Найти в Дзене

Фуқаро, Ҳуқуқ ва Ҳукумат

Бенкси: "Тангаларинг ўзингга сийлов. Мен ўзгариш хоҳлайман." ("change" сўзи қайтим маъносида ҳам ишлатилади. Артист бу ерда сўз ўйини қилмоқда.)
Бенкси: "Тангаларинг ўзингга сийлов. Мен ўзгариш хоҳлайман." ("change" сўзи қайтим маъносида ҳам ишлатилади. Артист бу ерда сўз ўйини қилмоқда.)

Тарих фанидан номи барчамизга яхши таниш бўлган Кир II массагетлар билан тўқнашишидан аввалроқ Месопотамияга юриш қилиб, милоддан аввалги 539 йилда Бобилни забт этади ва ўзини “Бобил, Шумер ва Аккад ҳукмдори” ҳамда “дунёнинг тўрт бурчаги соҳиби” деб эълон қилади. Бу сўзларни у сопол цилиндрга ўйиб ёздириб қўяди.

Кир Цилиндри
Кир Цилиндри

Бу цилиндрнинг ҳозирги замон учун аҳамияти шундаки, жуда кўп тарихчиларнинг эътирофига кўра, у инсоният озодлиги, ҳурлиги учун ташланган дастлабки қадам эди. У ерда ёзилишича, Кир II Бобилдаги қулларни озод қилади, одамларга диний эркинлик беради ва ирқий тенгликни таъминлайди. Кир Цилиндри замонавий инсон ҳуқуқларининг энг забардаст тамал тошларидан бири ҳисобланади. Цилиндр бугунги кунда БМТнинг барча олтита расмий тилларига таржима қилинган ва Инсон ҳуқулари Умумжаҳон Декларациясининг (1948) дастлабки 4 та моддасига мос деб эътироф этилади. 

Замонавий дунё учун эса шахс эркинлиги назариясини биринчилардан бўлиб, инглиз файласуфи ва физиги Жон Лок тавсифлаб берган. Унинг фикрига кўра, барча одамлар туғма, ажратиб бўлмас ҳуқуқлар билан туғиладилар. Булар табиий-фундаментал ҳуқуқлар: Яшаш, Озодлик ва Мулкка эгалик қилиш ҳуқуқларидир (life, liberty, property). Эгалик қилиш деганда, Лок нафақат бирор моддий мулкка эгалик қилишни, балки шахснинг ўзига эгалик қилиши (шахсий фаровонликка эришиш учун ҳаракат қилиш ҳуқуқини ҳам ўз ичига олади) ни ҳам назарда тутган.

Филадельфияда жойлашган "Халқ Ҳокимияти" номли ҳайкал. Ҳайкал муаллифи Жак Липчицга кўра, бу санъат асари озодлик учун кураш ва демократияга интилиш маъноларини англатади.
Филадельфияда жойлашган "Халқ Ҳокимияти" номли ҳайкал. Ҳайкал муаллифи Жак Липчицга кўра, бу санъат асари озодлик учун кураш ва демократияга интилиш маъноларини англатади.

Ҳукуматни ташкил қилишдан асосий мақсад эса, юқоридаги инсонлар туғилиши биланоқ сўзсиз эгалик қиладиган табиий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳисобланади. Локнинг бу назарияси инсоният тарихидаги энг муҳим инқилоблардан бирига ғоявий тиргак бўлиб хизмат қилган – Томас Жефферсон 1776 йилда Шимолий Американи Қирол Жоржнинг ҳукмронлигидан озод қилиш учун Локнинг ушбу назарияни асос қилиб олади

Жефферсон томонидан Мустақиллик Декларациясига (1776) ёзилган бошқа ҳеч бир сўз ўз даврида “барча одамлар тенг яратилган” (all men are created equal) деган ҳитобчалик инқилобий характерга эга бўлмаган. Лок айтиб ўтган 3 та бирламчи ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг янги тизими – тарихдаги илк энг катта демократик давлат шу тариқа вужудга келади. У асрлар давомида ҳукм суриб келган монархияни кўп жойларда бутунлай, баъзи жойларда қисман тугатади.

Албатта, Жефферсон “барча одамлар тенг яратилган” деб ҳитоб этган даврда ўзининг 175 та қора танли қуллари бўлган, бутун ҳаёти давомида эса 600 дан ортиқ қулга эгалик қилган. Аёллар эса ҳеч қандай сиёсий ҳуқуқларга эга бўлмаган. Қуллик бутунлай йўқ бўлиши учун америкаликларга яна 89 йил – 1865 йилда Фуқаролар уруши якунлангунича бўлган давр – керак бўлган. Аммо қуллик асоратлари билан кураш ҳамон давом этмоқда.

Одамлар ва давлат ўртасидаги муносабатлар қуйидаги асосий тушунчалар орқали тартибга солинади: 

- Ҳар бир шахс ўзининг ҳаёти учун зарур бўлган ажралмас ҳуқуқлар билан туғилади (яшаш, озодлик, мулкка эгалик қилиш, бахт ва фаровонликка эришиш ва ҳ.к.);
- Бу ҳуқуқлардан ташқари, одамларда (бошқалар мулкига эга чиқиш, қасос/жазолаш каби) салбий “истаклар” ёки ҳуқуқлар ҳам мавжуд;

Бу салбий ҳуқуқлар бошқаларнинг табиий ҳуқуқларига таҳдид солмасдан қолмайди. Хўш, унда қандай чора кўриш керак?

- Юқоридаги истаклар тўқнашувида узлуксиз уруш келиб чиқишини тушуниб етган одамлар давлат деб аталган институтни яратадилар ва энг асосий ҳуқуқларни тенг ва адолатли ҳимоя қилиши учун қолган барча ҳуқуқларини (бошқалар мулкига эга чиқиш, қасос/жазолаш ва ҳ.к.) давлатга топширадилар.
- Бу амалиёт эса, Ижтимоий Контракт (social contract) деб аталади.

Мана бу ҳаволадаги видеода юқоридаги тушунчалар билан янада яқинроқ танишиш мумкин.

Агар давлат ёки унинг бирор-бир институти сизнинг ёки менинг яшаш ҳуқуқимни ҳимоя қилиш ўрнига тортиб олса ёки бизга тегишли бўлган мулкдан айирмоқчи бўлса, эркин кўчиб юришимизга, исталган жойда яшашимизга тўсқинлик қилса, унда бундай давлат биз ва ўзи ўртасида тузилган шартномадаги энг асосий бандларни қўпол равишда бузган ҳисобланади. Лок шундай дейди, "Агар ҳукумат ўз қудратини суистеъмол қилиб узоқ вақт давомида фуқароларини давомли зулмкор таъқибга дучор қилса, фуқаролар бу ҳукуматга қарши боришга, уни алмаштиришга ёки йўқ қилишга ва янги сиёсий тизим барпо этишга ҳақлидирлар."

Тамом.

P.S. Комментларни ўқиб боряпмиз. Тавсияларни иложи борича қўллашга ҳаракат қиламиз. Телеграфдан бошқа платформаларни қўллашни маслаҳат берган ўқувчиларимизга раҳмат деб қоламиз. Бошқа платформалардан қандай фойдаланишни мукаммал ўрганиб олгач, улардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.