Найти тему

ГЕОГРАФИК НОМЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ– ЭКОЛОГИК ЖИҲАТЛАРИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ УСУЛЛАРИ

Назиров Бобуржон Бахтиёр ўғли

Фарғона давлат университети

nazirovboburjon555@gmail.com

https://doi.org/10.5281/zenodo.7780764

Аннотация: Ушбу мақолада географик номларнинг ижтимоий-экологик жиҳатларини тадқиқ этиш усуллари таҳлил этилган. Минтақа топонимиясида учрайдиган географик терминларни таҳлил этиш нафақат, географик номнинг этимологиясини тўғри очиб беради балки, ўтмиш ландшафтларнинг табиий компонентлари - рельеф шакли, сув, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг тарқалиш ареалини ҳамда жамиятнинг ривожланиш босқичларини, шу ҳудудда яшаган аҳолини иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларини, касб-корини, этник таркибини аниқлаш ва тадқиқ қилиш имкониятларини ҳам яратади.

Калит сўзлар: геотопоним, географик атамалар, тадқиқот усуллари, номларнинг экологик функцияси, тарихий ёндашув, тадқиқот усуллари.

Фанда ҳар қандай ҳодиса ёки объект турли усуллар ёрдамида тадқиқ этилгандагина ижобий натижага эришиш, улар ҳақида тўлақонли, хаққоний маълумотлар базасини яратиш мумкин бўлади. Бунинг учун турли ҳил таҳлилий, мажмуали усулларни қўллаш зарур. Географик номлар ёки минтақа топонимиясини ижтимоий-экологик жиҳатларини илмий жиҳатидан ўрганишга ҳам турли нуқтаи-назардан ёндашиш талаб қилинади.

Геотопонимик тадқиқотларда топоним ҳосил қилувчи қўшимчаларга ёки топонегизларга эътибор қаратилади. Одатда топонимлар икки ва ундан ортиқ сўзлардан иборат бўлади, топонимга қўшилувчи турдош отлар- географик терминлар деб аталади. Географик номлар таркибида учрайдиган географик терминлар ифодаланган объектни билдирувчи сўзлар (турдош отлар)дан ташкил топади. Уларни айрим илмий адабиётларда топонимик индикатор деб ҳам аташади. Кўпинча, географик терминлар (адир, ариқ, булоқ, дарё, жар, сой, кўл, тепа, тоғ, тош, чўл, қудуқ, қишлоқ, кент, обод ва бошқ.) жой номларининг асосини ташкил этади ва географик объект турини билдиради. Ҳудди шундай терминлар дунёнинг барча тилларида мавжуд, масалан, дунё картасида тоғни англатувчи рус тилида –“гора”, тожик тилида- “кўх”, араб тилида –“жабал”, хитой тилида –“шань”, немис тилида-“берг”, испан тилида- “монтана” каби географик терминларларни олдиндан билиш тадқиқотчини ортиқча мехнатдан халос қилади.

Минтақа топонимиясида учрайдиган географик терминларни таҳлил этиш нафақат, географик номнинг этимологиясини тўғри очиб беради балки, ўтмиш ландшафтларнинг табиий компонентлари - рельеф шакли, сув, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг тарқалиш ареалини ҳамда жамиятнинг ривожланиш босқичларини, шу ҳудудда яшаган аҳолини иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларини, касб-корини, этник таркибини аниқлаш ва тадқиқ қилиш имкониятларини ҳам яратади (С.Қораев,2001).

