Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев ғояси билан яна бир хайрли ташаббусга қўл урилгани, бунинг самараси ўлароқ, қишлоқларда яшовчи кишиларнинг ҳам ҳаётига янги мазмун кириб келиши, қишлоқларимизнинг кўрки ва таровати ўзгача аҳамият касб этиши ҳақида илгари ҳам ёзган эдик.
Хусусан, Жиззах вилояти, Дўстлик туманидаги Манас қишлоғидан бошланган ушбу ташаббус кейин Самарқандда — Нуробод туманининг Жом қишлоғида давом эттирилган.
Навоий вилоятида ҳам Президент томонидан илгари сурилган ғояга кўра 5та тумандаги қишлоқлар «Обод қишлоқ» дастури бўйича амалдаги қонунчилик билан белгиланган қурилиш нормалари ва санитария талабларига жавоб бермайдиган, таъмирталаб уйларда яшовчи оилалар рўйхати шакллантирилиб, кенг жамоатчилик ва фаол ёшларни кенг жалб этган ҳолда манфаатдор ташкилот ва идоралар билан биргаликда абгор аҳволда бўлган уйларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, қишлоқларнинг қиёфасини ўзгартириш мақсадида ҳашарлар ташкил этилади.
Вилоятдаги ана шундай қишлоқлардан бири — Хатирчи туманидаги «Хўжақўрғон» ва «Миёнқол» маҳалла фуқаролар йиғинидир.
Сектор раҳбари, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Турсунпўлат Тошпўлатов ва туман ҳокими Ғофир Алиев раҳбарликларида қишлоқда тузилган штабда ҳар кунлик ишлар сарҳисоб қилинмоқда ва қилинадиган ишлар пухта режалаштирилмоқда.
Туман ҳокими Ғофир Алиевнинг Kun.uz мухбирига хабар қилишича, «Обод қишлоқ» дастури бўйича 430га яқин уйлар тўлиқ таъмирдан чиқарилади.
Амалга ошириладиган ишлар режасига кўра, 6,1 км умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, 2 км пиёдалар йўлаги, 2 км сув қочириш иншооти (лотоклар), 3та автобус бекати, 8,2 км ички хўжалик йўллари асфальт қопламаси алмаштирилади.
Қишлоқда шунингдек 15 км газ қувури, 7,5 км электр узатиш тармоғи янгиланиб, 128 дона бетон симёғоч ўрнатилади. Битта 250 кВтли трансформатор ўрнатилади ва кўчалар тунда ҳам ёритилади. Уйлар тўлиқ водоровод тизими ва ичимлик суви билан таъминланади. Ҳар бир уйга телефон линияси ўтказилади.
Хўжақўрғонликлар ушбу хайрли ташаббусдан жуда хурсанд. Маҳалла нуронийларининг айтишича, ушбу қишлоқнинг тарҳи давлат арбоби Шароф Рашидов томонидан чизиб берилган.
Маҳалла аҳли, айниқса ёшлар ҳам ушбу хайрли ҳашар ишларида қўл қовуштириб қараб туришгани йўқ. Тумандаги «Шоназар Очилов», «Феруз Акбарович», «Гумбаз нурли туҳфаси», «Наврўз-Д», «Барно ота бинокори» каби ва бошқа фермер хўжаликлари ҳам навбати билан ободонлаштириш ва қурилиш ишларида меҳнат қилаётган 800дан ортиқ меҳнаткашларни иссиқ овқат билан таъминлаб туришибди.
Ушбу масканни обод қилиш учун бошланган эзгу ишларнинг ибтидосига гувоҳ бўлдик. Ишлар ниҳоясига етгач, албатта яна бир бор ушбу қишлоқда бўлиб, бажарилган ишларнинг самарасини эътиборингизга ҳавола этишни кўнгилга тугиб қайтдик.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири