Давоми...
Ўтган мақоламизда (41 - 56 бетлар)
Ҳалима бир неча оғиз гап билан аҳволни тушунтирди. Абдулмутталиб ларзага тушган эди.
Дарҳол ўзини тутиб олдида:
— Зинҳор Омина эшитмасин, — деди.
Салдан кейин яқин кишилари, хизматкорларига хабар берди. Ҳамма Абдулмутталибнинг неварасини қидиришга тушди.
Қурайшнинг ҳошимийлар сулоласидан чиққан ва Саййидул Мурсалин бўлиш йўлида давом этаётган кичкина Муҳаммад Ҳалима қолдириб кетган жойни нега тарк этди, қаерга кетди, нега яна ўша жойга қайтиб келмади ёки келганида энагасини топа олмади?..
Бу саволларга жавоб беришдан ожизмиз.
Бозор тарқалиб, ҳеч ким қолмаган, қош қорая бошлаган эди. Бўлиб ўтган воқеадан Омина ҳамон бехабар эди.
Макканинг юқори қисмида, қўлларида машъалалар кўтариб Муҳаммадни қидиришга чиққанлар бирдан:
—Шу ердаман! Мен Абдулмутталибнинг неварасиман! — деб бақирган бир боланинг овозини эшитиб қолдилар.
Кўп ўтмай, севикли невара бобосининг қучоғида эди.
— Жигаргўшам, мен Абдулмутталибман, бобонг сенга қурбон бўлсин, айланай, — дер эди у.
Ҳаяжони тарқаб, ўзига келган гўдак Оминага топширилди.
Ўша кеча Ҳалима Оминанинг меҳмони бўлди. Уйига барака келтирган болажонининг уйида тунади.
Ҳалима эртаси куни уйига қайтиб кетди. Омина энг яқин кишиси, суюкли фарзандини бағрига босди. Мунис ва меҳрибон онанинг ўз жигаргўшасига қовушиши юрагига чексиз ҳузур бағишлади. Ҳар жиҳатдан баркамол ва етук бўлажак инсоннинг онаси эканлиги беқиёс бир бахтиёрлик туйғусини бағишлаган эди.
Севимли Муҳаммад Бани Саъд қабиласидан кўпгина ширин таассуротлар билан қайтди. Энагаси, отаси, укалари, ўртоқлари ва қўшнилар...
Шунингдек, инсонларнинг баъзи бир бурчакда турган жонсиз, фойдасиз бир тошга сиғинишлари билан боғлиқ хотиралар ҳам ушбу таассуротлар ичида эди.
Абдулмутталибнинг кўнгли тинчланган эди. Неварасининг кун сайин улғайиб, камол топиб бораётгани уни беҳад қувонтирарди. Уни бир кун кўрмаса, туролмасди. Каъбанинг соясида тўшаб олган кўрпачасида ёнбошлаб ўтираркан, юрагида бир бўшлик ҳис этар, фақат
Муҳаммад чопиб келганидан кейингина енгил нафас олар, юрагини сиқаётган ҳолат дарҳол уни тарк этар эди.
Абдулмутталиб ўта босиқ, пурвиқор, оғирвазмин бир одам эди. Шу даражада салобатли эдики, на ўғиллари, на Макканинг аслзодалари у ўтирган кўрпачага ўтиришга ботина олардилар. Унинг қаршисида одоб сақлаб турардилар. Баъзан суюкли набираси келиб бобосининг тиззасига ўтирмоқчи бўлса, амакилари уни турғизиб юборишар, аммо Абдулмутталиб:
— Неварамни ўз ҳолига қўйинглар, — дер ва у чопиб келиб, яна бобосининг тиззасига ўтириб олар эди.
«Фил йили» деб аталувчи машъум санадан буён икки ярим йил ўтган эди. Тамим қабиласининг бошлиқларидан Абу Куҳофага ўғиллик бўлгани ҳақида хушхабар келди.
Болага «Абдуллоҳ» деб исм берилди. Арабларнинг одатига кўра, кейинроқ Абу Бакр лақаби берилажак буюк зот мана шу гўдак эди. Онасини Уммул Хайр, яъни, Яхшилик ва Эзгуликнинг онаси, деб атар эдилар. Асл исми Салмо эди.
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
АБВОДА ҚАЗИЛГАН МОЗОР
Бир неча йил ўтди. Суюкли невара олти ёшга тўлди. Абдулмутталиб том маънода шафқат паноҳига айланган, она -боланинг ҳар бир эҳтиёжини зиёда қилиб қондирар эди. Аммо Омина кун сайин сўлиб борар, юрагида қандайдир бир дард пайдо бўлган эди. Мана, олти йилдан ошибдики, бева яшайди. Бир куни Абдулмутталибга:
—Ичимни бир дард ёндирмоқда, отажон, — деди.
—Нима бўлди, қизим?
—Билмадим. Лекин ҳеч таскин тополмаяпман. Абдулмутталиб бошини эгди, оппоқ соқоли кўксига
тушди, хиёл ўйга толди, сўнгра:
— Шу, бир саёҳат қилиб келсанг, қандай бўларкан, қизим, — деди.
— Қаерга ҳам борардим.
— Ясрибга бор. Тоғаларингни кўриб келасан. Ҳамда... — Абдулмутталибнинг кўзлари
ёшланди. Омина ҳам худди шу аҳволда эди. — Ҳамда Абдуллоҳнинг қабрини зиёрат этарсан.
Омина бу маслаҳатга рози бўлди. Гўёки кекса Абдулмутталибнинг юрагидаги орзуларини ўқигандай эди.
— Қачон йўлга тушай, отажон?
— Қачон хоҳласанг, ўшанда. Ўша томонга борадиган бирон- бир карвонга омонат қўшиб юбораман. Бориб, бироз дам олиб келасан.
Бир куни Абдулмутталиб Ясрибга борадиган бир йўловчи карвонни топгани ҳақида хабар келтирди. Омина Зуҳра қабиласига бориб, қариндошлари билан хайрлашди. Сўнгра карвонга қўшилди. Ёнида суюкли ўғли Муҳаммад билан жорияси Умму Айман ҳам бор эди. Улар икки туяга миниб олдилар.
Эрталаблари тонгсаҳардан йўлга тушилар ва қоқ тушгача юрилар, сўнгра тўхтаб дам олинар эди. Аср пайти — қуннинг тафти қайта бошлагач, яна йўлга тушилар, туялар яна хизматини давом эттирар эди. Қумлар устидан оғир -оғир одимлаётган бу жонзотлар битмас -туганмас сабр -тоқат билан Макка ва Ясриб орасидаги бепоён йўлни босиб ўтардилар. Орасира туяларни ғайратга солиш учун ўқиладиган шеърлар қулоққа эшитилиб қоларди. Кўз қамаштирадиган даражада чўзилиб кетган қумлар устида соатларча йўл давомида биронта ҳам дов- дарахт учрамасди. Баъзан бир нечагина хурмо дарахтининг, бошларини бошларига қўйиб хасратлашаётгандай турган ҳолатига дуч келинарди, тепада учиб юрган қушлар кўриниб қолар, улар йўловчиларга шу яқин орада сув борлигидан дарак берар эдилар. Шунда тўхтаб мешларга сув тўлдирилар, туялар суғорилар ва яна юриш давом этар эди.
Йўл бир неча кун давом этди. Кун неча марта чиқиб, неча марта ботди. Ниҳоят, бир куни яшил хурмо дарахтлари билан қопланган гўзал бир шаҳар кўринди.
— Ана Ясриб, ана Ясриб!.. — деб ҳайқирганлар бўлди.
Иўловчилар узоқ ва машаққатли сафардан кейин енгил нафас олдилар. Севиндилар. Севинишга тўла ҳақли эдилар. Чунки узоқ йўл давомида қароқчиларнинг ҳужумига дучор бўлмаган, йиртқич ҳайвонларга рўбарў келмаган эдилар. Энг муҳими, неча кунлардан бери чанг- тўзон ичида, туяларнинг устида чайқала- чайқала давом этган сафар тугаган эди.
Шаҳарга киришгач, Омина биринчи учратган одамга: Нажжор ўғилларининг манзилига бормоқчи эдик, — деди.
У одам боши билан ишора қилди:
— Туянгни мана бу йўлдан ҳайда.
Ниҳоят, кўзланган манзилга етиб келдилар. Маккадан келган меҳмонлар хурсандчилик билан кутиб олиндилар. Нажжор ўғиллари Абдулмутталиб туғилиб, вояга етган қабила эди.
Онаси Салмо ушбу қабиланинг қизи эди.
