Шарқий ҳарбий округ қўшинлари Фарғона гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларда Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси масъуллари томонидан ҳарбий хизматчилар билан шахс, оила ва дин психологияси ҳамда инсон онгини ривожлантириш ва руҳий барқарорлаштиришга қаратилган ижтимоий-психологик тадбирлар бўлиб ўтди.
Ўтказилган тадбир давомида ҳарбий хизматчиларга дастлаб шахс психологиясига оид маълумотлар берилиб, ҳарбий хизматчи шахсининг психологик ҳолатлари, уларни жанговар хизмат фаолиятига руҳий тайёрлаш усуллари, руҳий тушкунлик вазиятларидан чиқиш йўллари тўғрисида маърузалар қилинди.
Шунингдек, командирлик лавозимларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар билан “Шахсий таркибни бошқаришда психологик таъсир этиш усулларини қўллаш” мавзусида амалий машғулот ўтказилиб, бунда ҳарбий хизматчиларга шахснинг индивидуал-психологик хусусиятлари ҳамда ҳарбий жамоаларни бошқаришда қўл келадиган бошқарув психологиясига оид амалий йўриқномалар, ҳарбий хизматчиларда оғувчан, салбий хулқ-атвор намоён бўлишининг сабаб ва омиллари, мазкур ҳолатларни профилактика қилишнинг асосий йўналишлари бўйича зарурий маълумотлар берилди.
Ҳозирги давр талаби маънавий жиҳатдан етук, ҳар томонлама билимдон, мустақил фикрловчи ҳарбий хизматчи шахсини шакллантириш бўлиб, мазкур жараёнда психологик машғулотлар, хусусан, тренинг машғулотларининг ўрни беқиёс ҳисобланади.
Шу жиҳатдан, ижтимоий-психологик тадбирлар доирасида ҳарбий хизматчилар шахсини баркамоллаштириш ва руҳий енгиллаштириш, турли низоли вазиятларни тушуна олиш ва таҳлил қилишга ўргатиш, уларда мулоқотчанлик сифатларини қарор топтиришга қаратилган психологик тренинг машғулотлари ўтказилди.
Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати