Найти тему
Типичный узбек

Саодат асри қиссалари (1 - китоб, 181 - 200 бетлар)

Оглавление

Давоми...

Ўтган мақоламизда (161 –180 бетлар)

— Мен бугунги кунгача уларни ўртага қўйиб қасам ичмаганман. Ҳатто башараларига қиё ҳам боқмаганман. Ёнларидан ўтсам, юзимни ўгириб ўтиб кетаман, — деди. Яҳудий бу сафар, у ҳолда билганингча қасам ич, деб ўтирмади. 

— Сенинг айтганингча бўла қолсин, — деди ва шу билан олиш- бериш тугади. 

Майсара эшитган гапларига бирор- бир маъно беришдан ожиз эди. Муҳаммад нега Лот ва Уззо каби бутлардан бунчалар нафратланар экана?.. Макка халқи, устига- устак, хошимийлар ҳам бутларга катта аҳамият берардилар. 

Яҳудий кетар экан: «Ўша бўлиши керак, албатта, ўша...» дерди ўзига ўзи. Майсара тез- тез юриб, яҳудийга етиб олди. 

—Нималар деяпсан? — деди. 

—Нимани нима дебман? 

— Хўжайиним ҳақида бир нарсалар деб минғирлаётганингни ўз қулоғим билан эшитдим. 

Яҳудий Майсаранинг юзига тикилди: 

— Менинг билишимча, бу одам Пайғамбардир. Бизнинг олимларимиз китобларда сифатларини келтириб ўтган пайғамбар шу одам бўлиши керак, — деди. 

Сўнгра Майсаранинг жавобини ҳам кутмай, кетиб қолди. Ким нима деса, десин, бу галги даромад ҳар доимгидан сезиларли даражада кўп эди. Олиниши керак бўлган молларни ҳам жуда арзон нархда харид қилишди. Бир неча кун давом этган савдо -сотиқдан сўнг қайтиш тайёргарлиги бошланди. Шу орада Майсара, карвонбошининг таклифига кўра, у билан бир дастурхондан овқатланди. Ҳолбуки, шу пайтгача ҳеч бир карвонбоши унга бунчалик илтифот кўрсатмаган эди. Фақат буйруқ бериб, хизмат кутган эдилар. Яна, Майсара олдиларига қўйилган таомнинг ғалати тарзда баракали бўлаётганини ҳам ўз кўзи билан кўрди. Лекин энди бу хил ғаройиботларга анча кўникиб қолди, ортиқ: «Бу қанақаси бўлди, тушимми ё ўнгимми?» демас эди. Бироқ ҳар жиҳатдан етук ва мукаммал бу зотнинг бутлар ҳақидаги тушунчаларини ҳеч тушуна олмади. Уларга сиғиниш у ёқда турсин, ёнидан ўтаётганда юзини ўгириб олишига нима деса бўлади? Илоҳлар нечук унга бу нафратига яраша жазо бермайдилар, бошига нега кулфат ёғдирмайдилар? 

Йўл бўйи карвонбошидан илоҳлар ҳақида бошқа бирон оғиз ҳам гап эшитмади. 

Тўхтаб- тўхтаб, аммо ҳеч қандай хавф- хатарга учрамасдан илгарилар эдилар. Шу йўсинда тепаликлардан ошиб ўтилди, водийлар, чўллар ортда қолди. Марруз Заҳрон деган манзилга етганларида, Майсара бориб Хадичага хабар бериш истагини билдирди. Рухсат этилгач, йўлга чиқиб, тезликда бекасининг ҳузурига етиб борди. Карвоннинг эсон- омон қайтиб келгани ҳақидаги хушхабарни айтди. Сафар давомида содир бўлган ва алоҳида диққатга сазовор ғаройиб ҳодисаларни бирма- бир сўзлаб берди. 

Хадича жуда мамнун бўлди. Деразанинг олдига ўтирди. Карвоннинг йўлига кўз тика бошлади. Вужуди ўзи ҳам енга олмаган ажиб бир ҳаяжонга, интизорлик туйғуларига тўлиқ эди. 

Пешин вақти. Узоқдан карвоннинг қораси кўринди. Энг олдинда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ келарди, боши узра эса, Майсара сўзлаган «соябон»... 

Карвон туялари сўнги марта чўкди, юклар туширилди. Карвонбоши карвон соҳибаси томон йўл олди. Салом берди, соғ- саломат бориб келганликлари, фойда кутилганидан ҳам кўп бўлгани, ҳеч қандай корҳол юз бермагани, бирор- бир хатоликка йўл қўйилмагани ҳақида донадона қилиб гапириб берди. Шундан кейин изн сўраб, амакисининг ҳузурига кетди. 

Хадича олиб келинган молларни Маккада жуда тез ва баланд нархда сотганида хурсандчилиги икки баробар ошди. Майсаранинг маълумотлари фавқулодда эди. Бундай олижаноб табиатли, фаришталаргагина ярашадиган хулқ соҳибини ер юзидан топиш амримаҳол эди. 

Энди янада кўпроқ ҳақ тўлаш шарти билан бўлсада, Муҳаммад ибн Абдуллоҳни кейинги сафарга ҳам кўндириш, уни карвонбоши қилиб жўнатиш лозим эди.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

БАХТЛИ НИКОҲ

Карвон қайтгандан буён бир неча кун ўтди. Бир куни Муҳаммад ибн Абдуллоҳни кўргани Нафиса келди. Ҳол- аҳвол сўрашгач, мақсадга ўтди: 

— Сени уйланишдан тўхтатиб турган нарса нима, эй Муҳаммад? 

— Қўлимда уйланишга етадиган пулим, маблағим йўқ. 

— Мол- мулки, ҳуснижамоли, яшрафи беқиёс аёл сенга турмуш қуришни таклиф этса, қандай жавоб қилардинг? 

—Ким экан? 

—Хадича. 

—Бу қандай бўлади? Мумкинми шунақаси?! 

—Ишнинг у томонини менга қўйиб бер. 

—У ҳолда, бу таклифга розиман.

