Азиз ўқувчи эндиликда сизга тақдим қиладиган мақолаларимиз, Ислом динининг юксалиши ва унинг тараққиёти ҳақида, жумладан машхур турк адиби Аҳмад Лутфий Қозончининг "Саодат асри қиссалари" китобидан сўз боради.
Аҳмад Лутфий Қозончи – ҳозирги замон турк адиби, тарихчи олим. Эътиборингизга ҳавола этилаётган «Саодат асри қиссалари» асли олти жилд асар бўлиб, номидан кўриниб турганидек, саодат асридан, динимиз тарихидаги улкан воқеалардан, хоссатан, Жаноби Пайгамбаримизнинг (алайҳиссалом) туғилишларидан то вафотларига кадар муборак ҳаётларидан ҳикоя қилади. Бу мавзуга багишланган бошқа асарлардан фарқи – муаллиф аниқ тарихий воқеа-ҳодисаларни ишончли манбаларга - ҳадиси шариф ва сийрат китобларига суянган ҳолда кетма-кетликда қўйиб, ўзига хос бадиий йўсинда акс эттирганидир. Натижада у ғоят ўқишли чиққан.
Бу асар ўзбек ўқувчиларимизга анча йиллардан бери таниш, шу пайтгача ўзбекчада бир неча марта қайта чоп қилинган. Иншаоллох, ушбу нашр ҳам сизларга ёқади деган умиддамиз.
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
КИРИШ
Саодат йўлининг энг улуғ ва энг сўнгги раҳбари, Оллоҳ таолонинг энг севгили қули ва элчиси ҳазрати Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жанобимизнинг гўзал, баркамол, ўрнакли ҳаётларини бутун борлигича айнан тасвирлаш, асҳобининг унга нисбатан муҳаббатини, вафодорлик туйғуларини мукаммал кўрсатиш, душманларининг кин ва ҳасадга тўла хатти-ҳаракатларини тўласича ифодалаб бериш, фикримизча, ҳеч бир инсоннинг қўлидан келмайди. Масалан, Абу Бакр ҳазратларининг Жаноби Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бўлган меҳр-муҳаббати, Абу Жаҳлдаги кин ва ҳасад уммон каби чексиз- чегарасиздир. Ҳозирга кадар айтилган гаплар ҳам, айтилажак гаплар ҳам шу уммондан бир неча қатрадир, холос.
Неча юз йиллар давом этган туссиз, масъулиятсиз ҳаёт... бу ҳаёт ичидаги яхши-ёмон, ибрат олиш мумкин бўлган эътиқод, ахлоқ, одат ва анъаналар... ундан кейин илоҳий амр ҳилпиратган Тавҳид санжоги (байроғи) ва хақ билан ботил орасида юзага келган буюк кураш...
Қўлингиздаги китобнинг биринчи бўлими Сарвари Анбиё жанобимизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилишдан то пайгамбарлик вазифасини олгунга қадар кечган ҳаётларини ва ўшандаги жоҳилият даврини акс эттиради. Ундан кейинги – пайғамбарлик ва элчилик вазифасини олганлари - дан то Парвардигорларига қовушгунларига қадар ўтган вақт «Саодат даври» дейилади. «Ойдинликлар сари» деб номланган иккинчи бўлим шу даврнинг илк паллаларидан ҳикоя қилади.
Ўйлаймизки, ушбу китобни ўқиганлар орасидан «Пайғамбаримизни янада яқиндан танидим, янада кўпроқ севадиган бўлдим», дейдиган бирор инсон чиқар ва ҳузури илоҳийда ҳам шундай шоҳидлик берар. Ана шунда бу китобдан кутилган натижа-мукофотга эришган бўламиз.
Асарнинг биринчи ушбу жилдида пайгамбарлик вазифаси келгунга қадар муборак исми шарифлари ёзилганида кетидан «соллаллоҳу алайҳи ва саллам» салавоти қўшилмаган. Буни Расули акрамга нисбатан хурматсизлик деб тушунмаслик керак. Китобда қўлдан келганича хурматга риоя қилинган.
Бугун ҳам марқади муборакларида самимият ила салоту салом айтганларга шаънларига ярашадиган даражада муомала қилишларига ишонганимиз Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) абадиятлар қадар ва олинган нафаслар сонича салоту саломлар айтамиз.
Оллоҳ таоло сари элтувчи ягона саодат ва ҳидоят йўли бор, у ҳам бўлса, Пайгамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатган йўлдир. Инсоният эриша оладиган энг юксак ахлоқ қандай бўлиши лозимлигини Пайгамбаримиз (алайхи ва саллам) шахсан яшаб кўрсатганлар. Бундан бошқа йўл қидирган кимса бадбахт бўлади. Уни камситган киши дунё ва охиратда хору зор бўлади. Унга қарши чиққанлар алалоқибат бало-қазога йўлиқади.
У зотга бўлган севги – ибодат, у зотнинг шарафли исмларини зикр этиш – саодат, у кишининг шафоатларидан маҳрум қолиш — фалокатдир. У зоти шарифга, у зотнинг йўлларидан юрганларга, у зотга хос уммат бўлишга гайрат қилаётганларга саломлар бўлсин. «Инсон севгани билан биргадир» ҳадиси хабар берган саодатга эришганларга салом...
«Бугун бир соатгина Расулуллоҳни уйимда меҳмон қилсам, қандай бахтиёр бўлардим!» «Дўконимга бораётганимда, олдимда Пайгамбаримиз юриб бораётганларини кўрсам, мен ўзим қандай юрган бўлардим?» « Мен қатнашаётган мажлисда Набийи акрам жаноблари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ўтирган бўлсалар, мен ўзимни қандай тутардим?»
«Жаноби Расулуллоҳ яшаган Саодат даврида яшаганимда, у зотга ҳурматим қандай бўларди? » ...каби ҳаяжонли саволларни ўзига бера олувчи ва буларни азиз умрида татбиқ қилиш фурсатини топувчи, ётарда у кишининг севгиси ёди билан уйқуга кетувчи, уйгонганида у зотнинг гул бўйларини ҳидлаш фикри ила турувчи мўминларга саломлар бўлсин!
Тилим сени сўйласин, қалбим доим сени эсласин,
Севгингга тўқнашмаган қалб кўксимда бўлмасин.
Мушк таратган тупроғингга юзларимни сурмасам,
Исён ила чириган кўзларим юмулмасин.
Аҳмад Лутфий Қозончи
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
~Интизор кутилган тонг~
КАЪБА ЙИҚИЛАДИМИ?
Лашкар эрта тонгдан бери анчагина йўл юриб қўйган эди. Бунинг устига, ҳаво харорати хаддан ошиб кетди. Бир жойга етилганида лашкарга дам берилди. Отлар, туялар бўш қўйиб юборилди. Уловсиз-яёвлар тўхтаган жойларига чўкиб қўяқолишди.
Атрофда биронта ҳам тиккайган дарахт ёхуд яшиллик кўринмас эди. Ястаниб ётган қум сахроси ора-сира учрайдиган кичик тепачалари билан гоҳ баландлашиб, гоҳ пастлашиб уфқларгача давом этарди.
Ўша йили мухаррам ойи қишнинг салқин кунларига тўғри келган,¹ лекин бу ерда “қиш” сўзи нисбий тушунчага эга эди. Чунки Арабистон ярим оролида бу ойлар ҳам одатда ёздагидек иссиқ бўлаверади. Мешлардаги сув қон каби илиқ. Бундай хавода ҳеч ким илиқ сув ичишни истамайди. Аммо ичмасликдан бошқа чора ҳам йўқ.
Аскарлардан айримлари чўктирилган туяларга суяниб, айримлари белбоғларини қумга ёйиб, устида ухлаб қолишган. Дам берилганидан кейин уйғоқ бирор кимса қолмаган ҳисоб.
— Тур ўрнингдан, оғайни.
— Тинчликми?
— Турганингдан кейин биласан.
