16 подписчиков
#Сарказм #Луқма
ЧУМОЛИНИНГ БОЙ БЎЛИШИ
Масал
Чумолини қашшоқ деб
Ёзиб чиқди Ниначи.
Интернетга, газитга
Босиб чиқди Ниначи.
Шароитни ўрганиб
Койиб кетди Қўнғизлар:
– Ноинсофлар, етказган
Ҳаққа шукр денгизлар!
– Ер остида бўлса ҳам
Чумолини ини бор!
– Қаранг, қанча қумурсқа
Яшайди уйсиз, абгор!
– Инига ғарам-ғарам
Писта пўчоқ йиғибди.
– Ҳеч кимдан сўрамасдан
Ҳатто сомон тиқибди!
– Янтоқнинг томирини
Кемирса – куни ўтар!
– Чувалчангдек яшаса,
Ўшанда уни ўчар!
– Чумолихон аслида
Ҳаммамиздан бадавлат!
Шундай шароит учун
Бизларга десин раҳмат!
Ниначи-ю, Чумоли
Тавқи лаънатга қолди.
Зиғирдек мадад сўраб,
Боши ғурбатга қолди.
* * *
Гала Қўнғиз шод-хуррам,
Ниятига етишди.
Тадбир тугаб, ювгани
Ресторанга кетишди!
24.09.2024.
✍️Носиржон ТОШМАТОВ
Каналимизга обуна бўлинг ва энг сўнгги янгиликларни кузатиб боринг
Около минуты
24 сентября 2024