Найти тему

УСТЮРТ АРАНЛАРИ: САҲРО БАҒРИДАГИ СИНОАТ

“Найзасимон иншоот”ларни ўзга сайёраликлар барпо этган...ми?

Устюрт! Мозийнинг миллион йиллик сир-синоатларини ўз бағрида яширган бепоён кенгликлар! Мағрибдан машриққа, шимолдан жанубга қараб, уввос солиб сарсари эсаётган дайди шамоллар! Сайёрамизнинг энг ажабтовур, энг сирли гўшаларидан бири…

Улкан найзалар тасвири

Бу кўҳна маконнинг бир неча ўн йиллардан бери илм аҳлини ўйга толдириб келаётган жумбоқларидан бири унинг «найзасимон иншоотлари»дир. Гап шундаки, кимсасиз саҳро бағридаги ўйиқларни яқиндан кўриб, унда ҳеч қандай сирли белги топа олмассиз. Аммо ердан қуш парвози баландлигида кўтарилганингизда поёнсиз кенгликлар, азалий қумликлар бағрида улкан найзаларнинг ўйма тасвири кўз олдингизда намён бўлади.

Бу тасвирлардаги аниқ қонуният, симметрияни кўриб, уларнинг шунчаки табиат ҳодисалари таъсирида юзага келганига ишонмайсиз. Йўқ, бу шакллар кимларнингдир ақлий ва жисмоний меҳнат ва машаққатларини тақозо этади. Аммо шу тўхтамнинг ўзи сизга тинчлик берса қани? Биринчидан, ердан юзлаб метр баландликдагина яққол кўзга ташланадиган бу ўйиқларни ерда, тақир кенгликларда туриб ким бундай аниқликда қазиди экан? Энг қизиғи, узундан-узун бу ўйиқлар қандай вазифани бажарган? Олимлар томонидан турли тахминлар, фаразлар билдирилмоқда. Лекин ҳақиқат уларнинг қай бирида яширинган?

Ким? Қачон? Қаерда?

Ўтган асрнинг 70 — 80-йилларида бу найзасимон объектлар дунё миқёсида кўплаб олимлар ва оммавий ахборот воситалари эътиборини жалб қилди. Баъзи журналистлар ва бошқа тадқиқотчилар бу иншоотларни ўзга сайёраликлар қурган деган тахминларни ҳам билдирган.

Мазкур иншоотларнинг ўртача узунлиги 600-900 метр, эни 400-600 метр, чуқурлиги 3 метргача боради. Боя айтганимиздек, бу чизгиларни фақат учар мосламаларда ёхуд интернет тармоғидаги «Google Earth» дастури ёрдамида бемалол кўра оласиз.

Объектлар дастлаб 1952 йили таниқли олим Сергей Толстов раҳбарлигидаги Хоразм археологик экспедицияси томонидан аниқланган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ҳудудида 120 дан ортиқ ана шундай сирли шаклларни кўриш мумкин. 2017 йилда Қорақалпоғистон ахборот агентлигининг ташаббуси билан ташкил қилинган медиатур доирасида «Google Earth» дастури ёрдамида шу пайтгача ўрганилмаган яна 3 та ана шундай объект аниқланган.

Археолог олим В.Ягодиннинг фикрича, найзасимон қурилмалар қарийб икки минг йил давомида (милоддан аввалги V-II асрлардан то XIV асргача) бўлган давр мобайнида қурилган ва фойдаланилган бўлиши мумкин.

Ов учунми, сув учунми?

Маълумки, бугун бу иншоотлар жойлашган Устюрт платосида умргузаронлик қилиш жуда қийин. Ёздаги жазирама, қум бўронлари, қурғоқчилик, хуллас, табиий шарт-шароитлар одамларнинг рисоладагидек ҳаёт кечиришига имкон бермайди.

Саҳрода ҳаёт кечириш учун биринчи навбатда сув керак. Бундай шароитда ёғингарчилик обиҳаётнинг асосий манбаи ҳисобланади. Қорақалпоқ олими Хожаҳмад Эсберганов «найзасимон объектларни қадимда кўчманчи қабилалар сув тўплаш учун қурган бўлиши мумкин» деган фикрни билдиради. Тадқиқотчининг фикрича, Устюрт ҳудудида ёмғир ва қор сувларини йиғиш учун кўчманчи қабилалар шундай қазилмаларни бунёд этишган.

Бундай иншоотлар овчилик мақсадида яратилган деган тахминлар ҳам кенг тарқалган. 1825—1826-йилларда Орол ва Каспий денгизлари оралиғидаги ерларга уюштирилган Ф.Берг бошчилигидаги рус илмий экспедицияси материалларида бу ҳудудда қулонлар, тарпанлар (ёввойи отлар) ва сайғоқлар кўплиги, улар узунлиги 300-400 метр, чуқурлиги 3-4 фут келадиган махсус ўзанлардан тош билан қуршалган қўрага ҳайдаб киргизилиши ва қўлга олиниши тасвирланади. Бунда маҳаллий овчилар 10-15 километр радиус бўйлаб ўлжа излашган, сайғоқлардек овоз чиқариб, жониворларни эргаштириб келишган ва махсус йўлакларнинг бошида туташадиган қўраларга қамашган.

Бундай қўраларни қорақалпоқлар қадимда аран деб аташган. Араннинг атрофида бир нечта махсус чуқурчалар бўлган. Араннинг четида учли қилиб кесилган қамиш поялари қотирилган. Бу ўлжанинг у ердан қочиб кетолмаслигини таъминлаган.

-2

Қорақалпоқ уруғларидан бири – аранчи номи ҳам айнан шу қурилмадан олинган. Машҳур қорақалпоқ шоири Бердақнинг «Шежире» шеърида

Чўлларда кезар жайрони,

жайранга қурган арани, -

мисралари бор. Шунингдек, қорақалпоқ достонларида «оғзини арандек очди», «оғзи арандек очилган» каби муболағалар ҳам учрайди. Аран сўзи Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит-турк» асарида ҳам оғил, қўра, отхона сингари маъноларда ишлатилган.

ХVΙΙΙ асрнинг машҳур тарихчиси, Хива хони Абулғози Баҳодирхон (1603-1664) «Шажараи тарокима» асарида туркман халқининг қора-ўйли ва эрсари қабилалари овчилик ва деҳқончилик билан кун кечиргани, қамишдан махсус аранлар қуришгани ҳақида ёзади. Абулғозийнинг ёзишича, қурғоқчилик ва муҳтожликдан қийналган қорауйли туркманлари эрсари қабиласи оқсоқолларидан ёрдам сўрайди. Эрсари туркманларнинг серҳосил ерлари ва серсув булоқлари кўп эди. Қавм оқсоқоллари қорауйлиларга ўз ерларида деҳқончилик қилишига изн бериб, бунинг эвазига “чашмалардин ҳам нечоқли ошлиқ ҳосил бўлса, анинг ёрини бизга беринг ва тақи аран тегмак учун икиси минг қамиш беринг...” (олинган ҳосилнинг ярмини, ва яна аран қуриш учун икки мингта қамиш келтириб беринг) деб шарт қўйишади.

15 минг километр олисда…

Устюрт платосидаги бунда сирли тасвирлар ўз шаклига кўра, Ер юзида ягона эмас. Улар Ўзбекистон ҳудудидан 15 минг километр нарида, Перунинг жанубий соҳилларида жойлашган Наска саҳросидан топилган ерсувратлар – геоглифларга ўхшаб кетади.

1994 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ушбу тасвирлар ҳам инсониятга ҳали-ҳануз ўз сирларини тўлалигича очгани йўқ. Бу сирли тасвирлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар испан тарихчиси Сьеса де Леоннинг (1520-1554) қайдларида учрайди. 1939 йилда Перу устидан учиб ўтаётган америкалик археолог Пол Косок Наска платоси устидаги ғалати тасвирларни пайқаб қолади.

Наска суратларини ҳам худди Устюртдаги сингари ерда юрганда пайқаш қийин. Уларни ҳам камида қуш парвози баландлигидагина кўра олиш мумкин. Бу геоглифларнининг асосий қисмини қуш, маймун, ўргимчак, гул кўринишидаги ўнлаб суратлар, минглаб тўғри чизиқлар, учбурчак, трапеция ва спирал кўринишидаги тасвирлар ташкил қилади.

Ушбу тасвирлар платонинг юза қисмига тахминан бир метр кенгликдаги, ўртача 25-30 сантиметр чуқурликдаги ўйиқлар ёрдамида чизилган, катталиги турлича. Масалан, колибри қушининг узунлиги 30 метрни ташкил қилса, калтакесак тасвири 188 метргача боради.

Олимлар ушбу тасвирлар милоддан аввалги II асрдан XII асргача бўлган даврда чизилган деган фикрларни илгари суришган. Мазкур тасвирлар ҳам нима мақсадда ва қай усулда ясалгани ҳақида бир-бирини инкор этадиган тахминлар мавжуд.

