Ижтимоий тармоқлар бу – карнавализация.
Охирги вақтлар ижтимоий тармоқларни кузатиб туриб шундай хулосага келиш мумкин: бизларда хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин, ҳамма соҳадаги ишларга протест билдириш, норозилик кайфияти ҳукмрон. Ҳали натижани кутмасдан ёки ҳақиқат юзага чиқмасдан туриб танқид қилиш ҳисси устун келяпти. Албатта бундай тушкун кайфият яъни стресс ўз-ўзидан шаклланмайди. Бу атайлаб, муайян мақсад учун қилинади. Зеро тармоқларнинг вазифаси ҳам шу. Одамларни стресс ҳолатига олиб келиш, уларни бошқариш ва матрицага ҳайдаш. “Махсус тарғибот ва ташвиқотлар” ҳақидаги мақолада бу ҳақида батафсил ёритганман.
Одамлардаги стресс, норозилик ва тушкун кайфиятни шакллантиришда асосан халқ олдига чиқиш қилувчи фигуралардан фойдаланишади. Бу фигуралар машҳурлар, артистлар ва блогерлар бўлиши мумкин. Бу чиқишлар ОАВлар ёки тармоқлар орқали бўлади. Бундай чиқишларда асосан халқнинг нозик ва ихтилофли мавзусларидан бирини кўтаришади. Мисол учун катта обрўга эга бўлган шасни ёки ташкилотни ҳақоратлаш, ёки диндолар орасида бирон ихтилофли фиқҳий масалани кўтариш. Фарқи йўқ, муҳими шу кўтарилган мавзу бўйича тармоқларда одамлар муносабат билдириши, тортишиши, сўкиниши ва урушиши керак. Бу ҳудди карнавал байрамига ўхшайди. Ҳамма жазавага тушиб, бемаънилик қилиши.
Карнавал нима? Ақлга биринчи бўлиб Бразилия кўчаларидаги порно-шоулари, Голландиядаги бир жинслик намойишлари ва шунга ўхшаш турли хил расвогарчиликлар келади. Бундан ташқари, бу ўзига хос хусусиятдир - доимий тартибсизликлар. Aммо ҳукумат барча бу каби шармандалик ва расвогарчиликларни тақиқлаш ўрнига, уларни тўлиқ рағбатлантиради. Ҳатто бунинг учун маблағ сарфлайди, чиройли ўтсин деб кўчаларни тўсади, хавфсизликни таъминлайди, омма бемалол карнвалда иштирок этишини таъминлайди ва суратга олиш ва ёзиш учун журналистларга энг қулай шароитларни яратади. Aгар тартибсизликлар режалаштирилган бўлса, унда улар умумий тартибга киритилган бўлади.
Барчани қувонтирадиган бу расвогарчилик жуда замонавий бўлиб кўринади. Aммо агар биз яхшилаб қизиқсак, карнавализация ҳозирги умумий тартибсизликнинг намойиши эмаслиги аён бўлади. Бу нарса жуда қадимий ва доимийдир. Қачонлардир қадимги Римда йилига бир марта кенг тарқалган Сатурн худосига бағишланган сатурналия байрами бўлиб ўтган. Унда қуллар бир кунга хожаларига хожалардек муомила қилишган ва бундан жуда хурсанд бўлишган. Ўрта асрларда Европадаги маскарадларда ҳам бу давом этган, оддий одамлар юқори табақа зодагонларига яқинлашган, улар билан тенглашган.
Карнавализация терминини киритган М. М. Бахтин бу васвасани шундай тушунтиради: Одамлар Карнавал майдонига чиқишганида, улар барча дунёвий нарсалар ва дин маданиятининг барча асосий қарама-қаршиликлари билан хайрлашади ва барча кундалик маиший қадриятлар ўз жойларини ўзгартиради. Тиланчи ёки нодон карнавал Қироли бўлади. Унга қироллик шарафлари берилади. Карнавал руҳонийси ҳам тайинланади ва барча диний қадриятлар таҳқирланади. Юқори қисм пастки билан, боши орқа билан ва жинсий аъзолар юзлар билан алмаштирилади. Эркаклар ва аёллар жойларини ўзгартирадилар. Эркаклар аёллар ниқобларини киядилар ва аксинча. Чиройли ва мулойим сўзлар ўрнига, ҳақорат сўзлари эшитилади. Ҳаёт ва ўлимнинг қарама-қаршиликлари жойларни ўзгартиради.
