Омина кўзи ёрийдиган кунгача ҳомиланинг оғирликларини билмай бемалол юрди.
Судралиб келган бир кўр киши Абдулмутталибнинг эшигини тақиллатди. Ичкаридан бола чиқди:
— Ким керак? — деди. Кўр киши:
— Икки кўзи билан икки оёғини бериб, ўзи соғ қолган бечорага раҳм қилинглар, деди.
Бола кўр кишини дарров ичкаридагиларга айтди. Абдулмутталиб ўрнидан туриб, «Қарай-чи» деб уйдан чиқди. Келган одамни кўргач, лаблари орасидан беихтиёр «Унайс» исми чиқди. Икки ҳафта бурун юз берган вокеа эсига тушди. Уша даҳшатли куни соғ қолганлардан бири шу филбоқар Унайс эди.
— Кел, Унайс.
— Қорним оч, эй Абдулмутталиб. — Унайс хотиржам гаплаша олмасди. Фил воқеаси чоғи кўрган-кечирганлари даҳшатидан у қаттиқ руҳий ларзага тушган, хаёли кирди-чиқди бўлиб колган эди.
— Эшигимиз сен учун доим очиқ, эй Унайс.
— Аммо мен уяляпман, жуда уяляпман.
— Кани, ичкари кир-чи.
Унайс олдига дастурхон ёйилди. Таом қўйилди. У овқатланар экан:
— Биз сизга бундай муомала қилмаган бўлардик, — деди.
— Ундай дема. Балки, сизлар биздан кўра яхшироқ муомала қилган бўлар эдингизлар. Унайс оғзидаги луқмани ютгач, Абдулмутталибга караб:
— Биз сизларга қандай муомала қилганимизни билмаган қолдими? Сизлар бизга ҳеч қандай ёмонлик қилмаган ҳолларингда мингларча аскар билан ҳафталаб пиёда юриб келиб устларингга ҳужум қилмоқчи бўлдик. Ҳолбуки, сизлар бизни билмасдиларинг, биз ҳам сизларни билмасдик. Аммо қирилиб кетдик. Оллоҳ қирди бизни. Биз шунга лойиқ эдик. Сизлар ёмон ниятда бизнинг устимизга бостириб борганларингда эди, сизларга бир ютум сув, бир дона хурмо бермасдик. Аммо сизларда чин инсонлик бор, меҳру оқибат, хайру саховат бор. Мени меҳмон қиляпсизлар. Эй Абдулмутталиб, сен ўша, Абраҳанинг ёнига борганингда айтган сўзингни эшитган эдим.
— Нимани?
⁵Абраҳа Ҳабашистон нажошийи (подшоҳи)нинг Ямандаги ноиби, бошқача айтганда, Яманнинг ҳарбий бош қўмондони эди. Яман у даврда Ҳабашистонга карам бўлган.
⁶“Абобил" - "тўп-тўп", "гала-гала” деганидир, қушларнинг оти эмас.
⁷Абраҳа қўшинини гала-гала (абобил) қушлар тошбўрон қилган воқеа Мино билан Муздалифа ўртасидаги Муҳассир водийида бўлиб ўтган.
Давоми...
Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!