Айрим олимлар бу суратлар Наска платоси европалик мустамлакачилар кириб келишидан анча илгари инклар маданияти даврида, бошқа бировлар эса ҳатто ундан ҳам олдин пайдо бўлган деган фаразни билдиришган. Бошқа бир гуруҳ мутахассислар бу тасвирлар астрономик кузатувларда ишлатилгани ёхуд «илоҳий мавжудотлар билан мулоқот» учун хизмат қилганини айтишади.

Наска геоглифларини ўзга сайёраликлар чизиб кетгани, улар самовий меҳмонларнинг «ликобчалари» учун учиш-қўниш йўлаклари вазифасини ўтагани ҳақидаги тахминлар ҳам бор. Аммо «нур тезлигида парвоз қилиб, сайёралараро масофаларни бир пасда босиб ўта олади» дея ҳисобланган ўзга сайёраликлар учиш ва қўниш учун шу қадар оддий усуллардан фойдаланган бўлиши амримаҳол.

Фақат бугина эмас…

Бир қарашда дунёнинг икки минтақасида инсоният ақл-закоси туфайли пайдо бўлган бу йирик ҳажмли суратлар ўртасида боғлиқ жиҳатлар кўп. Аввало, ҳар икки минтақадан топилган тасвирларнинг нима мақсадда ишлангани тўла-тўкис аниқланмаган. Қолаверса, ҳар иккала ҳудуд иқлими бир-бирига яқин. Уларнинг рельефи, ер сатҳи ҳам ўхшаш. Лекин фарқли томонлари ҳам кўп. Дейлик, Перудаги тасвирлар хилма-хил, уларнинг аксарияти аниқ маъно ва мазмунга эга. Устюртдаги шакллардан аниқ маъно уқиш қийин. Наска саҳросидаги топилмалар сони Устюртдагига қараганда кўпроқ, бироқ ҳажман бир неча баравар кичик.

-3

Бу каби суратлар фақат Перу ёки Ўзбекистонда эмас, дунёнинг бошқа ҳудудларида ҳам аниқланмоқда. Хусусан, ўтган асрнинг ўрталарида АҚШнинг Блайт шаҳри яқинидаги ялангликдан ҳам худди шу каби шакллар топилган. Чилиниг Атакама саҳросидаги Сьерра Уника тоғида ҳам худди шу каби улкан одамсимон мавжудотнинг ўйма тасвири аниқланган.

Бир бор кўрган афзал!

Маълумотларга кўра, Наска саҳросидаги суратларни кўриш учун ҳар йили Перуга миллионлаб сайёҳлар келади. Мамлакат хазинаси бундан ўртача 3 миллиард доллардан ортиқ фойда кўради.

Аслида ўзимизда ҳам сайёҳларни бемалол хушнуд этиши мумкин бўлган юзлаб тарихий обидалар, хушманзара жойлар, дунёнинг бошқа ҳудудларида учрамайдиган одат ва анъаналар мавжуд. Кейинги йилларда юртимизга келаётган сайёҳлар оқими ортиб бораётгани ҳам сир эмас. Жумладан, Оролбўйи минтақасида ҳам туризмни ривлжлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Вақти келиб, Устюрт кенгликларидаги суратлар ҳам дунёнинг турли ҳудудларидан минглаб сайёҳларни юртимизга жалб қилса ажабмас.

Зотан, Устюрт ҳудудида узоқ асрлар давомида саклар, массагетлар, сарматлар, қипчоқлар, ўғузлар сингари ўнлаб улус ва қабилалар яшаган. Бу ердан Чиндан Румга, Русдан Ҳиндга, Турондан Эронга қадар узанган қадим йўллар бўйлаб карвонлар қатнаган. Маданий-маърифий, савдо-иқтисодий алоқалар ривожланган.

Устюртда Пулжай, Белеули, Алан, Давкескен каби қадимий ва ўрта асрларга тегишли карвонсаройлар, қалъа-қўрғонлар сақланиб қолган. Устюрт чинкларини ёқалаб юрган йўловчи ҳар қадамда тепаликка қўйилган кўчманчилар қабристонига дуч келади. Инсон қадами етиши мушкул бўлгани боис бу обидаларнинг аксарияти ҳанузгача тўла тадқиқ қилинмаган.

Устюртнинг энг мафтункор гўшаларидан бўлган Дувона бурнига келган ҳар бир сайёҳ антиқа манзараси, рельефи, турли шакл ва рангдаги қоялари, чинк деворларини кўриб, ўзини баайни ўзга сайёрага тушиб қолгандек ҳис этади. Унинг бағридаги сирли чизгиларнинг маъно-мазмунини ўзи учун кашф этгандек бўлади.

Есимхан Канаатов,

Рустам Жабборов