Ўзбекистонда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқ юкини изчил камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ ҳисоботларини тубдан қисқартириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар муттасил тарзда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг амалиётга жорий этилиши натижасида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юки камайтирилди, айланма маблағлардан олинадиган солиқлар оптималлаштирилди, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни бекор қилиш ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини камайтириш орқали солиқ тизими қайта кўриб чиқилди. Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 10 июлида “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорни имзолади. Эндиликда қарорга кўра, тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ва ходимлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Бунинг учун тадбиркорлик субъекти: аниқланган ҳуқуқбузарликни тан олиши ҳамда солиқ органининг қарорини олган кундан эътиборан 10 кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўлаши керак бўлади.
Шунингдек, мазкур қарорга мувофиқ, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича ҳам янги қоидалар жорий этилди. Хусусан, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб қарорга кўра, ҚҚСни тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади ва бу ҚҚС суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади. Бундан ташқари, ҚҚСни тўлашга ўтишда унинг суммаси ҚҚСни тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилинган товар-моддий захираларнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос келадиган улушда ҳисобга олинади ҳамда ҚҚСни тўлашга ўтиш ёки ЯСТни тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома ҚҚСни тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин 10 иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этиладиган бўлди. Мазкур қоидалардан кўзланган асосий мақсад солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш ва Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларини амалга ошириш ҳисобланади.
“Tax free”, солиқ кредити ва бошқа топшириқлар
“Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси чегарасини кесиб ўтишда харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax free) тартибини белгилаш мўлжалланмоқда.
Хусусан, унга кўра, cолиқлар бўйича тўловларни кейинчалик бўлиб-бўлиб фоизи билан қайтариш орқали камайтиришни назарда тутувчи “инвестициявий солиқ кредитлари” институтини жорий этиш, молиявий жарималарни ундиришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ушбу қарорни олган кундан бошлаб унинг 50 фоизини 10 кун давомида ихтиёрий равишда тўлаганда, қолган суммани тўлашдан озод этилади ва ялпи тушумнинг чегаравий миқдорини сунъий пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга (бўлиниш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва бошқалар) чек қўйилади. Мазкур ҳолатлар аниқланганда тўланиши лозим бўлган солиқлар суммасига солиқ органлари тузатиш киритиши ва уларни суд тартибида ундириши мумкин.Ушбу таклифлар Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) томонидан 3 ой муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига киритилиши қарорда белгилаб қўйилади.
Бундан ташқари, қарорга мувофиқ, онлайн-НКМлари чеклари билан тасдиқланган харажатлар бўйича жисмоний шахсларга даромад, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича чегирмалар бериш ёки чекларда кўрсатилган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариб бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ДСҚ аниқ таклифларни 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим. Келаси йилдан бошлаб эса инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш мақсадида “Чекни талаб қил ва совға ютиб ол” оммавий акцияларини ўтказишни бошлайдилар. 2019 йил 1 декабрга қадар солиқ ҳисоботини топшириш тизими билан интеграция қилинган Бухгалтерия ҳисобининг ягона ахборот тизимини ишга туширишлари керак. У бухгалтерия ҳисобини амалга ошириш ҳамда солиқ органлари ўртасида реал вақт режимида маълумотлар алмашиш имконини беради. 2020 йил 1 январдан бошлаб бу тизимдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти ушбу дастурий маҳсулотни қўллаган даврида текширилмайди.
Шунингдек, Транспорт вазирлиги 3 ой муддатда “UzTrans” ягона интерактив ахборот тизими базасида “Юк ташишлар мониторинги” ахборот платформасини ишлаб чиқади. У юк ташувчилар томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини (ҳисобварақ-фактура (инвойс), юк хати ва бошқа ҳужжатларни) рўйхатдан ўтказишни, юк жўнатувчилар ва уни қабул қилиб олувчилар томонидан реал вақт режимида товарлар ҳаракатини мониторинг қилишни таъминлайди. Келаси йил бошидан бошлаб юк ташувчилар томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини ахборот платформасида рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлади.
Темур ЭШҚУВВАТОВ,
журналист.
(с) «Soliq plus»
Телеграмдаги каналимиз: https://t.me/soliq_plus
FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz
Условия использования материалов:
Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.
1) Необходимо поставить голубой линк к слову "«Soliq plus»" и направить на наш телеграм канал: https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.
Подписной индекс: 641