Найти тему
7kun.ru

Ўқувчилар мактабга формада келиши мажбурий қилиб қўйилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Халқ таълим вазирлигининг “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.


Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб барча умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун кўп вариантлилик асосида замонавий мактаб формасини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси корхоналари томонидан давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун уларнинг ёши, баҳор-куз ва қиш мавсумлари инобатга олинган ҳолда кўп вариантлилик асосида тайёрланган замонавий мактаб формаларининг намунавий шакллари;

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Белгиланишича:

мактаб формаси умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарияти томонидан ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан келишилган ҳолда намунавий шакллар доирасида танланади;

мактаб формаси умумий ўрта таълим муассасаси педагогик кенгаши томонидан тасдиқланади ҳамда ўқувчилар учун тасдиқланган мактаб формаси шаклини уч ўқув йили давомида ўзгартиришга йўл қўйилмайди;

ўқувчиларнинг умумий ўрта таълим муассасасига мактаб формасида келишлари мажбурий ҳисобланади.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

2018 йил 1 июлдан бошлаб тасдиқланган намунавий шакллардаги мактаб формаларининг ишлаб чиқарилишини ташкил этади;

мактаб формаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни белгилашда уларнинг технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг ўз ҳудудида жойлашганлигини инобатга олади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда тасарруфида умумий ўрта таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар:

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб барча умумий ўрта таълим муассасаларида тасдиқланган мактаб формаларининг намунавий шакллари доирасида ягона мактаб формасининг жорий қилинишини таъминлайди;

ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида умумий ўрта таълим муассасаларига мактаб формасида келишнинг афзалликлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб боради.

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, мактаб формасини жорий этишнинг мақсади ўқувчиларнинг билимли, одоб-ахлоқли, соғлом фикрли, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб етишишига кўмаклашиш, ўзаро тенглик ва белгиланган тартиб-қоидаларга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш учун шарт-шароит яратиш, ўқувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини юзага келтиришдан иборат.

Қуйидагилар мактаб формасини жорий этишнинг вазифалари ҳисобланади:

таълим муассасаларида соғлом ижтимоий-психологик муҳитни шакллантириш, ёш авлодга замон талаблари ва миллий қадриятлар асосида таълим-тарбия беришга кўмаклашиш;

ўқувчилар ўртасида ўзаро ижтимоий тенглик тамойилларини қарор топтириш;

таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўлиқ риоя этишларини тартибга солиш;

ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ёт бўлган “оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилишга кўмаклашиш.

Мактаб формасининг матоси ўқувчиларнинг ёшига, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига тўлиқ жавоб бериши шарт.

Таълим муассасаси раҳбарияти томонидан ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган мактаб формаларининг намунавий шакллари доирасида мактаб формаси шакли белгиланади.

Мактаб формаси таълим муассасаси педагогик кенгашининг қарорига мувофиқ уч йил муддатга жорий этилади. Таълим муассасаларида жорий этилг