Найти тему
Uzpharmagency

“Коронавирус Эбола эмас, у учун вакцина талаб этилмайди" - вирусолог Жулио Тарро

Дунёга машҳур италиялик вирусолог Жулио Тарро коронавирус пандемияси қандай асоратлар билан тугаши билан боғлиқ учта вариантни илгари суряпти. У шу ҳақидаги нуқтаи-назарини АҚШнинг Business Insider янгиликлар порталида эълон қилди.

Маълумот учун, Жулио Тарро полиомиелитга қарши вакцина яратган буюк вирусолог-олим Альберт Сейбиннинг шогирди ҳисобланади.

Тарронинг айтишича, коронавирусдан тўлиқ самарали эмланишни кутиш керак эмас, сабаби у худди грипп каби мутацияга учраши мумкин. Мутахассис жорий пандемия тугаши билан боғлиқ учта йўлни ўртага ташламоқда ва унда вакцинага эмас, балки даволаниш ҳамда ёз фаслига ишониш ҳисси устуворлик қиляпти.

“Коронавирус Эбола эмас, у учун вакцина талаб этилмайди. Соғлиқни сақлаш тизими эса интенсив терапия бўлинмаларини икки баробар қисқартириб юборганларнинг айби билан инқирозни бошдан кечирмоқда.

Афтидан, коронавирусга қарши вакцинани кутиш ҳам бефойда. Чунки агар вирусда ростдан ҳам хитой ва паданча каби турли кўринишлар мавжуд бўлса, у ҳолда ҳар иккиси учун ҳам самара берадиган вакцинани яратиш жуда қийин. Бу худди вакциналар гриппга қарши универсал самара бера олмаслигига ўхшайди.

Баҳсга киришишни хоҳламайману, аммо одамлар февраль ойида Италияда бу вирусга чалиниш хавфи нолга тенг, чунки у бу ерда йўқ дея бонг урганларга ҳамон қулоқ солаётгани ажабланарли. Сабаби инфекция ўша пайтдаёқ мамлакатда тарқалиб бўлганди.

Бугун одамлар интернет орқали маълумотларни излаяпти, мен эса ҳозирги ёшимда ва тажрибамнинг юқорилиги боис бундан узоқроқ юришга ҳаракат қиламан. Мен Неаполда вабо вибрионини яратганман, ОИТС эпидемиясига қарши курашганман ва Неаполда бронхитдан азият чеккан икки ёшгача бўлган болалар ўртасида ўлим даражасини кўпайтириб юборган қора офат устидан ғалаба қозонганман” – дейди у.

У Неаполдаги Котуньо номли шифохонадан пенсияга чиққан. Тарронинг фикрича, ушбу касалхона мамлакат бўйича врачларни муносиб ҳимоя қиладиган ягона муассасадир. У гриппнинг кўплаб турларига қарши курашда етакчи бўлган. Олимлар на биринчи атипик зотилжам пайтида, на Яқин Шарқ респиратор синдроми пайтида вакцина яратишган, балки даво топган инсонларнинг антитаначаларидан фойдаланишни ушбу касалликларни бартараф этиш йўлидаги энг самарали йўл деб билишган ва шундай қилишган.

“Шу боис ёз ойида пайдо бўлиши кутилаётган вирусга қарши амалий терапия, даволаш усули нормал ҳаётга қайтаришнинг пойдеворига айланади. Мен илм-фан ва иссиқ ҳароратнинг келиши бу ерда ўзаро иттифоқчига айланишидан умидворман. Ўшанда чўмилишга бора олишимизга ишонаман. Кўплаб одамлар эса коронавирус ҳақида илмий маълумотларга таянмай ва зарур билимларга эга бўлмай гапириб ётибди”, — дейди Тарро.

Унинг фикрига кўра, коронавирус билан боғлиқ вазият қайсидир даражада шиширилган, чунки “бу анча ноодатий вирус бўлса-да, бахтимизга уни ўлим ҳолати бўйича атипик пневмония ва ҳатто ҳар учинчи беморни ҳаётдан олиб кетган Яқин Шарқ респираторли синдроми билан солиштириб бўлмайди.

Тарронинг таъкидлашича, бугун биз Эбола билан эмас, балки юқтирганларнинг қарийб 96 фоизи тирик қоладиган душман билан кураш олиб бормоқдамиз.

