Мамлакатимиз фармацевтика тарихида илк бор инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери – «Tashkent Pharma Park» лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди. Кластер қурилиши учун Зангиота туманидан 79 гектарлик ер майдони ажратилди ва бу ерда 14 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилади. Президент қарори билан тасдиқланган кластерни ташкил этиш концепциясига мувофиқ, бу ерда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси, стандартлаштириш давлат маркази ҳам ташкил қилинади.
“Дунё” АА мухбири мазкур марказ директори Шерзод АБДУҒАНИЕВ билан кластер аҳамияти, марказнинг илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш фаолиятидаги ўрни ҳақида суҳбатлашди.
– Суҳбатимиз аввалида «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг аҳамиятига тўхталиб ўтсангиз.
– «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини яратишдан асосий мақсад инновацион ва юқори сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат. Шунингдек, мазкур кластер фармацевтика соҳаси мутахассисларини халқаро таълим стандартлари асосида тайёрлаш имконини бериб, фармацевтика таълимининг халқаро илмий ҳамжамият тизимига изчил интеграциялашувини таъминлайди. Фармацевтика соҳасида биринчи илмий шаҳарча сифатида баҳоланаётган инновацион ёндашувнинг муҳим жиҳатларидан бири бу ўз инфратузилмасига эга бўлган Фармацевтика техник университетининг очилишидир.
Университетда илмий-тадқиқот марказлари ва лабораториялар, ўқув-илмий лабораториялар ва виварийлар, фармакопея маркази, меҳмонхонага эга симпозиумлар маркази, талабалар, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жой, спорт-соғломлаштириш мажмуаси, сув ҳавзаси ва стадионлар бўлади.
– Лойиҳада Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази инновацион кластернинг ажралмас қисми сифатида қайд этилади.
– Ушбу марказ ўз фаолиятини амалга оширишда фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, сертификатлаштириш, стандартлаштириш, сифат назоратини ўтказиш ва уларни тиббий амалиётда қўллашга рухсат бериш билан шуғулланиши кўзда тутилган.
Саноат зонасида етакчи фармацевтика компанияларининг инновацион дори воситалари ишлаб чиқариш майдонлари барпо этилади. Шунингдек, келгусида бу ерда чет эл клиникалари, тиббиёт марказларини очиш, кластернинг инфратузилмаларини янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Демак, марказ фаолиятини янада такомиллаштириш замонавий лабораториялар ва синов марказлари, инновацион инфратузилма яратилишини талаб этиб, унинг фаолиятини такомиллаштириш синов лабораторияларини халқаро инновацион тизимга интеграциялаш орқали амалга оширилади.
Марказ учун янги маъмурий, лаборатория биноси ва клиника олди тадқиқотлари учун жой қурилиши мўжалланган. Ушбу биноларнинг ишга туширилиши фармацевтика маҳсулотларининг экспертизаси ва синовларини жаҳон стандартларига мувофиқ ўтказилиши имкониятларини янада оширади.
Шунингдек, марказ учун янги лаборатория биносининг қурилиши лабораторияларни инновацион ўлчов ва синов воситалари билан жиҳозлаш, лабораториялар томонидан дори воситалари ва тиббий буюмлар синовларини АҚШ, Европа, Япония, Буюк Британия фармакопеялари талаблари асосида амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради. Қолаверса, фармацевтика маҳсулотлари экспертизаси ва сифат назорати соҳасини янада ривожлантириш имкониятлари яратилади.
Фармакопея маркази билан ҳамкорликда эса фармакопея усулларининг ҳаётга тезроқ татбиқ қилинишига эришамиз.
– Лойиҳада Марказ ва Фармацевтика техник университети ёнма-ён жойлашганига гувоҳ бўлдик.
– Бу тасодиф эмас, албатта. Фармацевтика университети талабалари таълим ва амалиётни уйғун олиб боришлари зарур. Бунда марказ муҳим ўрин тутади. Улар фармацевтика маҳсулотларининг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги бўйича синовлар ўтказиб, ўз билим ва кўникмаларини марказда мустаҳкамлашади. Қолаверса, талабалар дори воситаларининг юқори самарали суюқлик хроматографияси, имуннофермент усули, полимераза занжир реакцияси каби халқаро фармакопея усуллари, тиббий ўлчов асбобларнинг фантомлар ёрдамида ўтказиладиган синовларига бевосита гувоҳ бўлишлари мумкин бўлади.
Марказ ёнида яна бир объект – Илмий-тадқиқот маркази ҳам бунёд этилади. Бу мамлакатимиз олимлари яратадиган асл дори воситаларининг стандартлаштирилиши ва улар меъёрий ҳужжатларининг тезроқ ишлаб чиқилиши, тиббиёт амалиётига рухсат берилиши имкониятлари ортишига хизмат қилади. Бугунги кунда фармацевтика соҳасининг энг оқсаётган йўналишларидан бири ҳам шу.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз фармацевтика соҳаси учун яна бир ривожланиш даври бошланди. Мазкур кластер том маънода фармацевтика тармоғини ривожлантиришнинг локомотивига айланади.
Дунё АА мухбири
Улуғбек Шоназаров суҳбатлашди.
“Дунё” ахборот агентлиги
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати
Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида
“Uzpharmagency” телеграм каналида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланишда каналимиз манба сифатида кўрсатилиши шарт!
Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.
Телефон: (998 71) 203-81-81
Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz
Uzpharmagency расмий саҳифалари: