Найти тему
euroasia.me

Бахтнинг олис манзили (Ўн олтинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн олтинчи қисм)

Мен машина тагидаги ҳарбийнинг ёнида сочилиб ётган катта-кичик тўртта калит ва челакни олдим-да, секин бориб, ёнилғи бакини бурадим. Ёқилғи сизиб чиқа бошлагач, олдинги машинага ўтдим. Шу тариқа, қаторнинг олдидаги машинага етиб боргунимча аскарлар ҳеч нимани пайқашмади. Афтидан, бу ишларни қилишим ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, чоғи. Аслида, ўзимнинг-да хаёлимга келмаганди, лекин вазият шуни тақозо қилди-да. Бир челак ёнилғи қаторнинг охиридаги машина билан олддагиси оралиғига сепиб чиқишимга етди. Кейин қолганини ўзим яширинган бутагача тўкиб келдим. Бўйни синган ҳарбийдан олган чақмоқтошни ишга солдим, тилсиз ёв машиналарга ҳужумга ўтди. Тахминан икки дақиқалардан сўнг машиналар бирин-кетин портлай бошладики, даҳшатли шовқиндан ваҳимага тушасан, киши. Бутун танасини аланга қоплаган бир ҳарбий ўрмон тарафга жон талвасасида югурар, тинимсиз додлар, олов эса, тобора авжига минарди. У йиқилди, типирчилади. Сўнг... Сўнг аланга ичида қолди...

Бу манзарани кўриб, кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Сочимни ғижимладим. “Нималар қилиб қўйди-и-им!!!” — дея уввос солдим. Ўзимни ерга ташлаб, қўлларимни мушт қилиб, тишларимни бир-бирига босганча, тақдиримга лаънатлар ўқидим.

Портлашлар тингач, автоматларнинг тариллаган овози эшитила бошлади. Аввалига, бу саросимага тушиб қолган аскарлар бўлса керак, деб жойимдан қимирламай ётавердим. Бир оздан кейин товуш бошқа ёқдан келаётгандай туйилди ва секин ўрнимдан туриб қарасам, маҳбуслар ҳужумга ўтишибди. Улар ёнаётган машиналар тарафга тикка бостириб келишаётган эди. “Жинни бўлдими булар?! Аҳмоқлар! Ҳамманг ўлиб кетасан-ку!” — дея жанг авжига чиққан тарафга югуриб кетдим. Аскарларнинг тирик қолганлари ҳам бор эди. Яхшиям, улар ҳали карахт ҳолда, нима бўлаётганини англаб улгуришмаганди. Шу боис, дуч келган тарафга пала-партиш ўқ узишарди.

Етти нафар маҳбуснинг шу ерда ажали етди. Шунга қарамай биз енгдик. Орқа тарафдан келиб, ҳарбийларнинг беш-олтитасини қаршиликсиз отиб ташлагандим, шу қўл келди. Қолаверса, аскарлар ўйлаганимдан кўра анча кам экан. Бунинг сабабини кейинроқ, вертолётни ҳам портлатиб, ўрмонга кираётганда билдим. Ҳарбийларнинг асосий қисми бизни қидириб анча наридан ўрмон ичкарисига кирган экан. Улар портлашларни эшитиб изларига қайтишганида, ҳарбийларнинг қароргоҳи аллақачон куйиб кулга айланганди. Дарахтлар ичидан чиқиб келаётган аскарларни кўриб: “Худо асрабди”, дедим ўзимга-ўзим ва қолган маҳбуслар билан бирга ўрмон ичкарисига қараб югура бошладим. Нафасимиз бўғзимизга тиқилиб, дармонимиз қуригач, югуришдан тўхтадик.

— Аҳ... Аҳмоқ! — дедим ҳансирарканман тилмочга. — Мен сенларга айтгандим-ку, ўзим хабар бермагунимча биронтанг жойингдан қимирлама деб. Кўрдингми, яна қанча одам ўлиб кетди?!

— Биз сени йўқотиб қўйдик, — деди тилмоч ерга ўтираркан. — Машиналар портлаганида жароҳат олдинг деб ўйладик. Шунинг учун ўлсак шу бола билан бирга ўлайлик...

— У тебя все порядке? — деди Оля тилмочнинг гапини бўлиб.

— Нималар деб вайсаяпсан?! — дея унга бақирдим.

Олянинг юзи қорайиб кетган, сочлари тўзғиганди. Тўғри, шу ҳолатда ҳам у гўзаллигини йўқотмаган, чарос кўзлари порлаб турарди. Бақирганимдан у чўчиб тушди, киприклари пирпираб тилмочга қаради-да, инглиз тилида нималардир деди.

— У сенинг аҳволингни сўраганди, бечора қизни қўрқитиб юбординг, — деди таржимон.

— Энди билиб қўйинглар, агар яна бир марта ўзбошимчалик қилсанглар, ўзим отиб ташлайман сенларни. Шундоғам сенларни деб не кўйларга тушдим! Қанча одамнинг ўлиб кетишига сабабчи бўлаяпман...

Мен гапимни тугатиб улгурмадим. Тепамиздан бир йўла учта вертолёт вариллаб ўтиб кетди. Яхшиям дарахтлар зич жойдамиз, кўришмади. Йўқса, дўзахга мана шу ернинг ўзидаёқ дуч келардик.

— Арининг уйи бузилди, — дедим вертолётларнинг ортидан қараб қоларканман. — Энди соғ қўйишмайди. Худонинг ўзи мададкор бўлсин. Кетдик.

Тўрт юз метрча юрганимиздан сўнг Олянинг оёғи қайрилиб кетди. У “вой-вой”лаганча ерга ўтириб қолди ва: “Бошқа юролмайман!” — дегандек ёш тўла кўзлари жавдираб менга қаради.

— Сен камлик қилиб тургандинг ўзи! — жаҳл билан уни елкамга опичлаб олдим.

Чарчаганингда кўйлак ҳам оғирлик қиларкан. Қизнинг вазни эллик килоча келса-да, аста-секин елкамни босиб, оёқ олишим қийинлашди. Маҳбуслар ёрдам беришмоқчи бўлишди, бироқ уларнинг ўзлари зўрға оёқларини судраб боришарди. Шу боис унамадим.

