Найти в Дзене
Uzpharmagency

Тошкентдаги илк шифохона қачон очилган? Бу масканда даставвал кимларга тиббий ёрдам кўрсатилган?

Туркистонда XIX аср охирида биринчи европача шифо маскани 1868 йилда очилган. У асосан ҳарбий хизматчиларга тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган ва Тошкент ҳарбий лазарети деб аталган.

1870 йилда лазарет иккинчи даражали Тошкент ҳарбий госпиталига айлантирилган ва 415 ўринга мўлжалланган. Даставвал госпиталь маҳаллий аҳолига ҳам тиббий хизматлар кўрсатган. Кейинчалик, шаҳар касалхонаси ва амбулаторияси очилиши билан мазкур госпиталда маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатиш тўхтатилган.

ХХ аср бошида бу ерда давлат хизматидаги шахслар, шунингдек полиция талаби бўйича беморлар қабул қилинган. Тошкент шаҳар Думаси бундай беморларни даволашда сарфланган харажатларни қоплаган.

-2

Замонавий тиббиётнинг аёллар ва болалар учун кириб келиши

1883 йилда аёл шифокорлар ташаббуси билан Тошкентда дастлабки аёллар ва болалар шифохонаси ташкил этилди. Унга 1883 йилдан 1893 йилгача, яъни 10 йил ичида 24747 нафар бемор мурожаат қилиб, улар 48185 марта ташриф буюришган эди. 1907 йилда ушбу амбулаторияга 30700 бемор мурожаат қилган. Шифохонада фақат аёл тиббий ходимлар хизмат кўрсатишган. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган аёллар ва болаларга бепул ёрдам кўрсатилган, шу жумладан дорилар, сув муолажалари, оддий операция ва боғлаш ишлари текин амалга оширилган.

-3

Тошкентда Туркистон Меҳр-мурувват жамияти қошида 1880 йилда ташкил этилган туғуруқхона мавжуд бўлган бўлиб, унда туғаётган аёлларга беғараз ёрдам кўрсатилган. Бу Туркистондаги ягона туғуруқхона бўлиб, унда ҳаммаси бўлиб 7 та ўрин мавжуд эди. Туғуруқхона ҳафтада 2 марта бемор аёллар ва болаларга ҳам тиббий ёрдам кўрсатган. Дастлабки 30 йилда туғруқхонадан 3110 аёл фойдаланди, 4151 аёл тиббий маслаҳатлар олди. 1906 йилда туғруқхонага янги бино берилди ва унинг фаолияти анча яхшиланди.

-4

1885 йилдан кейин Туркистоннинг бошқа шаҳарларида, жумладан Хўжанд, Андижон, Марғилон, Наманган, Қўқон каби шаҳарларда маҳаллий хотин-қизлар учун амбулаториялар ташкил қилинган.

1900 йилга келиб Тошкент шаҳрининг Бешёғоч қисмида маҳаллий аёллар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида иккинчи амбулатория очилган. 1904 йилда бу шифохона шаҳарнинг Шайхонтоҳур қисмига кўчирилган. Амбулатория ташкил этилган йилда 8000 нафар беморга ёрдам кўрсатган бўлса, кейинчалик уларнинг сони ошиб йилига ўртача ҳисобда 25000 нафар беморни ташкил этган. Уларнинг 10 фоизи эркаклар, қолганлари эса аёллар ва болалардан иборат эди.

Наргиза Камалова тайёрлади

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида

“Uzpharmagency” телеграм каналида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланишда каналимиз манба сифатида кўрсатилиши шарт!

Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.

Телефон: (998 71) 203-81-81

Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz

Uzpharmagency расмий саҳифалари:

Telegram | Instagram | Facebook | Youtube | Twitter