Аскар истамай ўрнидан турди. Ўзига қолса-ку, яна соатларча ширин уйқусини давом эттирган бўларди. Узун —узун эснади.
—Бу йўл қачон тугайди, оғайни?
—Қаердан билай? Абу Риғолдан сўра.
—Сабрим тугади...
—Менинг ҳам жонимга тегди.
Шу палла юришга буйруқ берилди. Ортидан чанг-тўзон қолдириб лашкар Макка томон силжий бошлади.
Орада юриб қолган гапларга қараганда, яна икки кундан кейин Маккага етиб борилиши керак. Абу Риғол бу оқшом Муғаммисга² борилажагини, у ердан эса Маккага икки одимлик йул қолишини сўзларди.
Қоронғи тушгунча давом этган бугунги юриш «Тўхта!» амри билан ниҳоя топди. Юклар туширилди. Чодирлар тикилди.
Абраҳа хизматчисини юбориб, Абу Риғолни чақиртирди. Абу Риғол Абраҳанинг хузурига кириб, ерни ўпди.
— Бу жойнинг номи нима?
— Ҳукмдорим, бу жойни “Myғaммис” дейишади.
— Маккага ҳали узокми?
— Етиб келдик деб ҳисоблайверинг. Ҳой десангиз, овозингиз етади.
— Бир кунда етиб бора оламизми?
— Бир кунга бормас, етиб келдик ҳисоби, ҳукмдорим. Абраҳа юзида мамнунлик аломатлари кўринди. Сўнгра:
— Бу ерда бир неча кун қоламиз. Тахтим қурилсин! – деб буюрди ва Абу Риғолга кетишга изн бериб, ўзи дам олиш учун тўшагига чўзилди.
Ниҳоят, улуғ орзуси амалга ошадиган кунлар етиб келган эди. Ҳафталаб юрилган йўллар ахийри охирига етган, чекилган машаққатларнинг мукофотини олиш онлари яқин колган эди!
Ётоғида шундай тотли хаёллар оғушида ором оларкан, шод-хуррамлик билан уйкуга ҳозирланди.
Абу Риғол Тоиф шаҳридан эди. Маккадаги муборак Уйни — Каъбани бузиш учун келган Абраҳа лашкари Тоифга ҳужум қилмоқчи бўлиб турганида, бу шахар оксоколларидан Масъуд ибн Муаттиб бошчилигида бир ҳайъат унинг қаршисига чикди:
— Эй Подшоҳ, сен вайрон қилмоқчи бўлган Уй Тоифда эмас, Маккада. Бизнинг сенга қарши урушадиган кучимиз йўқ. Агар Тоифга ҳужум килмасанг, сени Маккага энг қисқа йўл билан олиб борадиган йўлбошловчи берамиз, – деди тоифликлар.
Абраҳага бу таклиф хуш ёкди. Унинг мақсади ҳам урушиш эмасди. Балки Санъо шахрида ўзи курган каниса (черков)га рақиб бўлган ва асрлардан бери араблар эъзозлаб келаётган Каъбани бузиш ҳамда Макка халқининг муҳаббатини канисасига қаратиш эди. Шу сабабли тоифликларнинг таклифини қабул қилди. Тоифликлар йўл кўрсатувчиликка Абу Риғолни берди.
Абу Риғол Тоиф Макка йўлини беш бармоғидек яхши биларди. Кўп карвонларга йўлбошловчилик қилган. Бу гал энди Каъбани бузиш учун кетаётган лашкарга йўл кўрсатишига тўғри келди...
Ажабо, бу хизмати эвазига нима берар эканлар? Хизмат
ҳақи масаласи ҳали келишилмаган эди. Ҳақини Абраҳа берармикан ёки тоифликларми?.. Тугашига бир кун қолган бу сафардан яхшигина даромад олишни умид қиларди у.
Балки бир энг зотдор туяли бўлиб колар. Олтмиш минг кишилик лашкарга йўлкўрсатувчилик қилиш чакана хизмат эмас ахир
Аммо...
Бу не ҳол?
Абу Риғолни тўсатдан чидаб бўлмас бир тутқаноқ тутди.
Ич-ичидан келган кучли оғриқ икки дақиқада уни типирчилатиб қўйди ва, нихоят, ўтиб кетди. Бу оғриқ яна бир бор юз берса, Абу Риғол чидай олмаслиги тайин эди.
Турди, ўнгу сўлга юрди. Лашкар сафида келган “Маҳмуд" исмли ўргатилган ҳайбатли филнинг ёнига борди. Филлар ўзи жуда улкан бўлади, лекин ўша улкан бошка филлар хам бу ҳайбатли фил олдида болачасидек кичик кўринар эди. Абраҳа Каъбани мана шу дев филга буздирмоқчи эди.
Абу Риғол бир неча фурсат филни томоша қилди. Сўнгра осмонга боқди. Осмон очиқ, шапалоқдек ҳам булут кўринмас эди. Сон-саноқсиз юлдузлар сочилиб ётибди. Манзара Абу Риғолга таниш кўринди. Йиллар давомида карвонларга йўлкўрсатувчилик этган Абу Риғол доим мўлжални юлдузларга қараб олар, асосан кечки салқин билан юрилгани учун йўлларини мана шу юлдузлар ёритиб турар эди.
У яна юрди, чодирга кирди, ўтирди. Қўққисдан тағин ичи санчди. Абу Риғолнинг вужуди нихоятда азоб бериб оғриганидан тирноқлари билан беихтиёр тупрокни чангаллаб қолди. Қинидан чиқиб кетгудек бўлган кўзлари, буришган башараси, тишларининг орасида қисилиб колган тилини кўрган одам қўрқиб кетган бўларди. Абу Риғол ерда юмалаб, типирчилай бошлади. Бўғзидан ўқтин-ўқтин чиққан бўғиқ инграшларни ухлаб ётганларнинг биронтаси эшитмади.
Беш дақиқалар чамаси вақт ўтгач, Абу Риғолнинг ҳаракатлари секинлашди ва, ниҳоят, вужуди ҳаракатдан, тинчиб қолди.
Эрталаб уйғонгач, юриш тараддуди бошланди. Лекин лашкарга янги эълон эшиттирилди. Абраҳа бир кунлик қўшимча дам берибди. Сабаб — Каъбага яқинлашиб қолганликлари. Яхшилаб дам олингач, сўнгра Каъбага ҳужум қилиниши билдирилди.
Урнидан турганлар яна такрор ётдилар. Тоза ҳаводан симириб, ҳамроҳлар ўзаро суҳбатга берилдилар.
Абу Риғолнинг нонуштасини келтирган одам унинг ҳали ҳам ўрнидан турмаганини кўрди. У юзтубан ётар, қўли нарироқдаги бир нарсани олмокчи булгандек узалган эди. Келган одам уни уйғотмоқчи бўлди:
— Ўлганмисан нима бало, тур, эй Абу Риғол! Абу Риғолнинг танаси қимирламасди. Аскар ҳайрон бўлди. Сўнгра бақира кетди:
— Ўлибди, ўлибди!
— Ким ўлибди?
—Абу Риғол ўлибди, — дея титрарди ҳалиги аскар. Бир соат ичида олтмиш минг кишилик бутун қўшин бу
нохуш хабарни эшитди.
Абраҳа нонуштасини битиргач, хизматкори унинг қулоғига бирнималарни пичирлади.
— Нима? Ўлибди? — Абраҳа ишонмади. — Алжирама, кечгача олдимда эди-ку?!
— Ҳукмдорим, ўлгани аниқ.
— Бориб ўзинг кўриб кел-чи. Бўлар-бўлмас миш-мишларларга ишонаверасанми? Хизматчи чиқди. Қайтиб келиб, биргина сўз айтди:
—Ўлибди.
Абраҳа «бўлиши мумкин» дегандек бошини қимирлатди ва: - Зотан, биз ҳам қарийб Маккага келиб бўлган эдик. — Сўнгра буюрди: — Чуқур қазиб, ўликни кўминглар!
Абраҳа филбоқар Асвад ибн Мақсудни чақириб, унга бир неча суворий берди ва Маккага жўнатди. Асвад Макка томонга бориб, у атрофда ўтлаб юрган туяларни ҳайдаб келтирди. Бу туялар орасида Макка раисларидан бири, Бани Ҳошим уруғи раҳбари³ Абдулмутталибнинг икки юз туяси ҳам бор эди.
Макка халқи Муғаммисда тўхтаган катта қўшиннинг даҳшатидан ўзини йўқотиб қўйди. Шаҳар катталари «Дорун-надва» Қурайшнинг олий мажлиси ўтказиладиган ерга тўпланишди.
Йиғилган маълумотлар атрофлича таҳлил этилгач, бу қадар катта қўшинга қарши урушиш ўлим билан баробардир, деган қарорга келишди. Мажлис аъзолари қўшин қўмондони билан учрашишни маъқул топишди. Шу орада «Дорун-надва»га Абраҳадан бир элчи келиб қолди. Уни ичкари олиб киришгач:
— Макка раиси ким, мен у билан кўришмоқчиман, — деди элчи. Йиғилганлар бир-бирлари билан кўз уриштириб олгач, нигоҳлар Абдулмутталибда тўхтади.
— Хўш, нима гапинг бор? — деб сўради Абдулмутталиб.
— Яман ҳукмдори Абраҳа Макка бошлиғи билан кўришмоқчи.
— Мақсади нима экан?
Ҳукмдор: «Мен сизлар билан уруш қилгани келганим йўқ. Фақатгина шу Байтни бузмоқ учун келдим. Агар бизга қарши чиқмасаларинг, мен ҳам қон тўкмайман», деяптилар.
Абдулмутталиб қарорни айтди:
— Бизнинг ҳам сизлар билан жанг қилиш ниятимиз йўқ. Кучимиз ҳам етмайди, урушишга сабаб ҳам йўқ.
—Ундай бўлса, ҳукмдорим сени кутмокда.
—Қани, бошла.
Абдулмутталиб ёнига икки ўғлини олиб, хабаш лашкари
қўнган ерга йўл олди.
Абдулмутталиб Абраҳанинг чодирига кирди.
Абраҳа умрида бундай одамни кўрмаган эди: Абдулмутталиб узун бўйли, ғоят хушфеъл, юзидан нур ёғилиб турарди. Ҳукмдор бирдан юрагининг тез ура бошлаганини ҳис этди. Бу одамга оддий кишилар билан гаплашгандек муомала қила олмасди. Ўтирган еридан тушди. Пастга ўтирди. Абдулмутталибни ёнига ўтқазди. Таржимон воситасида сўради:
— Мендан нима истайсан?
— Одамларинг икки юз туямни олиб кетишди, шуларни қайтариб беришингни истайман.
Абраха бу жавобдан хайрон қолди. Яна бир бор Абдулмутталибга бошдан-оёқ разм солди. Бирон жисмоний ё руҳий камчилик тополмади. Эшитган сўзлари бу инсоннинг сўзлари эканига ишонмаётган эди. Ўртага сукунат чўкди. Абраҳа, боши эгик, ўйланиб қолди. Кейин таржимонга бир нарсалар дея пичирлади. Таржимон Абдулмутталибга:
— Сени кўриб ҳайбатингдан титраб кетдим. Нақадар виқорли, улуғ одамнинг рўпарасида турганимни тушундим. Аммо сўзларингни эшитиб, фикрим ўзгарди. Бир неча туянгни қайтариб беришимни сўрадинг. Ҳолбуки, мен сен ва ота-боболаринг муқаддас деб келган Байтни бузиш учун келдим.
Сен бу Байтни бузмаслигимни сўрайсан, деб уйлаган эдим. Абдулмутталиб ғоят сокинлик ила:
— Мен туяларимнинг эгасиман, Байтни унинг эгаси ўзи қўриқлаб олади, — дея жавоб килди.
Абраха бу суздан хайратланди:
— Ҳеч ким мени бу қароримдан қайтаролмайди! Сен ҳам, Байтнинг эгаси ҳам!.. — Сўнгра ёнидагиларга: — Бу одамга туяларини қайтариб беринглар, — деди.
Абдулмутталиб чодирдан чиқиб кетди. Абраҳа ҳайратлар ичида қолди. Бу одамнинг сўзлари ҳеч ҳам оддий сўзлар эмас эди. Ҳатто Абдулмутталиб бу сўзларидан кейин кўзига яна ҳам ҳайбатлирок кўринди. Унинг назарида, бу одамни менсимасликнинг сира иложи йўқ, уни менсимасликка ҳаракат қилганларнинг обрўйи тўкилар эди.
Абдулмутталибнинг келишидан кўра кетиши улуғвор бўлди. Ҳақиқатан ҳам бу дашт одами тоғда бўриларни ва қушларни озуклантиради деганлари рост экан, деб таъсирланди Абраҳа.
Абраҳа унга «Ҳеч ким мени бу қароримдан қайтара олмайди», дер экан, Абдулмутталибнинг сўзлари уйғотган таҳликани билдирмасликка ҳаракат қилган эди. Таҳликага ўрин не? Ахир, унинг катта лашкари ва улкандан улкан фили бор! Буюк Арабистон юртларида унинг қаршисига чиқиб: «Мана, мен борман сен билан урушадиган!» дея олишга журъат этадиган бир мард топилмас эди.
Шуларни ўйлар экан, Абраҳанинг ғазаби қўзиди. Қўшинга берган дам муддатини қисқартириб, эрта тонгданоқ Макка сари юришга буюрди.
Абдулмутталиб туяларини етаклаб Маккага кириб борганида халқ тўзимсизланиб уни пойлаб туришганини кўрди. Маккаликларга Абраҳанинг мисли кўрилмаган лашкари ҳақида маълумот берди ва ҳаммага шаҳарни тарк этиб, тоғларга чиқиб кетишни маслаҳат берди.
Сўнгра Қурайш улуғлари билан бирга Каъба ёнига келиб, Байт эшигининг ҳалқасини тутди. Кўзларидан оқаётган ёшлар соқолидан тушиб, кўксига томчилар эди. Оллоҳга юкиниб, маҳзун сас ила дуо этди:
— Эй Оллох, банданг ўз ашё-рўзғорини қўриқлашга интилади. Сен ҳам ўз мулкинг — Байтингни қўриқла. Уларнинг хочлари, куч-қувватлари сенинг қудратинг устидан асло ғолиб келолмайди. Агар уларнинг хоҳиши бўйича бизни улар билан қибламиз олдида ёлғиз ташлаб қўйсанг, бу ҳам сенинг ишингдир.
Абдулмутталиб шу сўзларни айтар экан, ёнидагилар ҳаяжон ичида унинг сўзларини такрорлаб турдилар. Кўнгиллардан чиқаётган ниёзлар олий даргоҳга юксалар, бутун Макка аҳли Абу Қубайс тоғи тепаларида қўл очиб, бу дуога жўр бўлишар эди.
Кейин юзта туя келтирилиб, қурбонлик учун нишон урилди ва Каъбанинг ёнига қўйиб кетилди. Каъбага ҳужум қилганлар бу ҳайвонларни сўйиб есалар, бу ноҳақ ҳаракатлари учун Оллоҳ улардан интиком олади, деган тушунчалари бор эди уларнинг.
Абдулмутталиб ва шериклари Каъбани асл эгасига омонат этиб топширгач, тоғларга қараб кетдилар ва душманнинг шаҳарга келишини пойлай бошладилар.