Омина келган куннинг эртасига бир қабр тепасига борди, йиғлаб ўтирди. Бу Абдуллоҳнинг қабри эди. Кунлардан бир куни эрта тонгда Маккадан кузатган, орқасидан ўпкаси тўлиб, тиқилиб қолган Абдуллоҳини орадан олти ярим йил ўтгач, мана шу тарзда зиёрат қилиб турарди. Аммо кўргани шунчаки бир ҳовуч тупроқ эмас эди. Бу тупроқнинг остида тирик қолиши учун беҳад фидокорликлар кўрсатган мард ва гўзал йигит Абдуллоҳнинг чирий бошлаган суяклари ётарди.
Тирик қолиши учун юзта туя қурбон этилган Абдуллоҳ...
Маккалик бир хотин томонидан «Менга уйлансанг, сенга юзта туя бераман», дея турмуш қуриш таклиф этилган Абдуллоҳ...
Коинот пайғамбарининг отаси бўлганидан бехабар, унинг гул юзини бир мартагина бўлса ҳам кўрмасдан ажал ўқига дучор бўлган шўрлик Абдуллоҳ шу ерда ётарди.
Омина мозор бошига тиз чўкди. Не қиларини, нима деярини билмай, сокин ўтириб қолди. Кўзлари мозор тупроғига тикилган эди. Шу ҳолатда нималарни ўйлади, кўз олдидан нималар ўтди, у ерда қанча вақт қолиб кетди — номаълум. Кўзларидан оқиб ёноғига тушган ёшларниҳам балки сезмади ёки артишни лозим кўрмади.
Барвақт ҳаётдан кўз юмган хожаси учун йиғлаш айб эмас эди. Ҳаётининг айни бахор чоғида, эндигина уйланган йигит, сафардан қайтаркан, касалга чалиниб вафот қилган эди. Олти йилдан ортиқроқ вақтдан бери ичини ёндириб келаётган ҳасрат туйғуси аҳён -аҳёнда алангаланар, Оминанинг юракбағрини тилкапора қилар эди. Шу онда юрса ҳам, ўтирса ҳам, кулса ҳам, доимо қалбида яшаб келган, фақат севгили ёригагина дахлдор бўлган туйғулар Оминанинг кўнглини ўртарди, кўнглидаги ғам -алам кўзларидан шашқатор ёш бўлиб оқарди.
Омина қабрнинг тепасида қачонгача турганини ўзи ҳам билмасди. Билса ҳам, бирон нарсани фарқлай олмасди. На бозор билан, на расталар билан иши бор эди. Кайтди, тоғалариникига келди.
Нажжор ўғилларининг маҳалласидаги болалар янги бир дўст орттирганларидан беҳад хурсанд эдилар. Хушбичим, очиқ чеҳрали, ширинсухан, кучли, бақувват бир бола эди у. Аммо жанжал, тўполонни сира ҳам хуш кўрмасди. Уришаётган болаларни кўрса, ажратиб қўярди, яраштирарди. Кўллари, юзи тоза, кийган кийими озода. Маккадан Ҳошим ўғилларининг хонадонидан келган эди у.
Бир куни Омина суюкли ўғлининг эшикдан жуда хурсанд ҳолда кириб келганини кўрди. Уни бу ҳолатда кўриш Оминани тинчлантирар, унга ором бағишлар эди. Омина ўғлини бағрига босди:
— Бугун жуда хурсандсан, ўғилгинам, — деди.
Ҳа, онажон. Биласизми, мен сузишни ўргандим. Оминанинг юраги ҳаприқиб кетди:
—Каерда?
—Оди ибн Нажжорнинг ҳовузида.
— Эҳтиёт бўл, болажоним, бирон зиёнзаҳмат етмасин.
Меҳмонлар бир ой қолиб кетдилар. Бу орада суюкли Муҳаммад болалар билан дўстлашиб олди. Тоғаларининг ўғиллари билан биргаликда ўйинлар ўйнади. Бир куни Нажжор ўғилларининг юрти билан хайрлашдилар. Омина Макка томон йўл олди.
—Яна келгин, Омина.
—Сизларни соғинамиз.
— Бизлардан Абдулмутталиб оиласига салом айтгин...— деювчиларнинг саломатлик тилашларидан сўнг йўлга чиқдилар.
Ортда қолганлар ширин хотиралар оғушида эдилар. Бири маҳзун юзли Омина ҳақида, бошкаси юзидан нур ёғилиб турувчи ўғли ҳақида баҳс қиларди. Омина бу сафардан жуда мамнун бўлди. Хожасининг кабрини зиёрат қилди, қариндошлари билан дийдор кўришди. Маккадан кўра иқлими анча енгил ва юмшоқ бўлган Ясрибда, хурмо дарахтларининг соясида, гўзал боғроғларда кўнгилдагидек дам олди. Энди
Абдулмутталиб оиласини ҳам роса соғинган эди. Бир неча кунлик сафардан сўнг оқшом пайти Абво деб аталувчи бир кишлоққа етиб келиб, тўхтадилар. Чунки Омина ҳолдан тойган, ўзини ёмон ҳис килаётган эди. Бу аҳволда узоққа етиб бора олмаслиги аён. Бу ерда бир неча кун дам олиб, дармонга кирса, яна йўлга чиқиш мумкин бўларди.
Арабларнинг ғоят меҳмондўстлиги шу ерда яққол кўринди: Омина меҳмони бўлган хонадон мутлақо нотаниш эди, шундай бўлса ҳам, уни қучоқ очиб кутиб олишди. Аммо касали тобора авж ола бошлади. Умму Айман Оминага қандай қилиб бўлса ҳам ёрдам бермоқчи бўлар, аммо чорасиз эди; гул юзли жигаргўшаси Муҳаммад ҳам ўта ғамгин ҳолда, ҳаёт шами секин -секин сўниб бораётган бечора онасига қараб ичи ўртанар эди.
Уй эгаларининг тажрибаси ҳам, Умму Айманнинг ғайрати ҳам, пурзиё гўдакнинг ёнаётган юраги ҳам тақдирга битилган ҳукмни ўзгартира олмади. Омина тобора жони бўғзига тиқилиб келаётганини ҳис этаркан, бошида юзлари маҳзун жигари кўзларига қаттиқ тикилиб турганини сезиб, унга томон бурилди. Боласини ўзига тортди. Энди зўрбазўр қимирлаётган лаблар унинг гул юзларидан ўпди. Унинг муборак исидан ҳидлаб, ўпкасини тўлдирди. Мажолсиз қўллари билан кўксига босди. Келажакда Оллоҳнинг ҳар турли неъмати ва раҳматининг энг буюк тимсоли, дунё ва охиратнинг султони, набийлар сарвари бўлмиш бу гўдакни дунёга ўзи келтирган, аммо уни тўйиб -тўйиб бағрига боса олмаган, тўйиб сева олмаган эди. Ҳолбуки унга ўзидан яқин, унда ўзидан кўпрок ҳаққи бўлган кимса йўқ эди.
Сўнгги дафъа кўраётганини билиб, қайта -қайта тикилди. Шундан кейин ичичидан тошиб келаётган ҳис- туйғулар, титроқ калималар байтлар ҳолида тилидан тўкила бошлади:
— Эй даҳшатли ажал ўқига дучор бўлган, Оллоҳнинг лутфи ва ёрдами билан юз туя эвазига халос бўлган зотнинг фарзанди!.. Оллоҳ сени муборак ва умрингни зиёда қилсин. Агар тушимда кўрганларим тўғри бўлса, сен жалол ва икром соҳиби Оллоҳ томонидан Одам фарзандларига ҳалол ва ҳаромни ажрата олишни ўргатиш учун пайғамбар сифатида жўнатиласан. Сен Исломни — бобонг Иброҳимнинг динини тиклаш учун жўнатиласан. Оллоҳ сени миллатлар билан биргаликда яшаб келган бутлардан, бутпарастликдан қутқаражак. Туғилган ҳар жонзот ўлажак, ҳар янги нарса эскиражак, кўп бўлган камайиб битажак, фоний бўлажак. Дарвоқе, мен ҳам ўламан. Аммо доим кишилар қалбида яшайман. Чунки пок, дуруст бир фарзанд туғдим, ўзимдан кейин хайрли бир едгорлик қолдирмоқдаман...
Омина ортиқ гапиролмай қолди. Нафаси сиқар, пешонаси совуқ тердан жиққа ҳўл бўлган эди. Энди ортга қайтилмайдиган умр йўлининг тугагани, сўнгги қадамларини босиб ўтганига қатъий ишонч ҳосил қилган эди. Сўнгги дафъа ўғлининг дийдорига тўймоқчи бўлди. Ўзини зўрлаб, зўрға, бир неча сониягина қарай олди. Кейин чуқур бир нафас олиб, ҳаётдан кўз юмди. Вужуди жонсиз, ҳаракатсиз қолди.
Умму Айманнинг дод- фарёди тирик етим бўлиб қолган гўдакнинг йиғиси билан қўшилиб кетди.
Оминанинг вазифаси инсониятнинг саодат раҳбарини, рақиби ва тенги йўқ султонини қорнида кўтариб юриш, туғишдан иборат эди. Бу вазифани вафо билан бажарган, бироқ ўзининг дунёси ўзига вафо қилмаган эди. Турмуш қурган йили эри вафот этди, ягона овунчоғи бўлган фарзандидан неча йилларгача айрилди, ундан кейин уни бағрига босиш бахтига эндигина эришганида, қаршисига ўлим фариштаси келди.
Унинг охирати қандай бўлар эди? Оқибати нима бўлар эди?
⎯ Биз уни жаннат неъматлари орасида кўришни истаймиз, албатта. Аммо бу саволга тўғри жавоб беришга биз ожизмиз. Бу мавзуни Оминани Ҳабиби Акрамига она қилган буюк Оллоҳга қолдириш, бизнингча, энг маъқул ишдир.
Гул юзига ёмғир каби кўз ёши инган гўдак Умму Айманнинг қўлида кўрди ўзини. Унинг меҳр -шафқати боланинг қалбини ардоқлади. Чўл дейишга лойиқ бир қум дарёсининг ўртасида, уларни одамгарчилик туфайли меҳмон қилган оиланинг уйида онасидан жудо бўлиш, уни бегона тупроқ қўйнига топшириш ва бир умрга ундан ажралиш ғоят оғир савдо эди.
Омина Абво қишлоғининг қумли тупроғига қўйилди. Бу фожеа нурли чеҳра эгасига қаттиқ таъсир қилган эди. У онасининг устига тортилган тупроқдан ҳам оғирроқ ғам юки остида қолганини ҳис этди.
Шундан кейин азобли сафар бошланди. Умму Айман бир туяга минди. Ота-онасидан ажралган ғирт етимни қучоғига олди. Иккинчи туяни етаклаб йўлга чиқди. Абво қишлоғидан узоқлашиб кетганларидан кейин ҳам ора -сира орқасига қараб кўяётган гўдакнинг кўзларидан тинмай ёш оқар, баъзан «Онам, онажоним» дегани эшитилиб қолар, аммо Умму Айман уни бағрига босар, бошини силар, оналик меҳри билан сочларини ҳидлар эди. Туя устида чайқала -чайқала давом этган бу машаққатли сафар беш кун деганда поёнига етди.
Ниҳоят, Макка водийи кўринди. Каъбанинг ёнидан ўтиб, Абдулмутталибнинг уйига яқинлашдилар.
Абдулмутталиб қаршисида неварасини кўрганда, дунёга қайта келгандек бўлди. Кўзёшлари билан қучоғига отилган неварасини шу қадар соғинган, шу қадар муштоқ бўлган эдики...
Аммо невараси ўта ғамгин кўринарди. — Онанг қани, болажоним, — деди у. Шу онда бир фарёд этишилди. Умму Айман бўлган воқеаларни йиғлаб -йиғлаб сўзлаб берди. Абдулмутталиб буни кўзёшлари билан тинглади. Энди бобосининг иссиқ қучоғи унинг ягона паноҳи эди. Шу билан баробар гўёки у бобосига эмас, балки бобоси унга муҳтож эди. Абдулмутталиб уни ёнидан жилдирмас, бир гапи икки бўлмайдиган даражада меҳрибонлик кўрсатар эди.
Умму Айман эса, унинг энагаси ва энг яқин дўсти бўлиб қолган эди.
— Зинҳор неварамни кўздан қочирмагин. Сенинг вазифанг фақат шундан иборат.
Бу кўрсатма Умму Айманга берилган эди. Жонига роҳат бағишлаган амр эди бу. Чунки Умму Айман буни шунчаки бир вазифа деб билмас, балки чин кўнгилдан бажарар эди. Ҳар иккаласининг орасида ҳам жуда теран бир меҳр- муҳаббат туйғуси бор эди. У ҳам Умму Айман ҳақида «Туққан онамдан кейинги онамдир», дея илтифот кўрсатаркан, бутун қалбини бағишлаган эди.
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
АБДУЛМУТТАЛИБНИНГ МЕҲР ҚУЧОҒИ
Абдулмутталиб неварасига меҳрмуҳаббат ва марҳамат кўрсатибгина қолмай, унда ўзгача ва улуғсифат бир шахсиятга хос белгиларни кўргани учун ора- сира қиладиган иши хусусида у билан яширинча пичирлашиб, маслаҳатлашиб олган кезлари ҳам бўларди. Невараси ҳам унинг сиймосида фақатгина бобосини эмас, балки чин дўст, ажралмас ўртоқни хам кўрган эди. Абдулмутталиб қанчалик оч бўлмасин, невараси бўлмаса, дастурхонга ўтирмас ёки ўтирса ҳам, то у келгунга қадар таомга қўл теккизмас эди.
Абдулмутталиб хонасида ёлғиз ўтирган чоғларда унинг ҳузурига таклифсиз кира оладиган ягона одам ҳам невараси эди, бошқа одамларнинг эса, бундай қилишга ҳаққи йўқ эди.
Абдулмутталиб, одатдагидек, Каъбанинг соясига тўшалган кўрпачасининг устида чордона қурганча, атрофидагилар билан суҳбатлашарди. Гап шу йилги қурғоқчилик ҳақида борди. Анча пайтдан бери кўкдан бир томчи ҳам ёмғир томчиламаган эди Макка тупроқларига. Ҳамманинг бирдан- бир ташвиши сувсизлик бўлиб қолди.
— Ҳар тонг уйғонганимда кўзим самода бўлади, —деди бири.
Бошқаси қўшимча қилди:
— Шу кетишда бу йил ҳаммамиз оч қолиб, қирилиб кетамиз.
Ҳалиги киши яна сўз олди: — Илоҳларнинг ҳам биз билан ишлари йўқ... Атрофни ўраб турган юзларча бутларга кўз қирини ташлагандан сўнг:
— Ўзлари сувга муҳтож эмасда. Бизнинг муҳтож ёки мухтож эмаслигимиз уларни сира қизиқтирмайди, — деди.
Унинг ёнида турган бириси минғирлади:
— Зотан, тош эмасми улар? Бошқа бириси:
— Ғазабларига учрамайлик тағин, етар энди, — деди. Бироқ ўзини тутолмасдан: — Илоҳ сифатида ғазабланишлари керакми ёки бизнинг аҳволимизни кўриб ачинишлари лозимми, буни ҳам билмаймиз, — деди.
Бу гапларни айтаркан, «илоҳлар ғазабланса ҳам, бирон нарсага кучи етмайди», дегандек бўлган эди. Аммо яна бири унинг хаёлидан кечган гапларидан ҳам ўтиб тушди:
— Шунча йиллардан бери уларнинг қошида бош эгиб келамиз. Лекин муҳтожликка гирифтор бўлганимизда тошдек қотиб турсинлар деб эмас, ахир!
Бу одамнинг шу онда тил тортмай ўлиши ёки бошига кўкдан бир олов парчаси келиб тушишидек илоҳий жазо берилишини кутганлар ҳам бор эди.
— Сен ҳаддингдан ошиб кетдинг, ҳой йигит!
Шу гапни айтиб илгарига қадам ташлаган бирини бошқаси тўхтатди.
— Бу одам илоҳларни ҳақорат қилди, аммо уни сен ўз ҳолига қўявер, токи жазони ҳам уларнинг ўзлари берсин.
— Ҳа, ҳа, қўлларидан келса, жазони улар берсинлар...
Ҳар калладан бир гап чиқар эди.
— Ёмғир дуосига бир чиқсак, қандай бўлар экана? Нима дейсан, эй Абдулмутталиб?
Бир дақиқада мавзу ўзгарди. Яхши бир таклиф эди бу. Аслида, мақсад жанжаллашиш эмас, сувсизликка чора топиш эди. Юзларидаги совуқ ва шиддатли ифодалар юмшади. Юзлар Абдулмутталибга ўгирилди.
— Ажойиб бўлади. Эртага тонгда чиқамиз. Атрофга хабар берилди. Ҳамманинг дарди бир эди.
Таклиф ҳеч қандай эътирозсиз қабул этилди.
Тарқалишар экан, ҳалиги одамнинг:
—Илоҳлар эканингизга шакшубҳамиз йўқ, аммо холимизга бепарволигингиз ҳам аён... — деб пўнғиллаганлари эшитилди.
Абдулмутталиб кечани беҳаловат ўтказди. Қайта ғқайта уйғониб кетаверди. Мияси қаҳатчилик ғурбатларини ўйлаш билан овора эди. Тонг отганда уни кўрганлар, дурустгина ухлаб, дам олган, дея олмасдилар. Тонг саҳарда Каъбанинг атрофига тўпланган юзларча кишилик бир жамоа Абдулмутталибнинг келишини пойларди. У ҳам ўзини куттириб қўймади. Ёнига суюкли неварасини олиб, жамоани бошлаб кетди. Бу жамоада эркаклардан ташқари аёллар ва болалар ҳам бор бўлиб, ҳаммаси бир хил туйғулар оғушида Абу Қубайс тепалиги томон йўл тортдилар.
