Найти в Дзене
Kun.uz

Ислом дунёси Ал-Қудс бўйича имтиҳондан ўта олмади – Эрдўған

Ислом дунёси Ал-Қудс бўйича имтиҳондан ўта олмади, деб айтди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған. Унинг фикрича, мусулмон давлатлари АҚШнинг Исроилдаги элчихонасининг Ал-Қудсга кўчирилишига етарлича кескин муносабат билдиришмаган.     

“Ал-Қудс бу шунчаки шаҳар эмас. Бу мусулмонлар учун рамз, имтиҳон. Ислом дунёси бу имтиҳонни топшира олмади. Бутун дунё ҳам уни топшира олмади. БМТ АҚШ содир этган бу қадамга самарали қарши туролмади. Биз, мусулмонлар, қоралашдан бошқа ҳеч қандай чора кўрмаяпмиз”, деб айтган Эрдўған Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига қарши Истанбулда ўтган кўп минг кишилик намойишда. 

Эрдўғаннинг айтишича, “агар мусулмонлар бирдам бўлиб, зулмга қарши бирга турсалар, унда Исроилнинг ақлсизлиги узоқ давом этмайди”. 

Намойишда иштирок этган Туркия бош вазири Бинали Йилдиримнинг айтишича, “фаластин халқининг адолатли кураши Туркиянинг ҳам курашидир”. У Исроил етакчиларини Германия ва Италия фашистлари етакчиларига тенглаштирган. “Исроил ҳукумати, Гитлер ва Муссолинига тақлид қилиб, бутун дунёга ўзининг асл моҳиятини кўрсатмоқда – улар босқинчилардир ва ҳуқуқ меъёрларига амал қилмайди”, деб айтган Йилдирим.

АҚШ элчихонасининг Ал-Қудсга кўчирилиши муносабати билан Ғазо секторида норозилик намойишлари янги куч билан бошланди. Исроил аскарларининг намойишчиларни ўққа тутиши оқибатида 60 дан кўпроқ фаластинлик ҳалок бўлган.