Жанубий Африкада ҳокимиятга келган Миллий партия, тезда мамлакатда ўз тартибларини ўрната бошлади. Биринчи ва энг катта вазифа мамлакатда апартеид сиёсатини ўрнатиш бўлди. Ҳокимият одамларни оқ, қора ва ранглиларга ажрата бошлади. Бунинг ортидан, мамлакатда фақат оқларнинг ҳуқуқлари бор, қолганлар эса ҳуқуқсиз ва камситувчи қонунлар остида яшашга мажбур эдилар.
Апартеид - расмий ирқий ажратиш сиёсати
1948 йилда Жанубий Африкада бўлиб ўтган сайловларда Миллий партия ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Бу бир нарсани англатар эди - мамлакат ҳаётида улкан ўзгаришлар рўй беради. Хусусан, апартеид сиёсати (расмий ирқий ажратиш сиёсати) катта саҳнага чиқади. Биринчи бўлиб, ҳукумат турли ирқлар ўртасидаги жинсий муносабатларни тақиқлайди. Кейинги қадам - аралаш никоҳларни тақиқлаш. Агар бирорта фуқаро ушбу қонунларни бузган деб топиладиган бўлса (никоҳ расмий ёки фуқаролик бўлишидан қатъий назар), унда улар жиноий жазога тортилардилар.
Миллий партия 1950 йилда оқ танликлар жамиятида қора танликлар, ҳиндулар ва бошқа рангли одамларнинг мутлақо ўрни йўқлигини белгилади. Аммо ҳукумат бундай кескин қадам ташлашга журъат эта олмасди. Аммо бошқа ирқдагилар учун махсус «ватанлар» (Бантустанлар) ни яратиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди, яъни ўша ажратилган алоҳида ҳудудларда қора танликлар жамияти ташкил қилинади. Ушбу бантустанларда яшовчи қора танликлар учун қора, аммо қораларнинг элита қатламига мансуб одамлар бошлиқ қилиб тайинланади. Бантустанларга сургун қилинган тубжой африкаликлар, энди махсус рухсатномасиз оқ танликлар яшайдиган ҳудудларга кира олишмайди. Рухсатнома олганларга эса, оқ танликларнинг ҳудудларида энг оғир ва ифлос ишларни бажаришга рухсат берилган эди. Агар қора танли одам тақиқланган жойда рухсатсиз юрган бўлса, у ҳолда дарҳол ҳибсга олинган ва суд қилинган.
Халқнинг сабр косаси
Жанубий Африка Республикасининг қонунчилиги бутунлай оқ аҳолининг тарафида бўлган. Қора танликлар деярли ҳамма нарсада камситилар эдилар. Масалан, автобусларда ўриндиқлар фақат оқлар учун, қора танликларга ўтириш мумкин эмас, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатадиган касалхоналар ҳам оқлар учун мўлжалланган эди. Бундан ташқари, таълим муассасалари, парклар, пляжлар, театрлар, ресторанлар ва бошқалар ҳам мутлақ оқлар учун ишларди.
Қора танликлар 1960 йилга қадар бу вазиятга кўниб яшашди. Аммо кейин сабр косалари тўлди. Биринчи норозиликлар Шарпевил шаҳрида бўлиб ўтди. Намойишга етти юзга яқин қора танликлар тўпланишди. Улар шаҳарларга махсус рухсатномасиз киришни тақиқловчи қонунга қарши норозилик билдиришарди. Табиийки, уларни ҳеч ким эшитмади. 40 сония давом этган тўқнашув натижасида полиция томонидан 69 намойишчи отиб ўлдирилди. Ярадорлар сони 180 кишини ташкил қилди.
Халқаро реакция
Ушбу воқеа дунё ҳамжамиятида эътиборсиз қолиши мумкин эмасди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши ЖАР ҳукуматининг ушбу ҳаракатларини танқид қилди ва апартеид сиёсатидан воз кечишга чақирди. Европа давлатлари ва СССР раҳбарлари ҳам бу фикрга қўшилдилар. Аммо уларнинг ҳаммаси бу қонунни тўхтатишга чақирдилар холос, уни қатъийлик билан тақиқламадилар. Шунинг учун бир кечада вазият ўзгариб қолмади. Жанубий Африкадаги қора танликларни қўллаб-қувватлаш борасида энг фаоли Совет Иттифоқи бўлди. Советлар апартеид сиёсати билан курашаётган Африка миллий конгрессига ва шахсан қора норозилик қаҳрамони - Нелсон Манделага ҳар томонлама ёрдам беришган.
