Ўзбекистонда кўчма савдони амалга ошириш тартибга солинади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Қайд этилишича, президентнинг 2018 йил 30 октябрдаги ПФ–5564-сон «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан кўчма савдо учун рухсатнома олиш талаби бекор қилинган.
2020 йил 1 февралдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
кўчма савдо тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда «K – SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади;
кўчма савдо жойи жойлашиш схемалари доирасида «K – SAVDO» ААТ орқали электрон аукционда сотилади.
Кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади ва 2020 йил 1 февралдан бошлаб амалга татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси кўчма савдони амалга ошириш тартиби устидан назоратни амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 20 январга қадар ҳар бир туман (шаҳар) кесимида кўчма савдо объектларини жойлаштириш схемаларини тузиш ва уларни «K – SAVDO» ААТга жойлаштиришни таъминлайди.
«K – SAVDO» ААТга уланадиган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар рўйхати тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг «Янги технологиялар илмий-ахборот маркази» ДУК 2020 йил 1 январга қадар қуйидагиларга имкон берувчи «K – SAVDO» ААТни ишга туширади:
кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш учун буюртманома бериш;
аҳоли пунктининг интерактив харитасида кўчма савдо жойларини танлашга ва жойлашиш схемаларига киритилган кўчма савдо жойларининг электрон аукционларини амалга ошириш;
рўйхатга олиш учун тўловларни амалга ошириш, шунингдек пул маблағларини қайтариш;
тадбиркорлик субъектларига реал вақт режимида кўчма савдо объекти рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи QR-код (матрица-штрихли код) қўйилган ҳолда рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжат юбориш;
кўрсатилган органларга кўчма савдо объектлари тўғрисида маълумот юбориш;
кўчма савдо жойлашиш схемасида мавжуд бўш турган ва банд бўлган кўчма савдо жойлари тўғрисида маълумот олиш;
кўчма савдо объектлари реестрини юритиш.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармаси «K – SAVDO» ААТни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлашни молиялаштириш манбаи этиб белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тадбиркорлик субъектларига «K – SAVDO» ААТда мустақил равишда рўйхатдан ўтиш имкониятини бериш учун давлат хизматлари марказларини Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган компютерлар билан жиҳозлаш чораларини кўради.
Кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, унинг талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
байрам ва байрамолди кунларида савдо хизмати кўрсатиш юзасидан юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида кўчма савдони амалга оширишга;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида кўргазма ва ярмарка савдоси ўтказишга;
бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудида сотиладиган мева-сабзавот маҳсулотларининг чакана савдосига;
амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган бошқа ҳолларга.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчма савдо билан шуғулланиш ҳуқуқига «K – SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида кўчма савдо объектларини Низомда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказган тадбиркорлик субъектлари эга.
Кўчма савдони амалга оширишнинг мажбурий талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:
чакана савдо соҳасида қонун ҳужжатларига, санитария қоидалари ва нормаларига риоя қилиш;
назорат-касса машиналари ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш учун ҳисоб-китоб терминалининг ёки маълумотлар алмашиш платформалари – виртуал кассаларнинг мавжудлиги. Ушбу талаб савдо автоматларига нисбатан татбиқ этилмайди;
кўчма савдо объектлари яқинида маиший чиқиндиларни йиғиш учун чиқинди қутиларини ўрнатиш;
товарларни кўчма савдо объектлари орқали ва рўйхатдан ўтилган жойда сотиш.
Савдо объектининг ихтисослашув турлари:
нон ва нон маҳсулотлари, қандолат маҳсулотлари;
гўшт ва гўшт маҳсулотлари;
сут ва сут маҳсулотлари;
тез тайёрланадиган овқатлар (тайёр озиқ-овқат);
сабзавотлар-мевалар;
музқаймоқ, алкоголсиз яхна ичимликлар;
озиқ-овқат маҳсулотлари;
нашриёт маҳсулотлари;
гуллар;
халқ бадиий ва бошқа ҳунармандчилик буюмлари;
ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар, кийим-кечак, пойабзал ва енгил саноат буюмлари;
ноозиқ-овқат маҳсулотлари.
Қуйидаги турдаги товарларнинг кўчма савдоси тақиқланади:
техник жиҳатдан мураккаб маиший маҳсулотлар (маиший металл кесиш ва ёғочни қайта ишлаш станоклари, маиший электротехника ва асбоб-ускуналар, маиший радиоэлектрон ускуналар, маиший ҳисоблаш ва кўпайтириш техникаси, фото ва кино ускуналари, телефон аппаратлари ва факс машиналари, электрли мусиқа асбоблари, электрон ўйинчоқлар, маиший газ ускуналари ва қурилмалари);
совитиш ускуналарисиз тез бузиладиган товарлар;
болалар озиқ-овқати маҳсулотлари (қуруқ сут, кукунсимон бўтқа ёрмаси, озуқавий аралашмалар, мева ва сабзавот консервалари ва пюреси);
ҳайвонлар;
акциз солинадиган товарлар, шу жумладан спиртли ичимликлар;
ҳашаротлар ва зараркунандаларни заҳарлашда қўлланиладиган кимёвий моддалар ва заҳарлар;
диний мазмундаги материаллар.
Қуйидаги жойларда кўчма савдо объектларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди:
маъмурий бинолар, маданий мерос объектлари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар фасади олдида;
муҳандислик коммуникациялари хавфсизлик зоналарида;
жамоат транспорти бекатларида тротуарнинг иккала томондан 15 метр масофадан яқинроқда (савдо автоматлари ташқари);
чорраҳаларга 15 метрдан яқинроқда;
ахлат қутилари ва ахлат йиғиш пунктлари яқинида;
сунъий иншоотларда (тўхташ бостирмалари, ерости ўтиш жойлари, кўприклар, тунеллар, транспорт боғламалари ва йўл ўтказгичлар);
темир йўлни кесиб ўтиш жойларидан олдин 50 метр яқинроқда.
Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо жойини ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга фойдаланишга бериш тақиқланади.
Кўчма савдо объекти истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш вақтида витриналар ва пештахта (пештахталар) билан, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник регламентларнинг мажбурий талабларига жавоб берадиган зарур савдо, совитиш ва бошқа технологик ускуналар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
Кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситаси «Евро-4»дан паст экологик тоифада бўлмаган талабларга жавоб бериши, белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтиши, шунингдек техник жиҳатдан соз ва тегишли санитария ҳолатида сақланиши керак.
Харидорларга хизмат кўрсатиладиган витриналар ва пештахтага харидорларнинг эркин келишини таъминламаган ҳолда кўчма савдо объектини жойлаштиришга рухсат берилмайди. Кўчма савдони амалга оширишда харидорларга хизмат кўрсатиш пиёдалар йўлакчаси тарафдан ёки қатнов қисми ҳисобланмайдиган бошқа қаттиқ қопламали майдонча томонидан амалга оширилиши лозим.
Кўчма савдо субъектлари:
кўчма савдо объектида кўчма савдо субъекти тўғрисидаги маълумотларни, кўчма савдо объектининг иш бошлаш ва тугаш вақти, реестрга киритилганлиги тўғрисидаги маълумотларни (QR-код қўйилган электрон ҳужжатнинг нусхаси шаклида), телефон рақами ва корхона манзили ҳақидаги маълумотларни жойлаштириши;
ваколатли органга реестрдаги кўчма савдо объекти тўғрисидаги маълумотларнинг ўзгарганлиги ҳақидаги ахборотни тегишли ўзгартиришлар киритилган кундан бошлаб 10 кун ичида тегишли ўзгартиришлар киритилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда ёки электрон рақамли имзо билан имзоланган электрон ҳужжат кўринишида ариза юбориш йўли билан тақдим этиши лозим.
Сотиш учун таклиф этилаётган товарлар ассортименти, кўрсатиладиган хизматлар рўйхати сотувчи томонидан мустақил равишда кўчма савдо объектининг ихтисослашувига мувофиқ белгиланади.
Кўчма савдо субъектлари рўйхатдан ўтишда кўрсатган иш режимига мувофиқ кўчма савдони амалга оширадилар.
Транспорт воситаси орқали кўчма савдо қилиш Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ транспорт воситаси тўхтаб туриши тақиқланмаган жойларда амалга оширилиши мумкин.
Кўчма савдо объектининг иш вақтидан ташқари тўхтаб туриши фақат жиҳозланган автотураргоҳда (гаражда) рухсат этилади. Ҳовли ва турар-жой ҳудудларида кўчма савдо объектининг тўхтаб туришига йўл қўйилмайди.