Нафиса ушбу жавобни олгач, хайрлашди. Бўлган воқеани Хадичага сўзлаб берди. Хадича бу сафар шундай хабар жўнатди:

—Эй амакимнинг ўғли! Орамизда қариндошлик муносабатларининг борлиги, қавмингиз орасида шарафли хонадонга мансублигингиз, яхши шахсиятингиз, гўзал ахлоқ ва саъжияга эгалигингиз боис сиз билан турмуш қуриш орзуимдир. 

Аҳвол Абу Толибга билдирилди. Амма- холалар, амакилар, бу турмуш тўкис бир турмуш бўлади, деб баҳоладилар. Абу Толиб бошлиқ ҳошимийлар Хадичанинг уйига совчиликка бордилар. Хадича қўй сўйдириб, зиёфат тайёрлаган эди. Таомлар тановул қилингач, Абу Толиб сўз олди. Уларни Иброҳим ва Исмоил пайғамбарлар наслига дохил этган, Каъбага хизматчиликни насиб айлаган Оллоҳга хамду санолар ўқиди. Жияни Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг камбағал, бироқ юксак фазилатларга эга бир йигитлигини таъкидлаб, унинг Хадича бинти Ҳувайлидга кўнгли мойил эканлигини билдирди. 

Хадичанинг амакиси Варақа ибн Навфал ҳам бир неча сўз деди. Сўнгра, таклифни мамнуният билан қабул этганликларини айтди. Шу тариқа, никоҳ маросими ниҳоясига етди. 

Маҳр сифатида Хадичага йигирмата туя бериладиган бўлди. Бу бахтли никоҳда иштирок этганлар ҳар икки томоннинг бир- бирига жуда муносиблиги тўғрисида якдил эдилар. Куёв йигирма беш, келин қирқ ёшларда эди. 

Энди Хадичанинг кўнгли буткул хотиржам бўлди. Ишларини идора қиладиган, тижоратини юритадиган хўжайини бор. Ҳеч кимса гард юқтира олмайдиган мустахкам ва бахтли оила қурилган эди. 

Ўша кунларда фил воқеасидан йигирма беш йил икки ойу ўн кун ўтган эди. 

ЖАСУР БИР БОЛА

Ўн икки -ўн уч ёшларга кирган Умар отаси Хаттобнинг амрига мувофиқ туя боқа бошлаган эди. Бани Махзумдан бошқа баъзи оилаларнинг туялари ҳам унинг сурувига қўшилар, шу зайлда Умар ҳар куни қош қорайгунча туяларни боқиш билан овора бўлар эди. Аслида ўн икки ёшда бўлишига қарамай, узун бўйли, бақувват бир йигитчага ўхшарди. Тенгдошлари ичида унга бас келадигани топилмасди. Ҳатто ўзидан бир неча ёш катта йигитчаларни ҳам курашда енгиш Умарга қийин иш эмасди. Фурсат топди дегунча курашар, ўн беш, ўн етти ёшли йигитларни йиқитар, чавандозлик, мерганлик билан шуғулланишга ҳам вақт ажратар эди. Кўрганлар: «Умар отаси Хаттобдан ҳам ўтиб кетиши шубҳасиз», дердилар ҳайратдан ўзларини тия олмай. 

Ваҳоланки, Умар шафқат нималигини билмайдиган отанинг фарзанди ўлароқ вояга етарди. 

Бир пайтлари ўғиллик бўлгани учун ўзида йўқ севинган Хаттоб арзимайдиган бир нуқсонга ҳам аҳамият берар, қулларнинг елкасида синашни эрмак қиладиган қамчисини гоҳ-гоҳ Умарнинг елкасига ҳам жаҳл ва шиддат билан тушириб қолар эди. 

Умар устма- уст тушаётган қамчи зарбаларига тишини тишига қўйиб бардош берар, отасига гап қайтармас, исён кўтармас эди. Бу ҳолни вақт ўтиши билан, жон ўртовчи машқ, деб қабул қилишга одатланди. 

Умардан калтак еган болалар, унинг елкасида қолган қамчи изларини кўриб енгил тортишар, шу тариқа ундан гўё ўч олгандай севинишар эди. 

Хаттоб Умар туғилганда хотини Хонтамага, энди қиз туғсанг ҳам, ломмим демайман, деб ваъда берган ва шу ваъдасига амал қилган эди. Чиндан хам Умардан кейин қиз кўришди, унга Фотима деб исм беришди. Энди Хаттоб қизнинг отаси бўлишдан уялмасди, чунки унинг қўли ҳовучига сиғмайдиган, довюрак, жасур Умари бор. Баҳона топилди дегунча уни аёвсиз калтаклашига қарамай, жонидан ортиқ кўрарди, бу калтаклар Умарни пишитади, деб ўйларди. 

Бир куни узоқдан ўғлининг курашаётганини кузатди. Умар ҳар бири ўн уч, ўн тўрт ёшларда бўлган учта болага бирданига курашишни таклиф этган, таклиф қабул қилинган заҳоти бўрондай ёпишиб, учаласини ҳам бир ҳамлада йиқитган эди. Хаттоб бу манзарани кузатаркан, ўзини тута олмай: «Менинг арслон ўғлим!» деб юборди. 

Адабиётчиларга хос дурустгина нутқи бор эди. Келажакда етук бир хатиб бўлиши аён эди. 

Наслдан наслга ўтиб келаётган ва алоҳида ҳурмат билан қараладиган нотиқлик санъатини шахсан отасидан ўрганди. Яна, Умар машҳур шоирларнинг шеърларини ҳам бир зумда ёдлаб олар, ўқир, туяларнинг кетида, қир- адиру яйловларда айланиб юрар экан, бу шеърлар унга ҳамроҳ бўлар эди. 

Жўшқин дарёлар йўлида учраган нарсани бузиб, вайрон қилади, дарахтларни йиқитади, уйларни бузади, ҳайвон сурувларини судраб кетади, ўтган жойларини ботқоқликка айлантиради, аммо илм ва техника воситасида қурилган тўғонлар қутурган у сувларни тўхтатади, инсониятнинг хизмати учун бўйсундирилади, беқиёс фойда келтиради. Умар ҳам худди ана шундай жўшқин дарёга ўхшарди. Унинг томирларида қўрқинчли имкониятлар пинҳона оқарди. Бу имкониятларни тўғри йўлга соладиган, инсоният хизматига йўналтирадиган устоз- муршид топилса, нур устига нур, бироқ бундай бир муршиддан маҳрум қолса, келтирадиган зарари ҳам беҳад бўлиши кутиларди. 

Бундан кейин шамоллар қандай эсади, олдиндаги кунлар нималарни келтиради, ҳали номаълум эди!.. 

СУЮКЛИ КИЧКИНА МАҲБУС. Зайд

Қалб қабиласининг болалари орасида энди етти ёшга тўлган, қорачадан келган, кўзлари кулиб турувчи бир гўдак алоҳида кўзга ташланиб туради. Зайд эди унинг исми. Болалар орасида ўйнаб- кулиб кечган етти йил орқада қолаётган эди. Отаси Ҳориса ўғилчасини жуда яхши кўрар, устига гард ҳам юқтирмас эди. Бу гўдакнинг бошқа болалардан кўра шафқатлироқ, қобил бир инсон бўлишига чин юракдан ишонар, буни кўзларидан ўқиб турар эди. 

Чиндан ҳам Зайд тамизли, покиза инсон бўлиб етишаётганини кўрсатар, оқ- қорани, яхши- ёмонни ажрата олар эди. 

Бир куни Зайд онаси билан бирга кўшни қабилага меҳмонга борди. Бу қабила Тойй қабиласи деб аталарди. У ерда қариндошлариникида бир неча кун туриб келмоқчи эдилар. Зайд тезда бу ерда ҳам тенгдошларини топиб, дўстлашиб олди. 

Бир куни эрта тонгда Зайд нохуш шовқину тўс- тўполондан уйғониб кетди. Нима гап, нима бўлди, дейишга ҳам фурсат қолмади. Қиличларнинг шақир- шуқури, отларнинг кишнаши, дод- фарёдлар, қичқириқлар ҳаммаёқни тутиб кетган. 

Кўп ўтмай Зайд ўзини нотаниш ва дағал қўллар исканжасида кўрди. Қаттиқ сиқиб ушлаб олган бу одам уни қаёққадир судраб борарди. Ҳар томондан эшитилаётган чинқириқлар, фарёдлар, қарғишлар орасида Зайд ҳам «Ёрдам беринг!..  Қутқаринг!..» дея бақирарди. Аммо беҳуда эди. 

Ҳамма ўз жонини омон сақлаб қолиш ташвишига тушган, ҳеч кимнинг биров билан иши йўқ. Кўп ўтмай Зайдни у ердан олиб кетдилар. Кўз олдида қолган сўнгги манзара ерда типирчилаб ётган бир неча оту жонсиз жасадлар бўлди. Анча узоқлашиб кетганларидан кейин ҳам ҳалиги тўс- тўполон, дод- фарёдлар қулоқлари остида жаранглаб турди. 

Қаерга кетаётганини билмасди. Қўллари боғланган, бу йўлларни биринчи марта кўриши. Оқшом тушгач, уни бир дарахтнинг тагига ўтқазиб, ўша дарахтга маҳкам боғлаб қўйдилар. 

Шундай ўтирган ҳолда тонг оттириши керак эди. Ундан нимани истайдилар, нега уни олиб қочдилар, ундан бошқа олиб қочилганлар ҳам борми?.. Зайд бу саволларга жавоб топадиган аҳволда эмас эди. Чарчоқ, ғам- алам жонидан ўтиб кетган, онасига нима бўлганидан ҳам бехабар эди. У ўтирган жойида ухлаб қолди. Эрталаб йиғлаб- йиғлаб уйғонди... 

Яна йўлга тушдилар. Зайд ўзи билан бирга бошқа болаларнинг ҳам асир этилганларини кўрди. Ораларида аёллар ҳам бор эди. Онасини қидирган нигоҳлари умидсиз толди. 

Қўл- оёқлари боғланган ҳолда туяларга ўтқизилган асир болалар ўз ихтиёрларидан ташқари,  азоб- уқубатли сафарга чиққан эдилар. Сафар бир неча кун давом этди. Ора-сира кўтарилган дод- фарёдларни калтаклар билан бостирар эдилар. 

Гавжум бир бозорга кириб бордилар. Юклар ечилди. Болаларнинг бўйинларига улар чиқара олмайдиган қилиб йўғон иплар мақкам боғланди. Болалар бир- бирларига маташтириб, боғлаб қўйилди. 

Бозор очилди. Бу жой қул бозори эди. Ҳар томондан келган савдогарлар қул бозорига ҳам кирар, ўзлари учун маъқул хизматчи сотиб олишга ҳаракат қилар эдилар. Баъзан нарх жуда баланд бўлар ёки қулнинг бундай нархга арзимаслиги таъкидланар эди. Мана, ҳозир ҳам одамларни ҳайвонлар сингари битта- иккиталаб сота бошладилар. 

Шу орада Зайд учун савдолашганлар ҳам бўлди. Унинг маъсум қарашлари харидорларнинг диққатини ўзига тортар, лекин сўралган нархга кўнмай қайтиб кетар эдилар. Харидорлар гарчи ўзлари олмасаларда, «Бунча ёқимтой бўлмаса...» деб ундан узоқлашардилар. 

Ахийри, ўзини маккалик деб таништирган Ҳаким ибн Ҳизом исмли бир одам икки болани сотиб олди. Улардан бири Зайд эди. Зайд учун тўрт юзлик, сўнг олти юзлик дирҳам тўланди. 

Зайд биргаликда сотилган биродари билан ҳали бу азобли сафар бошлангандаёқ танишиб олган эди. Чунки бир хил тақдир баъзан дўстлик ипларини жуда мустаҳкамлайди. 

Узоқ бир сафар бошланди. Кечаю кундуз тиним билмай йўл босдилар. Ниҳоят, Макка шаҳрига етиб келишиб, сафар тугади. Уларни сотиб олган одамнинг уйига бир кундан кейин бениҳоя даражада гўзал, истараси иссиқ, устбоши озода бир аёл таклиф этилди ва болаларни шу аёлнинг олдига чиқардилар. 

Зайд илк боқишдаёқ бу аёлга нисбатан кўнглида илиқ бир туйғу пайдо бўлганини сезди. 

Модомики отасининг бағрига қайтмас экан, модомики шу икки кишидан бирига хизматчи бўлиш манглайига ёзилган экан, қўйиб берсалар, шу аёлга хизмат қилишни танлаган бўларди. 

Аммо, аёнки, бу танлаш ҳаққи зинҳор унга берилмаган эди. Шу онда ҳеч кимса: «Кел, болагинам Зайд, кимни танласанг, шу билан қол», демайди. Зайднинг истаги сўраладиган кунлар энди ортда қолди. Балки энди қадрдон гўшасига ҳеч қайтмас, умри қулликда хизматда ўтар... 

Диққатни тортувчи жозибали нигоҳлари аёлга қадалган. Қалбида: «Мени танласин, Оллоҳим!..» деган дуолар янграр эди. Бироқ аёл Зайднинг соҳибига қаради: 

— Улардан қайси бирини мен учун олган эдинг, Ҳаким, — деди. 

— Танламадим. Аммам қайси бирини хоҳласа, ўшани олар, девдим. 

— Зўр одамсан, Ҳаким. 

—Мен кимнинг жияниман, аммажон?.. Сен балки унутгандирсан, аммо менинг аммамнинг исми Хадичадир. 

—Миннатдорман, Ҳаким. Демак, улардан бирини ўзим танлайман. 

— Албатта, аммажон. 

Зайд Хадича исмли бу аёлнинг гапларини ҳам ёқтириб қолди. Дўсти нималар ҳақида ўйлаётганини билмайди, ўзининг бу аёлга меҳри тушгани чин эди. Хадича болаларга ўгирилди: 

— Отинг нима сенинг, ўғлим? 

— Отим Зайддир, хоним.

Хадича жиянига қаради: 

— Мана шу болани, яъни, Зайдни оламан. Энди айтчи, сенга неча пул беришим керак? 

—Керак эмас, амма. 

—Нима деганинг бу? 

—Бу бола Ҳакимнинг аммасига ҳадясидир.

Бир соатдан сўнг Зайд янги хонимининг ортидан янги уйга йўл олди. У энди расман қул бўлган эди. Ҳали саккиз ёшга ҳам тўлмасдан бошланган бу қуллик қачонгача давом этаркин?

Балки ҳаёти энди доим шу тарзда ўтар, озодлик нималигини ҳам унутиб юборар?..

Нима сабабли, қайси айби учун қул қилинганини билмас эди у. Эҳтимол, ота-онасининг доғида, қулликда ўлиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасдир.

Зайд уйдаги хизматчилар билан танишди. Унинг вазифаси нималардан иборат эканини ўргата бошладилар. Оқшомга яқин ҳали янги келин ҳисобланган Хадичанинг хўжаси келгани ва унинг ҳузурига чиқиши тайинланди.

Зайд Муҳаммаднинг ҳузурига чиққанда ҳаяжондан титраб кетди. Қаршисида юзидан нур ёғилиб турган инсон турарди. Дунёда ҳеч ким бу инсончалик гўзал бўла олмаслигига қасам ичишга тайёр эди гўдак. Оллоҳ барча гўзалликларни ушбу одамда мужассамлантирган экан, деган киши сира ҳам муболаға қилмаган бўларди.

Бунчалик истараси иссиқ, жонга туташ инсонни илгари на Зайд, на бошқаси кўрган эди.

— Ҳаким ибн Ҳизом сенга олиб келган қули шуми?

— Ҳа, ё Муҳаммад.

— Исми нима экан?

— Исми Зайд.

Зайд Муҳаммад исмли бу инсоннинг ўзига шафқат ва меҳр билан боққанини кўрди.

Қалбини қандайдир ажиб ҳис қамраб олди. Дарров бориб қўлини ўпди. Упилган қўл худди мушку анбар сингари ғаройиб ва хушбўй ҳид таратарди. Бу қўллар Зайднинг бошини силади.

Чўлда сувсиз қолган киши бир пиёла сувга қанчалик ташна бўлса, Зайд ҳам ширин сўзга шунчалик муҳтож эди. Бу оила Зайдга шундай илтифот кўрсатган бу нурли инсоннинг қарашлари Зайднинг ич- ичини кемираётган соғинч ва ўкинч, азоб- уқубат ҳисларини, бениҳоя чарчоғу барча изтиробларини бартараф этгандек, унга қайта ҳаёт бағишлагандек бўлди.

—Хадича, бу болани менга ҳадя қилишни истармидинг?

—Агар бундай туҳфа сизни мамнун этса, бажонидил. Шу бугундан бошлаб Зайд бутунлай сизники, сизнинг ихтиёрингиздадир.

Хадича туҳфасидан эрининг бағоят хурсанд бўлганини унинг нигоҳларидан ўқиб олган эди. Зайд эса, бир куннинг ўзида учинчи кишининг қўлига ўтган эди. Нур юзли одам Зайдга ўгирилди, унинг бошини такрор силади:

— Зайд, шу дақиқадан эътиборан сенинг қуллик ҳаётинг тугади. Энди сен озод ва эркинсан. Хоҳлаган кунинг, хоҳлаган жойингга кетишинг мумкин.

Зайд қулоқларининг қизиб кетганини сезди. Қулоқларини куйдиргудек таъсир қилган бу хабарни эшитгани ҳамон юраги ўрнидан қўзғалгандек бўлди. Ўша заҳоти фариштасимон нурли Муҳаммаднинг қўлларига ёпишди, кўзёшлари билан ҳўл қилган мушку анбар ҳидли бу қўлларни тўйиб- тўйиб ўпди, кўзларига суртди.

Зайд ўша кеча унга озодлик бағишлаган фариштасимон киши билан унинг умр йўлдоши ҳақида ўйлаб ётди. Қўлларини ўпганда таралган хушбўй ҳид ҳамон димоғидан кетмаган эди.

Уйқудан уйғонганида ҳам дарҳол уни эслади, унинг порлоқ чеҳраси ҳеч кўз ўнгидан кетмасди.

Эрталаб у билан бирга бир дастурхон атрофида ўтириб нонушта қилди. У билан бирга ташқарига чиқди, кўча айланди. Ўтириш- туриши, гаплари, юриши, одамлар билан саломлашишлари... ҳар бир хатти- ҳаракати Зайдга чуқур таъсир қилар, тобора уқубатлари, бозорда ҳайвондек сотилиши боис юрагида алангаланган аламли ҳис- туйғулар, қабиласини, ота- онасини соғингани — ҳамма- ҳаммаси унинг нурли юзига бир қарашда унут бўлган, бу ҳис- туйғуларнинг ўрнини Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ва унинг оиласига нисбатан пайдо бўлган улкан ҳурмат, меҳр- муҳаббат ҳисси эгаллаган эди.

ДАРДЛИ БИР ОТА

Ҳориса хотини билан ўғли меҳмонга кетгандан сўнг бир ҳафта ўтгач келган маъшум хабар натижасида телба бўлаёзди. Чунки Тойй қабиласи босқинга учраган, бировлар ўлдирилган, бошқалар асир қилиб олиб кетилган эди. Ўлганлар орасида хотини, олиб қочилганлар орасида суюкли ўғли Зайд бор эди. Юраги ҳасрат ўтида ёнди Ҳорисанинг. Дарҳол ҳаракатга тушди. Тўрт томонга хабар юборди. Зора бирон хушхабар бўлса, деб дуч келган жойни сўраб- суриштирди. Бироқ барча уринишлари зое кетди, жигаргўшаларидан ҳеч қандай хабар топмади. Кечалари кўзига уйқу келмас, кундузи юраги ҳузурҳаловат билмас эди. Шундан бошқа дарди, ташвиши йўқ эди. Баъзан хилватроқ бир жойга чекинар, ғамгин қўшиқлар куйлаб, тўхтовсиз кўзёши тўкар эди.

Ўлган хотинини унутгандек бўлди. Аммо ўғли Зайд учун юрагида пайдо бўлган ҳасрат доғини ҳеч кетказа олмасди. Далага чиқди. Лекин қўли ишга бормади, ишлай олмади. Қабиладошлари унинг сўник чеҳрасини кўриб ачинар эдилар. Орасира «оҳ» чекиб қўярди. Ҳар «оҳ» чекканида ичидаги оташ алангаланарди. Энди уни қаерда кўриб қолсалар, «Кўзи ёшли Ҳориса» деб атайдиган бўлдилар.

Бир куни қабиладошлари унинг шундай деяётганини эшитиб қолдилар:

«Зайдни эслаб тинимсиз йиғлайман, унга нима бўлганини билмайман. Ажабо, соғ- омонмикан? Ё бўлмаса, ажал олиб кетдими уни?.. Худо ҳаққи, ҳеч билмайман, Оллоҳдан уни сўрайман.

Зайд ўғлим, қаерларда қолдинг? Оҳ, нима қиларди бир кун сенинг қайтиб келишингни билсам? Қуёш чиқса, менга сени эслатади, кун ботса, яна сени ўйлайман. Эсган шамоллар ҳам сенинг хотирангни олиб келади, Зайд!..»

* * *

— Мен санаб чикдим, роппа- роса уч юз олтмишта.

— Бунча кўп бўлмаса?

— Билмасам. Лекин мен битта-битталаб санаб чиқдим.

Бу одамлар бутларнинг сони тўғрисида суҳбатлашардилар. Чиндан ҳам улар катта- кичик, гавжум ва тарқоқ бир сурувни эсга соларди. Муқаддас Каъбанинг ён-атрофига териб қўйилган эди улар.

Зайдни аслида ҳайратга солган воқеа ҳажга келган кўпгина одамларнинг — эркагу хотиннинг биргаликда қипяланғоч ҳолда Каъбани тавоф этаётганлари эди. Аёлларнинг ҳам, эркакларнинг ҳам эгнида ҳеч қандай либос йўқ эди. Ораларида баъзиларгина кўйлакчан холда Каъбани айланарди.

Қизиқиб, улардан бу маросимнинг боиси нима эканлигини сўради ва шундай жавоб олди:

— Бу инсонлар Каъбага гуноҳларидан халос бўлиш учун келадилар. Оллоҳдан ўз гуноҳларини сўрар эканлар, энгил-бош билан Унинг уйини тавоф этишни нотўғри деб ҳисоблайдилар, шу сабабли яланғоч ҳолда зиёрат қиладилар. «Ҳам бу либосларда сенга қарши гуноҳ қилдик, ҳам айни қиёфада Сенинг уйингга келдик», дейишни ўзларига муносиб кўрмайдилар. Улар ё Қурайш, ё Кинона, ё Ҳузоа кабилаларидан бирон кишининг кийимини олиб киядилар ва шу ҳолатда Худога сиғинадилар ёхуд яланғоч тавоф этишга мажбурдирлар. Номлари саналган қабилаларнинг аъзолари эса, кўйлакларини ечмасдан Каъбани тавоф қилишлари мумкин.

Аслида, шунга ўхшаш бемаъни ва аҳмоқона ишлар қурайшийлар томонидан ўйлаб чиқарилган эди. Эхромлик чоғларида сутдан қатиқ ивитишни, сузма ва ёғ олишни, сўйган ҳайвонларининг ёғини истеъмол этишни, қилдан ўрилган чодирда ҳордиқ чиқаришни тақиқлаган, яна ҳаж мавсумини ҳаром деб эълон қилган, Қурайш, Кинона ва Ҳузоа қабилаларидан бошқа қабилаларнинг ўз либослари билан Каъбани тавоф этишларига ижозат бермаган, «Ё бизнинг кийимларимизни кийиб, ё қипяланғоч бўлиб тавоф қиласизлар», деб туриб олган ҳам шулар эди. 

Орада аёлларнинг ҳам уялиб, қимтиниб Каъбанинг атрофида айланаётганлари кўзга ташланиб қоларди. Ҳатто бир аёл қўллари билан аврат жойларини беркитишга уринар ва зиёратгоҳни айланаркан: «Бугун вужудимнинг бир қисми, хатто бутун танам очиқ. Аммо мен очиқ жойларимга қараганларни лаънатлайман», дер эди. 

Зайд бу ғаройиб ҳодисаларни томоша қилиб, ҳажга узоқ- яқин шаҳарлару ўлкалардан келган турли-туман мусофирлар орасида айланиб юрди. Бир пайт йўлнинг чеккасида суҳбатлашиб ўтирган кишиларга дуч келди. Кўзларини ишқалади, қайта- қайта уларга тикилди. Улар Қалб қабиласидан эдилар. Зайднинг қабиладошларидан бири хам уни кўрар кўрмас. 