У ўз давлати соғлиқни сақлаш тизимидаги бугунги инқироз сабаблари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Тождор вирус билан боғлиқ муаммо, — дейди профессор, — бир вақтнинг ўзида касал бўлиб қолган айнан ана шу қолган 4 фоиздадир. Чунки амалиётда бутун грипп мавсумида қанча бемор йиғилса, коронавирус сабаб бир ойга етар-етмас ана шунча касал пайдо бўлди. Соғлиқни сақлаш тизимида охирги бир неча йилда олиб борилган қисқартиришлар оқибатида мазкур тўлқинни уддалаш имконсиз ишга айланди. ЖССТ маълумотига кўра, 1997 йилдан 2015 йилгача бўлган даврда интенсив терапия бўлинмаларидаги койкалар сони икки баробар қисқариб кетган. Янада ёмон томони, биз ушбу зарарни қоплаш учун тезда ҳаракат қилмадик”, — деди вирусолог.

Тарронинг сўзларига кўра, Италиянинг қатор ҳудудлари, шу жумладан, ўзи яшайдиган Ломбардия ҳам мамлакатда 31 январь куни эълон қилинган фавқулодда ҳолатдан бошлаб то жойларда фавқулодда ҳолатга қарши курашиш бўйича чораларни жорий этиш бошлангунга қадар орада ўтган вақтда жуда кўп нарсани йўқотди.

“Хитойдан янги хабарлар кела бошлагач, французлар зудлик билан чора-тадбирлар кўриб, интенсив терапия бўлинмаларидаги жойлар сонини кўпайтиришди, биз эса — йўқ. Бунинг ўрнига Хитой билан авиақатновларни тўхтатишдек мутлақо бефойда қарорни қабул қилдик. Тиббиёт ниқоблари билан боғлиқ тартибсизликларни-ку гапирмай қўя қолай. Ҳақиқат шундаки, бошида улар бизда йўқ эди. Шунинг учун ҳам кейин уларни врачлар ва беморлар ишлатишлари айтилди, бу каби хато эса бошқаларини ҳам чақирмай қўймади. Ломбардияни Хитой каби ёпишни хоҳлашди, кейин эса минглаб одамларга мамлакат жанубига кетишлари учун рухсат берилди... Тўғрисини айтганда, ҳукумат қандай стратегия ишлаб чиққани ҳамон аниқ эмас, тўхтатиш бўйича чоралар эса кечикиш билан қабул қилинди”, — дея қўшимча қилди Тарро.

Италиянинг ахборот бўйича стратегияси ҳам ишонарли эмас, деб ҳисоблайди у.

“Ваҳима — стресс ўчоғи, стресс эса парадокс тарзида иммунитет ҳимояси пасайишига олиб келади. Бу барча экспертларга маълум ва биз Фуқаро мудофааси бераётган мазкур бефойда рақамларни кузатиб боряпмиз. Бу маълумотлар аслида ҳеч нарсани англатмайди: биз касалланганларнинг аниқ сонини билмаймиз, боз устига юқори даражадаги ўлим ҳолатларига дуч келмоқдамиз. Агар биз қатор инглиз тадқиқотларига эътибор қаратадиган бўлсак, аслида вирусга чалинганлар сони анча кўп эканлигининг гувоҳига айланамиз: Оксфорд университети маълумотларига кўра, бу барча аҳолининг 60-64 фоизидир; Империя коллежи бу камида 6 млн. киши эканлигини билдирган. Ушбу баҳоларга кўра, ўлим даражаси жуда сезиларли даражада камаяди. Ўйлашимча, биз ҳам Хитой каби бу борада 1 фоизлик кўрсаткични қайд этамиз”.

Вирусга қарши аниқ терапия пайдо бўлиши кутилаётгани ҳақида тўхталиб ўтар экан эксперт эпидемия якунланиши бўйича уч хил тахминни илгари сурмоқда.

“У атипик зотилжам каби тўлиқ йўқ бўлиб кетиши мумкин; у Яқин Шарқ респираторлик синдроми каби яна пайдо бўлиши мумкин ёки қуш гриппи каби мавсумий касалликка айланиши мумкин. Бинобарин, вакцина эмас, тезда даволаш муҳимдир. Африкада вирус унчалик тарқалмаётгани эса ҳамма умидни ёз билан боғлашим учун асос беряпти”, — деб алоҳида таъкидлади Жулио Тарро.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида

“Uzpharmagency” телеграм каналида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланишда каналимиз манба сифатида кўрсатилиши шарт!

Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.

Телефон: (998 71) 203-81-81

Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz

Uzpharmagency расмий саҳифалари:

Telegram | Instagram | Facebook | Youtube | Twitter