Тил – миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси. Ватанимиз мустақилликка эришгач, она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан Шарқий ҳарбий округ Наманган гарнизони Поп туманидаги ҳарбий қисмда “Тил – миллат кўзгуси” мавзусида илмий-амалий, маърифий давра суҳбати ўтказилди. Унда гарнизонда Ватан олдидаги бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва Поп туманида жойлашган мактабларда ёшларга сабоқ бераётган ўқитувчилар иштирок этдилар.
Кеча давомида ўқитувчилар тилимиз тарихи ва бугунги кундаги долзарб мавзуларида маърузалари билан қатнашган бўлса, иқтидорли ҳарбий хизматчилар шеърий чиқишларини йиғилганлар эътиборига ҳавола этишди.
Бундай тадбирлар округнинг барча ҳарбий қисмларида ўтказилиб келинмоқда.
Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати