Найти тему
News

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида беш йилга мўлжалланган илк ҳарбий режа амалиётга татбиқ этилади

28516

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

16 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп қабул қилди. Президент Мирзиёевнинг Оқ уйга илк тарихий ташрифи Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлашга туртки берди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати.

Президент Трамп Шавкат Мирзиёевни “Толибон” афғон ҳукумати билан тинч музокараларни бошлаши лозимлиги тўғрисидаги ягона позицияси тасдиқланган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги Тошкент халқаро конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан қутлади. Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп Афғонистон хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолисига қарши қаратилган жирканч террорчилик ҳужумларини қаттиқ қораладилар ҳамда Афғонистон дуч келаётган хавф-хатарларга барҳам бериш бўйича мулоқотни кенгайтиришга содиқ эканликларини билдирдилар.

Мирзиёев Афғонистон ҳукуматини тўлиқ сиёсий қўллаб-қувватлашини қайд этди ҳамда 2017 йил декабрда Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи, унинг якуни бўйича икки ҳукумат ўртасида савдо айланмасини кўпайтириш ва ўта муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан бир қатор битимлар имзоланганига эътибор қаратди. АҚШ давлат раҳбари Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларда муҳим роль ўйнаётганлигини эътироф этиб, мамлакатнинг Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади. У Ўзбекистон томонидан режалаштирилаётган Афғонистондаги темир йўл ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга сиёсий ва консультатив кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришишга ҳисса қўшаётган Шимолий таъминот тармоғини қўллаб-қувватлашда давом этишини тасдиқлади. Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистон билан чегаралар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласининг олдини олишда яқиндан ҳамкорлик қилишлари эътироф этилди.

Икки давлат раҳбарлари экстремизм ва халқаро терроризмни қораладилар ҳамда умумий таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини қайд этдилар. Улар, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган келишувларни амалга оширишга содиқ эканликларини билдирдилар ҳамда беш йилга мўлжалланган илк ҳарбий ҳамкорлик Режасини амалга татбиқ қилиш орқали мудофаа соҳасидаги алоқаларни мустаҳкаш муҳимлигини таъкидладилар.