Раҳмонберди Мадазимов (1875–1933) — Қирғизистон театр ҳаракатининг асосчиси, Ўрта Осиёдаги иккинчи энг кекса профессионал театри бўлмиш Бобур номли Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг биринчи асосчиси, ташкилотчиси, директори, бадиий раҳбари, бош режиссёри ҳамда ёзувчи.[1][2] Шунингдек, Марказий Осиё ва Қирғизистон маданияти ва санъати ривожига катта ҳисса қўшган.
Мундарижа
Ҳаёт йўли
Мирзо Раҳмонберди ҳожи Муҳаммадаъзим аълам ўғли 1875-йили Ўш шаҳрида туғилган. У ҳожига бориб келган дадаси Ибни Муҳаммадаъзим аъламга ўхшаб кучли қорилардан бўлиб, хаттоки юролмайдиган касалларни даволаб юргизган. У шу даражада кучли қори эдики, уни номини эшитган касал ҳам соғайиб кетарди. Унинг обрўси жуда баланд эди, уни узоқдан кўрган отлиқ ҳам отидан тушиб, қўлини кўксига қўйиб, у ўтиб кетмагунча отига ўтиролмасди.
1914-йили Раҳмонберди Мадазимов раҳбарлигида Ўш шаҳрида рус-тузем мактаби ўқитувчиси Болтиҳожи Султонов билан биргаликда театр тўгараги ташкил этилган[3].
Мирзо Раҳмонберди ҳожи Мадазимов раҳбарлигида Ўшнинг зиёли ўқитувчилари Иброҳим Мусабоев, Бекназар Назаров, Жўрахон Зайнобиддинов, Назирхон Камолов, Абдурашид Эшонхонов, А. Саидовлар билан бирга 1918-йили Қирғизистонда биринчи бўлиб мусулмон актёрлардан иборат Туркистон фронти ҳарбий кенгаши қошидаги концерт бригадаси негизида Ўшда хаваскор театр тўгарагини тузган ва труппа биринчи директори, бадиий раҳбари ва режиссёри Раҳмонберди ҳожи Мадазимов Қирғизистондаги театр ҳаракатининг биринчи асосчиси бўлган[4][5]. 1919 йили театр тўгараги театр драма труппасига айлантирилган. Кейинчалик труппага Абдуқодир Исхоқов, Исроилжон Исмоилов, Жалил Собитовлар қўшилишган. Ушбу труппа Қирғизистоннинг жанубида нафақат театр санъатини, балким профессионал мусиқа санъатининг ривожланишига ҳам юксак ҳисса қўшган. Чунки труппанинг репертуарида драма асарларидан ташқари, кўплаб концерт дастурлари намойиш этиларди, шунингдек мусиқали спектакллар қўйиларди, бу профессионал мусиқачилар етишиб чиқишига алохида босқич бўлди. Театр труппаси Бобур (Киров) номли Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театрини тузишга асос бўлган. Бобур номли Ўш ўзбек академик мусиқали-драма театри Ҳамза номидаги ўзбек миллий академик драма театридан (1913-27 феврал 1914 йили ташкил этилган) сўнг Марказий Осиёдаги иккинчи энг кекса профессионал театрдир[6]
Раҳмонберди хожи Мадазимов театр труппаси билан Ўшнинг барча туманларини айланиб, концерт ва спектакллар қўйиб чиқди.
Труппа саҳнасида Раҳмонберди Мадазимов томонидан қўйилган ўша кезлардаги йирик асар Маннон Уйғурнинг "Туркистон табиби" комедияси реакционерлар томонидан нафрат ва адоват билан қарши олинди. Ўша вақтда труппада аёллар бўлмаганлиги сабабли спектаклдаги аёл образини Жўрахон Зайнобиддинов зўр маҳорат билан яратган. Фуқаролар уруши даврида Ўш худуди ва унинг теварак-атроф туманлари фронт майдонига айланди. Труппа ҳам шу фронтнинг иштирокчиси, партиянинг тарғиботчиси бўлди. Маърифатчи ва инқилобчи Болтиҳожи Султонов ва Фозилбек Қосимбековлар театр труппасини оёққа тургизишда театр труппасини асосчиси, директори ва бадиий раҳбари Раҳмонберди Мадазимовга ёрдам бердилар[7].
