Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев одамларнинг муаммоларини ҳал этишда турли йўллар билан шахсан ўзига нисбатан бўлаётган билвосита босимлар ҳақида “XXI аср” газетасида ёзиб чиқди.
Лекин айнан ким, қачон ва нима сабабдан босим қилганига ойдинлик киритилмаган.
“Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси бир гуруҳ фуқароларни асоссиз сарсон қилаётгани, ўзининг яширин ишларини президент қарори билан хаспўшлашга уринаётганини кўриб, бу бўйича асосли тушунтириш беришни сўраб киритилган депутатлик сўровларига айрим масъуллар эътиборсизлик қилмоқда”, деб ёзади депутат.
Расул Кушербаев 2018 йил 19 сентябрь куни ўзининг "Facebook"даги саҳифаси орқали “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси бош директори Қудратбек Ҳошимбековга депутатлик сўрови юборган эди.
Ушбу сўровда Зангиота туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган махсус комиссия фуқароларнинг уй-жой шароитларини ўрганиш натижалари бўйича фуқарога кейинчалик инжиниринг компанияси ва тижорат банкига тақдим этиш учун ёзма тавсия бериши кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, ушбу тавсиянинг бир нусхаси талабгор томонидан дастлабки шартномани тузиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун инжиниринг компанияси филиалига тақдим этилиши лозим эди.
Расул Кушербаев 10 кунлик муддатда “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси Тошкент вилояти филиали томонидан асоссиз равишда ҳокимликлардан қўшимча ҳужжат талаб қилиш амалиётининг йўлга қўйилгани, фуқароларнинг шартнома тузиш мақсадидаги аризаларини асоссиз рад қилиб, фуқароларга нисбатан қўпол муносабат кўрсатилгани ва ёлғон маълумотлар берилгани ҳамда юқорида қайд этилган бошқа ҳолатлар юзасидан компаниянинг бош раҳбари сифатида асослантирилган тушунтириш бериш ва мазкур тартибсизликларни бартараф қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида батафсил ахборот тақдим этишни талаб қилган эди.
8 октябрь куни Кушербаев компания бош директори ҳамда Адлия вазирлиги томонидан сўровлар бўйича бир-биридан фарқ қилувчи жавоблар келганини ёзганди. Адлия вазирлиги юборилган сўров бўйича ўрганиш ўтказиб, 2018 йилнинг 27 сентябрь куни Тошкент вилоят бошқармаси томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест”нинг Тошкент вилояти филиали раҳбариятига тақдимнома киритган. Хусусан, ўрганишда компаниянинг вилоят филиали томонидан ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талабларига риоя этилмаётгани, фуқароларнинг қонуний тақдим этган аризаларини асоссиз рад қилгани, шартнома тузмагани ва яна бир қатор қонунбузарликлар аниқлангани билдирилган.
Шунингдек, адлия ходимлари компания филиали масъулларининг фуқаролардан қўшимча равишда туман ҳокими тасдиқлайдиган рўйхатда бўлишини талаб қилаётгани, қонуний ёзма тавсияга эга фуқароларнинг шартнома тузишига тўсқинлик қилиб келганини билдиришган. Бундай рўйхат ҳукуматнинг 103-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларида кўрсатилмаган.
Шундан келиб чиқиб, Адлия бошқармаси ўз тақдимномасида “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси Тошкент вилояти филиали раҳбари Т.Турдибоевдан келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик, фуқароларнинг мурожаатларини ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низом талабларига қатъий риоя қилган ҳолда кўриб чиқиш, қонун бузилишига йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий чора кўриш ва 10 кун ичида ахборот тақдим этишни сўраган. Тақдимнома қаноатлантирилмаган тақдирда Адлия бошқармаси компанияни судга бериши мумкинлиги айтилган.
Депутат ўша постини "Коррупцияга муносабат индекси (The Corruption Perceptions Index)да Ўзбекистоннинг 180 та давлат ичидан 157-ўринда туришига буларнинг ҳеч қандай дахли йўқ лекин", дея якунлаганди.
Расул Кушербаев мансабдор шахсларнинг депутат сўровига беписандлик қилаётганини бот-бот такрорлаган.