Найти тему
Uzpharmagency

Коронавирусга чалинган беморда асорат қоладими?

Коронавирус билан курашиш Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини бир томондан синовдан ўтказаётган бўлса, иккинчи томондан шу вақтга қадар тўпланган тажрибани халқаро ҳамжамиятга намоён этишга ҳам имкон яратди.

Чунки бугунги кунда мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан тезкор кўрилган чоралар ва юқори тиббий малака сабаб касалликка чалинганлар сони камайиб, вирусдан бутунлай соғайган беморлар 50 фоиздан ошди. Дунё бўйича вирус таҳдиди юқори бўлиб турган бир пайтда бизда бундай кўрсаткичга эришиш тиббиётимиз ютуғидир.

Бунда вирусни аниқлашда эпидемиологик текширув, даво усуллари ва унинг натижалари самара бераяптими? Ёки касалликни енгишда фуқароларимиз иммун тизимининг мустаҳкамлиги асосий сабабми?

– Мамлакатимизда пандемияга қарши курашиш ва уни жиловлашда кўп йиллик эпидемиологик тажриба қўл келмоқда, – деди И.Маматқулов. – Шу билан бирга, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган қатъий чораларнинг ёрдами катта. Айниқса, юртимиз бўйлаб карантин жорий қилиш ва унинг талабларига бўйсуниш натижасини бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз. 

Яна бунда алоҳида таъкидлайдиган жиҳат борки, бу ҳамюртларимиз иммунитетининг юқорилиги. Иммун тизим бевосита табиий маҳсулотлар истеъмоли билан боғлиқ. Халқимизнинг табиий маҳсулотларни тановул қилиши ҳам касалликни енгишда муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли, вирус билан оғриган беморларнинг тезроқ соғайиб кетишида бу асосий омил бўлмоқда.

Миллий координатор сифатида айтганда, юртимизда пандемияга қарши курашиш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талаблари ва халқаро меъёрларга тўла мос келади.

– Бу каби эпидемиологик ҳолат кузатилганда халқаро тиббий санитария қоидалари миллий координаторининг фаолияти нимадан иборат бўлади?

– Авваламбор, ЖССТга бундай хабарни 24 соат ичида етказиш талаб этилади. Дастлаб Хитой давлатида қайд этилган ва кўплаб одамларнинг ёстиғини қуритган янги COVID-19 таҳдиди, унинг дунё бўйлаб тез тарқалиши ва қай йўл билан даволаш усулларини ўрганишда халқаро кўникма зарур бўлади. Қолаверса, эпидемия билан курашишга доир мунтазам маълумот бериш ЖССТнинг талабидир.

Биз юртимизда касаллик қайд этилгандан бошлаб, ЖССТ меъёрлари асосида беморларни даволаяпмиз. Очиғи, вирус кўпгина давлатларни эсанкиратиб қўйди. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Масалан, Америка, Испания, Италия, Буюк Британия каби давлатларда ўлим ҳолати 10 фоизни ташкил этган бўлса, Ўзбекистонда бу 0,4 фоиздир. 

Тартиб бўйича ўлим қайд этилганда тегишли эпидемиологик назорат ўтказилиб, ЖССТга хабар берилиши шарт. Жараёндаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўлим кўп бўлган давлатларда эпидемиология соҳасига, унинг профилактикасига эътибор сусайтирилганидан далолат бермоқда. Ҳатто бу мамлакатларда вирусга қарши курашиш бўйича кўрилган оммавий чоралар ҳам бироз кечикиб амалга оширилди.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими бу борада ўзининг тажрибасини кўрсата олди. Биринчидан, вирусга қарши вақтида чоралар кўрилди. Иккинчидан, тиббий тажриба сабаб бугун соғайганлар эллик фоиздан ошди. Бу яхши натижа. Шунингдек, касалланиш сони камая бошлади. Бу натижаларга асосланиб, халқаро экспертлар Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида пандемияни биринчилардан бўлиб жиловлашга эришади, деган хулосага келмоқда.

Бундан ташқари, шу вақтга қадар Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Исроил, Германия, Япония каби давлатлар билан онлайн анжуманлар вазиятни юмшатишда амалий натижа берди.

– Биламизки, янги вирусга қарши вакцина йўқ. Мамлакатимизда беморларни даволашда қандай усуллар амалий натижа бермоқда?

– Ўзбек олимлари ҳам вакцина яратиш бўйича ишларни бошлаган. Ҳатто, халқаро ҳамкорликда ишлаш борасида ҳам таклифлар келиб тушди.

Яна бир даво усули. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам хабар берганди. Тузалган беморнинг қон зардоби билан беморни даволаш. Аслида, бу усул бизда 40 йил олдин қўлланилган. Мамлакатимизда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги айнан шу усулда муолажа қилинган. Демоқчиманки, бу борада бизнинг 40 йиллик тажрибамиз бор. Қон зардоби энди касалликка чалинган беморда қўлланилса, натижаси янада самарали бўлади. Шу билан бирга, ЖССТ тақдим этган баённомалар асосида вирусга қарши ва симпоматик дори воситалари билан беморларга муолажа қилинмоқда.