Болтиҳожи Султоновнинг қудаси театрнинг асосчиси ва бадиий раҳбари Раҳмонберди ҳожи Мадазимов шундай ҳикоя қилган эди: — Қурбоши Мадаминбек Андижон атрофида изғиб, халқни талаб юрган эди. Ўш гарнизони Андижон ҳарбий қисмига қурол-яроғ билан ёрдам қилмоқчи бўлди. Лекин қуролларни қандай етказиш мумкин? Бу мушкулни театр артистлари ҳал қилдилар. Соябон арава безатилиб, қурол-яроғлар текис тахланди. Устига полос, кўрпа-тўшаклар солинди. Раҳмонберди Мадазимов грим билан катта эшон қиёфасига кирди. Яна икки артист унинг „муридлари“ бўлди. Уччаласи ҳам олдига эски китоблардан очиб, „хатми-хўжа“ қилгандай йўлга тушишди. Арава Хўжаободга яқинлашганда милтиқ овози эшитилди. Ўн нафар босмачи келиб аравани ўради. Шунда аравакаш босмачиларга қараб, „жим“ ишорасини қилди ва пардани қия очди. Босмачилар „эшон“ ва „муридлар“ни кўриб, таъзим қилишди. Сўнгра ҳурмат билан Андижонга кузатиб қўйди. Қизил армияни қурол билан таъминлаш мақсадида труппанинг бундай „постановкалари“ бир-неча марта такрорланди.
Театр даврнинг долзарб масалаларини кўтариб чиқиш, энг яхши пьесаларни саҳналаштиришга асосан 1929 йилдан бошлаб киришди. Қирғизистон халқ комиссарлари Кенгашининг қарорига биноан шу йилдан театр профессионал жамоа сифатида иш бошлади.
1929-1931 йилларда театрда Раҳмонберди Мадазимов томонидан Комил Яшиннинг „Лолахон“, „Ажи-ажи“ номли пьесалари саҳналаштирилди. Бу асарлар ғоявий мухолифларнинг кирдикорларини фош этишда муҳим рол ўйнади. „Лолахон“ спектакли Ўш, Аравон, Ўзган, Қорасув, Хўжаобод меҳнаткашларига қайта-қайта намойиш этилди. Реакцион элементлар театр ташкилотчиларига қарши бир неча марта фитна уюштирдилар. Бош ролларни ўйнаган Раҳмонберди Мадазимов, Ўринбой Раҳмонов, Тожихон Хасанова, Лайлихон Моидоваларни ушлаш ва кўзларини ўйиб олиш учун қотиллар тайинлаган эди. Артистларни қурол билан қўриқлашга тўғри келди. Ташкилий қийинчиликларга қарамай, театр ўз репертуарини янги, ғоявий бадиий етук асарлар ҳисобига кенгайтириб борди. Бу ишда театрга СССР халқ артисти Раҳим Пирмуҳамедов, Ўзбекистон халқ артистлари Ҳикмат Латипов, Қудрат Хўжаевлар катта амалий ёрдам кўрсатдилар. Уларнинг куч-ғайратлари билан Ўш театри саҳнасида Раҳмонберди Мадазимов томонидан „Икки коммунист“, „Гулсара“, „Ўртоқлар“, „Алишер Навоий“ каби кўплаб йирик асарлар саҳналаштирилди. Комил Яшин ва Музаффар Муҳамедовнинг „Гулсара“ мусиқали драмаси саҳнага қўйилиши катта воқеа бўлди. Гулсаранинг инқилобий шижоати, эрк ва ор-номус учун кураши, минглаб хотин-қизларнинг кўзини очди, озодликка интилиш туйғусини кучайтирди.
Раҳмонберди Мадазимовнинг Қирғизистоннинг театр санъати асосчиси ва қатнашчиси сифатида хизматлари Қирғизистон фанлар Академияси томонидан 1987 йили чиқарилган Ўш вилояти Энсиклопедиясининг 110 бетида қайд этилган. Ҳамда ушбу Энсиклопедиянинг 110 бетида ўғли Жўрахоннинг расми чиқарилган. 2014 йил Давлат тили ва энсиклопедия маркази томонидан нашр этилган „Қирғизистон“ миллий Энсиклопедияси 5 томмда ва театрнинг 90 йиллик юбилейига чиқарилган феврал 2010 йилда нашр этилган Абдуғани Абдуғафуровнинг „Ўшнинг Академик театри“ китобининг 1 бетида Раҳмонберди Мадазимовнинг Бобур номли Ўш давлат академик мусиқали драма театрининг ташкил этишда ва фаолият кўрсатишдаги хизматлари акс эттирилган.
