Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси (ГФР) ўртасидаги Ҳукуматлараро музокаралар якунларига кўра эришилган келишувларга мувофиқ, 2017 йилнинг 18-19 июлида Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда "Соғлиқни сақлаш" дастурининг учинчи фазасини молиялаштириш тўғрисидаги шартнома лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа KfW тараққиёт банки мисолида ГФР ҳукуматининг беғараз маблағлари ҳисобига кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилишни кўзда тутади.
Мазкур дастурни амалга ошириш доирасида тиббиёт ускуналари эксплуатацияси, техник хизмат кўрсатиш, шунингдек тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги усулларини жорий қилиш учун 9 миллион евро беғараз маблағ ажратиш режалаштирилган.
Куни кеча ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасидаги шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжат Ўзбекистоннинг Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Вафоев ҳамда KfW Осиё банки соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Амели Д'Суза хоним ва лойиҳа менежери Андреа Грайкарлар томонидан имзоланди.
Маълумот учун: KfW тараққиёт банки - «KfW Bankengruppe» молиявий гуруҳи аъзоси мамлакатлар билан молиявий ҳамкорлик учун жавобгар. Банк Ўзбекистондаги фаолиятига 1993 йилда старт берган ва ҳозирга келиб, унинг молиялаштириш кўлами 268,5 миллион еврони ташкил қилади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва соғлиқни сақлаш каби йўналишларни ўзига қамраб олади.