Орадан бир соатлар чамаси ўтгач, ортимиздан итларнинг ҳуриши, одамларнинг бақир-чақир овозлари эшитила бошлади. Ҳамма тўхтаб менга қаради, гўё ҳозир мен уларга қанот бериб учириб юборадигандай.

Очиғи, ўзим ҳам боши берк кўчага кириб қолгандим. Ўрмоннинг қаерда тугашини билмасам-да, ортимиздан қуваётганлар ҳализамон етиб олишлари тайин эди. Аммо бироз юрганимиздан сўнг олдимиздан шовуллаб оқаётган дарё чиқди-ю, бирдан юзим ёришиб кетди. “Э Худо, — дея кўкка нола қилдим, — сенинг қудратинг олдида ҳар нарса ожиз!”

— Иккита йўл бор, — дедим сувга термилиб турган тилмочга, — биринчиси, ортимиздан қуваётганларнинг қўлига тушиб, таслим бўлиш. Иккинчиси, сувга ғарқ бўлиш. Қайси бирини танлаймиз?

— Балиқларга ем бўлганимиз маъқул, — деди таржимон, —суякларимизнинг синишини эшитгандан кўра.

— Унда кетдик, — дедим-у ўзимни сувга отдим.

Дарё юзаси нисбатан тинч бўлгани билан тубда оқим шиддати жуда кучли экан, бирпасда мени шерикларимдан четга оқизиб кетди. Кетимдан Оля ўзини дарёга ташлади, сўнг бошқалар. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, оқиб кета туриб дам олаяпман. Бошимни кўтариб маҳбусларга қарасам, улар ҳам чўкмаяпти, бошлари сув юзасида коптокдай сузиб келишяпти.

Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмай шаршарага дуч келдик. Қуйига сувга қоришиб тушиб борарканман: “Ишқилиб, бирорта тошга урилиб кетмайин-да”, деб ўйлардим. Вужудимни алланечук қўрқув эгаллаган. Ҳартугул, бу сафар ҳам Худо асради. Шалоплаб сувга тушдим ва шу ондаёқ ўзимни четроққа олишга уриндим. Чунки мендан кейин келаётганлар устимдан тушиши тайин эди.

Шаршарадан кейин дарёнинг оқими тинч эди. Бемалол сузиб қирғоққа чиқиб олдим. Маҳбуслар ҳам эсон-омон шаршарадан пастга қулаб, қирғоққа сузиб келишарди.

Худога шукр, ҳеч ким чўкиб кетмабди.

Сувдан чиққанлар ўзларини қирғоққа, майса устига ташлашди. Бир маҳбус йиғлаб юборди. Тилмоч бориб сабабини сўраганди, жавоб қилмади. Қўлини ҳавода силкитиб, “шунчаки ўзим, эътибор қилманглар” дегандай ишора қилди. Қизиғи, Оля бемалол юриб бориб, биринчи дарахтга суяниб ерга ўтирди-да, кўзини юмди. Мен секин унинг ёнига бордим.

— Яхши қиз, сиз оёғингизни қайириб олгандингиз, юролмасдингиз-ку, — дедим киноя билан.

У кўзини очди-да, жилмайди ва инглиз тилида нимадир деди. Мен дарров тилмочни чақириб, сўрадим.

— “Мен қиз боламан-ку, озгина эркалик қилгим келди. Нима бўпти шунга?” деяпти, — деб тилмоч Олянинг гапини таржима қилди.

— Эркалик қилишга бошқа пайт қуриб қолган экан-да, — ўрнимдан туриб ундан узоқлашдим.

Бошқалар қатори майса устига чўзилдим. Қуёшнинг тафти танамга шунақанги ёқаётган эдики, уйқу боса бошлади. Аммо бироздан сўнг чўчиб ўрнимдан туриб кетдим. Нимадан чўчидим, билмадим-у, лекин юрагим негадир безовта ура бошлади. Ўрнимдан туриб, у ёқ-бу ёққа қарадим. Тинчлик, хавотир уйғотадиган сас эшитилмайди.

— Ўрмон ичкарисига киришимиз керак, — дедим тилмочнинг тепасига бориб.

У индамади. Бундан жаҳлим чиқиб, уни туртдим.

— Ичкарироққа киришимиз керак, — гапимни такрорладим.

— Қўйсанг-чи, бу ердалигимизни ҳеч ким билмайди. Озгина дам олайлик, — деди у кўзини ҳам очгиси келмай.

— Бошқаларни турғиз!

Уларни кутиб ўтирмай ўзим ўрмон ичкарилаб кета бошладим. Йўл-йўлакай Оляни туртиб ўтдим. Ухлаган экан, чўчиб тушди ва менинг кетаётганимни кўриб:

— Дурак! — деди уйқуси бузилганиданми, жаҳли чиқиб.

Хавотиримда жон бор экан, ярим соат ўтар-ўтмай дарё устида вертолёт пайдо бўлди, айнан бизнинг тепамизда бир оз туриб қолди. Ҳаммамиз ерга қапишганмиз, нафасимизни ютиб кузатаяпмиз. Шу ердалигимизни сезишмади, шекилли, вертолёт баландлаб кетди. Шундан кейингина тинчландим ва чалқанча ўгирилиб, қулочимни ёздим-да уйқуга кетдим. Тушимга Рена билан Ёдгор кирибди. Улар билан боғда сайр қилиб юрганмишман. Ёдгор чопқиллаб капалакларни қувар, қиқирлаб кулармиш. Мен ҳайронман, Ренага қараб: “Қачон бунинг юришга улгурди? Бунча тез катта бўлди?” — дермишман. Рена эса жавоб қилмас, нуқул кулармиш. Бир пайт у ҳам боласига қўшилиб капалак қувиб кетди. Менинг эса, кўнглимга хавотир тушди: “Бу ёққа келинглар!” — деб энди уларни чақирмоқчи эканман, бирдан иккови ғойиб бўлди. Роса қидирдим, кошки тополсам. Бақирай десам овозим чиқмайди. Кўкрагимдан тош босаётгандай сиқилармишман... Уйғониб кетдим. Кўзимни очсам, Оля устимда.

Аввалига: “Бу нима қилмоқчи?” — деб ажабландим. Қарасам, шашти баланд — эҳтирос оловида ёнаяпти.

— Нима қилаяпсан, жинни?! — жеркиб, уни устимдан итқитиб юбордим.

— Я... Я... — деди у овози титраб, — без этого немогу жить. Плохого ничего не буду делать. Только удовольствия...

Унинг гапига тушунмадим, лекин нималардир деб ўзини оқлаётир.

— Бор, ухла! Эртага сени яна ортмоқлаб юрадиган аҳмоқ йўқ. Тағин бир марта яқинлашсанг, хафа бўласан, — деб уни нарироққа итардим.

У кетмади. Бошини тиззалари орасига олиб, пиқиллаб йиғлашга тушди. Унинг товушини эшитмаслик учун қулоқларимни бекитдим.

Ҳар доимгидек саҳар палла уйғондим. Талай вақт хаёл суриб ётдим. Боши-кети йўқ муаммоларга жавоб қидирдим. Тил билмаслигим, бу ердаги шарт-шароитлардан бехабарлигим имкониятларимни чегаралаб қўйган экан. Маҳбуслар ҳам бошга битган бало бўлди. Қаёққа борсам, албатта, уларнинг ҳам ғамини ейишим керак.

Ўй ўйлайверганимдан бошим оғрий бошлади. Чидолмай ўрнимдан туриб, ювингани дарё томон кетдим. Маҳбусларнинг ёнидан ўтаётиб, уларга ҳавасим келди. Улар кўзимга дардсиз, қайғусиз, худди уйида ётиб дам олаётгандай кўринди. Юзларига бирма-бир қараб чиқдим-да, сўнг соҳилга туша бошладим. Адашмасам, дарёгача беш-олти қадам қолганди. Сув шовқини орасида одам овози эшитилди. Олдимни дарахтлар тўсиб турганидан, ким гапираётгани кўринмади. Аввалига: “Маҳбуслардан бирортаси ювингани келгандир”, деб ўйладим. Сўнг: “Наҳотки бизни топиб келишган бўлса?” — деган хавотирли ўйдан юрагим “шиғ” этди. Секин дарё бўйини кузатдим. Хавотирим тўғри чиқди: моторли қайиқдан қирғоққа тушаётган ҳарбийларни кўриб, уларнинг шу ердалигимизни тахмин қилишганини англадим. Дарёдан тўғри сузиб ўтолмаймиз — аниқ. Ўзимизни сувга ташлаганимиз уларга аён, чунки бошқа чорамиз йўқ эди. Дарё оқими фақат шаршарадан кейин сокинлашади...

Ортга қайтиб маҳбусларни уйғотдим, қочганимиз билан узоққа боролмаймиз. Эти суягига ёпишган бечоралар эса, қуролли ҳарбийларга қарши очиқ курашолмайди. Демак, ҳамма ташвиш яна ёлғиз менинг бўйнимга тушиб турибди.

Изқуварлар анчайин хотиржам эди. Ҳатто баъзилари манзилга етгунча мизғиб олган, шекилли, моторли қайиқдан тушиб, қулочини кериб керишиб олди. Уларнинг орасида оқ танлисини кўрмадим. Демак, булар профессионаллар эмас. Шу боис, эҳтиёткорлик уларга бегона.

Бир йигит дарахтларга суқланиб қараб, тиржайганча шеригига нимадир деди ва тўғри мен писиб турган жойга кела бошлади. “Бугуннинг биринчи қурбони аниқ”, деган фикр ўтди миямдан. Лекин мен уни ўлдиришни ҳечам истамасдим. Истараси иссиқ экан. У йўл-йўлакай шимининг тугмаларини еча бошлади. Ичимда: “Бошқа жойга бор, қайт изингга!” — дейман, лекин қани у эшитса? Одам ҳам шу қадар бефаросат бўладими? Яна ўрмонга беш-олти қадам ичкарилашини кўринг.

Орқа миясидан зарба еб бир марта “ҳиқ” этди-ю қулади. Ҳартугул, ҳушидан кетказиб яхши қилдим. Ўзига келади, ўлмайди, сўнг боши озгина оғриши мумкин-у, ўтиб кетади.

Қора танли ҳарбийнинг кийимларини ечиб, кийиб олдим. Озгина катталигини айтмаса, унинг шерикларини бироз чалғитишга ярайди.

Ердан бир сиқим тупроқ олиб юзимга суркадим, бироқ барибир негрга ўхшамадим. Шу боис, ҳарбийлар ёнига бемалол бораман деган фикрдан воз кечиб қўя қолдим. Ҳозирги вазиятда энг яхшиси турган жойимдан душманларни бирма-бир мўлжалга олиш. Бунинг қулай томони — улар мени кўришмайди, мен эса ҳар биттасини бемалол кузатишим мумкин.

Биринчи галда сигарета тутатиб, буйруқ бераётганини нишонга олдим. Назаримда, ўша бошлиққа ўхшади.

Ўқ рақибнинг кўкрагини тешиб ўтди, у гурсиллаб қулади. Шериклари қайси томондан ўқ отилганини англаёлмай, автоматлардан дуч келган томонга ўқ узишга тушишди. Уч-тўртта қўрғошин парчаси ёнимдаги дарахтнинг пўстлоғини титиб юборди.

Кейинги отган ўқларим ҳам нишонга бехато тегди. Яна тўрттаси кўкрагини ерга берди. Улар менинг ёлғизлигимни ва яширинган жойимни сезиб қолишди-да, ўқ ёмғирини ёғдиришди. Яхшиям, ётган жойим нишаблик экан. Ортга тисарилиб ерга қапишган кўйи чап тарафга силжидим. Беш дақиқа ичида ўн қадамча наридаги бошқа бир дарахт ортига бекиндим ва ҳарбийларни кузатдим. Улар энди қуролларини тинимсиз тариллатмас, ҳар-ҳар замонда ўқ отиб қўйишарди. Лекин биронтаси ҳам жойидан жилмаган. Демак, менинг тирик-ўлигимни билишмайди. Ўринларидан туриб, текширишга эса юраклари бетламаяпти.

Навбатдагисининг пешонасини мўлжалга олиб энди тепкини босмоқчи эдим, орқамдан шитирлаган товуш эшитилди. Туйқус автоматни шу тарафга тўғриладим-у, кўзим Оляга тушди. Уни отиб қўйишимга бир бахя қолганди!

— Сенга бу ерда пишириб қўйибдими, аҳмоқ қиз? Бас қил оёғим остида ўралашишни! — вишилладим паст овозда.

— Ребята успели убегат. Что случилось? — деди менинг гапимга тушунмаган қиз безрайиб.

— Бор, кет! — дедим унга қўлим билан ишора қилиб.

Бироқ ўжар қиз ишорани англаган эса-да, жойидан жилмади.

— Менга деса, ўлиб кетмайсанми? — деб душманларни нишонга ола бошладим. Кетма-кет яна учтасини ер тишлатдим. Тағин душман ўқлари теграмда визиллаб уча бошлади. Вақтида Олянинг бошидан босиб ерга ётқизмаганимда, дайди ўқлардан биттаси унга тегиши аниқ эди.

— Ҳой қиз, жойингдан қимирламай ёт, тирик қолишни истасанг, — дедим унга имо-ишора қилиб. Бу гал у “хўп” дегандек бошини силкиди.

Дарахт ортидан пусиб душман тарафга кўз ташладим. Икки-учтаси мен томонга ўқ отиш билан овора, бошқалари биқиниб моторли қайиққа чиқишаяпти. Бундан чиқди, улар қочмоқчи.

Кулгим қистади, ҳозир яна биттасини мўлжалга олсам, қолганлари ортига қарамай қочиши аниқ.

Икки марта думалаб жойимни ўзгартирдим-да, қуролини тинимсиз тариллатаётганлардан бирининг оёғини мўлжаллаб тепкини босдим. Қора танли автоматини улоқтириб, тиззасини чангаллаганча юмалай бошлади. Унинг аҳволини кўриб шериклари қайиқ томон чопқиллашди. Номардлар! Ҳатто шерикларини олиб кетишмади ҳам.

Ярадор ҳарбий билан ҳушсиз ётганини ўзига келтириб, моторли қайиққа ўтқазиб жўнатиб юбордим.

— Почему так делаешь, они же хотели тебя убить, — деди Оля ҳарбийлар биз турган қирғоқни тарк этишгач.

Мен унинг гапини тушунмадим, лекин афт-ангоридан қилган ишимни ёқтирмаётгани сезилиб турарди. Қўлимни силтаб:

— Кетаверишсин. Энди бу ёқларга бошқа қадам босмайдиган бўлишди, — дедим.

Маҳбуслар кўп узоқлашмабди, уч юз метрча ичкарилаб, бизни кутиб туришган экан.

— Нима бўлди? Кийимингда танимай отиб қўйишимизга оз қолди, — деди тилмоч.

— Отинглар эди, — дея илжайдим, — кейин ўрмондаги ҳайвонлар билан бирга юраверардинглар. Балки биронта йиртқичнинг емишига айланармидинглар?

Тилмоч гапимга кулса керак деб ўйлагандим, аммо унинг юзи ўзгармади, қайтанга у жиддийлашди.

— Бировга қарам бўлиш жуда оғир, — деди.

— Тушунмадим. Бу билан нима демоқчисан? Ўзингни менга қарам, деб ҳисоблаяпсанми?

— Ҳозирча, қайсидир маънода, шундай.

— Ҳе, фалсафангдан ўргилдим! Мен сенларни деб не кўйларга тушаётганимни биласанми ўзи? Шунча ғавғо менга керакмиди? Ўтирсам бўлмасмиди иссиқ жойимни совитмай?

— Кечирасан, мен бошқа гапни айтмоқчи эдим. Ҳар қалай, одам... Раҳмат, шунчалик жон куйдираётганинг учун.

Мен унга ўқрайиб қарадим ва ўтириб майсадан юлиб олдим-да тишларим билан эзғилаганча хаёлга чўмдим.

Бошқаларни унутиб, ўз ўйларим билан овора бўлиб қолибман.

— Улар ҳарбий эмас, — деб қолди бир маҳал тилмоч.

Бирдан хаёлим учди. Пешонамни тириштириб:

— Кимлар? — дедим саволини тушунмай.

— Ўша, сен қувиб юборганлар.

— Ҳеч нарсага ақлим етмаяпти, мен кимни қувибман?

— Ҳозир жанг қилиб келаяпсан-ку, анави қайиқда келганлар билан.

Шу гапидан сўнггина ўзимга келдим. Афтидан, хаёлга қаттиқ берилган эканман.

— Кийимлари ҳарбийларники, кўтариб олган қуроллари ҳам... Хўш, кимлар билан жанг қилибман?

— Кайфиятинг йўқлигини кўриб, Олядан сўраб олдим. Хуллас, уларни ёллаганлар. Аслида, шу ерлик одамлар. Балки балиқчилардир. Хуллас, “cинов давлати”нинг зобитлари бизнинг қаердалигимизни билиб олиш учун уларга мўмайгина пул, кийим-кечак беришган...

Таржимон кутилмаганда гапиришдан тўхтади. Пешонаси тиришиб ўйга толди. Мен ҳам сўз қотиб унинг хаёлини бўлмадим. Фақат юзига тикилиб туравердим. Орадан беш дақиқалар ўтгач, у чуқур нафас олиб, менга юзланди.