БЦЖ вакцинасининг таъсири ҳақида ҳам маълумотларни эшитдик. Бу вакцина даволашда ишлатилмайди. Негаки, БЦЖнинг таъсири ҳақида кўп мулоҳазалар бор. Масалан, сил касаллиги бактерия табиатли юқумли касаллик бўлса, коронавирус эса вирусли. Шу боис, у иммун тизимга тегишли самара бера олмайди. Аммо БЦЖ вакцинаси ўпка тўқимасини ҳимоялашга хизмат қилишини инкор этиб ҳам бўлмайди. Бу вакцина сил касаллигининг олдини олишда ишлатилади.

Шифо топишнинг яна энг яхши йўли: бу иммун тизим мустаҳкамлиги. Вирусга чалинган беморлар касалликни шу боис ҳам енгиб, тез соғайиб кетмоқда.

Шифокорларнинг билими ва меҳри: бу ҳам шифо топишга катта кўмак беради. Бизнинг эпидемиология соҳаси аввалдан яхши ривожланган ва унда салоҳиятли кадрлар меҳнат қилади. Бугунги пандемия шароитида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов раҳбарлигида шифокорларнинг фидойилик кўрсатиб, туну кун меҳнат қилаётганини халқимиз кузатиб турибди. Ахир, айтинг, қайси давлатда соғайган беморга вазир гулдаста тутиб, кузатиб қўймоқда? Бу фақат Ўзбекистонда. Бунинг сабаби эса оддий: касбга садоқат ва халқни севиш.

– Соғайган беморларда вируснинг асоратлари қолиши мумкинми?

– Ҳозирги кунда беморларни даволаш ва уларнинг соғайиб кетиши борасида кўрсатилаётган тиббий хизматлар ҳар жиҳатдан тўғри ташкил этилмоқда. Масалан, бошқа давлатларда беморлар соғайиши билан уйга жавоб берилаяпти. Бизда бу тартиб бошқача. Бемор буткул соғайгандан кейин яна 14 кун реабилитацияда бўлади. Бу эса беморнинг соғлиғини яна мустаҳкамлашга бир имкондир.

Вирусдан соғайган беморда ҳеч қандай асорат қолмайди. Бемор буткул соғайиб кетади. Лекин вирусга чалинган беморда орттирилган бошқа бирон бир касали бўлмаса, қўрқишга ҳеч қандай асос йўқ. Вақт ўтиб, вируснинг ўзи мослашувчанлиги ошса, у оддий грипп каби вирусга айланиб қолиши ҳам мумкин.

– Бугунги кунда вакцина муҳимми ёки иммун тизимни мустаҳкамлаш? Соҳа ривожида яна нималарга аҳамият қаратиш керак?

– Вакцина яратиш муҳим. Вакцина яратишдан олдин яна бир муҳим жиҳат борки, бу аҳолининг иммун тизими профилактикасини яхши йўлга қўйиш керак. Иммун тизимини кўтариш учун дори воситаларини яратишга катта аҳамият бериш ҳар қандай вирусни енгиб ўтишда омил бўла олади.

Назаримда, бугун эпидемиологлар билан бир қаторда иммунологлар, микробиологлар фаолиятини халққа яқинроқ таништириш керак. Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти неча йиллик тарихга эга даргоҳ ҳисобланади. Бу ерда янги вакциналар топиш ва мавжудларини мукаммаллаштириш, даволаш учун ишлатиладиган зардоблар олишнинг янги замонавий усулларини ишлаб чиқиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, даволаш ва диагностикасига тегишли препаратларни стандартлаш муаммолари бўйича иш олиб борилади. Шу билан бирга, юртимиз аҳолисини эмлашнинг миллий дастурини амалга оширади.

Кейинги йилларда Президентимиз томонидан илм-фан, тиббиёт соҳаларига қаратилган эътибор туфайли бу ерда республикамиз учун ниҳоятда зарур бўлган вакцина ва зардоблар, хусусан, сил, кўкйўтал, бўғма, қоқшол, ич терлама, гепатит В касалликларига қарши дорилар ишлаб чиқариш қайтадан тикланмоқда. Вакцина тайёр бўлганга қадар эса иммунитетнинг бошқа тизимларига таъсир этувчи тиббиёт ва ветеринарияга оид янги биопрепаратлар устида илмий изланишлар олиб борилаётир. Институт олимлари иммунитетни коррецияловчи "Иммуномодулин", "Иммун-5" препаратлари, сил касаллигига қарши иммунитетни аниқлашда қўлланиладиган "Туберкулин" ҳамда ўлкамизга хос аллергенлар тайёрлаш ва амалиётда қўллашга муваффақ бўлмоқда.

Бу каби эришилган ютуқлар институт салоҳияти юқори эканидан далолат беради. Демак, бугунги пандемия келтириб чиқарган ҳолатни инобатга олиб, шу даргоҳ ишини замон талаби даражасида ташкил этиш ва янада катта эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.

ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди