Найти тему
Uzpharmagency

Доривор ўсимликлар соҳасида амалий лойиҳалар танлови эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича амалга ошириладиган амалий лойиҳалар танловини эълон қилади

(25-тур)

Танловнинг асосий мақсади – доривор ўсимликларни етиштиришнинг самарадор агротехнологияларини ишлаб чиқиш, уларнинг маданий плантацияларини яратиш, оналик кўчатзорларни ташкил этиш ва инновацион технологияларни жорий қилиш, доривор ўсимликларни in vitro кўчатчилигини ташкил қилиш ва кўпайтириш технологиясини яратиш, шунингдек тиббиётда қўлланиладиган доривор ўсимликлар коллекцияси генбанкини ташкил этишдан иборат.

Танлов мавзулари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 10 апрелдаги ПҚ-4670 қарорида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш талаблари доирасида шакллантирилган.

Танлов қуйидаги фан йўналишлари бўйича ташкил этилади:

а) “Биология фанлари” йўналиши бўйича:

  • Доривор ўсимликларни in vitro кўчатчилигини ташкил қилиш ва кўпайтириш технологиясини яратиш.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 3,0 млрд. сўм маблағ ажратилади.

б) “Ўрмон хўжалиги фанлари” йўналиши бўйича:

  • Ўрмон фонди ерларида доривор валериана (Valeriana officinalis L.), бўёқдор рўён (Rubia tinctorum L.), силлиқ ширинмия (Gylcyrrhiza glabra) ва доривор занжабил (Zingiber officinale)ни етиштириш технологиясини яратиш ва плантацияларини ташкил этиш.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 1,5 млрд. сўм маблағ ажратилади.

  • Зверобой – Hypericum вa қизилмия (солодка) Glycrrhiza доривор ўсимликларининг илдиз чириш, ун шудринг ва фузариоз касалликларига қарши биологик кураш агротехнологиясини ишлаб чиқиш.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 1,8 млрд. сўм маблағ ажратилади.

в) Фармакология ва фармацевтика фанлари йўналиши бўйича:

  • Фарғона водийси шароитида Қушқўнмас (Silybum Marianum) ўсимлигини етиштириш ва дориворлик мезонларини аниқлаш асосида янги препаратлар яратиш.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 1,5 млрд. сўм маблағ ажратилади.

  • Маҳаллий доривор ўсимликлар асосида юрак қон-томир ва қандли диабет хасталиклари профилактикаси учун шифобахш табиий ичимликларни тайёрлаш технологиясини яратиш.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 2,4 млрд. сўм маблағ ажратилади.

  • Табиий доривор ўсимликлардан “кластер” усулида нанозаррачали дори препаратларини яратиш.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 3,0 млрд. сўм маблағ ажратилади.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

Танлов мавзулари.

Танлов шартлари.

Лойиҳалар www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали электрон рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Коронавирус пандемияси сабабли республикамизда эълон қилинган карантин шароитида лойиҳалар www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали жорий йилнинг 29 майига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.

Бунда ижрочи ташкилотнинг йўлланма хати, илмий (илмий-техник) кенгаш қароридан кўчирма ва лойиҳанинг (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда) асл нусхаси сканердан ўтказилиб, pdf шаклида www.fan-portal.uz веб-саҳифасига юкланиши лозим.

Лойиҳа матни А4 форматдаги стандарт қоғоз варағининг икки томонида жойлашиши ва қоида тариқасида 1,15 қатор оралиғида ёзилиши лозим.
Ҳар бир бет юқоридан ва пастдан 2 см; чапдан 3 см; ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга; хатбоши 1,27 см га тенг ва бир хилда бўлиши лозим.

Матнни компьютер воситасида босиб чиқаришда «Тimеs Nеw Rоmаn» 12 ўлчамли шрифтда «Мiсrоsоft Wоrd» матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.

Бетлар титуль варағидан бошлаб охирги вараққача изчил кетма-кетликда рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида
2 рақамидан бошлаб ёзилади. Титуль варағига 1 рақами қўйилмайди.

Лойиҳанинг ҳар бир талаб қилинган ҳужжати ва бошқа таркибий қисмлари янги бетдан расмийлаштирилади.

Лойиҳа раҳбари ва иштирокчиларининг мезонларда талаб қилинган илмий ишлар рўйхати (охирги 3 йил давомидаги нашрлар қуйидаги хронологик тартибда келтирилиб, изчил кетма-кетликда рақамланади: монография; патент; илмий мақола; илмий тўпламлар ва бошқа нашр ишлари) 3.4-шаклга қатъий риоя қилинган ҳолда расмийлаштирилади ва муаллиф, илмий котиб томонидан имзоланади ҳамда ташкилот муҳри билан тасдиқланади.

Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт.

Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.

Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.

Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг натижалари тўғрисидаги маълумот www.mininnovation.uz веб-сайтида “Танловлар” рукнининг “Танлов натижалари” интерактив” хизмати орқали очиқ ҳолда тақдим этиб борилади.

www.fan-portal.uz веб-портали орқали электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўллаб-қувватлаш хизмати: (71) 203-32-23 (620, 621) – Ахборот технологияларини жорий этиш бўлими.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида

Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.

Телефон:  (998 71) 203-81-81 (998 90) 3510166

Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz

Uzpharmagency расмий саҳифалари:

Telegram | Instagram | Facebook | Youtube | Twitter