Яқинда “Ўзэкспомарказ” биносида “Солиқ ислоҳотларининг навбатдаги босқичи: солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада такомиллаштириш” мавзусида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Пресс-клуб жорий йилнинг 27 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чоратадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сонли фармони шарҳига бағишланган бўлиб, сессияда Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновлар иштирок этишди ҳамда тадбиркорлар ва ОАВ вакилларига ушбу фармоннинг мазмунмоҳиятини тушунтириб ўтишди. Хусусан, мазкур фармонга мувофиқ эндиликда иқтисодиётнинг бир қанча соҳаларига имтиёз ва переференциялар берилиши бекор қилинади.
Хусусан, 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчилар ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашга ўтишлари мумкинлиги белгилаб қўйилди. Шунингдек, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб, 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши ҳам фармонда белгилаб қўйилди. Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев мазкур ҳолатга изоҳ берди. “Соғлом рақобат муҳитини сақлаш асл мақсадимиз эди. Имтиёзлар бекор қилиниши натижасида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Қўшилган қиймат солиғини тўлаш учун фермер хўжаликларидан ихтиёрий мурожаатлар бўлгани учун шундай йўл тутилди. Йирик фермер хўжаликлари йирик бизнес билан кооперация бўлишида узилиш бўлиб қолди. Чунки фермер хўжаликлари қўшилган қиймат солиғига ўтмаган ва занжирда эмаслиги сабабли йирик ритейлга кириб бора олишмасди, сабаби йирик бизнес корхоналари ҚҚСга ўтганлиги эди. Эндиликда фармонга кўра, мазкур занжирни узилишига сабаб бўлувчи имтиёзлар бекор қилинади”, дейди Беҳзод Мусаев.
Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев фермер хўжаликларининг ҚҚС тўловчиларига ихтиёрий тарзда ўтиш жараёни ҳақида гапирар экан, “50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчиларига айланиши кутилмоқда. Ўзбекистонда 27 минг фермер ёхуд жами фермерларнинг 32 фоизи 50 гектардан ортиқ ер майдонидан фойдаланади. Бундан асосий кўзланган мақсад — пахтасаноат ва мева-сабзавот ишлаб чиқарувчилари учун хомашё етказиб берувчи фермерларни ҚҚС занжирига қамраб олиш. Бунинг эвазига бозорда ва ишлаб чиқариш босқичларида барқарор нарх сиёсатига эришишдир”, дея таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари, фармонга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари ҳисобланади. Айнан ушбу қарор товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектларига ҳам жорий этилади, яъни товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси тушуми миқдоридан қатъи назар, улар ҳам ҚҚС тўловчилар рўйхатига ўтказилади. Бунда товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт бўлади. Шунингдек, 1 октябрдан бошлаб бир қанча, маҳаллий ва импорт қилинадиган маҳсулотлар ва хизматлар учун ҳам ҚҚС имтиёзлари бекор қилинади. Хусусан, асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород, соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хомашё ва шакар хомашёси, қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар ҳамда юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг таъкидлашича, мазкур маҳсулотлар ва хизматлар бўйича ҚҚС имтиёзининг бекор қилиниши нархларга таъсир қилмайди. “Ҳозирда импортёр ҚҚС тўламайди, лекин олиб кирган маҳсулотини республикада сотиши учун 20 фоизли ҚҚС тўлайди. Эндиликда ушбу фармонга кўра, ягона ҚҚС занжирини яратиш режалаштирилмоқда, яъни импортёр ўз маҳсулотини олиб кириш жараёнидан бошлаб ҚҚС занжири иштирокчисига айлантирилади. Бу эса нархларнинг ошмаслигини таъминлайди”, дейди Дилшод Султонов сессия давомида.
Шунингдек, Халқаро пресс-клуб давомида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ўзбекистондаги солиқ ислоҳотларининг мамлакатнинг инвестицион жозибакорлигини оширишга хизмат қилаётганини айтиб ўтди. “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони инвестиция муҳитига инқилобий ҳисса қўшади. Чунки мамлакатга келаётган ҳар бир инвесторни тенг имкониятлар соф рақобатнинг мавжудлиги қизиқтиради. ҚҚС занжирини адолатли тарзда амалга ошириш мақсадида иқтисодиёт нинг бир қанча секторлари, хусусан, фермер хўжаликларининг ҳам ҚҚС тўловчисига айланишига имкон берилиши ва бир қанча имтиёз ҳамда переференцияларнинг бекор қилиниши барча учун тенг имкониятларни яратади. Эндиликда рақобатбардошлик даражаси янада ошади.”, дейди Сардор Умурзоқов. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги солиқ ва молия ислоҳотлари натижасида жорий йилнинг олти ойи мобайнида 3,5 миллиарддан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган. “Шунингдек, фармонга мувофиқ, импорт товарларига божхона таърифларининг оширилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янада рағбатлантиришга кўмак беради”, дея таъкидлаб ўтди Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ўз нутқида.
“Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони шарҳига бағишланган Халқаро пресс-клуб сессияси давомида тегишли ташкилотлар мутасаддилари томонидан тадбиркорлардан келиб тушган саволларга бевосита жавоблар берилди. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, ҳозирда мамлакатда олиб борилаётган солиқ ва божхона ислоҳотлари, аввало, охирги истеъмолчилар, яъни сиз ва биз учун, бизнинг сифатли ҳамда арзон маҳсулотлар истеъмол қилишимиз учун амалга оширилмоқда.
Темур ЭШҚУВВАТОВ,
журналист.
(с) «Soliq plus»
Телеграмдаги каналимиз: https://t.me/soliq_plusuz
FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz
Условия использования материалов:
Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.
1) Необходимо поставить голубой линк к слову "«Soliq plus»" и направить на наш телеграм канал: https://t.me/soliq_plusuz
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.
Подписной индекс: 641