— Ғалати ўйин бу, — деди у шикаста товушда, — аввалига Теодорони бемалол олиб чиқишингга йўл қўйиб беришди. Чунки бундай вазият “cинов давлати”нинг маккорлари учун зарур бўлган. Ўзинг ўйлаб кўр, ҳозирги техника ўта ривожланган даврда очиқ-ойдин, ҳаммага намойиш қилиб бутун бошли бир давлатнинг президентини асирга олиш мумкинми? Шунақанги мерганлар борки, икки километрдан ҳам нишонни бехато уришади. Энди эса... Африка синов майдонига айланиб қолди. Одамга қарши қуроллар шу ерда синалади. Улар ўзининг ҳарбийларини ҳам шу ерда чиниқтиришади. Анави маҳбусларнинг, менинг бировга керагимиз йўқ. Ҳарбий машғулотларни ўташ учун биз тирик нишонмиз. Уларга эса, фақат сен кераксан. Чунки қочишни биласан, яхши муштлашасан. Қуролдан фойдаланишинг ҳам чаккимас. Бу иқтидоринг “cинов давлати” учун айни муддао.

Унинг гапларига ҳайрон қолдим. Бир муддат бошим ғувиллади. Сўнг:

— Буларни қаердан биласан? — деб сўрадим.

— Сен жисмоний чиниққан йигитсан, мен эса ақлий. Агар мана шу икки хислат бир одамда жам бўлса борми... Майли, бу ёғини қўявер. Адашмасам, ўрмон ўйлаганимиздек катта эмас. Ўрмондан чиққач, у ёғига ўзимиз кетаверамиз. Сен қол. Чунки бизга биров бир нарса демайди. Нари борса, отиб ташлаши мумкин ёки тарғибот учун фойдаланишади: “Шунча одамни жаллоднинг қўлидан қутқариб қолдик!” — деб дунёга жар солишади. Қарабсанки, улар қўй оғзидан чўп олмаган, сен эса айбдор бўлиб қолаверасан.

Тилмоч ҳақ бўлиб чиқди. Дам олиб, йўлга тушганимиздан сўнг икки соатлар ўтар-ўтмай, ўрмоннинг поёнига етдик. У ёғида ҳар-ҳар жойда пастак дарахтлар қўққайиб турарди.

— Сен қол, — деди тўхтаб тилмоч менга юзланаркан, — яшашинг керак.

— Хавотир олма, амаллаймиз, — дедим жилмайиб ва яна одимладим.

Икки юз метрча юрдик. Кейин қиялик бошланди. Ҳамма жойида таққа тўхтади, чунки икки юз қадамча нарида ҳарбийлар туришарди. Қўлларида оқ байроқ.

Тилмоч менга қаради. Нигоҳидан: “Мен сенга айтмаганмидим?” — деган маънони уқиш мумкин эди. Кўзимни юмиб-очдим. Маҳбуслар ҳарбийлардан тортиб олинган автоматларини ўқлашди. Шунда рўпарамиздаги аскарлардан бири бошқаларидан бир қадам олдинга чиқди-да, бир нима деб бақирди.

— Камерунликлар, — дея унинг гапини таржима қилди тилмоч, — бизга ҳеч қанақанги зиён-заҳмат етказишмаскан. Бемалол ёнларига бораверсак бўларкан. Шунинг учун оқ байроқ кўтариб олишибди. У инглиз тилида гапирди.

— Унда сизлар бемалол бораверинглар. Негадир менинг кўнглим чопмаяпти, айтганингдай, ўрмонга яширинаман.

Тилмоч бош силкиб тасдиқлади-да, маҳбусларга юзланиб сўзлади. Нима деганига тушунмадим-у, лекин маҳбусларнинг бақир-чақиридан, мени кўрсатиб алланималар дейишаётганидан, уларнинг норозилигини сездим.

— Мендан хавотир олманглар. Осонликча қўлга тушадиган аҳмоқ йўқ. Ҳаммаси жойида бўлади, сизлар бемалол бораверинглар, — дедим.

Гапимни тилмоч маҳбуслар тушунадиган лаҳжага ўгирди. Шундан кейин улар менга бироз тикилиб туришди, сўнг қуролларини оёғим остига қўйишди ва рўпарадаги аскарлар томон юриб кетишди.

Иккита автоматни елкамга осдим. Қолганларининг ўқдонларини ечиб олдим-да, ортимга қайтдим. Кўп юрмадим. Орқамдан келаётган қадам товушларини эшитиб тўхтадим. Лекин ўгирилиб қарамадим, бутун вужудим қулоққа айланган. Кўз ташламай келаётган инсоннинг кимлигини билмоқчи бўлдим. У югураяпти, лекин қадами енгил. Қиз бола... Маҳбуслар ичида биргина аёл — Оля. Унинг яна нима дарди бор экан?

— Я тоже с тобой пойду, — деди у ёнимга етиб келгач ҳансираб, — а вот это тебя. Переводчик дал.

Оля қўлимга қоғоз тутқазди. Унда таиландча сўзлар битилган эди: “Мен ҳам сенга дўст эмасдим. Атайин сени тутиш учун маҳбуслар ичига қўшилганман. Махсус жосусман. Шу пайтгача сенинг қаерда юрган-турганингнинг хабарини душманларингга мен етказгандим... Яхши одам экансан. Ўлишингни истамадим”.

Асабийлашиб қоғозни йиртиб ташладим. Бир хаёл ортимга қайтиб, таржимонни отиб ташламоқчи ҳам бўлдим. Аммо дарров ниятимдан қайтдим. “Вақти келиб ҳали ҳисоб-китоб қиларман”, деб ўйладим ва ўрмон томонга югурдим. Бироздан кейин қарасам, орқамдан Оля ҳам югуриб келаяпти.

— Қайт! — деб бақирдим унга ва қўлим билан ишора қилдим.

Аммо, у қулоқсиз, қани югуришдан тўхтаса!

— Менга деса ўлиб кетмайсанми, ҳамманг бир гўрсан! — сўкиндим-да, шунақанги тез югурдимки, бирпасда ўрмонга кириб бордим. Тўхтаб нафас ростладим ва ортимга ўгирилдим: Оля жон ҳолатда ортимдан югуриб келарди, унинг изидан эса бир тўда ҳарбийлар кўринди. Дарҳол дарахт панасига ўтиб бекиндим, кейин ҳарбийлардан бирини нишонга олиб тепкини босдим. У ортига қулади. Бошқалари эса шу заҳоти ерга қапишди ва мени тинимсиз ўққа тута бошлашди. Ер бағирлаб бироз жим ётдим. Сўнг ўгирилиб отмоқчи бўлгандим, қўрғошин парчаси чийиллаб ёнгинамдан учиб ўтди. Ўрмон ичкарисига қараб икки марта ўмбалоқ ошдим. Оля ёнимга етиб келди. Қизиқ, аскарлар уни нишонга олишмасди. Бунинг тагида бир гап бордай туйилди. Зумда хаёлимдан Теодоронинг қароргоҳида Олянинг рус тилида гапиргани, сотқинлик қилгани ўтди. Албатта, у ҳам атайлаб менга қўшиб юборилган. Ҳеч бўлмаганида мен тўғримда ахборот етказиб турса керак.

Оляга ўқрайиб қараб қўйдим-да, ўрнимдан туриб эгилганча чопиб ичкарилай бошладим. Тўғриси, ўрмон ҳимояланиб, ёлғиз жанг қилишим учун анча қулай эди. Оқсоқол дарахт устига тез чиқиш, шохдан-шохга сакраш, билакдай шохларни осонгина синдириш сирларини ўргатганди. Бу ҳунарлар энди асқотадиган бўлди.

Ўқ товушлари бутунлай тингач, тўхтаб, йўғон дарахт танасига суяниб ўтирдим ва душман билан бўладиган жанг режасини туза бошладим. Орадан бир озгина вақт ўтгач, Олянинг овози келди. Ҳар доимгидай, унинг нима деб бақираётганини тушунмасдим. Лекин овозидаги йиғламсираш унинг қўрқаётганини билдирарди. “Баттар бўл, орқамдан думга ўхшаб эргашмайдиган бўлдинг”, дедим ўзимга-ўзим. Сўнг бирдан хаёлимга бир фикр келиб, сакраб ўрнимдан турдим-да, овоз келаётган тарафга шошдим. Ахир, у бунақанги бақиришда “овчи”ларни ортидан эргаштиради-ку!

Озгина кеч қолибман. Қиздан беш-олти қадам берироқда тўхтаб, атрофга яхшилаб разм солаётсам, ўта эҳтиёткорлик билан қадам босиб Олядан кўз узмай келаётган уч-тўртта ҳарбийга кўзим тушди. Пана-пастқамда бошқалари пусиб туришган бўлиши тайин. Қолаверса, профессионал бўлишга интилаётган йигитларга, агар қай бири мени тутса, фалон минг мукофот ҳам ваъда қилингандир. Тилмочнинг гапларидан кейин одам шунақанги хаёлга ҳам боради-да.

Оля билан уни кузатиб келаётган аскарларнинг оралиғи узоғи билан етти-саккиз қадамча келарди. Оралиқда қанча дарахт бор. Баъзилари жуда йўғон. Хуллас, айни шу вазият менга қўл келиши мумкин эди.

Оляга ён томондан яқинлашдим. Орамиз жуда яқин эса-да, у овсар мени кўрмас, кўзидан дув-дув ёш тўкканча бақирарди.

— Ну зачем, я же хотела тебе помочь, неужели понимать трудно! — дейди ва яна биғиллаб бир нарсаларни гапиради.

Оля мўлжалимга олган йўғон дарахт ортига ўтганида, бир сакраб етиб оғзини кафтим билан бекитиб, “тисс!” дедим. Аввалига кўзи косасидан чиқиб кетгудай қўрқди. Мени кўргач, бирдан хотиржам тортиб “хўп”, дегандек бош силкиди.

Биз ерга ўтирдик. Қўлим билан имо-ишора қилиб орқа тарафдан душман келаётганини англатдим. Сўнг қизга икки бармоғимни қимирлатиб кўрсатиб югуриш кераклигини тушунтирдим. Оля бу сафар ҳам мени англади ва тез югуришга тушди. Мен йўғон дарахтнинг ёнгинасидаги бута тагига беркиндим. Орадан бир дақиқа ўтгач, қора кўзойнак таққан, яшил ҳарбий кийимда, уст-бошига баргларни ёпиштириб олган бир бақувват аскар секин қадам босиб ўтди. Унинг нигоҳлари олдинга қадалганди (кўзойнакда унинг қай тарафга қараётганини билиб бўлмасди-ю, лекин шундоққина оёғи остида ётганимни кўрмагач, шундай фикрга келдим). Унга индамадим, орқадагиларини кутдим. Сал туриб яна иккитаси юриб ўтди. Бошқалари нарироқда кетиб боришарди. Сўнгги аскарнинг жони шу ерда узилди. Чунки у ўтаётиб мени кўриб қолганди. Лекин қўлидаги қуролнинг тепкисини босишга улгурмади. Шай тургандим, бўғзига пичоқ урдим.

Аскарнинг кийимларини ечиб олаётганимда оқ танли эканини кўрдим. Юзига қора куя суриб олган, шекилли.

Унинг олдида кетаётган яна иккита “қуролдош”ини тинчитиш қийин бўлмади. Чунки улар ора-чора ортга қайрилиб қараб қўйишар, ўзларининг кийимидаги душманни ўзларидан деб ўйлашарди.

Бироқ навбатдагисига етишимга икки қадамгина қолганида, у туйқус ортига бурилди-да, менга бақрайиб тикилиб қолди, сўнг бегоналигимга ишонч ҳосил қилиб тепкини босмоқчи бўлди-ю, бироқ кеч қолди. Мен ундан олдин қурол ишлатишга улгурдим. Ўқ товушидан бошқалар ҳам сергакланди. Улар юриб кетаётиб ўзларини ерга ташлаб, жим бўлишди. “Ҳеч ким кўрмади, бемалол бирма-бир ер тишлатавераман”, — деб ўйлагандим, адашибман. Қаердандир “тарс” этган овоз чиқди-ю, елкамда қаттиқ оғриқ турди. Инграб елкамни ушладим-да, баттар ерга қапишдим. Оғриқ жуда кучли эди. Уни енгиш учун тишимни-тишимга босдим, лекин барибир чидаёлмадим. Сапчиб туриб, ўзимни орқа тарафга отдим. Шу заҳотиёқ боя ётган жойимга ўқ ёғилиб, хазонни тўзғитиб юборди. Кескин ҳаракатдан елкамдаги оғриқ баттар зўрайди. Аммо ётавериш ҳам мумкин эмас, бу ер ҳам тезда нишонга олиниши аниқ эди. Бир юмалаб, бир эмаклаб қочарканман, душман тарафга, уларнинг кўзини қўрқитиб қўйиш учун ўқ отардим. Лекин уларнинг қуроли узуқ-юлуқ отарди, шундан қўлларидаги милтиқ эканини пайқадим. Албатта, оддий милтиқ эмас. Гарчи кейинги ўқлар менга тегмаган эса-да, ёнгинамдан зувиллаб учиб ўтиб турибди. Бахтимга пастқамликка дуч келдим. Дарахти жудаям қалин, ўт-ўлан одам бўйидан баланд. Дарҳол бир сершох дарахтга чиқиб олдим. Шохда ўтириб ортимдан қувлаётганларни кута бошладим. Душманлар шошилмас, ораларида икки-уч қадам масофа сақлаб, ниҳоятда эҳтиёткорлик билан қадам ташлаб келишарди. Эҳтимол, мен дарахтга чиқаётганимда шохнинг қимирлаганини кўрмай қолишган.

Улар қалин ўтлар орасига киришга шошилишмади. Инглиз тилида гаплашишди. Иккитаси нимагадир келишиб, қўл ҳам ташлашди. Сўнг аста-секин ўт орасига кира бошлашди.

Тепага қараш бирортасининг ҳам хаёлига келмади. Қаёқдан ҳам келсин? Яраланганимни аниқ кўришган. Дарахтга чиқолмайди, деб ўйлашган. Аслида ҳам бир қўллаб шохдан шохга ўтишим жуда қийин бўлди.

Оғриққа базўр чидаб, лабимни шунчалик қаттиқ тишлабманки, қонаб кетди. Аскарлар мени кўришмади. Бу ерга яширинмаганимга ишончлари комил бўлгач, яна эҳтиёткорлик билан юришда давом этишди. Улар анча юриб, дарахтлар орасида кўринмай кетишгач, шошмасдан, елка суягимнинг оғриғидан афтим бужмайиб, дарахтдан тушдим. Елкамдан қон сизиб турарди. Агар тезроқ тўхтатмасам, душманларимнинг орқамдан қувишларига ҳожати ҳам қолмайди.

Дарахтга суяниб бир оз нафас ростлаган бўлдим-да, сўл тарафга қараб юрдим. Аста-секин кўзим тина бошлади. Бир-икки қоқилиб йиқилиб тушдим. Хаёлимда оғриқ ҳам пасайгандай бўлди. “Тезроқ, кўпроқ юришим керак. Тўхтасам мени ушлаб олишади”, дейман ўзимга-ўзим. Билмадим, қанча вақт оёқда юрдим? Йиқилиб, ҳушимдан кетаётганда хаёлан, юриб кетаяпман, деб ўйладим.

...Аввалига чуғурчуқларнинг сайраши эшитилди. Туш кўраяпман, деб тусмолладим. Уйқудан ҳечам тургим келмасди, бироқ юзимда кимнингдир юмшоқ қўлини сезиб кўзимни очишга мажбур бўлдим.

Тепамда Оля жилмайиб турарди. Унинг сочлари тўзғиган, юзида алланечук хавотир зоҳир эди.

— Наконец, — деди у менинг кўз очганимдан қувониб.

— Қаердаман? — сўрадим мен.

— Я боялась. Думала не смогу. Но получилось. Всё-таки не забила.

— Нималар деб валдираяпсан? Мен қаердаман ўзи? — бошимни кўтармоқчи бўлгандим, елкамда кучли оғриқ турди.

— Лежи, лежи! Тебя еùё рано вставать, — деб у соғ елкамдан секингина босди.

Тўғриси, ярадорлигим мутлақо эсимдан чиқибди. Унга қўшилиб ўтган воқеаларни ҳам унутаёзибман. Оғриқ ҳаммасини ёдимга солди.

— Ели нашла тебя. Четûре часа искала. Думала, что тû меня оставил. Так боялась, так боялась... Когда нашла тебя... — Олянинг кўзи ёшга тўлди. Бир муддат гапиролмай қолди. Сўнг қўлини силтаб: — Давай, всё забудем. Самое главное: тû жив. Знаешь, я раньше работала медсестрой. Трудно бûло остановить твою кровь. Но у меня получилось...

Мен унинг юзига тикилиб турардим. Қани энди, тилини билсам-у, мен ҳам гап қўшсам! Ундан қандай қилиб мени ўзимга келтирганини сўрасам!

Мендан садо чиқавермагач, у жим бўлиб қолди. Юзимга тикилиб туриб, чуқур хўрсинди.

Бу аҳволда узоқ ётолмасдим. Ўрнимдан туришим ва хавфсизроқ жойга кетишим зарур эди. Лекин ҳозир бунинг иложи йўқ. Қимирласам, оғриқ зўраяди. Оёғим синганида устозим ҳар хил ўт-ўланларни эзиб босганди. Бироқ ўшандай ўтлар бу ерларда ўсармикин, билмасдим.

Гапларига тушунмаганимдан кейин Оля имо-ишорага ўтди. Аввал ёнимга ётди, сўнг ўрнидан туриб, ётган одамнинг оёқларидан ушлаб судраганини кўрсатди. Кейин елкамдан кўп қон оқаётганини тасвирлаб, ярани яхшилаб боғлаганини қўлларини силкиб-силкиб тушунтирди. Бош бармоғимни юқорига қилиб Оляга “зўр!” ишорасини қилдим. Қиз кулди. Мен эса секин бир қўлимга таяниб ўрнимдан туриб ўтирдим. Бу сафар оғриқ кучли эмас, ҳар қалай, оёққа турсам бўларди. Яхшиям, ёнимда автомат бор экан, Олянинг бермоқчи бўлган ёрдамидан воз кечиб, энди тураётсам, узоғи билан ўн-ўн беш қадам нарида бизни нишонга олаётган аскарни кўриб қолдим.