Озгина бўлса ҳам тафаккур қиладиган ҳар қандай одам бу нарсаларни бугун ижтимоий тармоқларда кўриши мумкин. Тармоқларда карнавализация ҳукмрон. Ёши каттанинг ҳурмати, кичикнинг иззати йўқ. Олимларга бўлган икром ва авомга бўлган мулойимлик йўқ. Ҳамма олим, эксперт, мутахассис. Ва албатта охири йўқ тортишувлар. Кўнгилни айнатувчи сўкинишлар. Бу ҳаракатларнинг барчасини ўрта асрдаги карнаваллар билан солиштирганда ташқи томондан бир-биридан фарқ қилса ҳам, моҳияти бир хил. Ижтимоий тармоқлар мана шунинг учун ташкил қилинади. Одамларда эмоционал фикрлаш ҳусусиятини ривожлантириш ва рационал яъни ақли фикрларни пасайтириш учун.
Аслида карнаваллар ўтказилаётган пайтида дунё қулатилади, оёғи осмондан қилиниб тўнкарилади. Иерархиялар парчаланади, пойдеворлар, одоб-ахлоқ қоидалари ва муомила маданияти бузилади. Жиноий элемент ғалаба қозонади, уруф-одатлар бузилади, қонунлар ва таомиллар унутилади. Муайян тор доирада ижтимоий инқилоб содир бўлади. Бир мунча вақтга ҳеч ким бўлган одам ҳамманинг олдида буюкка айланади. Кичкина инқилоб юз беради. Презервативда. Мақсадли равишда, назорат остида уюштирилган тартибсизлик. Назоратдаги хаос ташкил қилинади.
Карнавал - бу инқилоб олдидан қилинадиган эмлашга ўхшайди. Ўзгаришларни олиб келган вирусини даволаш учун. Хавфсизлик учун тақиладиган камар каби. Карнавал юракларда тўпланган нафрат ва ғазабни аниқлаш ва ташқарига чиқариш учун керак. Зеро қалбларда йиғилиб қолган қизиқиш, шаҳват, хафагарчилик ва яширин фикрлар ўрнатилган маълум тартиб учун доимо зарарли нарсалар бўлган. Мақсадли равишда уюштирилган маҳаллий тартибсизлик, қатъий назорат остида, махсус ажратилган вақтда, махсус ажратилган жойларда – буғ ва ахлатга айлантирилади. Тизимда тўпланиб қолган норозиликлар тизимни бузиб, ҳамма нарсани пайхон қилмаслиги ва барча нарсани парчалаб ташламаслиги учун ташқарига чиқариб ташланади.
Бундай вақтда қул хўжайини устидан кулади ва исёнкор Спартакка тупуради, Мартин Лютер Ислоҳотни унутиб, жинсий алоқага киришади, озодлик учун курашиш ўрнига Че Гевара румба рақсига тушади ёки самбага. Тармоқларда ҳам шундай бўлади: илм эгалари машшоқлар билан тортишади, улар билан тенглашади ёки аёллар билан эркаклар виртуал жинсий алоқа қилишади. Мақсадсиз челленджалар, фойдасиз бахслар ўтказишади. Буларнинг барчаси карнавал - бу таналардаги салбий энергия учун чақмоқ ўтказгич. Тўғрироғи, канализация тизими, улкан ҳожатхона, унга жамоат руҳи ва жамоавий онгсизликнинг ахлатлари оқизилиши керак.
Бизнинг вақтимизга келиб, технологик тараққиёт карнавалларнинг аудиториясини бир неча марттага катталаштириш имконини берди. Ҳар бир уйга, ҳар бир индивидуал шахсга алоҳида қувур тортиб келиш осон иш бўлди. Шу сабабли, стадионлар ва концерт майдонларидаги чиқишларга кўпроқ эътибор қаратиладиган бўлди ва карнавал ўтказиш энди телевизор, матбуот ва Интернетга топширилди. Ва энди анъанавий форматдаги байрамлар аввалгидек унчалик муҳим емас. Ахир, бутун дунёда шахсий хонадонларда виртуал карнавал жўш урмоқда.
Aслида, бу жуда ташвишли белги. Бу шуни англатадики, манипуляторлар бизнинг борлиғимизнинг енг нозик жойларигача бостириб киришди ва онгни бошқариш жуда осон ва умумий бўлиб қолди. Ҳар куни Иблис қурган улкан механизмнинг бир бўлаги бўлиб, тўрт томондан унинг ҳужими остида матрицада яшаяпмиз. Биз, аслида, доимий даҳшатли карнавал даврида яшаяпмиз. Лекин Аллоҳ доим танлаш имкониятини қолдирган. Ё карнавалда иштирок этамиз ёки четдан кузатамиз, одам бўлишга ҳаракт қиламиз...