Абу Қубайс жуда яқин эди. Каъбадан атиги бир неча юз одим нарида қад кўтарган эди.
Оғир -оғир қадам ташлаб, тўхтаб ғтўхтаб, нафасларини ростлаб, тепаликка чикдилар. Пастда
Каъба кўринар, ўнгдан ҳам, чапдан ҳам чўзилиб келган водийларнинг бари Каъба жойлашган ерда қўшилиб кетар эди.
Абдулмутталиб халқнинг ўртасида тўхтади, чуқур нафас олди. Суюкли невараси ҳам ёнида эди. Сўнгра нигоҳлари кўкнинг ададсиз теранликларига қадалди:
— Оллоҳим, шу етимнинг ҳурмати ҳаққи сендан ёмғир сўраймиз... — дея дуо қила бошлади.
Осмонда ёмғир ёғишини кўрсатадиган биронта ҳам белги — булут парчаси йўқ эди. Аммо қурайшликлар яна ёмғир сўрар, арзи ҳол этар эдилар. Бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса индинга ёғажак ёмғирга ҳам бажонидил рози эдилар. Шу орада Абдулмутталибнинг ёнида турган нур юзли боланинг ҳам қўлларини кўтаргани, бармоқлари билан кўк юзига ишора қилгани кўринди.
Абдулмутталиб қайта -қайта «Оллоҳим, мана шу етимнинг ҳурмати учун...» деб дуо қилар, ҳамма «Омин», деб унга жўр бўлар эди.
Шу аснода уфқда кичик бир булут парчаси пайдо бўлди. Тезлик билан, орқасидан биров қувлаётгандай, илгарилаб келаверди. Аммо бунчалик кичик булут парчасидан бирон нарса кутиб бўлмасди. Ҳолбуки, бундан юз марта катта булут келтирадиган ёмғир ҳам етарли эмасди.
Булут югургандай илгарилар экан, тобора катталашар, Абдулмутталибнинг дуоларига «Омин» деб кўшилган халқ бу ҳолни диққат ва ҳаяжон билан кузатар эди. Худди кичкина бир тугун ҳолида бўлган булут яқинлашган сари очилиб, ёйилиб кенгайиб борарди.
Унинг орқасидан оқиб келаётган булутлар кўриндию дуонинг қабул этилганига шубҳа қолмади. Юзларга табассум балқди. Кўзлардан севинч ифодаси ўлароқ ёшлар оқаркан, бошларига бир -икки ёмғир томчиси туша бошлаганини сездилар. Ҳаммаёқни ларзага солиб гумбирлаган момоқалдироқ «Тарқалинглар, дуоингиз қабул этилди...» деяётгандек эди. Одамлар севинч қичқириқлари билан тепадан пастга эна бошладилар.
Абдулмутталиб севинганидан йиғларди. Соқолидан оқиб тушаётган ёшларини артаркан:
— Бу ёмғирни Оллоҳ бизга сенинг ҳурматинг учун берди, болам, — деди у неварасига.
Чақмоқ чақар, момоқалдироқ гумбурлаб, водийларни ёритиб юборар эди. Салгина олдин бир неча кундан кейин бўлса ҳам ёмғир ёғишига рози бўлганлар уйларига етгунчаёқ шалаббо бўлдилар. Бу воқеадан кейин Абдулмутталиб ҳақида шеърлар тўқилди. Буюк инсон деб тан олинди.
Араблар изларга қараб башорат қилиш соҳасида улкан тажрибага эга эдилар. Қум устида қолдирилган оёқ изига қараб кишини ҳайратга соладиган даражада мукаммал ва тўғри башорат қилардилар. Бир ҳайвоннинг изига қараб, унинг қайси қабилага тегишли эканлигини аниқлашар, ёнма- ён юриб кетган икки кишининг оёқ изларидан уларнинг эр -хотинми, ота -болами ёки дўст -биродарми эканлигини тўғри айта олардилар. Бу соҳада Мудлиж қабиласи барча қабилалардан ўтиб кетган эди.
