Найти в Дзене

«Улар бизга мураббий хорижлик бўлади, дейишганди»

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг 2017 йил 19 сентябрдаги «Футбол қандай кўтарамиз?» деган ваъданомасидан: «Федерациянинг янги раҳбарияти олдида зудлик билан ҳал қилинадиган 5 та устувор масала бор. Биринчиси, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийини тайинлашдир. Айни пайтда янги раҳбарият миллий терма жамоага бош мураббий тайинлашда фақат хорижлик мураббийлар номзодини кўриб чиқаётганлигини маълум қиламиз».

Ваҳ, «фақат хорижлик мураббий». Октябрь келди, Ўзбекистон миллий терма жамоаси «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев «бир кун»га ижарага олинди. Умид Аҳмаджонов 20 октябрь куни бу ҳақда шундай деди: «Биз 20-25 кун ичида миллий терма жамоага хорижлик мураббий тайинланиши ҳақида айтиб ўтгандик. Бугунги кунда бир қанча номзодларни кўриб чиқдик, лекин, ҳозирча, бизнинг талабларимизга жавоб берадигани чиқмади. Аммо, изланишдамиз, музокаралар олиб бормоқдамиз».

Ваҳ, жигитлар сентябрда катта гапиришганини ўзлари ҳам сезиб қолишди — «20-25 кунда битта зўрини олиб келамиз», деб. Орадан яна бир ой ўтди. 23 ноябрда ЎФФ музокара олиб борилаётган мураббийлар рўйхатини эълон қилди. Лекин қачон улардан бири миллий терма мураббийи сифатида таништирилиши айтилмади.

Орадан яна бир ой ўтди ва 20 декабрь куни Рўзиқул Бердиев: «Январда терма жамоамизнинг янги мураббийи номи эълон қилинаркан», деди. 31 декабри куни эса ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов ўз ташкилоти матбуот хизматига берган интервьюсида: «Ўзбекистон миллий терма жамоасига тез орада хориждан кучли мураббий олиб келинади. Бу мураббий албатта ўз терма жамоаси билан Жаҳон чемпионатига йўл олган, катта тажрибага эга мураббий бўлади», деди.

Умид Аҳмаджонов айтган «20-25 кун» камида уч ойдан кўпроқ муддат эканини ҳисобга олсак, «тез орада» дегани ундан ҳам каттароқ ўлчов экани аниқ эди.

15 январга ҳам етиб келдик. Чет эллик мураббий ҳали ҳам. ЎФФ яна баёнот берди: «ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов айни кунларда хорижлик мутахассислар билан шу масалада музокара олиб бориш мақсадида хориж сафарига йўл олмоқда. Оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи яқин 48 соат ичида таништирилиши ҳақидаги маълумотлар асоссиз эканлигини маълум қиламиз».

Айни шу вақтда «Футбол экспресс» газетасига берган интервьюсида Умид Аҳмаджонов ЎФФ сайтида ёзилган «айни кунлар» деган гапда аслида 6-февраль яширинлигини билдирди: «Миллий терма жамоамиз учун хориждан келадиган мураббий деярли тайёр. У Осиё футболини яхши тушунадиган, ишлаган терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиққан тажрибали мутахассис. Мен 6 февралда БААга жўнаб кетаман. У ерда мураббий билан шартнома тузамиз. Олдиндан нимадир айтмай турганим маъқул. Аммо ўша мураббийни кўргач, бундан халқимиз албатта хурсанд бўлади. У ҳозирги кунда терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиққан мураббий саналади».

Қаранг, қанча тафсилот — у хорижлик (худди «Пахтакор» устозидек); у Осиё футболини тушунади (демак, вақт чўзишни ҳам билади); ЖЧ-2018 га йўлланма олган 32 терма жамоадан бирининг устози (вуй, энди унинг кимлигини осон топиб оламиз!); уни кўрсак, халқ вакили сифатида биз ҳам хурсанд бўламиз (йўғе?); у билан 6 февралдан кейин шартнома имзоланади (хахаха — ахир бу чексизлик-ку!).

Бу орада эса Умид Аҳмаджоновнинг ўзи ЎФФ президентлигидан кетишга, янги президент эса терма жамоага хориждан катта пулга мураббий олиб келинмаслиги ҳақида ғалатироқ гап айтишга ҳам улгурди. Ва бу гаплар қайсидир маънода тасдиқланди ҳам — аввалига Равшан Ҳайдаров вақтинча устозлик қилиб туради дейишганди (ахир у Осиё чемпиони!), мана, бугун фамилияси хорижликларникидек жаранглайдиган бошқа вақтинчалик мураббий расман тайинлангани айтилди — Темур Кападзе.

Ҳозир ЎФА (ЎФФ ўрнига тузилган ташкилот) вице-президенти ҳисобланган Умид Аҳмаджонов нега сентябрда ваъда қилинган интурист ўрнига ўзимизнинг полвон бош мураббий бўлиб қолганини мана бу ерда батафсил тушунтирган. Айтишича, «биз кутаётган мутахассис Ўзбекистонга келганида, Кападзенинг ўзи барча ишни тушунтиради, унга биринчи маълумотларни ўзи беради». Ва яна ваъда — «ЎФА раҳбарияти хорижий мутахассис билан барча масалани пишитиб қўйган. Иш расмий босқичга кўчиши учун эса вақт керак бўлади. Айни вақтда ЎФА шунинг устида иш олиб бормоқда».

Қиссадан ҳисса шуки — дўстлар, келинглар, катта гапирмайлик, қуруқ ваъдалар бермайлик. Яхшиси, шартта айтайлик. «Ота-боболаримиз шундай қилган, биз ҳам шундай қиламиз — бизни яна жаҳон чемпионатига олиб чиқолмайдиган мураббийни саралаш баҳслари арафасида тайинлаймиз», деб. Шунақа деса бўлади. Осмон узилиб ерга тушмайди. Жовоп!

P.S. Кападзе, аввало, ажойиб инсон. Яна, Кападзе зўр футболчи эди. Мураббийликда ҳам Гвардиола-ю Контеларнинг йўлини берсин! Бу мақола унга қарши эмас, бу мақола гапни олиб қочиш, қуруқ ваъда бериш ноўринлиги ҳақида. Сентябрдаёқ: «Кападзе тренер бўлади» дейишганида, шубҳасиз, тўрт қўллаб қарсак чалган бўлардим.