Икки марта ўқ отилди. Бирини у, иккинчисини эса мен отдим. Мен ундан олдинроқ тепкини босишга улгурдим, шу боис, кўкрагига қўрғошин парчасини аниқ санчдим. У йиқилаётиб, осмонни нишонга олди. Кутилмаган тасир-тусурдан Оля чинқириб юборди ва иккала қўли билан қулоқларини бекитганча ўзини ерга ташлади.

— Тур, — дедим рақибим қимирламаслигига ишончим комил бўлгач, Олянинг қўлидан тортиб, — бу ердан тезроқ кетишимиз керак.

Ортингдан кузатиб келишаётганини сезсанг-у, уларнинг қорасини кўрмасанг баттар таҳликага тушаркансан. Ҳар қадамда тўхтайман, “тиқ” этган товушга аланглайман. Диққатимни чалғитаётган қушларни сўкиб, дарахт шохларига сергак қарайман. Ёнгинамда келаётган Олянинг қадам товушлари ҳам юрагимга ғулғула солади. Қаердадир бизни кузатишаётганини кўнглим сезаётир. Айни шу нарса менинг хавотиримни баттар оширарди.

Ярим соатлар чамаси юрганимиздан сўнг, кенгроқ ўрага ўхшаш чуқурга дуч келдик. Ичидан бир нечта дарахт ўсиб чиққан, тагини қалин ўт қоплаганди. Бекинишга жуда қулай, ичига кириб ўтирсангиз узоқдан бировнинг назари илғамайди.

Ичкарида илон-пилон бўлмасин, деган ўйда чуқурга олдин ўзим тушдим, ўрани яхшилаб кўздан кечириб, хавфсизлигига амин бўлгач, Оляни имлаб чақирдим. Шу ерда бир муддат ўтириб, нафас ростладик. Елкамдаги оғриқ симиллаб ўзини билдириб турибди. Оля ярамни кўрсатиб, ўз тилида ҳол сўради. Менинг эса кўнглим хижил, ишқилиб, шу ердалигимизни ортимиздан пойлаб келаётганлар сезмаган бўлсин, дейман ичимда. Бир маҳал шохдан-шохга учиб-қўниб шовқин кўтараётган қушлар туйқусдан жимиб қолишди. Фақат ора-чора чигирткаларнинг чириллагани эшитилади. Бу ҳолат мени баттар хавотирга солди. Хаёлимда ғорга одаммас, қандайдир махлуқ яқинлашаётгандай туйилди. Африка чангалзорларида беҳисоб йиртқичлар борлигини биламан. Жойи келса, бармоқдай ўргимчак ҳам филни ағдариши мумкин. Қушлар... Дарвоқе, қушлар илонни пайқаса жимиб қолишади... Қанча одамнусха махлуқлардан омон қолиб, энди аллақандай жондорнинг заҳридан ўлиб кетиш менга қаттиқ алам қиларди, албатта.

Қаердадир шитирлаган товуш эшитилди. Диққатимни қанча жамламай, товуш қай томондан келганини сезмай қолдим. Автоматни ўқлаб атрофга алангладим. Сергакланганимдан Оля ҳам ташвишланиб қолди. Орадан икки дақиқа ҳам ўтмаёқ, ҳаловатимизни ўғирлаган махлуқни кўрдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, унинг йўғонлиги норғул эркакнинг сонидай келади. Узунлигини эса, билмадим, думи кўринмайди. Жондор биздан ўн қадамча нарида, Олянинг орқа тарафида бошини ердан хийла кўтариб турарди. Ундан қочиб қутулолмаслигимиз тайин. Илонлар одамни аврайди, деган гапни ҳам кўп эшитгандим. Демак, қутулишнинг бирдан-бир чораси уни отиб ташлаш, отганда ҳам фақат бошидан отиш керак. Бошқа жойига теккан ўқдан ўлиши гумон.

Илон бошини ердан ярим метрча кўтариб, бизга тикилиб турганда секин автоматни тўғриладим, чунки кескин ҳаракат уни ташланиб қолишга мажбур қилиши мумкин. Оляга “тисс”, дедим. У ўтирган жойида муз қотди. Бармоғимни тепкига қўйганимда илон озгина тебранди. “Эй, Худо, ўзинг қўлла”, — дея ичимда ўтиниб тепкини босдим. Бир йўла отилган беш-олтита ўқдан илоннинг боши сочилиб кетди, назаримда. Пешонамдан чиққан совуқ терни артиб, Оляга қарадим, унинг ранги докадай оқарган, киприк қоқмай менга тикилиб турибди.

— Илон, — дедим зўрма-зўраки жилмайиб, — қўрқиб кетдингми?

Олянинг тили айланмади. Бўйнимдан маҳкам қучоқлаб олди-да:

— Прошу тебя, сделай что нибуд, чтобû мû ни на секунди не оставались одни, — деди ёлвориб, сўнг йиғлаб юборди. Овутиш илинжида сочларини силадим.

— Ҳаммаси яхши бўлади, — юпатган бўлдим уни.

Шу пайт аждарсифат илоннинг боши биздан беш қадамча нарида пайдо бўлди. Мен нишонга аниқ олгандим. Бироқ ўйлаганимдай боши титилиб кетмаган, сачраган экан, холос. Яшин тезлигида автоматни илонга тўғрилаб, тепкини босмоқчи бўлганимда, бошқа томондан қарсиллаган товуш эшитилди ва ердан ярим метрча баландликдаги илоннинг боши узилиб кетди. Ҳайрон бўлдим: бу сафар мен отишга улгурмадим-ку. Илоннинг боши чап тарафга узилиб тушди. Демак, уни кимдир ўнгдан нишонга олган. Бошимни буриб ўша тарафга қарадим. Ҳеч қандай сас-садо эшитилмади. Бир пайт кимнингдир оёқ ташлагани — аста-секин одимлаган товуши эшитилди. Қўлим билан Оляга “Ёт!” ишорасини қилдим. Ўзим эса дарахт ортига яширинганча рақибимни кута бошладим.