— Ана, Ҳорисанинг ўғли Зайд, — деб қичқириб юборди. 

Қалбликлар суюниб кетдилар. Зайд уларнинг ёнига бориб ўтирди. 

— Ҳуш келибсизлар. 

—Хушвақт бўл, ё Зайд, тузукмисан? 

—Тузук ҳам гапми, аъломан. 

— Бу ерда нима қилиб юрибсан? 

Зайд қабиласидан айрилганидан буён бошидан кечирганларини сўзлаб берди. Ҳозир ҳаётидан ғоят мамнун эканлигини билдирди. 

Одамлар унга отасининг аҳволини сўзлаб бердилар. Унинг ҳасратида жинни -девона бўлганини, ҳамма жойни қидириб юргани, ғамгин қўшиқлар айтиши, тинмай кўзёш тўкишларини маълум қилдилар. 

— Отамга салом айтинглар. Мендан хавотир олмасинлар. Бу ерда ҳошимийлардан Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг паноҳидаман. У дунёдаги энг ажойиб инсондир. Менга қилган яхшиликларини, фазилатларини ҳеч унута олмайман, — деди. 

Қабиладошлари: 

— Сенинг гапларингни албатта отангга етказамиз, —дедилар. 

* * *

Хадича энди тижорат ишларини юритадиган, карвонларини бошқарадиган ишончли одам қидириш ташвишидан қутулган эди. Ҳар куни янги бир фазилатини кашф этаётган жуфти- ҳалолини тобора қаттиқроқ сева бошлади. Тотув оила қурганини, аёл киши орзу этиши мумкин бўлган энг буюк хузур- ҳаловатга — хотиржамликка энди етишганини жуда қисқа вақт ичида тушуниб олди. 

Турмуш қурганларидан бир йил ўтгач, Хадича ўғил кўрди. Уни Қосим деб атадилар. 

Арабларнинг одатига кўра, ота-она туғилган илк фарзандининг исмига нисбат қилинган бир лақаб олар эдилар. Шунга биноан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ энди «Абул Қосим», яъни Қосимнинг отаси, Хадича эса «Умму Қосим» деб ҳам атала бошладилар. 

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•

Абдулмутталибнинг суюкли невараси Муҳаммад Ал-Амин бир куни болалигини эслади ва чексиз севинч ҳиссига берилди. Чунки қаршисида турган аёл бир пайтлари уни эмизган Ҳалима ас- Саъдийа эди. Кичиклигида онасининг ихтиёрига топшириб кетганидан бери ҳеч кўришиш имкони бўлмаган эди. 

— Хуш келибсиз, онажон!.. — дея қучоқ очиб кутиб олди энагасини. 

Суюкли энага ҳам бундай илтифотдан жуда хурсанд бўлди. Неча йиллардан бери кўришмаган, туққан фарзандидек бўлиб қолган жигарпорасига етишишнинг ҳаяжонини базўр босиб турарди. Бир пайтлар ўзи эмизган, шунинг шарофати ила оиласига файзу барака олиб кирган мурғак гўдак энди карвон билан тижорат қиладиган, ўттиз ёшларга қадам қўйган жасур бир йигит бўлиб етишган эди. 

Макка халқи ҳақли равишда «Ал-Амин» лақабини берган буюк Муҳаммад суюкли энага онасини уйига бошлаб кетди, алоҳида иззат-икром кўрсатди. Умр бўйи унга бажонидил хизмат қилишга ҳам тайёр эди. Аммо сут онаси яна Бани Саъд қабиласига қайтиши керак эди. У ёнида йигирма туядан иборат совға билан уйига йўл олди. 

Аввал шу боланинг ҳурматидан уйига барака кирган эди, энди эса, унга катта бойлик, мол- мулк совға қилинди. Буюк Амин ҳам қадрли энага онасини шаънига муносиб тарзда иззат- икром ва туҳфалар билан кузатганидан хурсанд эди. 

Ривоятларга қараганда, суюкли энага кейинги марта Ҳунайн урушидан сўнг келиб,  оламларга раҳмат бўлган ўғлининг хузурида мусулмон бўлган. 

Бугун Мадинанинг Бақиъ қабристонига кирган ва чап томондан юқорига тўғри уч юз метрча илгарилаганлар йўлнинг чап томонидаги тупроқ уюмининг олдида бир муддат тўхтаб, шу ерга дафн қилинган суюкли онанинг Расули Амин пайғамбаримизга сут берган Ҳалима ас‐Саъдийа эканлигини назарда тутиб, унинг руҳи покига фотиҳа ўқисалар, нур устига нур бўларди. 

Агар шу қабр чиндан ҳам уники бўлса, ҳазрати энага умрининг сўнгги кунларида Мадинага ҳижрат қилгани ва азиз руҳини шу ерда тупроққа таслим этгани аён бўлади. 

* * *

Соиб ибн Абдуллоҳ ҳалол бир одам, тарбия кўрган инсофли савдогар эди. Етимларга меҳр- шафқатли экани, меҳмондўстлиги, қўни- қўшнилар билан аҳил яшаши ҳаммага маълум эди. 

Шом ва Яман томонларга тижорат сафарларига чиқар, йилнинг маълум мавсумларида очиладиган машҳур бозорларга қатнар эди. 

Соиб шу бозорларга қатнайдиган Хадича хоним номидан савдо- сотиқ қиладиган Муҳаммад ибн Абдуллоҳни жуда ёқтирарди. Унинг олди- сотди чоғидаги ҳалоллигига, одамларга бўлган муносабатдаги назокатига қойил қоларди. Хоҳ Маккада бўлсин, хоҳ сафар чоғларида ўзини тутиши ҳар жиҳатдан ҳавас қилса арзигудек эди. Ҳолбуки, шаҳарда — танишларининг орасида бошқача, сафарга чиққанда мутлақо бошқача бўлиб қоладиган кишиларни Соиб кўп кўрган эди. Элда олди- сотди пайтида ўз молини ортиқча мақтайдиган, харид қилишда бирон айб топадиган, сўзлари ишончли бўлиши учун бутларни ўртага қўйиб қасам ичадиган муғомбир савдогарлар ҳам кўп эди. 

Бировнинг номидан нарса сотадиганлар эса, кўпинча, маконларига қайтиб келганларида аҳволни рўй- рост гапирмасди, муттаҳамлик қиларди. Яъни, бозорда қўлга киритилган даромад бошқа бўлардию, сармоя эгасига ҳисоби берилган даромад бошқа. 

Тижорат ишининг кўп нозик жиҳатларини тижорат пайтида ўрганган, шу аснода ақл бовар қилмайдиган талай ҳийла- найрангларни кўрган Соиб бундай инсофсизликдан дили оғрир, ҳалол бир савдогар бўлиш, ҳалол даромад эвазига қорин тўйдиришни ҳамма нарсадан афзал билар эди. 

Бир куни ўзи ихлос қўйган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ҳамкорликда иш қилишни таклиф этди. Бу ҳамкорлик вақтинчалик бир иш эди. Бозорларда ҳамкорликда мол олиб- сотиш, бозор тугагач ёки моллар сотилгач, даромадни тенг бўлишиб олиш маъносидаги ҳамкорлик эди бу.  Иккитомонлама шартнома тузилди. 

Бу ҳамкорликдан иккаласи ҳам мамнун бўлдилар. Бундай ҳамкорлик, дўстлик кейин ҳам давом этди. Бу ҳамкорликнинг ёқимли хотиралари узоқ вақтларгача унутилмади, йиллар ўтиб учрашиб қолганларида ҳам қувонч билан эсладилар... 

* * *

Абдуллоҳ ибн Абу Хамса Абул Қосимдан бир миқдор мол олди. Лекин ёнида мол ҳақига етадиган миқдорда пули йўқ эди. Аммо у инсофли киши бўлгани учун кейинроқ қарзини олиб келишига изн берилди. Аниқ бир кун тайинланди. Шундан кейин Абдуллоҳ: «Мени фалон ерда кутасан, ё Абул Қосим, фалон соатда учрашамиз», деди. Сўнгра хайрлашдилар. 

Ваъдалашилган кун етиб келди. Аммо Абдуллоҳ ибн Абу Хамса келмади. Бир оздан кейин келиб қолар, деб кута бошлади. 

Орадан бир неча соат ўтди. Бироқ ҳеч ким келмади. Оқшом тушди ҳамки, ҳеч ким келмади. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ кечаси шу ерда ётиб қолди. Эрталабдан яна, Абу Хамса ваъдасининг устидан чиқади, деган илинжда то кечқурунгача интизор кутди. 

Абдуллоҳ ваъдаси эсига тушиб, келишилган жойга югуриб келганида, учинчи кун ҳам ўтиб бораётган эди. 

— Эй йигит, менинг тоза адабимни бердинг. Уч кундан бери сени шу ерда кутиб ўтирибман, — деди. Абдуллоҳ узр сўради. Мақсади уни алдаш бўлмагани, ёдидан кўтарилгани сабабли шундай бўлиб қолганини айтди. 

Абдуллоҳ кейинчалик шу воқеани эслар экан: 

— Агар мен унинг ўрнида бўлсам, берган сўзимнинг устидан чиқай деб уч кунгача кутиб ўтирмасдим. Кутган тақдиримда ҳам, қарздор киши мендан бунчалик осон қутулмасди, — деган эди. 

* * *

Қалб қабиласининг ҳаж сафаридан қайтган кишилари тўғри уйларига кириб бордилар. Ҳеч ким гаплашмай, дастлаб бутларининг қошига яқинлашдилар. Қўлларини унга суркадилар. Кетаётганда ҳам шу алфозда хайрлашган эдилар. Арабларда одат шунақа эди. Сафар давомида халоскор бўлишлари, барака келтиришлари ва таҳликалардан муҳофаза этишлари учун шундай қилинарди. 

Бир оздан сўнг кўзлари ёшли Ҳорисани топдилар.

—Хушхабар келтирдик, эй Ҳориса, ўғлингни топдик, — дедилар. 

Ҳориса ҳеч кутилмаган дақиқада бундай хушхабарни эшитиб, эсҳушини йўқотиб қўйди, уларнинг бўйнига осилди. 

— Ростми? Қасам ичинг, тангрилар номидан қасам ичинг! 

Йиғлашни ҳам, севинишни ҳам билмасди. Бир амаллаб ўзини тутиб олди. Сўнгра укасини қидириб топди. Бор бойлигини бир халтага солиб, укаси билан бирга йўлга чиқди. 

Сафар узоқ давом этди. Ҳар дақиқа соатлар каби чўзилгандек бўлиб туюларди. Ҳориса бетоқат эди. Гўё охири йўқдай туюлаётган йўлга қайта-:қайта тикилар, аёвсиз қиздираётган қуёшга ёлворгудек боқар, бир дақиқа бўлса-да эртароқ Маккага етиш учун туясини тинмай қамчи билан савалар эди. 

— Тезроқ, тезроқ юр, жонивор. Зайдимни жуда соғинганман, — дерди. 

Йўл бўйи оташин шеърлар ўкиб борди. Кўзларидан оқаётган ёшларни артиб ҳам ўтирмади. Ниҳоят, ака- ука Маккага етиб бордилар. Дуч келган кишига: 

— Муҳаммад ибн Абдуллоҳни қидиряпмиз! — дер эдилар. 

Яна бир неча кишидан сўрадилар. Ҳамма уларга ҳошимийларнинг манзилини кўрсатарди. 

Ниҳоят, бир киши: 

— Уни Каъбанинг ёнидан топасиз, — деди. Байтнинг ёнига келдилар. Сўрадилар,  кўрсатишди. Ҳориса кўрсатилган одамни илк бор кўрганидаёқ излаган одамини топганига, қалбида Зайдни бешак қутқаришига қатъий ишонч туғилган эди. Бу муборак чеҳра, марҳамат ва шафкатга тўла бу нигоҳлар, ишонч туғдирадиган бу сумбат бир қарашдаёқ Ҳорисага кўп нарсани англатган эди. 

—Ал-Амин сенмисан, эй пурзиё киши? 

—Ҳа, менман. 

— Яъни, Абул Қосим, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб? 

— Ҳа, ҳа, менман. Мақсадингиз нима? 

Ҳориса ютинди. Сўнгра мақсадга ўтди: 

— Эй Абдуллоҳнинг ўғли, эй Абдулмутталибнинг, эй Ҳошимнинг ўғли! Эй қурайшларнинг буюги. Сизлар Ҳарам халқисизлар ва Ҳарами Шарифнинг қўшниларисиз. Байтуллоҳнинг ёнида маҳбусларнинг асорат кишанларини ечиб, мусофир ва очларни тўйдирасизлар. Сизлар билан бирга бўлган ўғлимизни сўраб келдик. Сен уни озод қилишимиз учун хоҳлаган нархингни айтиб, бизни шод-хуррам ва миннатдор қил. Биз сенга ўша пулларни берайлик, унинг эвазига сен ўғлимга эркинлик бер. 

Ҳорисанинг куйиб- пишиб айтган бу сўзларини диққат билан тинглаган Абул Қосим унга шундай савол берди: 

—Ўғлингиз ким? 

—Зайд ибн Ҳориса. 

— Сизнинг таклифингиз дуруст, аммо бунинг бошқа бир чораси ҳам бор. 

— Қандай чора? 

— Зайдни шу ерга чақиртирамиз. Истаганини қилсин. Агар сиз билан қайтиб кетишни истаса, марҳамат, олиб кетаверасиз. У ҳолда қутқариш учун пул беришингизга ҳам ҳожат қолмайди. Агар мен билан қолишни истаса, у ҳолда мен ҳам мени танлаган кишини зинҳор ҳеч нарсага алмаштирмайман. 

— Худо ҳаққи, сен ўта даражада инсофли ва адолатли киши экансан. Биз сенинг таклифингга бажонидил розимиз. 

Зайдга хабар берилди. Ҳориса ҳаяжондан титрарди: наҳот бир неча дақиқадан сўнг жигаргўшасини кўрса!.. Наҳот уни бағрига босиб, юрагининг ҳасрат доғларини ювса!.. 

Ниҳоят, Ҳориса қўлини пешонасига тутди. Кўз олди қоронғилашиб кетди. Ўрнидан сакраб турди. Ўғлига ёпишди, маҳкам қучоқлаб, тўйиб-тўйиб ўпди, ҳидлади. 

Отаболанинг узоқ айриликдан кейинги учрашуви ўта таъсирчан эди. Севинч кўзёшлари билан йўғрилган бу ҳолат бирмунча вақт давом этди. 

—Эй Зайд, бу одамларни танияпсанми?! 

—Ҳа, мана бу киши отам, буниси эса, амаким. 

—Отанг сени олиб кетиш учун келибди. Менинг сенга бўлган меҳр- муҳаббатим, шафқатимни ўзинг ҳам жуда яхши биласан. Ҳозир ё мени танлаб шу ерда қол, ёки уларни

танлаб уйингга бор. 

Зайд ҳеч иккиланмай жавоб берди: 

— Мен ҳеч кимни сиздан устун қўёлмайман, сиздан афзал ҳам кўрмайман. Сиз менга ҳам ота, ҳам она ўрнидасиз. Албатта, сиз билан қоламан. Ҳориса қулоқларининг қизиб кетганини ҳис этди. 

— Қароринг қатъийми, Зайд? Бизни эмас, уни танлаяпсанми? 

— Ҳа. 

Ҳориса ҳушидан кетиб қолаёзди. Амакиси: 

—Минг афсус, жиян. Наҳотки сен озодликни эмас, қулликни танлайсан? Қул бўлишни отанг ва амакингнинг паноҳида бўлишдан устун қўйиб, ўз юртинг ва ўз гўшангга қайтишни истамайсан? 

—Мен бу буюк Инсондан кўрган яхшиликларимни ҳеч нарсага алмаштира олмайман. Унинг ёнида қоламан. 

Ҳориса ҳамон туш кўряпман деб ўйлар эди. 

— Ўғлим, биз ҳазиллашиш учун келмадик, — деди. 

— Мен ҳам ҳазил қилаётганим йўқ, отажон, рост сўзлаётирман. 

Ортиқ Ҳорисанинг қўлидан ҳеч нарса келмас эди. Шу пайт Абул Қосим Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Зайднинг қўлидан тутди. Каъбанинг Ҳижр деб аталувчи қисмига олиб борди, бир тошнинг устига чиқарди ва шу ердагиларга хитобан: 

— Эй инсонлар, шоҳид бўлинглар: Зайд менинг ўғлимдир, уни ўзимга фарзанд қилиб олаётирман, у менинг меросхўрим бўлади! — деди. 

Ҳориса ва унинг укаси бу сўнгги хатти- ҳаракат натижасида ёнаётган юракларига муздай сув сепилгандек бўлганини ҳис этдилар. Энди «Бўлар иш бўлди», дейишдан ўзга чора қолмаган эди. Бундан кейин Зайд «ибн Ҳориса» эмас, «ибн Муҳаммад» деб аталажак ва узоқ йилларгача шундай бўлиб қолади. Ҳорисанинг Зайддан ажралиши қийин бўлди. Неча йиллар унинг ҳасратда куйиб- ёнган, бетўхтов оққан кўзёшларидан ранги синиққан, ниҳоят, унинг хабарини эшитиб, бор- йўғини юклаб, қуш бўлиб, қанот ёйиб учгудек бўлиб етиб келган, умидлари катта эди. 

Ичида минг хил ҳис- туйғу жўш урган Ҳориса уйига ажойиб бир инсон бўлиб қайтди. Ҳиди ҳамон димоғидан кетмаган суюкли фарзандидан жудо бўлиш тақдирига ёзилган экан. Аммо ўғли энди асир эмас эди. Эркинликдан маҳрум бир қул, хизматчи эмас эди. Қўлларидан зўрлик билан тортиб олинмаган эди. Отаси ва амакисини ҳам сева- сева тарк эттирадиган даражада севилишга муносиб деб билган нур юзли бир инсоннинг ёнида қолишни шахсан ўзи афзал кўрган эди.

Давоми...

Каналга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан улашишни унутманг!