Найти тему
Uzpharmagency

Африка лабораторияси: Фармацевтика компаниялари клиник синовларни нега шу ерда ўтказишади?

2020 йилнинг илк ойидан эътиборан янги турдаги коронавирус дунё кун тартибига чиқди. Мазкур жараёндаги энг диққатга сазовор жиҳатлардан бири узоқ йиллар давомида таниқли фармацевтика компанияларининг янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан аввал илк клиник синовларни Африка мамлакатларида ўтказаётгани ҳақидаги маълумотлардир. Энг кўп танқид қилинаётган масала эса ушбу дориларнинг Африкада синаб кўрилгач, африкаликлар учун эмас, балки бошқа қитъаларда яшайдиган одамлар учун қўлланишидир.

Фото: GETTY IMAGES
Фото: GETTY IMAGES

Совуқ уруш даври тугагач, кўплаб салбий муносабатларга қарши ўлароқ, баъзи қарорлар қабул қилинди. Дастлаб Нюрнбергда тиббиёт соҳасидаги илк этика қўмиталари ташкил этилди. Ундан кейин 1964 йилда Ҳелсинки ва 1981 йилда Филиппин пойтахти Манилада баёнотлар қабул қилинди. Ушбу ахлоқ қўмиталари вақт ўтиши билан бошқа мамлакатлар томонидан ҳам тан олинди. Мазкур кенгашлар умумий қабул қилинган тамойиллар асосида фаолият юритади ва ушбу тамойилларга мос бўлмаган вазият юзага келса, зарурий чоралари амалга оширади. Бироқ шунга қарамай зарур лаборатория ва тадқиқ имкониятлари чекланган Африка мамлакатлари ҳануз йирик халқаро фармацевтика компаниялари учун лаборатория вазифасини ўтаб келмоқда. Сўнгги ярим аср давомида кўплаб дориларнинг клиник синовлари шу ерда ўтказилгани ҳам бу фикрнинг далилидир.

Таъкидлаш жоизки, юқумли касалликлар бўйича олиб борилган синовлар натижасида етказилган зарар жиддий компенсацияни талаб қиладиган даражада эди. Устига устак, беморларнинг кўпчилиги терапевтик мақсадларда ишлатиладиган ушбу дорилар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмасди. Бошқача қилиб айтганда, Скандинавия мамлакатларида одамлар кўнгилли бўлишга рози эса-да, қандайдир кутилмаган вазият юзага келса, ўз ҳуқуқларини талаб қила олишарди. Африкада эса бундай эмас – француз тили расмий давлат тили бўлган мамлакатларда синовдан ўтказилажак дорилар ҳақида инглиз тилида маълумот бериларди. Энг ёмони, бемор синов босқичидаги бундай дорилар ўзида қўлланишини бир имтиёз сифатида қабул қиларди.

Африкадан лаборатория сифатида фойдаланишга оид ОАВда эълон қилинган хабарлар, мақолалар ва китоблар ушбу амалиётга қарши жиддий реакцияларга сабаб бўлмоқда. Қитъанинг лаборатория, у ерда яшовчиларнинг эса «тажриба қуёнчаси» эмаслиги ҳақидаги эътирозлар ҳам ҳар тарафдан акс-садо бермоқда. Эндиликда африкаликлар европалик ёки америкаликлар учун ишлаб чиқарилган ва асосан уларнинг соғлиги йўлида қўлланиши кўзда тутилган дориларнинг илк босқичда нега европалик ва америкаликларда синовдан ўтказилмаётгани ҳақида эътироз билдирмоқдалар.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бугунги кунда Швейцариянинг энг яхши 10та фармацевтика компанияси 500 миллиард евро савдо айланмаси билан дунё дори-дармон саноатининг 40 фоизидан кўпроғига эгалик қилади. Дунё фармацевтика маҳсулотларининг 54 фоизи Шимолий ва Жанубий Америкада (АҚШ 47,5 фоиз, Лотин Америкаси 4,4 фоиз, Канада 2,1 фоиз), қолган 23,2 фоизи Европа мамлакатларида, 22,5 фоизи эса Осиё-Тинч океани минтақасида ишлаб чиқарилади. Яқин Шарқ мамлакатлари эса 2 фоиз улушга эга. Африкадаги 54 мамлакатининг умумий улуши эса жуда паст кўрсаткични – атиги 0,5 фоизни ташкил этади. Шу боис африкаликлар ўз қитъаларининг ишлаб чиқарувчи эмас, истеъмолчи эканини, қолаверса, янги дори ишлаб чиқаришда ўзларининг тажриба воситаси эканликларини ҳазм қила олишмаяпти.

Сўнгги пайтларда коронавирусга қарши кураш доирасида ишлаб чиқарилган янги дори ва вакциналарнинг африкаликлар устида синовдан ўтказилаётгани ҳақида узунқулоқ гаплар пайдо бўлмоқда. Бу эса кейинги синов амалиётлари ҳам африкаликлар устида ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ўтказилади, деган фикрнинг кенг ёйилишига сабаб бўлмоқда.

Хўш, Африканинг клиник синовлар лабораторияси, бу ердаги одамлар эса «тажриба қуёнчаси»га айлантирилиши фақат фармацевтика саноати учунгина хосми? Йўқ. Бу ерда очилган ҳар бир секторнинг етакчи инвесторида шунга ўхшаш ният бор. Масалан, тоғ-кон саноатида ишлайдиганлар учун ушбу жуғрофий майдон гўё бир бошланғич мактаб вазифасини ўтайди. Давлат муассасалари ҳам энг тажрибасиз ходимларини Африка мамлакатларида иш билан таъминлайди.

Албатта, бу «сургун ери»га ҳеч ким ўз хоҳиши билан келмаслиги аниқ. Гарчи Африкага хизмат вазифаси билан жўнатилиш салбий ҳол бўлиб туюлса-да, аксарият одамлар қитъанинг энг чекка қисмига борганларидан бироз вақт ўтгач, бу ерда яшашдан завқ туя бошлайдилар. Ҳатто кейинчалик гуллаб-яшнаган Европа мамлакатларига қайтганларида ўзларини қандайдир ёлғизлик домига тушиб қолгандай ҳис қилишади.

Албатта, Африка лаборатория экани ҳақидаги фикрга ҳамма ҳам бирдай қўшилавермайди. Эҳтимол, буни бир бор Африкага борган кишининг у ерда доимий яшаш истагига тушиб қолиши, ўзини табиий муҳит қўйнида ҳис этиши билан изоҳлаш мумкиндир. Яна ким билсин. 

Kun.uz