Найти тему
Uzpharmagency

Иммунитетни кўтариш учун энг керакли тавсиялар

Иммунитет кучли бўлса, у бизни турли хасталиклардан ҳимоялайди. Чунки иммун тизими ишидаги носозлик организмнинг касалликларга бўлган мойиллигини оширади.Шундай вақтда иммунитетни кўтариш чораларини кўринг.

Ҳар куни наҳорга 1-2 дона қизил сабзи, 2 дона апельсин ёки олма, тушлик пайтида ярим боғ сельдерей ёки кашнич, салат барги, ётишдан олдин 1 пиёла қатиқ истеъмол қилинг.

Петрушка, сельдерей, шивит, салат барги танага қувват берувчи, юқумли касалликлардан сақловчи таъсирга эга.

Ошқозон-ичак, жигар, ўт пуфаги соҳасидаги муаммоларда оддийгина наъматак, дўлана, шотут мевалари ёрдамга келади. Улар витаминларга ниҳоятда бой.

Одамгиёҳ (женшень), зубтурум, газанда ўт, дала қирқбўғини, арслонқуйруқ, дасторбош, беҳи барги, тоғжамбил, шивит ва зиғир уруғи, бўйимодарон каби ўсимликлар иммунитетни оширувчи таъсирга эга. Улар дамланиб, кунига икки маҳал наҳорга ва ётишдан олдин ичилади.

Иммунитетни кўтаришда ҳамда асаб тизимини мустаҳкамлашда асалга тенг келадигани йўқ. Ётишдан олдин 1 ошқошиқ асал еб, орқасидан, албатта, қайнатилган илиқ сув ичилади.

Ёки седанани янчиб, асалга аралаштирилади ва ҳар куни наҳорга нўхатдай миқдордагиси истеъмол қилинади.

Таркибида А ва С витамини бўлган маҳсулотлар иммунитетни кўтариш хусусиятига эга, уни болалар ва катталар кўп истеъмол қилишлари лозим.

А витаминининг организмдаги асосий вазифаси иммун тизимини бошқариш ва кўриш қобилиятини меъёрлаштиришдан иборат.

Асосан балиқ маҳсулотлари А витамини билан тўйинган бўлиб, унинг болалар организми учун ўрни беқиёсдир.

Тухум, жигар ва сут маҳсулотларида ҳам А витамини мавжуд.

С витамини организмдаги микробларга қирон келтиради ҳамда иммунитетни назорат қилади. Грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар юққанида С витаминига бой маҳсулотлардан истеъмол қилиш, уларнинг тезда бартараф этилишига олиб келади.

Наъматак таркибида С витамини бор маҳсулотлар ичида тенгсизи ҳисобланади.

С витамини булғор қалампири ва тузланган карамда анча кўпроқдир. Уларда апелсиндан кўра 10 марта кўпроқ С витамини бор.

Иммунитетни қўллаб-қувватлаш учун ёнғоқ, жавдар унидан тайёрланган нон, авокадо, тухумнинг сариғини истеъмол қилиш кони фойда. Улар Е витаминига бой бўлади.

Шунингдек, ёрқин рангдаги сабзавотлар, мисол учун, сабзи, кўкатларни хом ёки бироз термик ишланган ҳолатда истеъмол қилиш ҳам фойдалидир.

Ўз навбатида, лимон С витаминига бой, у танада соғлом бактериал мувозанатни сақлайди ва ичакларни ҳимоя қиладиган коллаген моддасини ҳосил бўлишида муҳим роль ўйнайди.

Маълумотларни Наргиза Камалова тайёрлади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида

“Uzpharmagency” телеграм каналида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланишда каналимиз манба сифатида кўрсатилиши шарт!

Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.

Телефон: (998 71) 203-81-81

Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz

Uzpharmagency расмий саҳифалари:

Telegram | Instagram | Facebook | Youtube | Twitter