Географик терминларни ижтимоий-экологик жихатдан ўрганиш натижасида уларни 4 та гурухини ажратиш таклиф этилди:

а) Жой ёки объектни улуғлаш, жамият хаёти учун бу объектнинг салмоғи, аҳамияти мухимлигини таъкидлаш орқали ноёб, табиат гўшаларини (сой, булоқ, чашма, шаршара, чашма, қудуқ, ариқ, тоғ, қоя, ғор ...) муҳофаза қилишга ёрдам берувчи географик терминлар, уларга азиз, азим, буюк, бобо, ота, бузрук, момо, чўн, сар, улуғ, нур, падар каби сўз ва терминлар киради;

б) Жой ёки объектни илохийлаштириш,муқаддаслигини очиб берувчи терминлар, уларга авлиё, мозор, масжид, етти, ислом, имом жаннат, зохид, кўк, пайғамбар, оқ, (сафед), сохаба, сўфи, турбат, тўра, ҳўжа, ҳизир, шайх, шахид, эшон, қаландар каби сўз ва терминлар киради. Бундай географик номлар билан аталган жойлар аҳоли томонидан илоҳийлаштириб, зиёратгоҳ ва қадамжойларга айлантирилган. Бундай диний–ҳуқуқий муҳофаза усулини қўллаб она табиатни асрашга ўлкамизда шаклланган юксак этноэкологик маданият сифатида қаралмоғи лозим (Ахмадалиев,2018).

в) Ғаройиб, қўрқинчли, афсонавий характерга эга бўлган географик номлар ва терминлар ҳам ўзининг манзилни кўрсатиб бериш функциясидан ташқари маълум маънода экологик вазифани ҳам бажаради. Алининг қиличи, Яъжуж-мажуж ери, Ажал водийси, Борсакелмас ороли (Хасанов,1985) каби номларни эшитган кишилар у жойлар табиатига ортиқча аралашишдан ўзларини тийганлар. Уларга ажина (жин), алвасти, арвох, борсакелмас бедарак, вохим, дев, девгар, девона, жинди, ёмон, (жамон), зиндон, илонли, каллахўр, махрам, чангал, пари, шайтон, ялонғоч, ўлди, қароқчи, қатағон, қирилди каби сўз ва терминлар киритилади.

г) Жой ва объектни кишиларни орзу-ниятларидаги номлар билан аташ орқали кишилар ўзларининг яхши, покиза ниятлари ижобат бўлишларини йиллар, асрлар давомида истаб, бунинг учун барча воситалардан, жумладан жойларга ном бериш усулидан ҳам фойдаланганлар. Бундай номларни кишилар орзу-истакларини, ниятларини билдиручи номлар деб аташни дастлаб А.В. Суперанская (1985.,41с.) таклиф этган. Нарса-ходисаларни яхши томонларини кўришга, пайқашга интилиш замирида жойларга бахт, боғ, баҳор, боқий, бўстон, гулзор, гулистон, гўзал, зар, наврўз, намуна, обод, ойдин сўзлари иштирокидаги номларни берганлар. Яхши ниятли, қалби тоза кишиларга нисбатан айтиладиган “Чиройи бордан чўчима” мақолидан (С.Мўминов...,2014. 29 б.) биз географик номларга нисбатан ҳам қўллаш мумкин деб ҳисобладик. Янги жойларга кўчиб келган халқлар яхши тилак ва истаклар билан чўл ҳудудида Гулистон, сувсиз даштда Даштобод, каби номларни қўядилар. Бундай номлар шубхасиз, тоза экологик мухит, табиатга оқилона муносабат каби эзгу ниятларни амалга оширувчи инсонларни табиялашга кўмаклашади, экологик муаммолар ечимига хисса қўшади. Номларда бу жойларниниг “эгаси” борлигини акс эттирувчи терминлардан “чек” термини ҳам юқоридаги ижтимоий-экологик функцияни бажаради.

