Давлатбек РАҲМОНОВ (1949 - 2006) - Ўзбекистон прокуратураси тизими ходими ва жамоат арбоби, Андижон тумани Кенгаши депутати, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш олиб борган ва қурбони бўлган.
Мундарижа
Ҳаёт йўли
Давлатбек Ўринбоевич Раҳмонов 1949 йил 1 июл куни Ўш шаҳрининг Шайхлар маҳалласида ҳозирги Алебастрова кўчасида Ўшнинг таниқли театр арбоби Ўринбой Раҳмонов оиласида туғилган[1]. Ёшлигидан билимга чанқоқ Давлатбек 1972 йили Тошкент давлат дорилфунунининг юридика куллиётига ўқишга кириб, уни аъло баҳолар билан ҳуқуқшунос мутахассислиги бўйича 1977 йили тамомлаган. Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани прокуратурасига прокурор ёрдамчиси этиб юборилади. Ёш истеъдодли туман прокурорининг ёрдамчиси Давлатбек Раҳмонов бир қанча оғир жиноятларни фош этиб, кўзга ташланиб қолади ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ва жиноятчилик билан курашишни фаоллаштириш мақсадида Андижон туманига юборилади. Давлатбек Андижон тумани прокуратурасига ишга келганда, прокуратура биноси эски ва талабга жавоб бермас эди. Давлатбекнинг саъй-ҳаракатлари туфайли туман прокуратурасининг икки қаватли янги биноси қурилди. Андижон туманида Давлатбек Раҳмонов прокурорлик вазифасини бажарар экан, у биринчи навбатда жиноятчиликни олдини олиш чора-тадбирларини тузди. Туманнинг барча қишлоқларида бўлиб, оддий халқ вакиллари билан учрашди, уларга қонун устуворлиги йўлида қилинаётган ишлар хақида ахборот етказарди, саволларига жавоб берарди. Андижон туманида жойлашган пахтачилик олийгохида, барча билим юртларида ва мактабларда ўқиётган ёшлар билан учрашиб, уларни жиноятчилик йўлига кириб қолишдан огоҳ этиб, кенг қамровли профилактика ишларини олиб борарди. Андижон пахтачилик олийгохида талабаларга ҳуқуқшунослик фанидан дарс берарди. Андижон туманида жиноятчилик, қонун бузилиш фактлари камайди. Прокурор Давлатбек Раҳмонов ўз иш фаолиятида давлат мол-мулкини талон-торож қилган ва унга кўз олайтирган жиноятчилар билан қаттиқ кураш олиб борди. У бир неча марта туман кенгаши депутати этиб сайланди. Андижон туманида жиноятчилик билан курашиш кўрсаткичлари яхшиланганда, Давлатбек Раҳмонов Андижон вилояти прокуратурасига ишга юборилади. Давлатбек вилоят прокуратурасида ҳам жиноятчилик билан кескин, принципиал равишда курашди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг бир неча марта рахматномалари ва совғалари билан тақдирланди. Давлатбек Раҳмонов Харков юридика олийгохида ўз хизмат квалификациясини ошириб келади ва Ўзбекистон прокуратура тизими ходимлари ичида ягона ўзи аъло баҳолар олади ва ушбу олийгохдан ҳам рахматнома олади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Бўритош Мустафоев Давлатбекни Ўзбекистон Республикаси бош прокуратурасига ишга таклиф этади, бироқ Давлатбекни ушбу вақтга келиб соғлиги ёмонлашганлиги сабабли ишдан кетишга мажбур бўлади. Давлатбек „Унум“ ва „Давлатбек саҳовати“ фермер хўжаликларини тузиб, уларга