Абраҳа ярим кечада уйғонди. Кўзлари чодирнинг тепасига тикилган эди. Нафас олиши тезлашди. Юраги ҳам тез ура бошлади. Зехнини ҳали ҳам ўша сўзлар эгаллаб олган эди: «Мен туяларнинг эгасиман. Байтни эса, эгаси қўриқлаб олади». Бу сўзларни айтган одамдаги матонат унга қаттиқ таъсир қилган эди. Араб диёрида тўплаш мумкин бўлмаган улуғ бир лашкарнинг бош қўмондони, Ҳабашистоннинг Яман мамлакатидаги қудратли волийи бўлатуриб, қурмағур битта чол айтиб кетган бир жумланинг таъсиридан ҳеч қутулолмаётган эди. Бу жумла узоқдан келаётган ва якинлашган сари кучаяётган бир портлаш каби даҳшатли туюлди. У яқинлашган сари Абраҳа чайқалар, қаттиқ зарбалар билан руҳини остин-устин этар эди. Ниҳоят, чидаёлмаслигини англади ва ўрнидан қалқиб, ташқарига чиқди.
Муҳаррам ойининг ўрталарида катта баркашдек дум-думалоқ шаклга кирган ой бутун ҳашамати ила жаҳонни томоша қилмоқда эди. Инсон кўзини безовта этмайдиган энг тотли ёруғлик эди бу. У атрофга нур сочиб турарди. Бундай кечада ойнинг шундай ҳолини кўрган одам фақат ҳузур қилади ва руҳи дам олади.
Абраҳа олтмиш минг кишилик қўшинини бир сидра кўздан кечирди. Бу даҳшатли куч унинг биргина буйруғи билан ҳаракатга келади! Бу лашкар билан бир Каъбани тугул, бутун Маккани вайрон этиш қийин эмасди! Бу лашкар билан бутун Арабистонни тиз чўктирса бўларди!
Кеча Абдулмутталиб «Байтни эгаси қўриқлаб олади» деб ўртага солиб кетган ғулғула энди нихоят эрталаб ариса керак. Бугунгача барча арабларнинг юраги боғланган Каъба бузилажак, карши чиққанларнинг калласи кетажак. Араб олами бугунга қадар бундай лашкарни кўрмаган! Бу лашкар эртага араблар тушларида ҳам рози бўлмайдиган катта ишни қилади, асрлардан бери муқаддас деб топиниб келинган Каъба салтанатига сўнгги нуқтани қўяди!
Абраҳа анчагача шундай ўйлар оғушида қўшинини томоша қилди. Чодирига қайтар экан, ўзига ўзи бундай дерди:
«Сўнгги сўз эртага. Ҳа, охирги сўзни Абраҳа айтадими ёки Байтнинг эгасими – эртага кўрамиз».
Ётди. Кўзларини юмиб, Санъо шаҳрида қурдирган муҳташам канисасини хаёлига келтирди. Билқис⁴ саройи қолдиқларидан кўчириб олинган мармарлар ва энг ноёб дарахтларнинг ёғочлари билан безаб қурдирган канисасини севмаган инсон қолмаган эди. Ниҳоятда баланд, кенг, ҳашамли, мустаҳкам бир каниса бўлган эди у. Бунинг учун беҳисоб давлат харжланди, сон-саноқсиз одам ишлади. Аммо, ҳайхот, ялангоёк араблар бу канисани мақбул кўрмай, яна ўз Каъбаларига рағбат кўрсатавердилар. Бундан ғазабланган Абраҳа бир куни Яман тужжорларидан сўради:
– Маккадаги Каъбани кўрдиларингми?
— Албатта, ҳукмдорим, бир неча маротаба кўрдик.
— Хўш, у каттами ёки мен қурдирган бу каниса каттами?
— Сиз қурдирган каниса катта, ҳукмдорим.
— Қай бири гўзал – Каъбами ё буми?