Топонимик тадқиқотларда кенг қўлланиладиган географик усуллардан яна бири картографик усулдир. Бу усул географик номларнинг ўрганилганлик даражаси, табиий, ижтимоий, иқтисодий ҳодиса ва объектлар билан алоқадорлиги, такрорийлиги ва зичлигини майдон бирлигида аниқ кўрсатиш имконини беради. Топонимик маълумотларни аниқлаш турли картографик манбалардан фойдаланишни талаб қилади. Турли даврдаги карталар ёрдамида табиий ҳодиса ва жараёнларнинг ривожланиш босқичларини топонимия маълумотлари асосида кузатиш ва таҳлил қилиш мумкин. Топонимик карталар тузиш, улардан фойдаланиш, умуман картографик усулнинг имкониятларини рус олими Е.М.Поспелов илмий жиҳатдан ҳар томонлама ўрганган. Бу усул тадқиқотчидан ўрганилган умумий материаллардан аниқ якуний хулоса чиқаришни талаб қилади. Шу сабабдан, картадаги маълумотлар матнга нисбатан яққол ва аниқ кўзга ташланади ҳамда топонимик ҳодиса ва қонуниятларни тушуниш имкониятини беради. Топонимик маълумотларни ўзида жамлаган карталарни тузиш ва улардан самарали фойдаланиш учун географик номларнинг электрон базасини яратиш, замонавий ахборот ва ГАТ-технологияларни қўллаш яхши натижа беради.

Географик объектларни номланишига асос бўлган географик, тарихий ва лисоний сабабларни бевосита жойида аниқлаш учун кўпинча дала экспедициялар ташкил этиш зарурати юзага келади. Бундай ҳолларда дала тадқиқотлари, топонимик экспедициялар бевосита объект билан жойида танишиш, топоним ва географик терминларнинг моҳиятини белгилаш ҳамда айрим хулосаларни тўғри аниқлаш имконини беради.

ХУЛОСА.

Топонимик тадқиқотларда экспедициялар ёрдамида турли сабаблар билан йўқ бўлиб кетаётган, аммо муҳим илмий аҳамиятга эга микротопонимларни йиғиш учун қулай имконият пайдо бўлади. Мазкур тадқиқотларда кутилган натижага эришиш учун баъзан номлашга туртки бўлган ижтимоий-экологик, тарихий ва географик асосларни бевосита жойида аниқлашга тўғри келади. Бундай ҳолларда топонимик экспедициялар географик объект билан бевосита жойида яқиндан танишиш, жой номининг мазмун-моҳиятини аниқлашда, муҳим илмий хулосалар чиқаришда ёрдам беради. Дала топонимик тадқиқотларда қуйидаги манбаа ва маълумотлардан фойдаланиш мумкин:

1. Маҳаллий дала маълумотлари ёрдамида географик номларнинг улар аталган географик объектлар хусусиятларига мос келиши, уларнинг дастлабки ва хозирги ҳолати, ўзгариши транскрипциясини, карта ва маълумотномаларда учрамайдиган жихатларини ўрганиш мумкин.

2. Ёзма маълумотлар - солномалар, вақф ҳужжатлари (ёрлиқлар), турли юридик ҳужжатлар, карталар, архив ҳужжатлари, луғатлар, маълумотномалар ва бошқалар ёрдамида географик номларнинг яшовчанлиги, ахборот ташиши, ўзгаришларга дучор бўлиши, номлашда туртки бўлган ижтимоий эҳтиёжни белгилаш каби масалаларни ойдинлаштириш имконияти пайдо бўлади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

1. Аҳмадалиев Ю.И. Топонимика ва географик терминшунослик // Ўқув қўлланма. – Фарғона, “Poligraf Servis”, 2018. 118 б.

2. Ахмадалиев Ю., Комилова Н. Манзиллар. Номлар. Маънолар.- Фарғона, 2005.45б.

3. Дадабоев Я. Хўқанди латиф маҳаллалари ва кўчаларининг номланиш тарихи. “Фарғона” нашриёти, 2007.201 б.

4. Дўсимов З., Эгамов Х. Жой номларининг қисқача изоҳли луғати.- Т.: Ўқитувчи, 1977.175 б.

5. Қораев С. Ўзбекистон топонимларини ҳосил қиладиган асосий Терминлар ва бошқа сўзлар луғати. –Т.: 2001. –176 б.