- Менинг фикримча, Сиз шеърни аввало сурат шаклида кўрасиз ва ўқувчини бирдан суратнинг ички моҳияти сари бошлайсиз. Нима деб ўйлайсиз, бу истеъдод табиатидаги табиий стихиями ёки орттирилган тажриба натижасими?
- Мен ҳалигача истеъдод нималигини билмайман. Бу нарса мени кўп ўйлатади ҳақиқатдан. Ўзим ҳам кўрсатувларда жуда кўп гапираман. Истеъдод, албатта, қанақадир ёмби сифатида бир олтин, ишланмаган, ҳали шаклланиб, сайқалланмаган бўлиши керакдир эҳтимол. Биз ўша нарсага ўрганганмиз. Лекин ёмби сифатида у ҳеч қачон осмондан тушиб қолмайди, истеъдод ҳам. Барибир илм, тажриба, тафаккур, тасаввур билан шаклланадиган ҳолат, жараён узоқ вақт талаб қиладиган жараён деб биламан. Ва шу маънодаки, у қайсидир даражада орттирилган тажриба ҳам бўлиши мумкин. Орттирилган тафаккурнинг бир кўриниши десак ҳам бўлар. Мен истеъдодни бошқа бир образ билан шакллантирган бўлардим. Уни қанақадир уруғга ўхшатган келади. Нима учун? 1994 йилда шундай бир даврлар бўлдики, инсон ички моҳиятга тушиб кетгандан кейин адабиёт ҳақидаги, шеър ҳақидаги аввалги фикрлар, тасаввурлар бошқача бир негатив қора шаклни ола бошлади. Мен ўзим билан ўзим, ҳаётим билан, ички жараёним билан ички босқичга, деворга ёпиқ бир йўлга тўқнашдим гўё. Чунки шоирларга йўлдан адашганлар эргашадилар. Табиийки, илмга ўзимизча кўнглимиз билан кириб келган бўлсак, қайсидир даражада кимлардир бизга устозлик қилишган. Қайсидир даражада устозларнинг фикрларини олганмиз. Шу фикрлар олдида, жуда катта, улкан ҳаракатлар олдида «Аслида ёзган шеърларимиз қай даражада тўғри, қайси даражада эртага бизга сиртмоқ бўладими ёки оқлайдими, кўприк бўладими?», - деган саволларни кўнглимдан ўтказганман. Шундай вазиятларда гоҳо ҳақиқатдан тўхтаб қолганман. Менга «Шоир бўлиб нима қилардингиз, шоирлик бу манманлик», деган саволлар ҳам беришган. Афсуски, ичимдан оқ йўлнинг учини тополмаганман, бу ҳам ўзимга нисбатан талабчанликдандир балки. Адабий муҳит бўлса, эҳтимол бу саволларга етиб келмаган бўлардим. Мен шоир бўлиб ҳеч ким эмасдирман, лекин бизни адабиётда жуда катта шоирлар бор. Масалан, Навоийнинг ўзи ёки ундан кейин келган Машраб қанчалик даражада истеъдоди бор, қанчалик даражада истеъдоднинг алангаси уни осмонга олиб чиқди. Ўзини умридан ташқарига чиқариб юборди. Руҳи бир инсонни танасидан, вужудидан ташқарига чиқиб кетди унинг ҳолати. Демак, модомики Аллоҳнинг ўзи билгувчироқ, агар инсон кўнглига ўша гул уруғи қадалган бўлса, у гул, албатта, униши керак. Сиз бошқармайсиз, бошқариб турувчиси бор. Фақат мен ўзимни аниқлаб олишим керак. Гулманми, тиконманми ёки нимаман ўзи? Демак, шу маънода ички руҳиятимизга бўйсуниб, шу пайтгача ёздикми, бизни ўзидан кўра билгувчироқ зот, бизни бошқариб боряптими, ҳар бир сўзимизни бошқачароқ сарҳисоб қиларканмиз, янаям ўзимизга чуқурроқ тушишимиз керак. Бу аслида йўл - илм йўли, тафаккур йўли. «Шеърсиз қалбларга ачинаман мен» деган Мақсуд Шайҳзода.
- Таниқли мусаввирлар билан уюштирган суҳбатларингиз, тасвирий санъат асарлари ҳақидаги лирик – фалсафий талқинларингиз зукко мухлисларингиз эътирофига сазовор бўлмоқда. Санъатнинг айнан шу соҳасига алоҳида эътибор қаратишингизни сабаби нимада?
- Шеър билан тасвирий санъатнинг ўзи битта, бир-бирига жуда ҳам яқин,- деб биламан. Шеър Сиз айтдингиз – суратини кўриб, шоир билан рассом дунёни образли ҳис қилади. Образлар орқали кўради, муқояса орқали кўради. Дарахтлар билан гаплашасиз, дарёлар билан гаплашасиз, фақат рангларни кўриш учун ҳам ички ҳолат бўлиш керак. Рассом қайсидир даражада тасвирлайди. Шоирнинг қиличи ўткирроқ, чунки сўз жуда кескинроқ. Рассомни ранглар орақали тушиниш мумкиндир. Лекин иккаласи ҳам дунёни англашда битта фарзанд – хаёл фарзанди, тасаввур фарзанди. Битта рассом айтди: Рассом ва рассомлар тасаввурнинг қули, шоирлар тафаккурнинг қули, - дейишади. Лекин мен иккаласини ҳам, шоирни ҳам тасаввурнинг қули деб биламан. Шоир дунёни образлар орқали кўрмаса, у ҳеч қачон яхши шоир бўлолмайди.
Шеъриятда масалан, тасвир шеърияти Рауф Парфида ниҳоятда ички нозик, теран. Шавкат Раҳмонда ҳам худди шундай. У мусаввир шоир эди. Аслида ундан олдин ҳам худди шундай ҳолатлар Ҳамид Олимжонда, баъзи ҳолатларда ундан олдинги шоирларда ҳам кузатилган. Шунингдек, оҳанг шеърияти бор, шунчаки ички жаргон сифатида ўзимча айтяпман, кўпчилик охангга эргашиб ёзади, шу орқали қўшиқ пайдо бўлади. Кўпчилик шоирларда тасвир шеърияти кучли, улар мусаввир шоирлар. Қайсидир маънода катта даъво қилмайман авлодимизда рассомлар ўтган, менгача ҳам, мендан кейин ҳам умид қиламан ва ҳаётимиз жараёнида дастлаб расм чизишни бошлаганман. Акаларим, опаларим, тоғаларим чизмакашлар. Рассомлар билан яшаш менга кўпроқ енгиллик беради.
Рассомлар ҳаёти, рассомларнинг ички бир дунёси менга дунёнинг завқини беради. Баъзида рассом бўлмаганимдан ичим ачийди, чунки 10 ёшимда расмлар билан республика бўйича ғолиб бўлганман. Хуллас чиқмай қолган рассомман, ичимда бор, тасвирий санъат юрагимнинг иккинчи бўлаги.
- Менга маълум қилишларича, Сизнинг талабалик даврингизда ТошДУ ҳозирги (ЎзМУ) ўзбек филологияси факультети Эшқобил Шукур, Чори Аваз, Раҳмон Қўчқор, Мусулмон Намоз, Рустам Мусурмон каби истеъдодлар шакллантирган ўзига хос ижодий муҳит билан фахрланган. Қисқаси, факультет катта ҳарфлар билан ёзилувчи АДАБИЁТ руҳи билан яшаган. Нима учун ҳозирга келиб Ўзбек тили ва адабиёти университетида бу руҳ йўқолиб қолди?
- Бу саволни очиқ қолдирайлик! Чунки бу оралиғ жуда катта даврдир. Умид қиламанки, сиз ўйлаган ҳолат давом этади. Бутунлай йўқолиб кетмайди.
- Илк китобингиз – «Тун маликаси» катта адабий шов-шувларга сабаб бўлган экан. Камолот палласининг меваси бўлмиш тўлақонли сайланмангизни чоп этиш вақти келмадими? Ёш мухлисларингиз китобларингизни қандай ва қаердан излашсин?
- Катта китоб чиқаришдан қўрқаман! Катта китобнинг руҳияти оғир бўлади. Уни қабул қилиш ҳам унчалик осон бўлмайди. Ҳозир эҳтимол пайти келгандир. Лекин ўзим ҳам ички турткини кутиб турибман. Фақат моддий маблағига бориб эмас. Чиқаришим керак деган сўнгги туртки бўлади-да, ўша ҳолатга рўбарў бўлишим керак. Қолаверса, мен аудиториямни ҳам кўра олишим лозим. Бугун ўзи китобга тайёрманми? Ўша сўнгги бир нуқтага келолмаяпман.
- Тайёрлаган кўрсатувларингиздан сезилиб турадики, Сизда улкан романтик орзулар заҳираси мавжуд. Шу маънода бугун яна адабиёт соҳасида қандай янгиланиш ва ўзгаришлар бўлишини истайсиз?
- Янгиланишлар кўп, ёшларга имкониятлар кўп, фақат ижодкорлар бироз дангасароқдирлар. Ҳамма ўзининг устида кўпроқ ишлаши керак. Мен ўзимдан кўпроқ талаб қиламан, бошқалардан талаб қилишдан кўра ўзим «Бугун адабиёт олдида 50 ёшдан ошиб, нима қилдим?» -деган катта савол берилганда, ҳеч нарса қилмаганимни англайман. Масалан, 35 ёшида Абдулла Ориф, Эркин Воҳид катта таржималар қилишган. Катта-катта, буюк адабиётни яратиб қўйишган. Мен Пушкин, Лермонтовни айтмайман. Ўзимни жуда қаттиқ эксплуатация қилишим керак. Ўзимни яна кўпроқ рандадан ўтказишим зарур.
Ҳали хеч нарса қилолмадим. Илгари бизнинг олдимизда жуда катта вақт турарди. Бу жуда катта имконият дегани, ҳозир эса вақт бизнинг олдимизда жуда кам қолган. Ёшлар эса биз қилган хатони қилмасин. Вақтини беҳуда кеткизмасин, улар учун жуда катта адабиёт мавжуд.
Санжарбек ҲАМИДОВ,
суҳбатлашди.