Найти тему
Bedorlik kanali

Эртага виждонингиз қийналмаслиги учун бугун УЙДА ҚОЛИНГ!

Куни кеча ижтимоий тармоқларда бир болакайнинг кўзида ёш билан «Одамлар касал бўлгани учун ойим ўртоқларим билан кўришишга рухсат бермаяпти, мен кўчага чиқиб ўйнашни хохлайман, илтимос касал бўлманг» деган мазмундаги видеотасвири тарқалди. Болакайнинг сўзлари қалбимни тирнади. Ахир шу болакай каби минглаб болаларнинг кўчада, атракционларда, дўстлари билан севимли ўйинларини ўйнолмаётганига, севимли боғчасига боролмаётганига биз сабабчимиз.

Нимага? деган савол миянгизда чарх ургани аниқ. Ўйлаб кўринг: Давлатимиз томонидан 23 мартданбошлаб, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди. Аммо биз ана шу тартибга амал қилдикми,аксинча, ўзимизни бозорга урдик, озиқ-овқат маҳсулотлари олиш учун охири кўринмас навбат ҳосил қилдик. Бу навбатлар нафақат бозорларда, супермаркетларда, айрим ташкилотлар эшиги олдида ҳам пайдо бўлди. Гуёки карантин сабаб, биз оч қоладигандек. Карантин- бу очарчилик ёки уруш холати эмас, балки халқни хавфли инфекция тарқалишидан ҳимоя қилиш тартиби холос.

Эътибор қилинг, касалланганлар орасида бемор одамлар билан умуман мулоқотда бўлмаганлари ҳам бор. Бу дегани, кўзга кўринмас бу вирус аллақаердадир учиб, кўринмай кезиб юрибди, у сизга, менга ёки бошқага ёпишиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шундай ҳолат юз берса биз вирус ташувчиси бўлиб қоламиз, биз бир нечта киши, бир нечта киши ўнлаб одамга, ўнлаб одамлар эса минглаб одамларга юқтириши мумкин.... Ташувчи бўлмаслик учун эса уйда ўтириб қаҳрамонга айланиш керак.

Карантин даврида инфекция занжирини узиш мақсадида давлатимиз томонидан масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлаш, меҳнат таътилига чиқиш, навбатдан ташқари меҳнат таътилиги чиқиш каби бир қатор чоралар қўлланилди. Бу ким учун?!

Карантин кунларида тиббиёт ходимлари, дорихона ходимлари, ҳуқуқ органлари ходимлари, журналистлар ва озиқ –овқат маҳсулотлари сотувчилар жонбозлик билан меҳнат қилаяпти. Шифокорлар беморларга шифо улашиш, дорихона ходимлари зарур дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва гигиена воситаларини етказиб бериш, сотувчилар аҳолини узлуксиз равишда озиқ- овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ҳуқуқ органлари қонунбузилишларни олдини олиш учун ишда қолишди. Журналистлар эса сизга бугунги жараённи, вазиятни халқчил етказиб бериш ҳаракатида. Ахир уларнинг ҳам оиласи, йўлига кўз тикиб турган, расмини қучоқлаб уйқуга кетаётган жажжи фарзандлари бор.

Нима учун биз уларнинг хизмат вазифасини яна оғирлаштиришимиз керак? Нима учун ўзимизни коронавирус инфекцияси занжирига боғлашимиз керак? Нима учун ҳуқуқ органлари ходимлари бизни кўчама-кўча, бозорма-бозор юриб тартибга чақиришлари керак, ахир биз онгли мавжудотмиз. Шунчаки, коронавирус хавфи ҳақида дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрайлик, агар сиз касаллансангиз оилангиз, фарзандларингиз, ота-онангиз касалликка чалинади, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади.

Эртага виждонингиз қийналмаслиги учун бугун УЙДА ҚОЛИНГ!

Дунёни кузатинг, инсонлар мана шу инфекция сабаб ҳаётдан эрта кўз юмди ва бу ҳол давом этмоқда. Бу рақамлар кўпаймаслиги учун УЙДА ҚОЛИНГ!

Инфекция занжирига айланмаслик учун УЙДА ҚОЛИНГ!

Ўзингиз, оилангиз, яқинларингиз ва давлатимиз учун УЙДА ҚОЛИНГ!

Кумуш Пардаева “Олтин қалам” Милий мукофоти соҳиби.

Bedorlik каналига обуна бўлинг!