раҳбарлик қилди ва ҳамиша давлат буюртмаларини ошиғи билан бажариб борди[2]. Фермерлик фаолиятида Давлатбек кўплаб қонун бузилиш фактларига дучор бўлди. Жумладан, қишлоқ хўжалигини ислоҳот қилиш мақсадида Андижон туманидаги жамоа хўжаликларини тугатиш жараёни кетаётганда раҳбарлар томонидан давлат мулки, бинолари, қишлоқ ерлари ва агротехникалари ноқонуний ўзлаштирилиб, талон-торож этилди. Қишлоқ хўжалиги ислоҳоти ниқобида оддий қишлоқ аҳолисининг манфаатларига қарши „ислоҳот“ юргизилаётган эди. Давлатбек Раҳмонов туман раҳбарларининг ушбу жиноятларига кўз юма олмади ва тегишли идораларга ушбу хақда мурожаат этди. Бир қанча нопок раҳбарлар вазифасидан озод этилди. Лекин бир нопок раҳбарнинг ўрнига яна бир таъмагир келарди ва эски қинғир ишларни давом эттирарди. Чунки жамоа хўжаликлар тугатилаётганда, ушбу хўжаликлар балансида ота-боболаримизнинг беғараз меҳнати эвазига тўпланган юз миллион сўмлик мол-мулк бор эди. Булар гаражлар, автотехникалар, ҳар хил бинолар, минглаб гектар ер, боғлар, шийпонлар, тайёрлов пунктлари, ҳар хил цехлар, омборлар, клублар ва бошқа кўплаб шу каби мол-мулк эди. Шунинг учун баъзи-бир нопок раҳбарлар ушбу давлат ва халқ мулкини ўзининг ихтиёрига ўтказиб, ноқонуний фойдаланишни кўзлаган эди. Лекин уларнинг бу жиноий хатти-ҳаракатларига ҳамиша Давлатбек Раҳмонов тўғаноқ бўларди. Ушбу нопок раҳбарлар Давлатбекка бир неча марта тахдид солса ҳам, у ҳамиша қонун устувор чиқади, ҳақиқат енгиб чиқади, деб ўйларди ва оддий қишлоқ халқининг манфаатини ҳимоя қилиб келди.
2006 йил 6 мартида Давлатбек Раҳмонов фожиали равишда автоҳалокатда вафот этади. Тўртта фарзанднинг отасини автомашинасида катта тезликда уриб юборган кимса, хаттоки бир кун ҳам қамалмади ва қонун олдида жавоб бермади[3].
Давлатбек Раҳмоновга бағишланган шеър
ҚАЙҒУЛИ ШЕЪР
Яхшиларга бу дунёда умр йўқми?
Ёмонларга жазо йўқми, жабр йўқми?
Ортингиздан ким ачиниб йиғламайди?
Сиздай инсон орамизда ахир йўқдир!
Сиз ўлмайин ғаним кўнгли тўлмасмиди?
Ёмонларни ер бағрига олмасмиди?
Э воҳ, ажал не дилларни вайрон этиб,
Сизни олиб кетмаса ҳеч бўлмасмиди?
Тафтингизга ҳали тўйиб улгурмайин,
Хатто сизга меҳр қўйиб улгурмайин.
Отасизлик қисматини кўрар бўлди,
Ўринбойиз сизни севиб улгурмайин.
Даво борми ярим диллар яросига?
Кўниш қийин тақдирнинг бу хатосига.
Ёмон бўлди, сизни сўраб жовдираган,
Мурғаккина кўзларингиз қаросига.
Энди бизга ўрнингиз кўп билингайдир,
Ҳар қадамда изларингиз кўрингайдир.
Мудом дарё каби шошиб юрганингиз,
Эслаганда дил-бағримиз тилингайдир.
Қадрингизни дўсту-ёрлар билгай энди,
Ҳамдамингиз фаришталар бўлгай энди.
Давлат укам қабрингизни аёзлардан,
Асрагувчи гул чечаклар унгай энди.
Ёлғонларга ўхшар ҳамон кетганингиз,
Ер бағрини эрта макон тутганингиз.
Гарчи дийдор қиёматга қолса ҳамки,
Чинлар бўлсин жаннатларга етганингиз.
акаси Дилдорбек ҳожи Раҳмонов 6 март 2006 йил („Мезон“ № 10, 6 бет, 11 июл 2009 йил, „Дийдор“ № 6, 7 бет, 15 феврал 2010 йил рўзномаларида чоп этилган)