Миллий армиямизнинг замонавий техникалар билан таъминланиши, улардан тўлақонли ва самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб мавзуларидан биридир. Бу ҳолат ҳарбий хизматчилар ва жанговар техникаларнинг шайлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шарқий ҳарбий округ Наманган вилояти Поп туманидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ҳарбий хизматчиларнинг назарий ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида техник тайёргарлик ўқув синфида техникаларнинг ишлаш ҳолатини ўргатиш ускуналари ўрнатилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, юрт посбонлари техник тайёргарлик ўқув синфида ЗИЛ-131 русумли автомобил техникасининг моддий қисмларнинг ишлаш ҳолатини худди реал вазиятдагидек ўрганиш имкониятига эга бўлишди. Ҳарбий хизматчилар махсус тренажёр кўринишида кесимларга ажратилган ҳар бир моддий қисмни ишлаш жараёнини бевосита ўзлаштиришлари мумкин.
Ўқув машғулот раҳбари машғулотлар давомида ҳарбий қисм шахсий таркибига назарий билимларни ва кўрсатмаларни бериб келмоқда. Ўз навбатида шахсий таркиб ўқув синфига ўрнатилган тренажёрларда назарий ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш эвазига қисқа муддатларда ЗИЛ-131 автомобилидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишмоқда.
Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати