Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар сафар олимлар билан учрашганларида алоҳида урғу бериб: "Биз етиштирган маҳсулотимизни, айниқса қишлоқ хўжалик маҳсулотларини хом-ашё ҳолида эмас, балки илмий ёндашиб, олимларимизнинг инновацион ишланмалардан фойдаланиб, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги самарали ҳамкорлик асосида чуқур қайта ишлаб, тайёр ҳолга келтириб жаҳон бозорига олиб чиқсаккина, деҳқонларимиз дастурхонини тўкин-сочин қилиш билан бирга, юртимиз иқтисодиётини кўзлаган юқори чўққига кўтара оламиз" - деган даъватлари олимлар олдига аниқ вазифалар қўяди.
Aйна шу йўналишда ФA Навоий бўлими олимларининг саъй-ҳаракатлари билан Навоий вилояти Нурота туманининг чекка қишлоқларида яшовчи аҳолининг томорқаларида доривор ўсимликлар етиштирилмоқда. Ҳозирги вақтда, Бўлимнинг ёш олимлари ўсимликларнинг ўсишини дойимий мониторинггини олиб боришмоқда, натижалар эса, кўнгилдагидек. Бундан ёшлар илҳомланиб, ушбу йўналишдаги иккинчи қадам сифатида ўзларининг яна бир ғояларини, яъни Навоий бўлими қошида Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш кластерини ташкил этиш таклифини тайёрладилар.
Бунда, Навоий бўлими қошида кластер ташкил этиш қуйидаги икки босқичда амалга оширилиши таклиф қилинмоқда:
Биринчи босқичда, доривор ўсимликлар етиштириш фермер хўжаликлари ва қишлоқ жойлардаги аҳолининг томорқасида шартнома асосида амалга оширилади. Шартномада етиштирилган доривор ўсимликларни бугунги бозор талабидан келиб чиқиб, келишилган нархларда сотиб олишни Кластер ўз зиммасига олади. Бунда, Кластер томонидан доривор ўсимликларнинг қайси турини экиш истагини билдирган фермерлар ва томорқа эгалари ушбу доривор ўсимликлар уруғлари, экиш ва парваришлаш агротехникаси тўғрисидаги услубий-амалий қўлланмалари билан таъминланади.
Бундан ташқари, Навоий бўлими олимлари томонидан экилган доривор ўсимликларнинг ўсиш жараёнинг доимий мониторингги, видео кузатув ва бевосита жойларга чиққан ҳолда олиб борилади ҳамда мутахассислар томонидан зарурий тавсиялар бериб борилади.
Навоий бўлими олимлари томонидан фермерлар ва томорқа эгалари билан ҳамкорликнинг ушбу усулида шартнома асосида 50 гектар ер майдонида қуйидаги доривор ўсимликлар экиш режалаштирилган. Топинамбур, мойчечак ва амарант – 10 гектардан, қора седона, кунжут, тирноқгул ва арпабодиён – 5 гектардан ҳамда экин майдонлари атрофига 500 тупдан наъматак ва аччиқ бодом.
Бунда, ушбу экин майдонларида 200 тонна топинамбур, 4 тонна мойчечак, 15 тонна амарант, 5 тонна қора седана, 10 тонна кунжут, 2,5 тонна тирноқгул ва 4,8 тонна арпабадён ҳосил олиш ҳамда етиштирилган ҳосилнинг 50 фоизини қайта ишлаб тайёр маҳсулот ҳолига келтириш режалаштирилмоқда.
Aлбатта, Навоий бўлимининг ёш олимлари ташаббуслари билан ташкил этилиши режалаштирилаётган доривор ўсимликлар кластерининг асосий мақсади - етиштирилган маҳсулотларини қайта ишлаб истеъмолчига тайёр ҳолда етказиб беришдан иборат. Бунда, хом-ашёни кейинги қайта ишлаш жараёнидаги харажатлар қоплангандан кейин, доривор ўсимликларни етиштирган фермерлар ва томорқа эгалари ҳам тайёр маҳсулотларни сотилишидан олинадиган фойдага эллик фоизгача шерик бўлишлари имконияти бўлади. Демак, олимлар, фермерлар ва томорқа эгаларининг бундай одилона ҳамкорлигидан, сифатли тайёр маҳсулот етиштирувчилар ҳам манфаатдор бўлади.
Энди, энг асосий муаммо - бизнинг ташаббусимизни амалга ошиши учун зарур бўладиган дастлабки 1300,0 млн. сўм пул маблағини топишда қолди. Ўзбекистон Инновация вазирлиги томонидан эълон қилинган танловларга ушбу йўналишдаги лойиҳани тайёрлаб топширганмиз, ижобий натижа бўлади, - деган умиддамиз.
Бундан ташқари, вилоятдаги тадбиркорларни ва фермерларни ҳамкорликга чақирамиз, балки Навоий бўлимига имтёзли кредит олармиз, мақсад ушбу таклифимизни амалга ошириш орқали юртимиз иқтисодий ривожига ҳисса қўшиш ҳамда қишлоқ жойлардаги аҳолининг томорқаларини даромад манбаига айлантиришга илмий ёндашиш.
Кластер ташкил этилгандан кейин иккинчи босқичда, бевосита кластернинг ўзига 50 гектар ер майдони олинади ва етиштирилган ҳосилни 100 фоиз қайта ишлаш ташкил этилади.