Раҳмонберди ҳожи Мадазимов Ўшда таниқли ёзувчи бўлган. Унинг иккита „Ўшнинг тавсифи“ ва "Исмлар имлоси" асарлари 1914 ва 1915 йиллари Тошкентда нашр этилган. Бундан ташқари, театр учун кичкина драмалар, пьесалар ва концерт дастурлари муаллифи бўлган ва уларни саҳналаштирган.
Раҳмонберди Мадазимов 1932 йили Ўзган шаҳрига кўчиб кетганлиги сабабли театрдан ишдан кетади ва 1933 йил май ойининг охирида Ўзган шаҳрида қийинчилик, очлик вақтлари, тут пишиғида вафот этади. Ўзган шаҳрининг „Етти Султон“ қабристонига дафн этилган. Мирзо Раҳмонбердининг иккала ўғли ҳам отасининг йўлини давом эттириб Ўш ўзбек драма театрида кўп йиллар давомида ишлашган. Ўринбой ва Жўрахон Раҳмоновлар Қирғизистон маданияти ва санъати ривожланишига катта ҳисса қўшишган. Ўш шаҳридаги Бобур (Киров) номли драма театрининг асосчиларидан бири бўлишган.
Ижодий фаолияти
Раҳмонберди Мадазимовнинг Ўш шаҳрининг Бобур номли театрида ижодий фаолияти 1918-1932 йиллар.
Бундан ташқари кўплаб концерт дастурларида иштирок этган.
Оиласи
- Фарзандлари: Назокатҳон (1902-1934), Хожинисо (1907-1932), Ўринбой (1910-1980), Назирхон (1912-1917), Жўрахон (1917-1977). Иккинчи турмуш ўртоғи Шарофатҳон (Ўзган шаҳрида туғилган) Мухтор Султоновнинг онаси эди.
- Набираси: Азизулло Иззатуллаев
- Қудалари томонидан қариндошлари: Султон ва Қудрат Тоирбоевлар[8][9], Болтихожи Султонов, Иззат Султон, Мухтор Султонов, Мамадали Қурбонов, Маҳмуд Қосимов,Алишер Отабоев, Қодир Рахматович Парпиев, Зироатҳон (Ойхон) Ҳошимова, Эркин Комилов, Мурод Зайнобиддинович Салоҳиддинов — „Ўзиккиламчиранглиметалл“ ОҲЖ собиқ раиси, Аҳмаджон Давидов — Ўш шаҳар ижроия қўмитаси раиси .
Ёзган китоблари
- „Ўшнинг тавсифи“, 1914-йил, Тошкент шаҳри, Туркистон ўлкаси генерал-губернатори канцелярияси қошидаги нашриёти.
- "Исмлар имлоси", 1915-йил, Тошкент шаҳри, Туркистон ўлкаси генерал-губернатори девони қошидаги нашриёти.
Адабиётлар
- Энциклопедия Ошской области, Раздел "Театральная жизнь" / гл. ред. Орузбаева Б.О. Академия Наук Киргизской ССР. — Фрунзе (Бишкек): Глав. ред. Киргизской сов. энциклопедии, 1987. — С. 110. — 445 с. ББК 92я2 (рус.)
- Национальная энциклопедия Узбекистана / Государственное научное издательство "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" Академии наук Республики Узбекистан. — Ташкент: Государственное научное издательство "Ўзбекистон миллий энциклопедияси", 2000—2006. — С. 219, буква "Ў". (ўзб.)
- Национальная энциклопедия «Кыргызстан», 5 том / гл. ред. Асанов Ү.А. Центр Государственного языка и энциклопедии Национальной академии наук Киргизской Республики. — Бишкек: Центр Государственного языка и энциклопедии, 2014. — С. 763. — ИСБН 978-9967-14-111-7 (қирғ.)
- "Ошский узбекский музыкальный драматический театр" / А. Абдугафуров. — Фрунзе: Кыргызстан, 1980. — С. 5. — 59 с. 21 см, ББК 85.4. (ўзб.), (рус.) и (қирғ.)
- «Видные сыновья Оша» / А. Абдугафуров. — Ош: "Ошская областная типография", 2000. — 176 с. (рус.) и (ўзб.)
- "Во имя процветания Кыргызстана" Энциклопедическое издание о выдающихся узбеках Кыргызстана / Под рук. Жураева Б.Ж. (Абдугафуров А., Рахманов Д.Д. и др.). — Ош: "Ризван", 2017. — С. 27—30. — 336 с. — ИСБН 978-9967-18-344-5 УДК 351/354. ББК 66,3(2Ки). (ўзб.), (рус.) и (қирғ.)
Манбалар
Ҳаволалар
Марказий Осиёдаги энг кекса профессионал театр 100 ёшга тўлди.