— Бу гўзал, албатта. Каъба – тошлардан йўниб қурилган
тўрт девордан иборат бир бино, холос. Устига латта тортиб қўйилган. Теварагида юзлаб буту санам қуршаб туради. Шаҳарнинг иқлими ҳам оғир – қуруқ ва иссиқ. Атрофида дарахт тугул, ўт ҳам ўсмайдиган қиртахлит тоғлар. Суви жуда оз. Яқиндагина Курайш улуғларидан Абдулмутталиб бир қудуқ қаздирди. Унинг ўрнида илгаридан бир булоқ бўлган, аммо кўмилиб, унутиб юборилган экан. У одам ўша булоқнинг кўзини қайтадан очибди. Шу булоқнинг суви жуда ширин ва битмас- туганмасдир. Араблар бу булоқни жуда яхши кўришади...
— Хўш, менинг канисам муҳташам бўлса, нега араблар ўша тош уйини бунча яхши кўраверади?! — деб сўради Абраҳа жиғибийрон бўлиб.
— Ҳукмдорим, бу Байт уларга катта боболари Иброҳим пайғамбардан қолган. Ўша вақтлардан бери мукаддас ва муборак ҳисобланади. Тош учун эмас, ўша пайғамбардан қолган қудсий мерос ва омонат булгани учун бу Байтга шу қадар қаттиқ боғланганлар.
— Тушунарли. Демак, то у Байт ер юзида турар экан, менинг канисамга талпинмайди одамлар, шундайми?!
—Шундай бўлса керак...
Абраҳа отини ҳозирлашларини буюрди. Канисага бориб, уни тўйиб-тўйиб томоша қилгиси келди.
Канисага якинлашаркан, Абраҳа бир ғалати шовқин- суронга устидан чиқди. Каниса хизматчилари юзида қўрқув излари кўриниб турарди. Худди улар хукмдор келишидан норози каби эди. Қандай воқеа юз бергани бирор дақиқа ўтгач маълум бўлди. Теваракка хуш бўйлар таратиб турсин деб атир, мушку анбарлар септирган канисасига бир одам ҳожат чиқариб кетибди! Буни эшитган Абраҳа дабдуруст ўзини тушдами ё ўнгдами эканини билолмай қолди.
— Қўлимни тишла-чи?
— Иe, ҳукмдорим, бу нима деганингиз?!
— Тишла, қаттиқ тишла!
У одам буйрукни бажарди.
— Бўлди, етар.
Ҳа, у туш кўрмаётган эди, ўнги экан. Юзи қўрқинчли даражада ўзгарди. Абраҳадаги ўзгаришни кўриб хизматчиларнинг ҳам ранги оқарди ва бошлари устида ўлим шамоли эса бошлаётганига шубҳалари қолмади.
— Бу қандай разолат?! Сизнинг бу ердаги вазифангиз нима?!
Бошлари эгилди. Жавоб йўқ.
— Тезда қидирилсин! Зиёратчилардан бири:
— Ҳукмдорим, эрталаб Кинона қабиласидан бир киши бу ердан чикаётганини кўрдим, — деди ерга қараб.
Унинг сўзлари тўғри эди. Ўша киноналик бу ишни атай қилган. Каъба обрўйини синдириш мақсадида қурилган калисасига нисбатан арабларнинг муносабати шундай.
¹Милодий ҳисобда феврал ойининг охирлари ёки март ойининг бошига тўғри келади.
²“Myғaммас" ҳам дейилади, Маккадан Тоифга кетаверишда 3 фарсах = 9 мил = 14.484 км пиёда ўртача 3,5 соатли йўл.
³У вақтларда Макканинг алоҳида ҳокими бўлмаган. Ҳар бир уруғ бошлиғи биргаликда шаҳар ишларини бошқарган. Абдулмутталиб бундан ташқари сиқоя ва рифода (муҳтож зиёратчиларни сув ва таом билан таъминлаш) вазифаларини бошқаргани, Замзам булоғини очгани, ёши улуғлиги, ўта саховатли ва шижоатли бўлгани учун хам Курайш раҳбарлари орасида ҳурмати жуда баланд, уларнинг пешқадамларидан, етакчиларидан эди. Шунинг учун Абраҳанинг олдига уни юборишган.
⁴Билқис – Ямандаги Сабаъ давлати маликаси, милоддан олдинги 10– 9– асрлар орасида ҳукмронлик қилган.
Давоми...
Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!