Найти тему
Uzpharmagency

Бугун уларга салбий баҳо беришдан олдин, бир ўйлаб кўрайлик

Ижтимоий тармоқларда ва умуман ҳаётимизда бош мавзу бўлиб қолган коронавирус бизни қанчалик назоратга олди. Сездингизми бу ҳолатни. Атрофга бефарқ бўлмаслик, гигиеник қоидаларга амал қилиш, кўтарилган меҳр-оқибатни жойига қўйиш ва ҳар кунга шукроналикни ўргатди. Ва яна... шифокорларга бўлган ҳурматни ҳам ўргатди. Биз тиббиёт ниқобларию қўлларимизга тиббиёт қўлқопларини кийиб, масофадан туриб қадрдонларимиз билан сўрашамиз. Кейин уйга келиб қўлимизни турли воситалар билан ювамиз. Нега? Ҳавотир кўнглимизда бор. Уларчи, шифокорлар касалликка қарама-қарши чиқиб, яна эл хизматида шайлар.

Мактаб йилларида “Ким бўлсам экан?” мавзусида иншо ёзганимиз ёдимда. Шунда кўпчилигимиз “шифокор бўламан” деб ёзган эдик. Бу касбга бўлган хавас қандай ва нима учун пайдо бўлганини билмайман. Аммо илк орзуларимиздан бири бўлгани аниқ. Тақдир мени ўз йўлида синади. Шифокор бўлмадим, лекин бу касб эгаларини қадрлашда давом этаман.

Ўйнадик, кулдик, жонимиз оғриганда олдига бордик. “Нима бўлди” деса, урдик, ҳақоратладик. Кези келса “қасам ичгансан” деб даъво қилдик. Ва бу воқеаларни тинч кузатдик. Шунда ичимизда “яхши ҳам шифокор бўлмаган эканман” деган ўйлар ўтган бўлса, не ажаб.

Аммо бугунчи, бугун нима деймиз?! Коронавирус деган бир инфекция дунёни титратмоқда. Биз тиббиёт ниқоблари йўқлигини важ қилиб туравераверамиз. Оддий қоидаларга амал қилмасдан бепарво яшашда давом этаверамиз. У эса бепарволик оқибатидан келган бу туғёнлар ичида курашаверади.

Шифокор Гиппократ қасамини ичган, у инсониятни қутқариш учун мажбур, деган ўйдан қутулиш вақти келмадими. Биз оддий ҳақиқатни англаб етайлик. Инсон бўлиб келдик дунёга. У бир ҳаётни қутқариб, бирини қўлидан чиқариб ҳар кун қалби билан азият чекади. У кўзёшларини чиқаришни ҳам билмайди. Чунки мард ва жасур бўлишга мажбур. Унинг биринчи малҳами – ширин сўзи, инсоний меҳри. Бизнинг-чи?!

Куни кеча коронавирусдан тузалган биринчи беморларни кўрдик, суҳбатлар уюштирдик. 14 кун кунни тунга улаган шифокорлар уларни қувонч билан, қўлида гул билан соғлом ҳаётга қайтарди. Ўзи эса яна панжара дарвозалар ёпилгунча, қўлларини силкита-силкита касбий, инсоний бурчини бажаришга отланди.

Бугун уларга салбий баҳо беришдан олдин, бир ўйлаб кўрайлик, сиз касбингизга шунчалик содиқмисиз? Сиз улар каби инсоният ҳаётини ёрқин рангларга қайтара оласизми? Сиз улар каби ватанпарвармисиз?

Саволларни бериб, жавоб ҳам изланг. Шифокорнинг тақдирига, унинг ҳурматига, унинг ҳаётига биз ҳам фидо бўлайлик. Мен улар қаршисида таъзимдаман.

Қизлархон Бегматова

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати раҳбари

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида

“Uzpharmagency” телеграм каналида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланишда каналимиз манба сифатида кўрсатилиши шарт!

Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.

Телефон: (998 71) 203-81-81

Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz

Uzpharmagency расмий саҳифалари:

Telegram | Instagram | Facebook | Youtube | Twitter