Бир куни Мудлиж қабиласидан Маккага келган бир неча киши кўркамларнинг кўрками бўлмиш, юзларидан нур ёғилиб турувчи, очиқ чеҳрали бир болага дуч келдилар. У бошқа болалар билан ўйнаётган эди. Бамисоли юлдузлар орасидаги ўн тўрт кунлик ойдек ажралиб турарди у ўртоқларидан. Ёнига яқинлашдилар. Шу он қорачадан келган бир аёл:
— Болага тегина кўрманг, — деди. Бу аёл Умму Айман эди. Одамлардан бири ҳеч саросимага тушмай, деди:
—Емонлик қилмоқчи эмасмиз. Бошқаси қўшимча қилди:
— Бундай бир маъсум гўдакка ёмонлик қилиш учун шайтонни ҳам йўлда қолдирадиган даражада жоҳил бўлиш керак.
— У ҳолда нима истайсиз?
— Фақат ёқтириб қолдик. Шундай, синчиклаб қарамоқчи эдик, холос.
— Мақсадингиз нима? Нега бошқа болаларга қарамайсиз?
Биз бу болада ҳеч бир болада бўлмаган ғаройиб ҳолларни кўрдик. Ижозат бер, бир оз ёнимизда турсин. Умму Айман Муҳаммадни чақирди:
—Бери кел, ўғлим, мана бу амакиларинг сени кўришмоқчи.
Улар Муҳаммадга бошданоёқ чуқур разм солдилар. Айниқса, оёқларига тикилиб қолдилар.
Кейин бошини силадилар. Умму Айманга ташаккур билдирдилар.
— Бу кимнинг ўғли?
— Абдулмутталибнинг ўғли. Ҳалиги одам бошини чайқади.
— Аслзода бир оиланинг фарзанди эканлигига шак-шубҳа йўқ.
Саксон ёшга кирган бир инсон вақтининг кўпини дам олиш билан ўтказади.
Абдулмутталиб ҳам шундай ҳаёт кечирар, Каъбанинг соясида кўрпачасини ёзиб ҳордиқ чиқарар эди. Муаллақанавис шоир Зухайрнинг бир байтини хотирлади у: «Ҳаётнинг оғир юкларидан чарчадим. Ҳая, ким саксон йил яшаса, ҳаётдан ҳам чарчаши бегумон», деган эди Зуҳайр.
Абдулмутталиб ҳам айни шу ҳолатда эди. Тиғ каби, тутган жойини кесадиган қирчиллама йигит бўлганига ўзи ҳам ишонмайдиган даражада кексайган эди. Бошида биронта ҳам оқармаган соч толаси, соқолида биронта ҳам қора мўй қолмади. Бундай ёшга етган ҳар қандай киши каби, у ҳам вақти соати келиб ажал ўз домига тортадиган дақиқаларни пойлаб, бир чеккада дам олиб ўтирарди.
— Салом сенга, эй Абдулмутталиб!
Салом бўлсин сизга, эй мудлижликлар. Марҳамат қилинглар, мана бу ерга ўтиринглар.
Келганлар ўтирдилар. Абдулмутталиб улардан ҳол-аҳвол сўради. Мудлиж қабиласидан танишлари бор эди улар ҳақида суриштирди. Шундан кейии уларнинг Келиш сабабини сўради.
Бири:
—Бугун болалар орасида жуда чиройли бир гўдакни кўрдик. Ёнидаги аёл сенинг ўғлинг эканлигини айтди.
— Ҳа, у менинг ўғлим, яна ҳам тўғрироғи, неварам. Одам бир -икки сония жим бўлиб қолгач, гап бошлади:
— Биз болани кўриб қизиқиб колдик ва унга чуқур разм солдик. Бизнинг фикримизча, мақоми Иброҳимдаги оёқ излари билан бу боланинг орасида жуда яқин ва чамбарчас боғлиқлик бор. Биз ўзимизнинг мезон ва меъёримиздан келиб чиқиб айта оламизки, бу бола пайғамбарлар авлодидандир.
Абдулмутталиб бу хулосадан жуда мамнун бўлди.
⎯Тўғри,⎯ деди,⎯ мақоми Иброҳимдаги излар бу гўдакнинг катта бобосининг оёқ изларидир. Чунки у излар пайғамбар Ҳазрати Иброҳимга оиддир. Биз эса унинг авлодиданмиз.
⎯Мен наслимизга мансуб боболаримнинг исмларини санай -санай Аднонга қадар чиқа оламан. Аднон эса, маълумингизким, Ҳазрати Иброҳим наслидандир.