Найти тему
Namaste Bollivud

“Сангам” фильми ҳақида сиз билган ва билмаган фактлар

Ўзбек томошабинлари севиб, қайта-қайта кўрадиган ҳиндларнинг “Сангам” кинофильми яратилганига нақ 59 йил тўлди. 1964 йилда суратга олинган бу фильм шунча вақтдан бери томошабинларнинг эътиборида. Фильм қўшиқлари эса аллақачон мухлислар тилига ўрнашиб қолган. Айниқса, “Dost Dost Na Raha” қўшиғини билмайдиган, ўзича хиргойи қилмайдиган мухлис бўлмаса керак.

Ҳозирги кунда ҳинд киносининг мумтоз намуналаридан бири саналадиган “Сангам” Раж Капурнинг режиссёрлик ва продюсерлик иши бўлиб, унинг илк рангли фильми ҳисобланади. Фильмдаги романтик саҳналар Венеция, Париж ва Швейцарияда суратга олинган. Кейинчалик ҳинд фильмларида бу анъанага айланиб қолди.

Бош ролларни Раж Капур, Ражендра Кумар, Вижаянтимала ўйнаган.

Режиссёр Дасари Нараян Рао “Сангам”ни телугу ва каннада тилларида қайта суратга олган.

Сангам — бу учта дарё қўшиладиган жой. Фильмда эса уч инсоннинг тақдири туташган. Сундар, Радха ва Гопал болалигидан бирга ўсган, дўст бўлган, бир-бирининг бахти учун ўз бахтидан воз кечишга тайёр бўлган. Гопал шундай қилади ҳам: дўсти учун ўз муҳаббатидан кечади.

Бу муҳаббат учбурчаги акс этган фильм дўстлик ва севгидаги фидойиликни тараннум эттирса-да, аслида, Сундарнинг қиёфасида худбинлик аломатларини ҳам пайқаш мумкин. Ахир у ўзи севган қизнинг, дўстининг кимни севишига астойдил қизиқиб ҳам кўрмайди, доим ўзининг севгисига етишиш ҳақида ўйлайди. Ёнидагиларга эътибор билан қарашни хаёлига ҳам келтирмай, фақат ўзининг кечинмаларини гапиради. Унинг ана шу худбинлиги бир эмас, уч кишининг бахтсиз бўлишига олиб келади.

Аслида Наргис суратга тушиши керак эди

1940-йилларнинг охирларида Раж Капур Дилип Кумар ва Наргис иштирокида фильм суратга олишни ва унда бош ролни ўзи ижро этишни режалаштирган эди. Бироқ фильмни суратга олиш бир неча сабабга кўра кейинга қолдирилди. Фильмни ишлашга қарор қилганларида эса, унга янги актёрлар жалб қилиниб, “Sangam” деб ном берилди.

Аввалига Дилип Кумар Раж Капурга Гопал Варма ролини ўйнашга розилик берганди. Кумар икки эркак ролидан бирини ўйнашга фильмнинг сўнгги вариантини таҳрир қилиш ҳуқуқи эвазига рози бўлганди. Бироқ Раж Капур унинг шартини қабул қилолмади, кейин таклиф билан Дев Анандга мурожаат қилди. Бироқ у ҳам ролни рад этди. Охир-оқибат Гопални Ражендра Кумар ўйнайдиган бўлди.

Баъзи манбаларга қараганда, Вижаянтимала бу фильмда суратга тушаётганда, Раж Капурни севиб қолган. Бироқ бу маълумотнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлиги маълум эмас. Нима бўлганда ҳам, Вижаянтимала кейинчалик Раж Капурнинг шифокорига турмушга чиққан.

Мукофотлар

Фильмдаги роли учун Вижаянтимала энг яхши актриса сифатида учинчи бор “Filmfare Awards”га муносиб деб топилган. Раж Капур энг яхши режиссёр сифатида тақдирланган. Фильм яна “Энг яхши муҳаррир”, “Энг яхши аудиография” номинацияларида мукофотланган. Бундан ташқари, “Сангам” “Энг яхши фильм”, “Энг яхши актёр”, “Энг яхши иккинчи даражали актёр”, “Энг яхши сценарий”, “Энг яхши қўшиқчи” номинацияларияда “Filmfare Awards”га номзод сифатида кўрсатилган.

Таассурот

О, “Сангам” фильми билан боғлиқ таассуротлар ўз вақтида жуда кучли бўлган. Одамлар кинотеатрларда фильмни қайта-қайта томоша қилиш учун чипта олишга соатлаб навбатда туришган. Қизу аёллар Гопални тушларида кўришни бошлашган бўлса, Радха йигитларнинг орзусидаги қизга айланган. Қизларга Радха, ўғил болаларга Сундар ёки Гопал деб исм қўйишларига худди шу фильмга, унинг қаҳрамонларига муҳаббат сабаб бўлган.

Фильмнинг яратилганига 50 йил тўлган бўлса-да, “Сангам”нинг оҳанрабоси ҳали йўқолганича йўқ...

КОМИЛА тайёрлади.