Қизиғи шундаки, 1950 йилларнинг бошларида БМТ Хавфсизлик Кенгаши Жанубий Африкага қурол, ҳарбий техника ва ўқ-дориларни етказиб беришни рад этишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Аммо ЖАР ҳукуматини апартеид учун танқид қилган Европа мамлакатлари - Франция, Германия, Англия ва бошқалар, бу мамлакат билан иқтисодий алоқаларни узмади. Иккилик стандартлари вақти келганди. 1977 йилда Жанубий Африкага қурол-яроғ етказиб бериш расман тақиқланганидан кейин ҳам, кўпгина давлатлар бунга ўзига хос ечимлар топди. Улар ўз товарларини воситачилар (масалан, Нигерия) орқали етказиб беришди ва бунинг эвазига хом ашё ва қимматбаҳо металларни олишди. Нафақат Европа мамлакатлари, балки Совет Иттифоқи ҳам ўзини шундай тутди. Большевиклар ҳам арзон қазилма бойлик етказиб берувчисини йўқотишни хоҳламасдилар.
Соуэто қўзғолони
Расмий равишда қурол етказиб беришни тақиқланишига, Соуэто шаҳрида 1976 йил бўлиб ўтган қўзғолон сабаб бўлди. 20 мингга яқин қора танли одамлар африкаанс тилини маҳаллий ўқув муассасаларида мажбурий ўқиш тили сифатида киритилишига қарши норозилик билдириб кўчаларга чиқишди. Полиция бу сафар ҳам норозиликларни қаттиқ бостирди. Ҳаммаси бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 176 кишини отиб ўлдирдилар, мингга яқин одамлар турли даражадаги тан жароҳатларини олишди.
Қон тўкилиши маълум бўлганда, СССР биринчи бўлиб реакция кўрсатди. ТАСС хабар беради:
«Совет Иттифоқи апартеид жиноий сиёсатини қатъиян қоралайди, Жанубий Африка режимини изоляция қилиш ва бойкот қилишга қаратилган самарали чораларни қўллаш, БМТ, Африка Бирлиги Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг апартеид ва ирқий камситишни йўқ қилишни талаб қилувчи қарорларини амалга татбиқ этишга чақиради. Африка халқининг тинчлик ва озодлик шароитида яшаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди».
Нелсон Мандела
Аммо СССР ва Европанинг танқидларига қарамай, Миллий партия 1994 йил 9 май куни Миллий Ассамблея Нелсон Манделани Жанубий Африка Республикаси президенти этиб сайлаганига қадар ўз сиёсатини давом эттиради.
Албатта, Нелсон Мандела ҳокимият тепасига тасодиф ёки бирон бир мўъжиза туфайли келмаган. 1988 йилда АҚШ президенти этиб сайланган катта Жорж Буш «янги демократик риторика» ни эълон қилди. АҚШ Жанубий Африка оқ элитасини қўллаб-қувватлашни тўхтатди. Тахминан 20 йил олдин мамлакатга киритилган иқтисодий санкциялар кутилмаганда кучга кирди ва натижалар бера бошлади.
Жанубий Африка президенти Фредерик де Клерк вазиятни сақлаб қолиш учун умидсиз ҳаракат қиларди. У ҳатто радикал чоралар кўришга ҳам журъат этди - қора танликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар фаолиятига бўлган тақиқларни олиб ташлади. Бундан ташқари, 1990 йилда у 27 йил қамоқда ўтирган Нелсон Манделани озод қилди.
Қора танликлар орасида бирдамлик йўқлиги сабабли мамлакат деярли хаосга юз тутди. Мандела таклиф қилган конституция, зулу этник аҳолисининг ҳуқуқ ҳимоячиларига ёқмади. «Инката» деб номланган бу ҳаракат, Мандела ва унинг яқинларини янги диктаторлар деб ҳисоблай бошлади. Вазият ёмонлашди, фуқаролар эса урушга тайёрланардилар. Панафрика Конгресси расмийлари апартеид даври учун оқлардан шафқатсиз тарзда қасос олишга - барчасини қириб ташлашга чақириб, оловга ёқилғи сепдилар. Қора танликларнинг - «Битта фермер - битта ўқ!» деб аталган шиорлари пайдо бўла бошлади. Табиийки, оқлар ҳам жангсиз таслим бўлмоқчи эмасдилар. Одамлар фаол равишда ўқотар қурол сотиб ола бошладилар. Маълумки, 1991-1992 йилларда ЖАР да қурол олиб юришга ҳар куни 500 дан ортиқ лицензия берилган.
1993 йил Кейптаунда бир нечта қора танликлар черковга кириб, у ерга йиғилган оқ танликларга қарата ўқ уздилар. Бунинг оқибатида 12 нафар оқ танли ҳалок бўлди, яна 72 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Президент Клерк таслим бўлди. У демократик сайловлар ўтказилишини эълон қилди. Ушбу сайловларда эса Нелсон Мандела ғалаба қозонди. Шу билан Жанубий Африка Республикасида бир неча ўн йиллар давом этган апартеид сиёсати барҳам топди. Аммо янги ҳукумат энди оқ танликларнинг қонига ташна бўлган ташкилотларга эркинлик бера бошлади ва бу ЖАР даги воқеалар такрорланишига, фақат бу сафар қурбонлар оқ танликлар бўлишига олиб кела бошлади. Бу энди бошқа ҳикоя...