Бугун 17 апрель куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери қурилишига старт берилди
Pасмий маросимда Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари, Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев лойиҳа тақдимотини ўтказдилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маросимни онлайн кузатиб, қурилиш ишларига старт берди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда инновацион ва юқори сифат кўрсаткичларига эга бўлган дори-дармонлар, тиббий маҳсулот ва техник воситалар ишлаб чиқариш, аҳолининг бу борадаги талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, замонавий кадрлар тайёрлаш, мамлакатимизда фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш, самарали инфратузилмалар яратишга қаратилган лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш бўйича бошланган ишлар ва режалар билан танишди.
Маълумки, жорий йил 28 январда Президентимиз ушбу кластерни ташкил этиш ҳақида махсус қарорни имзолаган эди.Уни барпо этиш учун Зангиота туманида жами 79 гектарлик ер майдони ажратилди.
Кластер 30 гектар майдондаги технопарк ва 49 гектар жойни эгаллайдиган саноат зонасидан иборат бўлади. Технопарк ҳудудида академик, илмий, клиник ва клиник давргача бўлган муолажалар учун дори-дармон воситалари ишлаб чиқарарадиган секторлар жойлаштирилади. Хусусан, бу ерда Фармацевтик техника университетини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу университетда дори воситалари, тиббий маҳсулот ва техникалар, косметологиява бошқа ашёлар ишлаб чиқариш соҳасида халқаро таълим стандартлари даражасидаги юқори малакали кадрлар тайёрланади.
Саноат зонасида етакчи фармацевтика компанияларининг инновацион дори воситаларини тайёрлаш бўйича ишлаб чиқариш майдонлари барпо этилади.
Келгусида бу ерда чет эл клиникалари, тиббиёт марказларини очиш, кластернинг зарур инфратузилмаларини янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт фонди билан, 136 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги узоқ муддатли кредитни тақдим этган ҳолда, кластернинг илмий ва таълим бўйича тузилмаларини молиялаштириш ҳақида келишувга эришилди.
Президент қарори билан кластерни ташкил этиш бўйича концепция ва амалий чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди, шунингдек, унинг Ҳомийлик кенгаши ҳамда “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ривожлантириш дирекцияси тузилди.Дирекция фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги амалга оширади.
“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ушбу йўналишдаги ўзига хос биринчи “илмий шаҳарча” бўлиб, у бутун тармоқ истиқболи учун мустаҳкам пойдевор яратади, халқаро тажрибани қўллаган, чет эл инвестициялари ва технологияларини жалб этган ҳолда, инновацион ечимлар ва юксак технологияларни жорий этиш йўли билан юртимизда фармацевтика соҳасини жадал ривожлантиришга хизмат қилади.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати
Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида
“Uzpharmagency” телеграм каналида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланишда каналимиз манба сифатида кўрсатилиши шарт!
Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.
Телефон: (998 71) 203-81-81
Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz
Uzpharmagency расмий саҳифалари: