Уильям Голдингнинг Пашшалар Ҳукмдори (The Lord of the Flies) асари ҳақида кўпчилик эшитган бўлса керак. Асар ядро уруши бўлаётган даврда, самолётлари ҳалокатга учраб номаълум оролга тушиб қоладиган болакайларнинг оролдаги қисқа муддатли ҳаётидан ҳикоя қилади. Бу асар Голдингнинг ўзига хос аллегорияси сифатида кўрилади.
Асар қаҳрамонлари:
Ральф: ўзига ишонган, оғир-босиқ, жисмонан бақувват, прагматик, 12 ёшлар атрофидаги болакай. Асарнинг асосий протагонисти (ижобий қаҳрамон);
У асарда цивилзация ва тартибни ифодалайди. Унинг прагматиклиги, денгиз бўйидан топилган чиғаноқ орқали оролдаги болакайларни тўплаб, ўзига хос кичик демократик ҳукумат тузиши унинг туғма лидерлигини тасдиқлайди.
Пигги: дўмбоқ, жисмонан кучсизроқ, аммо ақлли ва муаммоларга ечим топишга уста. Ральфнинг маслаҳатчиси;
Унинг ҳикоядаги роли илм-фан, билим ва тафаккурни изоҳлайди.
Жек: агрессив, кибрли, жисмонан кучли болакай. Таҳминан 12 ёшда. Бошқа болалар лидер қилиб сайлагани учун Ральфни ёмон кўради. Ҳикоядаги асосий антагонист (салбий қаҳрамон).
Анархия, тоталитаризм, зўравонлик ва диктатура символи;
Саймон: камгап, камсуқум болакай. Аммо яхши ва ёмонни ажрата олиш қобилияти – морал компаси қолган болаларникига қараганда кучлироқ.
Асарнинг маърифат ва эзгулик каби ғояларини кўрсатиб беради;
Рожер: Жекнинг ўнг қўли, ваҳший, зўравон ва ёввойи.
Унинг ваҳшийлиги, Пиггини ўлдириши инсоннинг ёвуз ва садистик (бошқаларни қийнаб маза қиладиган) табиатини очиб беради;
Эгизаклар Сем ва Эрик (Семнерик): Ральфнинг энг содиқ, ишонган дўстлари.
Жамиятнинг кўпчилик қисмини ифодалайдиган, ҳокимиятга даъвогар икки томондан бирига қўшилганда ўша томон ғалабасини таъминлайдиган символик персонажлар;
Ва бошқа кичик ёшдаги болакайлар: Орол аҳолиси. Оддий халқни кўрсатиб беришади;
Сюжет.
Уруш давридаги эвакуация жараёнида элликка яқин британиялик болалар ўтирган самолёт ҳалокатга учраб, кимсасиз оролга тушиб қолади. Ральф билан Пигги соҳилдан катта чиғаноқ топиб олишади ва уни чалиб, оролдаги бошқа болакайларни тўплашади. Унга Жек бошчилик қиладиган болалар хор жамоаси овоз беришмайди. Жек уларга овчи мақомини беради. Ральф жамоада 3 асосий қоидани жорий қилади: (1) хурсандчилик қилиш, (2) яшаб қолиш ва (3) оролдан ўтадиган кема ва самолётларни жалб қилиш учун олов ёқиб туриш. Болалар оролда демократик тизим ўрнатишади ва Ральфни лидер қилиб сайлашади. Расмий йиғилишларда чиғаноқни қўлига олган боланинг фикрини ҳамма сукут сақлаб эшитиши зарур бўлади.
Ральф, Жек ва Саймон ўзига хос триумвират* (учлик) ҳосил қилишади: Ралф олий лидер, Жек ов ва ҳимояга масъул қўмондон, Саймон эса маънавий компас. Болалар оролдаги ёввойи чўчқаларни еб тирикчилик қилишади. Пиггининг кўзойнагидан олов ёқиш учун фойдаланишади.
Болалар ўйинқароқликка, оролда “маҳлуқ” бор деган паранояга берилиб, қилиниши керак бўлган асосий ишлардан (бошпана қуриш, овқат топиш, оловни сақлаб туриш) чалғиб кетишади. Ральф ҳеч қандай маҳлуқ йўқлигини айтса, ундан ҳокимиятни олишни қаттиқ хоҳлайдиган Жек маҳлуқ мавжудлигини ва уни овчилар жамоаси билан енгишини айтиб, болакайларни ўзига оғдиришни бошлайди. Жек ва унинг жамоаси овга берилиб кетиб, олов ўчиб қолади ва бир кема оролда болалар борлигини пайқамай ўтиб кетади. Бундан жаҳли чиққан Ральф Жекни койийди. Жек эса аламини Пиггидан олиб, кўзойнагининг битта кўзини синдиради.
Бир кеча оролдан учиб ўтаётган жанговар самолёт қулайди, учувчи парашюти очилмай дарахтга осилиб қолиб ўлади. Учувчининг мурдасини кечаси узоқдан кўрган Семнерик уни маҳлуқ деб ўйлашади ва бошқа болаларга айтишади. Бу воқеа болаларнинг икки гуруҳга ажралиб кетишига сабаб бўлади ва уларнинг бир қисми Жекка қўшилади. Жекнинг жамоаси оролдаги қоятош томонни олишади. Болалар секин-аста Жек қабиласига қўшилиб боришади, чунки у ҳамма болаларга чўчқа гўштидан ҳар куни зиёфат қилиб беришни айтади. Унинг қабиласидаги болалар юзлари ва таналарини бўяб, маҳлуқ учун қурбонликлар бера бошлашади.
Бир куни ҳушидан кетиб қоладиган касали (эпилепсия) бор Саймон Жекнинг қабиласи маҳлуқ учун қурбонлик сифатида таёққа суқиб қўйилган, атрофида пашшалар учиб юрган чўчқанинг бошини кўриб қолиб, у билан ҳаёлан суҳбат қуради. Саймон унга “Пашшалар Ҳукмдори” деб ном қўяди. Ҳукмдор Саймонга оролда ҳеч қандай маҳлуқ йўқлигини айтиб, уни мазах қилади. Ҳақиқий маҳлуқ болакайларнинг ўзлари эканлиги, улар бир кун келиб Саймонни ўлдиришларини айтади. Саймон тоғ устига чиқиб, осилиб қолган учувчини ўз кўзлари билан кўради. Зудлик билан ритуал ўтказаётган болаларга ҳеч қандай маҳлуқ йўқлигини айтишга шошади. Шунда болакайлардан бири уни маҳлуқ деб ўйлаб ҳужум қилади ва қолганлар унга қўшилиб Саймонни уриб ўлдиришади. Уни урган Ральф ва Пигги бу ишдан дахшатга тушишади.
Жек ва унинг қабиласи оролдаги асосий қудрат белгиси чиғаноқ эмас Пиггининг кўзойнаги эканлигини тушуниб қолишади, чунки кўзойнак олов ёқишнинг ягона воситаси эди. Улар Ральфнинг жамоасига ҳужум қилиб, кўзойнакни тортиб олишади. Ральф ва унинг кичик жамоаси кўзойнакни қайтариб олиш учун боришади. Жек уларни асир қилиб олади. Сем ва Эрикни қийнаб, қабиласига қўшилишга мажбур қилади. Болаларни қийнаб, маза қиладиган Рожер эса Пигги устига харсангтош думалатиб ўлдиради.
Семнерик Ральф билан кўришиб, Рожер икки томони учли таёқ ясаётгани, Жек қабиласи уни ҳайвондек овлаб, бошини узиб ташлашмоқчилигини айтади. Эртасига Жек қабиласи оролдаги ўрмонга ўт қўйишади ва Ральфни овлашни бошлашади. Жекнинг қабиласи Ральфга етай деб қолганида Ральф йиқилиб тушади ва бошини кўтариб тепага қараганда денгиз флоти офицерига кўзи тушади. Шунда болалар ҳали бола эканликлари ва қилиб қўйган ишлари эсларига тушиб, йиғлашни бошлашади. Офицер эса болалар бир-бирларини ўлдираётганларини, қанчалик ёввойи, урушга берилган эканликларини кўриб, улардан хавсаласи пир бўлади. Сўнг эса ўзининг жанговар кемасига ўнғайсизланиб қараб қўяди.
Асардаги ғоялар.
Асар аллегория ҳисобланади – ундаги воқеалар тўқима ҳикоя бўлса ҳам бизнинг айни пайтдаги дунёмизга ойна тутади. Ҳикояда қуйидаги конфликтларни кўриш мумкин.
Цивилизация vs. Ёввойилик.
Пашшалар Ҳукмдорининг марказий конфликти ҳар бир инсон табиатида бўлган 2 импульс ўртасида кечади. Бири қонун-қоидаларга бўйсиниш, универсал морал кодларни бузмаслик, жамоа манфаатига қарши бормаслик бўлса, иккинчиси, шахснинг фақатгина ўз хоҳишларидан келиб чиқиб ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) қилиши, бошқалар устидан ҳукмронликка эга чиқиш учун зўравонликдан тап тортмаслик, ўз истакларига эришиш йўлида бошқаларни қурбонлик қилиш кабилардир.
Асарнинг ижобий қаҳрамонлари Ральф, Пигги, Саймон, Семнерик цивилизацияни ифодаласа, Жек ва Рожер одамнинг цивилизациядан устун келиши мумкин бўлган фундаментал инстинктлари ва ёввойиликни изоҳлайди. Асар динамикаси мана шу икки томоннинг ўзари конфликти асосида ривожланиб боради. Агар одам боласи экстремал ёввойи муҳитга тушиб қолса, яшаб қолиш инстинкти ва бошқалар устидан ҳукмронлик қилиш хоҳиши минглаб йиллар давомида шаклланган тамаддунга рахна солиши асарда аллегорик тарзда ёритиб берилган.
Индивидуализм vs. Коллективизм.
Оролда пайдо бўлган кўплаб муаммолар – олов (сигнал) нинг ўчиб қолиши, бошпаналар етишмовчилиги, Ральф жамоасининг тарқалиб кетиши, Пиггининг ўлими – битта боланинг жамоа манфаатидан эмас, ўз манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракатланиши оқибатида келиб чиқади. Болалар ишлаш ўрнига ўйинни танлашгани учун бошпаналар қурилмайди; Жек овга берилгани учун олов ўчиб қолади; Жек болаларга гўшт ва эркинлик ваъда қилгани учун жамоа 2га бўлиниб кетади.
Ральфнинг барча учун манфаатли лекин болалардан меҳнат талаб қиладиган сиёсати оқилона бўлса ҳам, болалар Жекка қўшилишади. Аммо Жекнинг ёлғонлари фош бўлади. Бу эса унинг болаларни зўравонлик ва қўрқув билан ушлаб туришга ундайди. Аслида бундан ҳокимиятга ўч Жек ва унинг қонхўр ўнг қўли Рожер завқ олади.
Диктатура vs. Демократия.
Ральфнинг жамоаси демократиянинг ўзига хос кичик шакли ҳисобланади. Жамоада ҳамма ўз фикрини айтиш ҳуқуқига эга. Ҳатто жамоадаги энг кучсиз кичкинтойлар (5-6 ёшли) ҳам. Ральф ҳамманинг манфаатини ўйлайдиган оқил йўлбошчи, Пигги эса унинг доно маслаҳатчиси. Жамоа ғояси оролдан тезроқ қутқарилиш ва бунинг учун ҳамма ўз вазифасига тайинлаб қўйилган. Бу жамоада лидер овоз бериш йўли билан тайинланади.
Жекнинг жамоаси эса, аксинча, бир кишининг ҳукмига бўйсуниладиган, зўравонлик ва қўрқув остида ушлаб туриладиган диктаторлик жамиятига ўхшайди. Бунда барча хатти-ҳаракатлар бир кишининг кайфиятига қараб белгиланади. Агар кимдир бош кўтарса, зудлик билан шафқатсиз жазолаш механизми (Рожер) ишга тушади. Бу жамоада тугал ғоянинг ўзи йўқ. Фақатгина мавжуд бўлмаган маҳлуқдан ҳимоя бор деган ёлғон ва лидернинг ваҳшийлиги ва гуруҳни ушлаб туради.
Инсоннинг ёвуз табиати.
Пашшалар Ҳукмдоридаги қаҳрамонлар ҳали бола бўлсаларда, уларда ёвузлик қилишга мойиллик бор. Асарда содир бўладиган ҳар бир кўнгилсиз воқеа катталар дунёсидаги воқеалар билан параллел равишда ривожланади. Оролда болалар иккига бўлиниб бир-бири билан урушишяпти. Ваҳоланки, оролдан ташқарида ҳам икки катта гуруҳ ўртасида ядровий уруш бўляпти. Оролда бегуноҳ болалар бир кишининг ҳукмронликка бўлган чанқоғини қондириш учун ўлдириляпти, худди катталар дунёсидагидек. Болаларнинг иккита алоҳида гуруҳида икки хил ҳукумат амал қиляпти: бири тенглик, плюрализм ва эркинликка асосланган бўлса, иккинчиси тоталитар, зўравон ва қўрқув устига қурилган тизим. Катталар дунёсида ҳам мана шундай турли хил характеристикаларга эга ҳукуматлар фаолият юритишади. Демак, асар хулосасига кўра ёвузлик инсон табиатига хос феномен ва ундан болалар ҳам ҳоли эмас деган фикр пайдо бўляпти. Бу ҳақида ўзингиз учун ўйлаб кўришга ҳаракат қилинг.
Умуман олганда, асар аллегорик характерга эга бўлгани учун ундаги барча воқеалар ва деталларнинг реалликка бевосита ва билвосита алоқаси бор. Ҳикоядаги барча конфликтлар том маънода инсон табиати ва унинг ташқи олам билан муносабатидан келиб чиқади.
Асар ўқилиши шарт бўлган топ 100 та китобдан бири ҳисобланади. Китоб асосида ажойиб фильм ҳам ишланган.
Тамом.
*триумвират - ҳукуматга бош бўладиган 3 кишидан иборат гуруҳ. Қадимги Римда Юлий Цезарь, Помпей ва Красс триумвирати мавжуд бўлган.
vs. (versus) - . . . ga qarshi
Дарвоқе, Пашшалар Ҳукмдори “beelzebub” сўзининг тўғридан тўғри таржимаси ҳисобланади. Beelzebub шайтоннинг бошқа номи.