Найти тему
Uzpharmagency

Бир марта тақилган ниқобни 9 кун музлатиб қўйиш керак...

Оглавление

Коронавирус эпидемияси дунё бўйича соғлиқни сақлаш соҳасидаги кўплаб муаммоларни очиб ташлади. Оддий одамлар у ёқда турсин, ҳатто шифокорларга ҳам тиббиёт ниқоблари етишмаётгани бунга бир далил бўла олади. Келинг, фикримизни аниқ давлатлар мисолида асослаб берамиз.

АҚШ

Ушбу давлат 15 йил олдин тиббиёт товарлари ва дори-дармонлар стратегик захирасини яратишни бошлаган эди. Айтишларича, кичик Жорж Буш “испан гриппи” эпидемияси ҳақида китоб ўқиб, ундан таъсирланганидан сўнг шу ишга қўл урилган. Ўшанда кўпи билан қарийб 100 млн.та ниқоб йиғилган экан. Бироқ уларнинг асосий қисми 2009 йилда чўчқа гриппи авж олган пайтда ишлатилган. Обама маъмурияти эса маблағларни тежаш мақсадида захирани тўлдирмади. Натижада бугунги коронавирус пандемияси шароитида АҚШ ҳукумати тасарруфида бор-йўғи 30 млн.та фойдаланилмаган ниқоб қолди. Ваҳолонки, мамлакат аҳолиси 327 млн. кишига тенг.

Боз устига, Америка бозорлари учун тиббий ниқобларнинг 95 фоизи Хитойдан келтириларди. Чин ўлкасида эпидемия бошлангач, у ерда ҳар қандай ниқоб экспорти тақиқланди.

АҚШлик тадбиркорларнинг ўзлари эса ойига 50 млн.тагача ниқоб тайёрлай олишади. Айни пайтда бу борадаги танқисликнинг олдини олиш учун камида тахминан 300 млн.та ниқоб етказиб бериш керак. Трамп эса ниқоблар етишмовчилиги учун жарималар ва бошқа қўшимча воситаларни қўллашга чақирмоқда. Нью-йорклик шифокорлар эса бир ниқобни ҳафталаб тақиб юришларига тўғри келяпти.

Франция

2009 йилда чўчқа гриппи пайтида яратилган стратегик захира(1,6 млрд. дона)ни 2011 йилдан бошлаб янгилаб бориш тўхтатилган. Бундан кўзланган мақсад иқтисодий тежамкорлик ва глобал кун тартибига мослашиш бўлган. Бугунги кунда бу давлатда ниқоб тайёрлаш билан бор-йўғи тўртта корхона шуғулланяпти. Уларнинг куну тун режимдаги ҳафталик қуввати 6 млн. донага тенг. Бу эҳтиёжларга нисбатан 4 баробар камдир.

Дефицит сабабли мамлакатдаги барча ниқоблар захираси фақат шифокорлар ва беморлар учун ишлатилади. Сотув эса фақат рецепт орқали амалга оширилади.

Германия

Ялпи танқислик пайтида ҳукумат ушбу ишни амалга оширишга қодир бўлган кўнгиллилар ва ҳар қандай муассасаларни ниқоб тикишга чақирмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида эса бир марталик респираторларни ташлаб юбормаслик ва уларни вирусни йўқ қилиш учун 9 кун музлатиб қўйиш ҳамда такроран фойдаланиш тўғрисидаги буйруқ чиқарилган.

Чайқовчиларда FFP3 тоифасидаги бир дона ниқобнинг нархи 40 евро бўлса, улгуржи савдода FFP2 – 7 ниқоби 7 евродан(одатда уларнинг нархи 11-60 цент атрофида бўларди) сотиляпти. Уч қаватли оддий тиббий ниқоб қиймати эса 5 баробар ошиб кетган. Уларни етказиб бериш муддатлари эса икки ҳафтадан бир ойгача чўзилмоқда.

Италия

Коронавирус кириб келиши билан Апенинда ниқоблар танқислиги бошланиб, уларнинг нархи осмонга чиқиб кетди. Агар инқирозгача бир дона ниқоб арзимаган пул турган бўлса, февраль охирида уларнинг нархи аввалига 5-6 евро, кейин 10 ва ҳатто 15-20 еврогача кўтарилди.

Ушбу муаммони бошқа мамлакатлардан ниқоб сотиб олиш ва ички ишлаб чиқаришни кенгайтириш(бунга кўпчилик — дизайнерлик уйлари, «Lamborghini» каби автоконцернлар) ҳисобига бартараф этишга ҳаракат қилиняпти, бироқ бу вазият ҳали-бери изига тушмайдиган кўринади.

Испания

Ҳатто тиббиёт ходимлари учун ҳам ниқоблар ва бошқа ҳимоя воситаларининг оммавий етишмовчилиги сабаб мамлакатда 6,5 минг шифокор коронавирусни юқтириб олган. Март ойида бу ерда ниқобларга нисбатан талаб 80 баробар ошиб, уларнинг бир донаси нархи 6 еврогача қимматлашди.

Platforma.uz

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида

“Uzpharmagency” телеграм каналида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланишда каналимиз манба сифатида кўрсатилиши шарт!

Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.

Телефон: (998 71) 203-81-81

Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz

Uzpharmagency расмий саҳифалари:

Telegram | Instagram | Facebook | Youtube | Twitter